Кириш Регистрация
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед

Платинини нималар кутмоқда?

Баҳо:
+ | -

Биласиз, УЕФА президенти Мишель Платини 3 ой муддатга футболдаги фаолиятдан четлатилганди. Унинг мазкур жазони бекор қилиш хусусида берган даъво аризаси Лозаннадаги Спорт арбитраж суди (CAS)да кўриб чиқилиб, рад этилди. Лекин жазо муддати узайтирилгани ҳам йўқ. Хўш, энди ФИФА президенти бўлишга асосий номзод саналган таниқли функционернинг футбол оламидаги тақдири қандай кечади?

Олдинги ҳолат

3 ойлик дисквалификация - улкан бюрократик ташкилот тизгинини қўлдан чиқаришга сабаб бўлолмайдиган қисқа муддат. Бу давр ичида қандайдир инқилобни амалга ошириш қийинлиги аниқ. Боз устига, УЕФА президенти вазифасини вақтинча бажариб турган Анхель Мария Вильяр ҳозир коррупцияга оид можаро юзасидан тегишли маҳкамада сўроқ қилинмоқда, ФИФАнинг Одоб-ахлоқ қўмитаси уни футболдан бир умрга четлатишни мўлжалламоқда. Ташкилотнинг яна бир нуфузли вице-президенти Михаэль ван Прааг бўлса, ҳар қандай вазиятда Платинини тўла қўллаб-қувватлашини расман эълон қилди. Шунга қарамай, франциялик функционер дис­квалификацияни адолатсиз қарор ўрнида кўриб, CAS орқали ўзининг айбсиз эканлигини исботлашга уринди. Уни тушуниш қийин эмас.

Ҳа, гап коррупцияга алоқадорлик ҳақида кетаётганини инобатга олсак, 3 ойлик четлатиш - арзимас жазо. Сўнгги пайтларда бундай айбловлар учун сўрамай-нетмай, тўғридан-тўғри ҳибс­га олишмоқда (мисол учун, КОНКАКАФ ва КОНМЕБОЛ президентларини) ёки умрбод дисквалификация билан (ФИФА бош котиби Жером Валькени) жазолашмоқда.

Бироқ шу арзимас дисквалификация туфайли Платини ФИФА президентлигига номзодлар рўйхатидан четда қолди. Ваҳоланки, барча букмекерлик идоралари вакиллари айнан уни сайловдаги яққол фаворит сифатида эътироф этишаётганди. Ҳар ҳолда, қолган даъвогарлар футбол жамоатчилиги учун унча таниш эмаслар ва уларнинг ўзлари ҳам соҳа бў­йича етарли тушунча ва тажрибага эга бўлмаганлар ҳали.

 

Ҳозирги вазият

CASнинг жазо муддатини узайтирмаганлиги - Платинининг муваффақияти. Демак, у бўлажак сайловларда иштирок этиш имкониятидан бутунлай умид узмайди. Маълумот ўрнида келтирсак, УЕФА раҳбарининг дисквалификация­си 5 январь куни ниҳоясига етади. ФИФА президентлиги учун сайловлар эса 26 февралга белгиланган. Платини олдидаги дастлабки вазифа - Сайлов комиссияси кўнг­лига йўл топиб, президентлик лавозимига даъвогарлар рўйхатига кириш. Бу унинг учун бемалол бажариш имкони бор юмушдир. ФИФАдаги чалкаш ва мураккаб қоидаларга кўра, даъвогарлар сафидан чиқарилган номзоднинг дисквалификация муддати сайловдан аввал якунига етса, у жараёнда иштирок этиш учун тегишли муассаларга мурожаат этиши мумкин. Агарда Платини CAS ва махсус қўмитани сайловларда қатнашишга ҳақли эканига ишонтира олса, ўз номзодини яна илгари суриши аниқ. Демак, Платинининг 6 январдан кейин нималар билан шуғулланишини башорат қилиш учун қандайдир алоҳида қобилият талаб этилмайди.

 

Воқеалар ривожи қандай бўлади?

Платини президентлик лавозимини эгаллаш йўлида биринчи галда, Европанинг қўллаб-қувватлашига умид боғлайди. Ҳозирнинг ўзида «кўҳна қитъа»нинг кўплаб давлатлари вакиллари айнан Платини номзодига овоз беришларини маълум қилишди. Жумладан, Англия ва Россия ҳам. Уларнинг хоҳиш-истаклари Сайлов комиссиясининг қарорига ҳам бевосита таъсир этади. Лекин ҳозирда УЕФА билан хуфёна уруш ҳолатида бўлган ФИФА турли йўллар билан Платини йўлига тўсиқ қўйишга уриниши аниқ. Хуллас, эндиликда УЕФА раҳбарлиги Мишель учун шунчаки, юпанч вазифасини ўташи мумкин. Бошқа номзодлар хусусида фикр юритсак, африкалик ва осиё­лик даъвогарлар даврасида Жанни Инфантино яққол ажралиб турибди. УЕФА бош котиби сайловларда ғалаба қозонса, ЖЧ иштирокчилари сонини 40тага етказишга ваъда берди. Бу - футболи унча ривожланмаган мамлакатлар федерациялари вакилларини ўз томонига оғдиришга қаратилган, Блаттер ва Платинидан қолган усулдир. Хўш, шу йўл Европанинг «захира номзоди»га сайловларда ғолибликни таъминлай оладими ёки йўқ? Ахир ўша заиф федерациялар ҳам сайловларда ўз вакилларига эгалар-ку.

Блаттернинг маслаҳатчиси ҳозирда ОФКни бошқариб турган шайх Салмон бин Иброҳим ал Халифа номзодига алоҳида тўхталиб ўтди. Унинг айтишича, баҳрайнлик функционер катта шахсий бойлик соҳиби (маслаҳатчининг таъкидлашича, бу жуда муҳим жиҳат), агар у осиёликлардан ташқари, Африка давлатларининг бир қисмини ўз томонига оғдира олса, мақсадига етиши мумкин. Шайх Салмоннинг ўзи ҳозирда қандайдир аниқ мақсадларни ошкор этишдан тийилиб, Платинининг номзодлар сафига қайтишига қарши эмаслиги ва умуман, футбол равнақи йўлида ҳар қандай раҳбар билан ҳамкорлик қилишга тайёрлигини билдирди. Унинг рақиби ҳисобланган Иордания шаҳзодаси - Али бин Ҳусайн эса асосий эътиборни ташкилотнинг янада шаффоф бўлишига қаратмоқчи.

Хуллас, барча даъвогарлар аниқ ғояни илгари суришдан кўра, қандайдир ортиқча иборалардан тилни тийишни афзал кўришмоқда.

 

ФИФА ва УЕФА: қизил ва оқ атиргул ўртасидаги қарама-қаршилик

Платини номзодига жон-жаҳди билан қарши чиқишдан ФИФАга нима наф? Ҳар икки ташкилот ҳам мусаффо ғояларни тарғиб этсада, уларда бунга унча амал қилинмайди. Айни пайт ФИФАнинг ҳам, УЕФАнинг ҳам халқаро нуфузи мақтанарли даражада эмас. Энг муҳими, яқин ўтмишда Зепп ва Мишель аҳил-иноқ, ҳамфикр сафдошлар эдилар. Бироқ Блаттерга қарши билдирилган айбловлар вазиятни кескин ўзгартириб юборди. Платини айёрона тарзда айбсиз таҳқирланган жабр­ланувчи ролига ўтиб олди. Шу йўл билан швейцариялик касбдошидан юксак лавозимни тортиб олиши осонроқ кечишини ўйлади, чоғи. Унинг Блаттер ФИФАнинг обрўсига путур етказмасдан, ўз хоҳиши билан истеъфога чиқиши зарурлиги хусусида берган расмий баёноти жавобсиз қолмади, албатта. Зепп ўз навбатида, ҳеч нарсани унутмаганини писанда қилиб, Платинининг аввалги сайловлар арафасида ФИФА вакилларини шаҳзода Али номзодига овоз беришга чақирганликда айблади. Кейинчалик яна бир воқеа тафсилотлари юзага чиқди: гўёки, Блаттерни меҳмондорчиликка таклиф этган УЕФА раҳбари суҳбат чоғи уни яна бир марта ўз хоҳиши билан истеъфо беришга чақирган экан. Табиийки, бу таклиф ФИФА президентига маъқул келмаган. Хуллас, у нафақат Платини, балки бутун УЕФАдан хафа.

Ҳа, Блаттернинг ФИФАдаги даври ўзи ўйлаганидан кўра, вақтлироқ ниҳоясига етди. Аммо унинг қўллари боғлаб қўйилган эмас, яъни йўқотадиган ҳеч нарсаси йўқ. Шу сабабли, унинг сайловларгача қолган 2,5 ой ичидаги хатти-ҳаракатларини кузатиш анча қизиқарли. Савол: таниқли функционер сақлаб қолган таъсир кучини ўз нуфузини тиклаш, ҳимоя қилишга сарфлармикин ёки Платинидан ўч олишга...?

айтганча...

ФИФА Одоб-ахлоқ қўмитаси вакили Андреас Бантелнинг айтишича, УЕФА президенти Мишель Платини бир неча йилга дисквалификация қилиниши мумкин. Эслатиб ўтамиз, ушбу қўмита октябрь ойида у ва Йозеф Блаттерни 90 кунга футболдан четлатганди. «Платини коррупцион жанжалга аралашиб қолмаган тақдирда ҳам, турли ишлари учун уни бир неча йилга четга чиқариб қўйиш керак. Ҳарқалай, Платини кўп йилга четлатилиши аниқ. Бизнинг ҳақлигимизни CAS (Спорт арбитраж суди) ҳам тасдиқлади. Блаттер ҳақида гапирсам, унинг учун умрбод ёки бир неча йиллик дисквалификациянинг ортиқча аҳамияти йўқ», - деди Бантель L~Equipe нашрига берган интервьюсида.

Манба: Championat.com,

С.РАҲМОНОВ тайёрлади

Манба: Interfutbol.uz
Киритилди: 15:34, 18.12.2015.
Ўқилди: 2339 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.