Жаҳон миқёсида ҳар бир клуб ўзига яраша мухлисларига эга. Миллионлар ўйинининг янада мафтункорлик касб этишида стадионни тўлдириб, севимли жамоасини қўллаб-қувватловчи ишқибозларнинг ҳиссаси катта. Зеро, томошабин бўлмаса, футбол учрашуви ўз жозибасини йўқотиши тайин. Юртимизда мухлислик маданиятини юксалтириш мақсадида ҳам кўплаб ишлар амалга оширилди. Жамоаларимизда ҳамжиҳат фан-клубларга асос солинди. Умуман, бу масала бугунги кунда 200дан зиёд мамлакат федерацияларини бирлаштирган ФИФАда ҳам долзарблик касб этган. Чунки футбол жаҳон бўйлаб кенг ривожлангани сари инсонийликка зид салбий иллатларнинг илдиз отаётгани сир эмас. Биз айни мавзуда Ўзбекистон футбол мухлислари клуби раиси Абдураҳмон Фозилов билан суҳбатда бўлдик.
- Абдураҳмон ака, суҳбатимиз аввалида Ўзбекистон мухлислар клубининг ташкил этилиши ва унинг бугунги кундаги фаолияти ҳақида маълумот берсангиз.
- Ўзбекистон мухлислар клуби 2007 йилда ЎФФ президенти Мираброр Усмоновнинг ташаббус ва таклифи билан ташкил этилган. Бундан кўзланган асосий мақсад - бутун ўзбек ишқибозларини бир мақсад йўлида бирлаштириш, ўз навбатида, мухлислик маданиятини йўлга қўйиш, стадионларда учраб турадиган, миллатимизга хос бўлмаган кўнгилсиз ҳолатлар, ҳакамлар ва футболчиларга нисбатан айтиладиган ножўя гап-сўзлар, ҳайқириқларни бартараф этишдан иборат эди. Ўйлашимча, биз ўз мақсадимизга эришдик. Футболчи ва мураббийлар билан дўстона алоқа ўрнатганмиз. Муваффақиятни биргаликда нишонлаб, мағлубиятга учралган ўйинларда йигитларнинг руҳини кўтаришга уринамиз. Бунга жавобан футболчиларимиз чиройли ўйин кўрсатиб, мухлисларни хушнуд этишга интилишади. Жамоасининг фақат ғалабасидан қувониб, омадсизликка учраган пайтларда уни ташлаб қўйиш, футболчиларни ҳақоратлаш, ножўя сўзларни ишлатиш маданиятсизликдир. Бу билан ҳеч нарсага эришиб бўлмайди. Ўзбекистон футбол мухлислари клубининг ички низомига кўра, унга аъзо ҳар бир ишқибоз рақиб жамоа футболчилари, мураббийлари ва ишқибозлари, учрашув ҳакамларини ҳақорат қилмаслиги, стадионга спиртли ичимликлар олиб кирмаслиги ва истеъмол қилмаслиги, мухлислар клуби билан келишмаган ҳолда бирор баннер ёки плакатларни кўтармаслиги керак. Хорижий мамлакатлардаги сафар учрашувлари чоғида эса ўша давлат қонун-қоидалари ва тартиб-интизомига тўлиқ риоя қилишлари шарт. Глобаллашув жараёнлари ҳаётимизга жуда тез ва чуқур кириб бораётган ҳозирги замонда дунёнинг турли бурчакларида юз бераётган нохуш ва жирканч воқеа-ҳодисалар, хар хил хуружлардан ёш авлодни ҳимоялашнинг энг самарали усули уларнинг онги ва қалбида кучли маънавий иммунитетни ҳосил қилишдир. Бунинг учун ёшларга мухлислик маданиятини ўргатиш, бағрикенглик, ҳамжиҳатлик, сабр-тоқат, дўстлик, мардлик каби хал-қимизга хос фазилатларни шакллантириш жуда муҳим ҳисобланади. Мухлисларимиз эзгу қадриятларга эга халқ фарзанди эканликларини англашса, жамоат тартибига риоя қилиб, одамлар орасида ўзини қандай тутишни яхши билишса, бу мамлакатимизда спортни, жумладан, футболни ривожлантиришга хизмат қилади. Биз айнан шу тамойилларни ўзимизга устувор вазифа сифатида белгилаб, фаолиятимизни йилдан-йилга такомиллаштириб боряпмиз.
- Шахсан ўзингизнинг Ўзбекистон футбол мухлислари клубидаги фаолиятингиз қандай бошланди?
- 2007 йили клубга асос солингач, унинг аъзосига айландим. Мени клуб раисининг ўринбосари этиб тайинлашди. Тахминан бир йил ишлаганимдан кейин ўша пайтдаги клуб раиси нафақага чиқдилар ва бу масъулиятли вазифани менга ишониб топширишди. Шу кунгача ўз олдимга қўйилган вазифа ва мажбуриятларни сидқидилдан бажариб келяпман. Кимгадир бу енгил ишдек туюлиши мумкин. Аслида эса минглаб мухлисларни ягона мақсад йўлида бирлаштириб, уларни ортингиздан эргаштириш осон эмас.
- Клуб аъзолари ўртасида қандайдир тарбиявий соатлар, ташвиқот ишлари олиб бориладими?
- Мухлислар клуби ташкил этилгач, дастлаб сафимизга ҳамма хоҳловчиларни қабул қилаверардик. Кейин ўйлаб кўрсак, бироз нотўғри йўлни танлаган эканмиз. Бугунги кунда вазият бироз ўзгача. Ҳар бир жамоанинг мухлислар клуби сафига қўшилаётганлар автоматик равишда Ўзбекистон футбол мухлислари клубига ҳам аъзо бўлишади. Яъни, уларнинг ҳужжатлари бизгача етиб келади. Бу ишқибозларга терма жамоанинг барча мухлислари каби бир хил имконият яратиб берилади, шунинг баробарида, доимий назоратда бўлишади. Албатта, маънавий-маърифий соатлар ўтказамиз. Қолаверса, ҳар бир клубда шундай тадбирлар алоҳида ташкил этилмоқда. Бундан ташқари, жорий йил деярли барча вилоятларга бориб, ўша ердаги жамоаларнинг мухлислар клуби аъзолари билан учрашиб, суҳбатлар ўтказдик. Мавжуд муаммоларни аниқлаб, уларни керак бўлса, ЎФФ даражасида кўриб чиқяпмиз. Зеро, стадионга келадиган бошқа томошабинлар улардан ўрнак олишади. Фан-клуб аъзолари ўз жамоаларини қўллаб-қувватлашда маданиятга урғу беришса, қолганлар ҳам уларга эргашишади. Мухлислар мадади футболчиларга куч-ғайрат бағишлайди, ғалабага ундайди. Лекин бунда ҳам меъёр, маданият бўлиши, бошқа жамоа аъзоларининг нафсониятига тегмаслик лозим. Бугун замонавий стадионларимизда ҳар бир мухлиснинг маданий ҳордиқ чиқариши, дам олиши, чиройли ўйиндан баҳраманд бўлиши учун барча шароитлар муҳайё. Мамлакатимизнинг йирик шаҳарларида замон талабларига тўла жавоб берадиган ареналар барпо этилмоқда. Терма жамоаларимиз, олий ва биринчи лига клублари иштирокидаги учрашувларда фанатизм билан боғлиқ муаммоалар кузатилгани йўқ. Аммо бундан хотиржамликка берилиш, бепарво бўлиш мумкин эмас.
- Бир неча йилдирки, Ўзбекистон мухлислар клуби аъзолари ҳам клубларимиз, ҳам терма жамоаларимизни ФИФА ва ОФК байроғи остида ўтказиб келинаётган нуфузли мусобақаларда ёлғизлатиб қўйишмаяпти. Февраль ойида пойтахтимизда футзал бўйича Жаҳон чемпионати йўлланмалари ўйналадиган Осиё чемпионати ўтказилади. Футзалчиларимизни қўллаб-қувватлаш мақсадида қандай тайёргарлик ишлари олиб бориляпти?
- Дарҳақиқат, мухлислар клуби ташкил этилганидан буён барча Осиё чемпионатларида термамизни мунтазам равишда қўллаб-қувватлаб келяпмиз. Вьетнамда бўлиб ўтган охирги қитъа чемпионатида ҳам бош жамоамиз мухлислари жуда чиройли тарзда кўриниш беришди. Ўз ўрнида, ОФК ҳам буни назардан четда қолдирмади ва ЎФФга ташаккурнома йўллади. Бундан жуда хурсанд бўлдик. Табиийки, бу сафарги Осиё чемпионатида ҳам анъанани давом эттирамиз. Рости, бу галги мусобақага ўзгача тайёргарлик кўряпмиз. Саккиз йиллик тажрибамизни айнан юртимиз мезбонлик қиладиган Осиё чемпионатида қўлламоқчимиз. Футзал бешга-беш ўйналади. Шундан келиб чиқиб, олтинчи ўйинчи сифатида термамизни қўллаб-қувватламоқчимиз. Ўртага жаҳон чемпионати йўлланмаси қўйилган мусобақада ҳамюртларимизнинг ғалабаларига ўз ҳиссамизни албатта, қўшамиз.
- Шу йили Янги Зеландияда ўтган ёшлар (U-20) ўртасидаги жаҳон чемпионатида буюк бобокалонимиз Амир Темур қиёфасида намоён бўлдингиз. Бу кимнинг ғояси эди?
- Албатта, ўзимники. Дизайнерлар билан ҳамкорликда ушбу қиёфани яратдик. Стадионда Амир Темур бобомизнинг сиймоларида кўриниш беришни анчадан бери дилимга тугиб юргандим. Биласиз, юнонлар Спартак, руслар айиқ тимсолида ишқибозлик қилишади. Биз ҳам бу борада янгилик қилишимиз керак эди. Ўйлашимча, режамиз иш берди. Янги Зеландиядаги жаҳон чемпионатининг ҳар бир учрашувидан кейин стадионда бир соатлаб қолиб кетдик. Мухлислар келиб суратга тушишди. Стадион чироқлари ўчирилгунга қадар фотосессияда иштирок этдик (кулади). Албатта, жуда ҳам ёқимли ҳолат. Бу билан тўхтаб қолиш ниятида эмасмиз. Футзал бўйича ўтказиладиган Осиё чемпионатида ҳам янгиликлар гувоҳига айланасизлар. Ҳаттоки, ўйинларни телевизор орқали томоша қиладиган мухлислар ҳам аренада юзага келадиган чиройли манзарадан баҳра олишади.
- Бошқа мамлакатлардаги мухлислар клублари билан алоқа ўрнатилганми?
- Албатта, улар билан ҳамкорлик қиляпмиз. Ахир илм ўрганишдан ҳеч қачон тўхтаб қолмаслик керак. Терма жамоалар ва клубларимизга ҳамроҳ сифатида қайси давлатга борган бўлсам, ҳар сафар ўша мамлакатнинг мухлислар клуби раислари ва сардорлари билан учрашишга ҳаракат қиламан. Яқинда Мадридда «Реал» - «Барселона» учрашувини бевосита стадионда кўриб қайтдим. У ерда ҳам ҳар икки клуб мухлислари етакчилари билан учрашиб, ўзаро фикр алмашдик. Уларни ҳам марказий ўйинларимизни томоша қилиш учун таклиф қилдим. Мен учрашган хорижлик мухлислар орасида энг машҳури бу - бразилиялик Клаудио Фернандес. У шу йил вафот этди. Бразилияда ўтган жаҳон чемпионатидан кейин янада кўпроқ шуҳрат қозонди. Жаҳон кубогини қучоқлаб тушган сурати унинг довруғини дунёга ёйганди. Гарчи бу инсон мухлислар клуби раиси ёки сардори ҳисобланмасада, ундан шахсан мен жуда кўп нарса ўргандим. Бундай мухлис бўлиш учун билмадим яна қанча кўйлак йиртишим керак? Тўғриси, ҳозир шу инсонни эслаб, кўнглим бироз ғаш тортди. Жаҳон чемпионати учрашувларини томоша қилиш мақсадида Бразилияга борганимда, Клаудио билан кўришдик. Финал ўйинига кириб кетаётганда ҳам стадион олдида учрашгандик. Бразилия термаси мусобақани тарк этгани учун кўзи жиққа ёш эди. Ўшанда Германия байроғини кўтариб олганди. Эҳтимол, Аргентина термаси ҳамиша Бразилиянинг азалий рақиби бўлгани учун шундай йўл тутгандир. Бу мухлис билан дунёнинг кўплаб фирма ва компаниялари шартнома имзолашга ҳаракат қиларди. Ҳомийлари жуда кўп бўлган. У Бразилия миллий жамоасининг 150дан зиёд ўйинини бевосита стадионда томоша қилган. Бу - рекорд натижа. Менинг йўналишим эса бироз бошқача. Клубимизга аъзо бошқа мухлисларни ҳам термамизнинг хориждаги ўйинларига олиб боришга ҳаракат қиламан. Бунинг учун ҳомийлар топиб, сайёҳлик фирмалари билан гаплашгач, чегирмалар асосида сафарларни ташкил этиб келяпмиз.
- Юқорида Мадридда ўтган «Реал» - «Барселона» учрашувига ўзбекис-тонлик бир гуруҳ мухлислар ташриф буюриб, баҳсни бевосита «Сантьяго Бернабеу» стадионида томоша қилгани ҳақида айтдингиз. Хўш, бу борадаги ташкилотчилик қандай бўлди?
- Хавфсизлик чоралари биринчи галда эди. Қолгани кўнгилдагидек бажарилди, ҳар ким ўз вазифасини уддалади. Мадриддаги стадион атрофи ва ичкарисидаги ташкилий ишларга беш кетдим. Аслида, «Барселона» ёки «Реал» мухлиси эмасман. Фарзандимнинг Каталония клубига ишқибозлик қилишини инобатга олиб, айнан Месси жамоадошларини қўллаб-қуватладим. Ўйинга келсак «Барселона» дарвозабони ўз ишини аъло даражада бажарди, ҳужумчилар эса камида иккита вазиятда «Реал»ни кечиришди. Акс ҳолда, голлар янада кўпроқ бўлар эди. «Реал» ўзига ўхшамади. Роналдуми? Кечирасиз, мен уни майдонда кўрмадим.
- Сайёҳлар нозиктаъб бўладилар, уларнинг кўнглини қанчалик олинди, деб ўйлайсиз?
- Иш борки, камчилик бўлади, барчанинг кўнглини олиш жуда мушкул. Аммо ушбу сафарга борган 91 нафар мухлисдан фақат бир киши шикоят қилди, холос.
- Сир бўлмаса, шикоятнинг сабабини айта оласизми?
- Парижда ушбу мухлисга ажратилган меҳмонхона хонасининг ойнаси йўқ экан. Рости, чиндан ҳам шундай эканлигини кўргач, ҳайрон қолдим ва ўша заҳотиёқ меҳмонхона бошқарувчисига учраб, хонани алмаштирдик.
- Кейинги «классико»ларга сафар уюштириш режангизда борми?
- Ҳозирнинг ўзида бизга жуда ҳам кўп мурожаат, таклиф ва тилаклар келмоқда. «Барселона»даги иккинчи «Эль-классико» учрашуви чипталарига буюртма берганмиз.
- Олдимизда Қатарда бўлиб ўтадиган муҳим мусобақа турибди. Бу борадаги тайёргарликлар қандай кетяпти?
- Аллақачон тараддудни бошлаб юборганмиз. Ўзбек мухлисларини Қатар марказидаги 4 ва 5 юлдузли меҳмонхоналар, автобуслар кутмоқда. Ушбу сафарни Форс кўрфазидаги энг катта сайёҳлик ширкати билан ҳамкорликда ташкил этдик. Йирик ширкатлар учун катта имтиёзлар белгиланган. Масалан, беш юлдузли меҳмонхонада бизнинг мухлислар учун 40 фоиз чегирма мавжуд. Мақсадимиз пул топиш эмас, шунчаки кўпсонли мухлислар билан бир тану бир жон бўлиб, олимпия терма жамоамизни қўллаб-қувватлаш. Насиб қилса, албатта, Рио-2016 йўлланмасини қўлга киритамиз.
Камолиддин АЛИМОВ суҳбатлашди