Кириш Регистрация
15/11 02:00 Венесуэла 1-1 Бразилия
15/11 04:30 Парагвай 2-1 Аргентина
15/11 05:00 Эквадор 4-0 Боливия
15/11 17:00 Индонезия 0-4 Япония

Бир гўзал одат тарихи

Баҳо:
+ | -

«Атлетико»нинг уй стадиони майдони четида доимо чиройли гулдаста кўриниб туради. Мадридда бир гўзал одат бор: «Атлетико»нинг ҳар бир уй учрашувида майдон четига 24 дона чиннигул териб қўйилади. Бу анъананинг ўзига хос тарихи бор, албатта. Барчасига «Атлетико»нинг «олтин дубль» қайд этишига катта ҳисса қўшган серб футболчиси сабабчи бўлган.

1995 йилнинг июнида сербиялик машҳур мутахассис Радомир Антич «Атлетико» бошқарувини ўз қўлига олади. У бош мураббий сифатида иш бошлаб-бошламай, клубнинг ўша вақтдаги президенти Хесус Хиль олдига трансферларга боғлиқ хоҳишлари битилган рўйхатни ташлайди. «Атлетико» хўжайини фамилиялар билан танишиб чиқар экан, бирдан хохолаб кулиб юборади:

- Милинко Пантич, 29 ёш, «Паниониос», Греция чемпионати... Бу ҳазил эмасми? Ахир у Испанияда ўйнаб кетолмайди-ку. Умуман, «Атлетико» менежерларидан ҳеч бири ушбу талабни жиддий қабул қилмайди. Ҳамма бошқача хаёлга боради: «Антич шунчаки, сербиялик эски танишини чақириб, унинг яхшигина пул ишлаб олишига имкон яратмоқчи». Бир қарашда, бундай гумонларда жон бор эди, зеро, Пантич 29 ёшигача бирор нарсани қойиллатиб қўйган эмасди. Аммо мураббий негадир ўз талабида қатъий туриб олади. Ҳаттоки, Пантич иштирокидаги ўйинлар ёзилган видеокассетани топиб, барчага кўрсатади.

- Ушбу трансфердан заррача афсусланмайсизлар, - дея ваъда беради Антич раҳбарият вакилларига.

- Майли. Лекин билиб қўй, агар бу йигит ўйнолмаса, маошингдан бир қисмини кесиб ташлайман, - қатъий жавоб беради президент Хиль. Ўз навбатида, Антич бу шартга кўнади ва томонлар бир-бирларига қўл ташлашади. Шундай қилиб, орадан бир ҳафта ўтгач, «Атлетико»да янги ярим ҳимоячи пайдо бўлади. Милинко Пантич дарҳол шундай фаол ўйнай бошлайдики, мураббийнинг ўз ҳамёнидан хавотирланишига ҳам имкон қолмайди. Серб йигити 1-турдаёқ жарима зарбасини голга айлантиради. Кейин эса заргарона узатмалари билан «матрасчилар»нинг ўйинларига ўзгача жило беради. Шунингдек, бир қатор голларга ҳаммуаллифлик қилади. Кўп ўтмай, Пантич Мадрид клубида стандарт вазиятларнинг штатли ижрочисига айланади. Мавсум ўрталарига бориб, унинг ижросидаги бурчак зарбаларидан худди пенальтидек чўчийдиган ҳолатга келишади. Хуллас, Милинко баҳоргача ўз ҳисобидаги голлар сонини 10тага етказади ва чамаси 20та аниқ зарбага ассистентлик қилишга улгуради. Бундай ажойиб кўрсаткичи «Атлетико»нинг чемпион бўлишида роса қўл келади. Қолаверса, Пантич «Барселона»га қарши кечган Испания кубоги финалидаги ягона голни ҳам ўз номига ёзиб қўяди.

«Олтин дубль» - бу албатта, ажойиб, бироқ ўзига хос анъана қабилида абадий тарихга кириш учун барибир, кам. Пантичга эса «Атлетико» тарихига кириши учун битта оддий воқеа ёрдам берган. 1996 йилнинг 28 январь куни «Атлетико»нинг оддий мухлисаларидан бири Маргарита Луенго стадион яқинидаги барда дўстлари билан кўришади - доимгидек, навбатдаги ўйин арафасида. Ногаҳон унинг кўзи ойна олдида турган улкан гулдастага тушади. Шунда муассаса ходимига юзланиб, илтимос қилади: «Ҳой дўст, анави чиннигулдан 4 дона берсангиз, бугун «Атлетик» дарвозасига шунча гол урамиз!» Йиғилганлар бу гапга қарсак чалишади, бар маъмури эса хурсандчилик билан вазадан 4та чиннигул олиб беради.

- Ўйинда ҳар бир голдан сўнг майдон томон битта гулни улоқтирдим. «Атлетико» 4:1 ҳисобида ғалаба қозонди, демакки, мен қўлимдаги гулларнинг барчасини ташладим. Ўшанда «Атлетико»нинг 4та голидан 2тасини Пантич урганди - бурчак тўпидан. Табиийки, 2та гулни бурчак байроқчаси ёнига улоқтирдим, - дея эслайди Маргарита.

Навбатдаги бурчак зарбасини амалга оширишга шайланган Пантич халал берган гулларни эҳтиётсизлик билан бир четга улоқтиради. Буни кўрган Маргарита дарров қоғозчага «Чиннигулларни бундай ташлаб юборманг, ахир улар сиз учун», дея ёзиб, уни клуб ходими орқали футболчига юборади.

 Ўйиндан сўнг «мурожаатнома»ни олган Пантич шунчалик хижолат тортадики, клуб хизматчисидан ўша мухлисанинг уй телефони рақамини топиб беришини сўрайди. Яна 2 кундан сўнг эса дарҳақиқат, қўнғироқ қилиб, ундан узр сўрайди. Ҳаттоки, кейинги уй учрашуви тугагач, Маргаритага ўз футболкасини совға сифатида беради.

- Пантич нафақат жарима зарбаларини усталик билан бажарувчи ажойиб футболчи, балки шундай инсон ҳам. Шахсан мен бунчалик маънан бой одамларни жуда кам учратганман, - дейди Маргарита.

Шу-шу «Атлетико»нинг ҳар бир уй учрашуви чоғи бурчак байроқчаси ёнига 24та чиннигул қўйиш одатга айланди. Улардан 12таси қизил, қолган 12таси оқ - бу клубнинг расмий рангларига мувофиқ. Эътиборлиси, ушбу гўзал анъана бошланганига тез орада 20 йил бўлади. Хуллас, Маргаританинг эндиликда тўсиқлар оша майдонга гуллар улоқтиришига ҳожат йўқ. Чунки уни ҳар сафар ўйиндан олдин ҳурмат билан майдон томон кузатиб қўйишади. Умуман олганда, бурчак байроқчаси ёнида турувчи чиннигуллар аллақачон «Висенте Кальдерон» стадиони учун ўзига хос қадриятга айланган. Бир сафар машҳур Роберто Карлос асабий тарзда гулдастани тепиб юборганди. Гарчи футболчи бу хатти-ҳаракатни мутлақо билмасдан, тасодифан амалга оширган бўлсада, бутун трибуналарнинг ҳуштакбозлигига учраган ва ножўя иши учун қўлини кўтарганча алоҳида узр сўраганди. Ҳа, агар сенинг анъанангни ҳаттоки, рақибинг ҳам ҳурмат қилса, демак, барчаси бежиз эмас. Хуллас, «Атлетико» ушбу анъана сабаб, мудом ғурурланади. Милинко Пантич эса «Висенте Кальдерон»да ҳар доим эсга олиниши туфайли мағрурланишга ҳақли.

Манба: Sports.ru,

А. АҲМЕДОВ тайёрлади

Манба: interfutbol.uz
Киритилди: 19:05, 31.12.2015.
Ўқилди: 7140 марта.
Фикрлар: 5 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.