Кириш Регистрация
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина 1-2 Удинезе
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо

Искандаров ва Машариповларнинг дастлабки мактаблари хусусида

Баҳо:
+ | -

Бугунги қаҳрамонимиз умрини спорт, хусусан, футболга бағишлаганлар сирасидан. У қатор йиллар мобайнида Хоразм вилояти халқ таълими бошқармасига қарашли 2-сон болалар ва ўсмирлар спорт мактабига директорлик қилди. Шунингдек, бир неча йил «Хоразм» клубида жамоа бошлиғи лавозимида ишлади. Эътиборлиси, айнан у фаолият юритган кезлари жамоа икки марта олий лига йўлланмасини қўлга киритди. Яқинда «Меҳнат шуҳрати» ордени соҳиби, ҳозирда кексалик гаштини сураётган Ш. Ваисов билан учрашиб, ўзимизни қизиқтирган саволлар билан мурожаат этдик.

- Шуҳрат ака, спорт мактабига раҳбарлик қилган даврингизда кўплаб таниқли футболчиларнинг етишиб чиқишига бевосита ҳисса қўшгансиз. Суҳбатимиз аввалида шу ҳақда гапириб берсангиз...

- Раҳбар авваламбор, ташкилотчи, ташаббускор ва талабчан бўлиши керак. Шу тариқа қўл остидаги ходимларнинг ўз вазифасига масъулият билан ёндашишини таъминлаш, уларнинг изланишлари доирасини кенгайтиришга имкон туғилади. Мен билан бирга меҳнат қилган мураббийларга селекция ишларини кучайтириш, иқтидорли болаларни излаб топиб, белгиланган иш режаси асосида машғулотлар ўтказиш борасида тавсиялар берардим. Саъй-ҳаракатларимиз вақти келиб самарасини берди. 1997 йили болалар ва ўсмирлар спорт мактаблари тарбияланувчилари ўртасида ўтказилган Ўзбекис­тон биринчилигида чемпионлик шоҳсупасига кўтарилдик. Кейинчалик вилоят ва республика миқёсидаги мусобақаларда ғолиб ва совриндорлар қаторидан ўрин эгалладик. Бундан ташқари, 2003 йилги «Умид ниҳоллари» республика спорт ўйинларида биринчи ўринни эгаллаган Хоразм вилояти терма жамоасининг асоси ҳам тарбияланувчиларимиздан тузилганди. Ушбу ютуқда спорт мактабимиз мураббийи Вали Султоновнинг хизмати катта бўлган. Умуман, мураббийларимизнинг жонбозлиги эвазига кўплаб маҳоратли футболчиларни тайёрлашга эришдик. Шерзод Ибодуллаев, Азамат Жабборов, Мансур Қурбонов, Александр Ежов, Равшан Отаниёзов, Ғайрат Шихов, ака-ука Умид ва Жасур Тожимов сингари собиқ тарбияланувчиларимиз турли йилларда «Хоразм»нинг асосий таркибида майдонга тушишди. Хусусан, Жасур кўп йиллар мобайнида Бекободнинг «Металлург» жамоаси шарафини ҳимоя қилиб, мухлислар меҳрини қозонди. Эндиликда уларнинг деярли барчаси мураббийлик қилишмоқда, тажриба ва малакаларини ёшлар билан баҳам кўришмоқда. Айни дамда футболдаги илк сабоқларни спорт мактабимизда олган Рўзимбой Аҳмедов «Нефтчи», Санъат Шихов эса «Навбаҳор»да етакчилардан ҳисобланишади. Бу рўйхатни истаганча давом эттиришим мумкин, албатта.

- Янглишмасам, «пахтакорчилар» - Жамшид Искандеров ва Жалолиддин Машарипов ҳам сиз бошқарган маҳорат масканида камол топишган...

- Футболимиз фахрига айланиб бораётган бу йигитлар ҳақиқатан ҳам миллионлар ўйинининг дастлабки сир-асрорларидан спорт мактабимизда воқиф бўлишган. Кейинчалик уларнинг мураббийи Олимбой Давлетов Янгибозор туманидаги 9-сонли футболга ихтисослаштирилган мактаб-интернатда иш бошлагач, шогирдлари ҳам ушбу масканда ўқишни маъқул кўришди. Белгиланган имтиҳондан муваффақиятли ўтиб, мазкур маҳорат даргоҳининг ўқувчиларига айланишди. Улар орасида Жамшид ва Жалолиддин ҳам бор эди...

- Уларнинг Тошкентга келиши қандай рўй берди?

- Ўз вақтида Хоразм вилояти терма жамоаси Жиззах шаҳрида ўсмирлар ўртасида ўтказилган Ўзбекистон биринчилигида қатнашганида, унинг таркибидан Жамшид ва Жалолиддин ҳам ўрин олишганди. Ўша кезлари улар 13 ёшда эдилар. Мусобақа пайтида воҳалик ёш футболчиларнинг ўйин услуби пойтахтлик селекционерлар эътиборини тортди. Натижада, улар кўп ўтмай республика олимпия захиралари билим юрти тарбияланувчиларига айланишди.

- Шуҳрат ака, кези келганда «Хоразм»да жамоа бошлиғи лавозимида ишлагансиз. Ўша пайтлар хотирангизга муҳим ва эсда қоларли воқеаларни муҳрлагандир?

- Албатта, у дамларни сира унута олмайман. Вилоятимизнинг бош жамоасида уч мавсум - 1995-1996 ва 2005 йилларда фаолият юритганман. 1995 йили Баҳодир Мирзаев бош мураббийлигида биринчи, 2005 йили Қувват Туреев билан эса иккинчи ўринни эгаллаб, элита йўлланмасини қўлга киритгандик. Ушбу муваффақиятларда озми-кўпми ҳиссам борлигидан мамнунман. Биринчи лига ғолиблиги учун берилган медални эса ҳанузгача авайлаб сақлайман.

- Урганчликлар бу йил ҳам кучлилар сафига қайтишлари мумкин эди. Бироқ сўнгги паллада имкониятни бой бериб қўйишди. Сизнингча, бунга нима сабаб бўлди?

- Жорий йил «Хоразм»нинг илк бор олий лигага чиққанига роппа-роса йигирма йил тўлди. Бу мухлисларимиз учун ўзига хос юбилей эди. Жамоамиз мазкур қутлуғ санани олий лига йўлланмасини қўлга киритиш билан нишонлашини кутгандик. Афсуски, орзуимиз ушалмади. Мураббий ва футболчиларни айблашдан йироқман. Негаки, улар қўлларидан келганини қилишди. Элитага чиқолмаганимизнинг асосий сабаби - жамоамизга етарли шарт-шароит яратиб берилмаганида. Ишончим комилки, «Хоразм» бу вазифани келгуси мавсумда уддалайди.

- Ушалмаган орзуингиз борми?

- Албатта, ҳар бир инсон ҳамиша эзгуликка интилиб яшайди. Орзуим - термаларимизни Олимпиада ўйинлари ҳамда жаҳон чемпионатида кўриш. Айни дамда бош жамоамизнинг бу борада имконияти катта. Зеро, ҳар икки термамиз аввалгиларидан-да кучлироқ таркибга эга. Бу эса орзуларимиз рўёбга чиқиши мумкинлигини англатаётгандек, гўё. Ушбу мақсадга етиш йўлида мураббийлар штаби, футболчилар ва мухлисларимизга омадлар ёр бўлишини тилайман. Насиб қилса, йирик мусобақаларда вакилларимизнинг иштирокидан баҳра оламиз. Ахир, эзгу ниятнинг қаноти бор, дейдилар-ку.

Икром ХУДОЙБЕРГАНОВ суҳбатлашди, "ИнтерФУТБОЛ" газетаси

Манба: Interfutbol.uz
Киритилди: 16:14, 18.12.2015.
Ўқилди: 4477 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.