Кириш Регистрация
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина 1-2 Удинезе
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо

Олимликдан мураббийлик сари ёки Сампаолини танийсизми?

Баҳо:
+ | -

Хабарингиз бўлса, куз фаслининг сўнгги куни ФИФА 2015 йилнинг энг яхши мураббийи унвонига даъвогарлик қиладиган 3 нафар мутахассис - Луис Энрике, Хосеп Гвардиола ва Хорхе Сампаолининг номларини эълон қилганди. Европада фаолият олиб бораётган икки машҳур мутахассис мухлисларга яхши таниш бўлса, Чили терма жамоасининг аргентиналик мураббийи ҳақида улар деярли ҳеч қандай маълумотга эга эмаслар. Шу боис, «СЭ» Марсело Бьелсанинг муносиб вориси, устозидан ўзган шогирд - Хорхе Сампаоли ҳақида ҳикоя қилишни лозим топди.

Санта-Фе провинциясининг Касильда шаҳри, 1995 йил. Футболчиларнинг яқин қариндошлари ва кам сонли зериккан журналистлари кузатуви остида ўтаётган ҳаваскор жамоалар ўртасидаги беллашув. Бу ўйин ҳам одатий тарзда бошланди. Бироқ «Касильда» жамоасининг мураббийи бош ҳакамнинг ҳар бир қарорига эътироз билдирарди. Охир-оқибат, жиззаки мутахассиснинг унини ўчирмасдан ўйин­ни якунлашига кўзи етмаган ҳакам унга бир йўла қизил карточка кўрсатди. Мураббий шу заҳоти ҳовуридан тушди ва бамисоли ит қувган соқовдек стадионни тарк этди. Унинг шошилиши кўпчиликни лол қолдирган бўлсада, бежиз эмасди - 1-2 дақиқадан кейин «Касильда» футболчилари ўз нигоҳларини тез-тез юқорига қарата бошладилар. Маълум бўлишича, уларнинг устози қуёшдан ҳимоя қилувчи кўзойнак билан қуролланган ҳолда стадион ёнидаги дарахт устига ўрнашиб олган, ўша ердан туриб шогирдларига кўрсатмалар берарди. Тез орада ўз ишидан мамнун Хорхе Сампао­лининг сурати маҳаллий газеталар саҳифаларидан жой олди. Жумладан, Росариода чоп этиладиган нашр­ларда ҳам.

«Биз анча кейинроқ танишган бўлсакда, Марсело мени айнан ўша сурат орқали эслаб қолганди. Бьелсанинг ишларидан ҳайратдаман. У доимо ҳужумкор ўйин кўрсатишга интилади. Фалсафаси - ҳужум. Шунингдек, у доимий изланишда, футболдаги ҳар қандай янгиликни эътибордан қочирмайди. Қисқаси, Бьелсадан жуда кўп нарсаларни ўрганиш мумкин. Мен ҳам Марселонинг маърузаларини видеотасвирга тушириб олганман, уларни қайта-қайта таҳлил қиламан», - деганди Сампаоли 2012 йили. Бундай улкан интервью бериш шарафига Хорхе ўзининг ҳайратланарли фаолияти шарофати билан эришганди. Аввалига у футболчи бўлишни мақсад қилганди. Лекин 19 ёшида оёғидан жиддий жароҳат олиб, спортдан воз кечишга мажбур бўлди. Кейин генерал Эстенислао Лопес номидаги институтга ўқишга кирди. Инсон физиологияси бўйича таҳсилни Сампаоли шунчалик маромига етказдики, якунда профессор унвонини олди.

Ёш олим 34 ёшидан бошлаб ҳаваскор жамоаларда текинга устозлик қилди. Ниҳоят, 2002 йилда 42га тўлгач, илк марта профессионал клубдан таклиф келди. Тўғри, унга ўз ватани - Аргентина эмас, балки Перудан иш таклиф қилишганди. Бироқ Сампаолидек ўз ишига меҳр қўйган фидойи мураббий учун қаерда ишлашнинг аҳамияти йўқ, унинг географияси чегара билмайди. Ҳатто, кўҳна қитъадек тамоман бегона ўлка ҳам, «Барса» ёки «МЮ»дек грандни бошқариш масъулияти ҳам ёш мураббийни заррача ташвишлантирмайди: «Саргузаштларга ҳали улгураман. Менда бир нечта вариантлар бор эди. Аммо ҳар бир ишнинг ўз вақти бўлади».

Перуда Хорхе 6 йил меҳнат қилди, кейин у малакасини Чилининг «О~Хиггинс» ва Эквадорнинг «Эмелек» клубларида оширди. 2011 йилда яна Чилига қайтган мутахассис «Универсидад» билан 3 марта чемпионликка эришди, Либертадорес кубоги турнирида ярим финалгача етиб борди. «Ҳужумкорлик - фаолиятимнинг бош мақсади. Одамлар Бразилия жамоаларига қарши тўп суриш жуда оғир, деган фикрни такрорлашни хуш кўрадилар. Аслида, имкониятни рақибнинг заиф жиҳатларидан эмас, ўз жамоангдан қидириш керак. Биз «Барселона» услубида ўйнашга ҳаракат қиламиз. Аммо «Фламенго»га қарши баҳсда бизнинг ҳужумчилар каталонияликлардан ҳам яхшироқ тўп суришди. Шу боис, 4:0 ҳисобида зафар қучдик. Ваҳоланки, ҳисоб 7:0 кўринишини олиши ҳеч гап эмасди. Бюджет ҳам, рақибнинг кимлиги ҳам муҳим эмас. Асосийси - ўйин услуби!» - бундан 3 йил аввал Сампаоли худди шу фикрни билдирганди.

Баъзан Хорхега «Нима учун шу пайтгача Аргентина клубларига устозлик қилмаяпсиз?», деган саволни беришади. Бунга мураббий мантиқий асос билан жавоб қайтаради: «Аргентинада футболчилар ягона етакчига хос ўйнаш услубига одатланиб қолишган. Бу менинг фалсафамга зид». Чили терма жамоасини қабул қилиб олган Хорхе Бьелсанинг машҳур 3-1-3-3 схемасини янада такомиллаштиришни давом эттирди. Бу услуб майдон марказида ўзига хос ромбни ташкил этиш ва рақиб ҳудудида кучли прессингни вужудга келтиришга асосланган. Ҳатто Бразилия мундиали  арафасида ҳам Сампаоли ўз режаларини яшириб ўтирмади: Испанияга қарши баҳсда жамоа олдида тўпни назорат қилиш бўйича рақибдан қолишмаслик, Голландия билан бўлган ўйинда рақибнинг вертикал ҳужумларини йўққа чиқариш, Австралияга қарши эса шунчаки ўз ўйинини намойиш этиш вазифаси турарди. Режа ўзини тўла-тўкис оқлади: «плей-офф» йўлланмасини нақд қилиб улгурган жамоа сўнгги турда Голландиядан 0:2 ҳисобида енгилди. Нимчорак финалда эса Бразилия билан тенгма-тенг ўйнаган Чили пенальтилар сериясида 3та хатоликка йўл қўйиб, мусобақадан чиқиб кетди.

Лекин ўз уйида ташкил этилган Америка кубоги турнирини Хорхе Сампаоли шогирдлари аъло даражада ўтказишди. Бутун мусобақа давомида жамоа атиги 3 марта дурангга рози бўлди:  дастлаб Мексика билан гуруҳ босқичида, кейин Аргентина билан финалда. «Биз Мессини зарарсизлантириш йўлини биламиз» - мазкур ибора ЕЧЛ мусобақалари арафасидаги матбуот анжуманларида турли мураббийлар томонидан кўп ишлатилади. Лекин «Барса» билан бўлган учрашувлардан кейин айнан шу мутахассислар Леони ўзга сайёралик, даҳо ва чинакам афсунгар сифатида эътироф этиб, шогирдлари уни тўхтата олмаганликларини тан олишади. Сампаоли ҳам жамоаси Лионелга эркин ҳаракат қилиш имкониятини бермаслигини таъкидлаб ўтди. Лекин бошқа касбдошларидан фарқли ўлароқ, у ўз сўзининг устидан чиқди: ҳал қилувчи баҳсда чилиликларнинг ҳеч бўлмаганда 2-3 нафар футболчиси Мессига «кўз-қулоқ» бўлиб турди. Натижада дунёнинг энг кучли ҳужумчиси фақат пенальтилар сериясида гол ура олди, холос. Бироқ бу гол Аргентинани мағлубиятдан сақлаб қола олмади - Игуаиннинг зарбасидан сўнг тўп дарвоза тўсини устидан ўтиб кетди, Банега дарвозабонни нишонга олди, Алексис Санчеснинг аниқ зарбаси эса Чилига чемпионликни ҳадя этди. Нуфузли совринни қўлга киритган жамоа ғайрат-шижоатни бўшаштирмаган ҳолда ЖЧ-2018нинг саралаш бос­қичига киришди. Дастлабки 2 турда Хорхе Сампаоли шогирдлари Бразилия ва Перудан устун келдилар. Тўғри, кейинчалик жамоа озгина сусткашликка йўл қўйиб, Колумбия билан очколарни бўлишиб олди, Уругвайдан енгилди. Лекин шунга қарамасдан, Россия мундиали йўлланмаларидан бирини қўлга киритиш учун ажойиб имкониятга эга. Хўш, Хорхе Сампаоли йилнинг энг яхши мураббийи унвонига номзодлар орасидан жой олишга ҳақлими? Шак-шубҳасиз! Биринчидан, у терма жамоалар ўртасидаги йилнинг энг йирик турнирида ғолиб чиқди, иккинчидан, унинг жамоаси тўла-тўкислигича мураббий измида. Хорхенинг эътирофига кўра, у ўз шогирдларини беллашувлар арафасида ҳам, ўйин пайтида ҳам муваффақиятли бошқара олади. Учинчидан, ўз фаолияти давомида Сампаоли ажойиб руҳшунос эканлигини ҳам намойиш этди: Автоҳалокат туфайли юзага келган можарога аралашиб қолган Видални жамоадан четлатишга ошиқмади. Аксинча, унга имконият берди. Фақат Артуро сентябрь ойида казинода «қаҳрамонлик» кўрсатганидан кейингина жамоадан четлатилди. Лекин футболчи ўз айбига иқрор бўлиб, бундай бемаъни қилиқларга йўл қўймаслиги ҳақида онт ичгач, устози уни сўнгги марта афв этди. Айнан мана шу жиҳат ҳам Хорхенинг донишмандлигидан далолат беради.

А.ИСРОИЛХОНОВ тайёрлади

Манба: Interfutbol.uz
Киритилди: 10:23, 20.12.2015.
Ўқилди: 3834 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.