Олимпия терма жамоамизга номзод футболчи саналадиган Диёрбек Туропов келаётган мавсумни ҳам “Олмалиқ” таркибида ўтказади.
Маълум бўлишича, 21 ёшли ярим ҳимоячи кеча жамоаси билан шартномани узайтирди. Унга кўра, Диёрбек Туропов 2016 йилнинг декабрь ойи сўнггига қадар Тошкент вилояти жамоаси шарафини ҳимоя қилишда давом этади.
- Ҳа, чиндан ҳам “Олмалиқ” билан шартномани узайтирдик. Клуб ҳам, мен ҳам ҳамкорликни давом эттиришни истадик. Аслида бир қатор жамоалардан чорлов бўлганди. Оиламдагилар билан маслаҳатлашгач, “Олмалиқ”да қолишга қарор қилдим. Зеро айнан мана шу клубда секин-аста ўз ўрнимни топа бошладим. Шу сабабли мен янги мавсумда “Олмалиқ”нинг муваффақиятларига ўз хиссамни қўшмоқчиман, - дейди истеъдодли футболчи.
Таъкидлаб ўтамиз, Диёрбек Туропов ортда қолган мавсумда Олий Лига доирасида 15 та ўйинда майдонга чиқиб, 1 марта гол киритишга муваффақ бўлди.