Кириш Регистрация
28/12 00:30 Брайтон 0-0 Брентфорд
28/12 01:15 Арсенал 1-0 Ипсвич
28/12 19:00 Эмполи 1-2 Женоа
28/12 19:00 Парма 2-1 Монца
28/12 22:00 Кальяри 0-3 Интер
29/12 00:45 Лацио 1-1 Аталанта
29/12 16:30 Удинезе - Торино
29/12 19:00 Наполи - Венеция
29/12 19:30 Лестер - Манчестер Сити
29/12 20:00 Тоттенхэм - Вулверхэмптон
29/12 20:00 Кристал Пэлас - Саутгемптон
29/12 20:00 Эвертон - Ноттингем Форест
29/12 20:00 Фулхэм - Борнмут
29/12 22:00 Ювентус - Фиорентина
29/12 22:15 Вест Хэм - Ливерпуль
30/12 00:45 Милан - Рома
30/12 22:30 Комо - Лечче

Янги қиёфа, ўзгача нур ёки яна кашфиёт футболчилар ҳақида

Баҳо:
+ | -

АПЛнинг жорий мавсуми ҳар қачонгидан қизғинроқ, қизиқроқ кечмоқда. Дейлик, ўртамиёна ва кучсиз саналган бир қатор клублар азалий грандларни дам-бадам доғда қолдиришяпти. Шунга яраша, мухлислар янги қиёфалар билан танишишди. Ўзи АПЛ анъанавий тарзда юлдузлар лигаси ҳисобланади. Биринчиликда кучли клублар етарли, беназир футболчилар ҳам жуда кўп. Янги телевизион шартноманинг кучга кириши билан чемпионатда юлдузлар сафи янада кенгайиши аниқ. Шундай бўлсада, ҳар мавсум кенг доирада танилмаган футболчилар ҳам юзага қалқиб чиқишадики, бу АПЛнинг энг катта ютуқларидан биридир. Айниқса, жорий мавсум кашфиётлар тортиқ этишда ажралиб турибди. Келинг, чемпионат стартигача унча таниш бўлмаган, аммо қисқа вақт ичида барчани ҳайратга солган янги чеҳраларга эътибор қаратайлик.

10. Жош КИНГ («Борнмут»)

Мавсум бошида «Блэкберн»дан «Борнмут»га ўтган футболчи. Ўша вақт унинг трансфери мутлақо эътиборсиз қолдирилганди. Бошқача бўлиши мумкин ҳам эмасди. Ахир норвегиялик ҳужумчи ҳаттоки, чемпионшипда ҳам доимий ўйин амалиётига эга бўлмаган ва бутун ўтган мавсум бўйи атиги 4та гол урганди. Боз устига, шу голларининг 3таси Англия кубоги доирасида «Сток Сити» клубига қарши кечган ўйинга тўғри келганди. Қарангки, АПЛ дебютантининг ортда қолган баҳсларида айнан Кинг энг фойдали футболчи бўлди. Хуллас, у «Борнмут»нинг жароҳат туфайли сафдан чиққан энг яхши тўпурари - Каллум Уилсон йўқлигини асло сездирмаяпти. Кингнинг ўзига ишончи шу қадар баланд кўриняптики, бундан кўпчилик ҳайратга тушмоқда. У яқинда тахминан шундай маънода гапирди: «Манчестер Юнайтед»ни қандай мағлуб этдик? Менимча, қарши ҳужум пайтидаги довул суръатим билан нафақат Луи ван Гал, балки майдондаги рақибларимни ҳам чўчитиб юбордим».

9. Данкан УОТМОР («Сандерленд»)

Бундан бир неча ой олдин бу ўйинчини деярли ҳеч ким танимасди. Мана, Уотмор қисқа порлаш натижасида барчани ўзига қаратди. У ҳозирга келиб, батамом унутилган «Олтринхэм» клуби (6-дивизион вакили)да ўйнай бошлаган. Аммо камтарин кўринган истиқболи туфайли ўқиб, таълим олишга кўпроқ эътибор қаратган. Дейлик, яқинда иқтисодиёт ва бизнес-менежмент йўналишидаги таҳсилнинг самараси ўлароқ, магистр мақомини олди. «Сандерленд» эса ҳозиргача ҳеч қандай каромат кўрсатолмади, унга алоҳида назар солиш учун асос ҳам йўқдек. Фақат шу Уотмор зулмат салтанатидаги ёруғ нурдек клуб мухлисларига умид бағишлаяпти. Данкан ҳали жуда ёш, шунга қарамай, жамоада энг яхши дриблингчи бўлиб турибди. Хуллас, «қора мушуклар» фанатлари унга келажак умиди сифатида қарашяпти.

8. Мануэль ЛАНЗИНИ («Вест Хэм»)

«Болғачилар» ёзда ўз таркибларини сифатли тарзда бойитишди. Хусусан, «Марсел»дан Димитри Пайе ва «Челси»дан Виктор Мозес сотиб олинди. Бу трансферлар олдида «Ал-Жазира»дан ўтган Ланзини эътибордан мутлақо четда қолди. Лекин айнан шу футболчи жамоага наф бера олишини тезда исботлади. Мануэль айниқса, охирги ҳафталарда ўзини ёрқинроқ намоён этяпти. Аниқроғи, Пайе жароҳат сабаб, четга чиққач, аргентиналик йигит ўйин назоратини ўз зиммасига олишдан чўчимади. Хуллас, масъулиятни тўла англаб, жамоадошларини ўз ортидан эргаштирди, голлар ура бошлади. Табиийки, Славен Билич ундан ғоят хурсанд.

7. Деле  АЛЛИ («Тоттенхэм»)

Ҳайратланарли порлаш: Алли чемпионатнинг кучли ва ўзига хос клубларидан бирининг ўрта чизиғига шу қадар мос тушдики, унинг 19 ёшда эканлигига ишонгинг келмайди. Эътибор беринг, у бир йилча олдин 3-дивизионда «ДК Донс» клуби шарафини ҳимоя этарди. Хуллас, «шпорлар» сафига қўшилаётганида ҳам, фақат узоқроқ келажакка умид боғлагандир. Аммо Маурисио Почеттино ёш йигитнинг фаоллигидан кўз юмолмасди. Қисқаси, Деле машғулотлардаёқ мураббий меҳрини қозонди. Мана, Почеттино эндиликда уни хотиржам ҳолда асосий таркибга киритяпти ва яна бир истеъдод Эрик Дайер ёнида тўп суришини таъминлаяпти. Тўғри, Деле Аллининг нафаси бутун мавсумга етиш-етмаслигини ҳали текшириб кўриш керак, ҳарқалай, масофанинг деярли ярми ҳали олдинда турибди. Лекин шундай тасаввур борки, «Тоттенхэм» бағрида барқарор тўп сурувчи йигит камол топ-япти. Мутахассислар унинг фаоллигини эътиборга олиб, нафақат «шпорлар», балки Англия терма жамоаси ярим ҳимоясининг марказида ҳам узоқ вақт ўйновчи футболчи бош кўтараётганини таъкидлашмоқда.

6. Жоэль КЭМПБЕЛЛ («Арсенал»)

«Канонирлар»да чизиқлар, тўғрироғи, позициялар бўйича олганда, муаммолар етарли. Фақат ҳужумкор ярим ҳимоячилар ва қанот футболчилари масаласида кўнгил тўқ. Ҳарқалай, бу позициялар кучайтирилишга муҳтож эмас. Бир қарашда, Коста-рикалик футболчига етакчиларнинг бирин-кетин жароҳатга йўлиқишгани қўл келгандек. Ҳарқалай, ҳужумчи шу сабаб, етарли ўйин амалиётига эга бўлиб, ўз салоҳиятини исботлади. Умуман, жорий мавсум Кэмпбелл учун охирги имконият. Яъни у ниҳоят, Арсен Венгерни жамоага керак эканлигига ишонтира олиши зарур. Мана, 1-2та гол урди ва асосийси, умумжамоавий ҳаракатларда чакки кўринмаяпти. Демак, барчаси яхши кечишидан умид қилиши мумкин.

5. Эрик ДАЙЕР («Тоттенхэм»)

Бир неча ой олдин вазият мутлақо бошқача эди. Яъни «шпорлар» раҳбарияти таянч зонаси учун жаҳон савиясидаги футболчи харид қилмай, катта хатога йўл қўйгандек кўринганди. Энди эса Почеттинонинг тўла ҳақ бўлгани ойдинлашди. Зеро, айнан у шунчалик масъулиятли позицияни 21 ёшли Эрик Дайерга ишониб топширди. Бир қарашда, катта таваккалчиликдек туюлган бу қарор ўзини оқлади. «Ньюкасл»нинг XXI асрдаги энг яхши футболчиларидан бири Киран Дайер фамилиядоши аслида ҳимоячи эди, лекин позициясини енгиллик билан ўзгартириб, гўёки, энди самода учмоқда. Эрикнинг тан олишича, йўқотадиган нарсаси йўқлигини тушуниб, бор кучи билан ҳаракатланаётгани қўл келмоқда. Ҳозир унинг учун энг асосийси - янги ролга мустаҳкам ўрнашиб олиш.

4. Одион ИГАЛО («Уотфорд»)

 Айни пайт ҳужумда катта куч билан ўйнаш урф эмас. Аксарият жамоалар аввало, майдон марказига урғу беришяпти ва шунинг ҳисобига ўйин боришини назорат қилишга уринишяпти. Яхшиямки, «Уотфорд» каби клублар ҳам борки, улар олдинда кучли ҳужумчилар жуфтлигига таянишмоқда. Аввалроқ Торе Дини ҳақида кўпчилик эшитган бўлса, Игало мутлақо нотаниш эди. Ҳозирда «Уотфорд» шу ҳужумчининг самарали ҳаракатлари эвазига турнир жадвалида муносиб жойни эгаллаб турибди ва бир қарашда, еврокубокларга йўлланма берувчи ҳудуд учун курашишга шайланмоқда. Тўғри, клубга осон эмас. Зеро, унинг натижалари асосан Игало ва Динига боғлиқ бўлиб қоляпти. Ҳар ҳолда, «Уотфорд»нинг 90 фоиздан кўпроқ голи шу ҳужумчилар тандеми ҳисобига ёзилди.

3. Жейми ВАРДИ («Лестер»)

Ҳозирга келиб, мавсум-2015нинг бош футбол Золушкаси тарихи кўпчиликка аён бўлиб улгурди. Лекин барибир, яна бир марта такрорлаймиз: Варди 3 йил олдин ҳам ҳаваскорлар клуби - «Флитвуд»да ўйнаган, ўтган мавсумга келибгина «Лестер»нинг таркибида аҳён-аҳёнда кўриниш берган. Лекин ўшандаёқ замонавий футболга зарур хусусиятларга эга ҳужумчидек таассурот уй-ғотганди. Энди эса у АПЛ рекордчиси (кетма-кет гол уриш бўйича) ва дуч келган жамоа дарвозасига хавф солаётган таран форвард. Айниқса, тезлиги билан кўпчиликни ҳайратга соляпти. «Лестер»нинг юришида бу йигитнинг хизмати жуда катта. Энди айтингчи, мавсум бошида Рууд ван Нистелройнинг ноёб рекордини айнан Варди янгилаши мумкинлигини ким ўйлаганди?

2. Крис СМОЛЛИНГ («МЮ»)

Эҳтимол, «иблислар» мураббийи уни ҳали ҳам унча яхши билмас... Чунончи, айтишларича, у футболчига Крис Майк, дея мурожаат этар экан. Аммо Смоллингнинг шиддат билан кучайиб бораётганини пайқамаслиги мумкин эмасди. Аслида «қизил иблислар»да ҳимоя маркази энг муаммоли позиция ҳисобланади. Лекин айнан Криснинг тартибли ҳаракатлари ўлароқ, эндиликда бу борада камроқ гапиришяпти. Ваҳоланки, яқинда ҳам Смоллингнинг «Олд Траффорд»да келажаги йўқдек кўринаётганди. Ярим мавсум давомида вазият буткул ўзгарди. Крис «Юнайтед»нинг юқори савияли футболчилари даражасига мувофиқ келишини исботлаш баробарида Англия миллий жамоаси таркибидан мустаҳкам жой олиш имкониятини ҳам ҳосил қилди.

1. Риёд МАҲРЕЗ («Лестер»)

«Тулкилар»нинг ақл бовар қилмас стартлари ўлароқ, олқишларнинг асосий қисми Жейми Вардига насиб этди. Лекин «Лестер» таркибида яна бир футболчи борки, унинг «тулкилар» ижросидаги «найранг»ларда ўрни беқиёс. Асосийси, Маҳрез ижросидаги хатти-харакатларни кузатишнинг ўзиёқ кишига бошқача роҳат бағишлайди. У ақлга сиғмас даражада тезкор, шунингдек, гол уриш баробарида ассистент ролини бажаришни ҳам қойиллатяпти. Ҳарқалай, Риёд жорий мавсум давомида самарали ҳужумларда энг кўп иштирок этган футболчи бўлиб турибди. Эътиборлиси, «Лестер» чемпионшипда иштирок этаётган вақти бу футболчи учун атиги 400 минг фунт сарфлаганди. Энди гарчи даъвогарлар сафи кун сайин кенгайиб бораётган бўлсада, Маҳрезнинг ўзи ҳозирча ҳеч қаерга кетиш нияти йўқлигини билдиряпти. «Тулкилар»га бефарқ қарамаётган мухлисларни айнан шу нарса кўпроқ қувонтираётгандир, балки...

Манба: footballhd.ru,

А.ҚОДИРОВ тайёрлади

Манба: Interfutbol.uz
Киритилди: 17:48, 06.01.2016.
Ўқилди: 2767 марта.
Фикрлар: 2 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.