Кириш Регистрация
05/10 00:00 Леганес 0-0 Валенсия
05/10 16:30 Кристал Пэлас 0-1 Ливерпуль
05/10 17:00 Эспаньол 2-1 Мальорка
05/10 18:00 Удинезе 1-0 Лечче
05/10 19:00 Арсенал 3-1 Саутгемптон
05/10 19:00 Брентфорд 5-3 Вулверхэмптон
05/10 19:00 Лестер 1-0 Борнмут
05/10 19:00 Вест Хэм 4-1 Ипсвич
05/10 19:00 Манчестер Сити 3-2 Фулхэм
05/10 19:15 Хетафе 1-1 Осасуна
05/10 21:00 Аталанта 5-1 Женоа
05/10 21:30 Лас-Пальмас 0-1 Сельта
05/10 21:30 Вальядолид 1-2 Райо Вальекано
05/10 21:30 Эвертон 0-0 Ньюкасл
05/10 23:45 Интер 3-2 Торино
06/10 00:00 Реал Мадрид 2-0 Вильярреал
06/10 14:00 Пахтакор 4-2 Динамо
06/10 15:30 Ювентус - Кальяри
06/10 17:00 Жирона - Атлетик Бильбао
06/10 17:30 Украина - Франция
06/10 18:00 Болонья - Парма
06/10 18:00 Лацио - Эмполи
06/10 18:00 Челси - Ноттингем Форест
06/10 18:00 Астон Вилла - Ман. Юнайтед
06/10 19:15 Алавес - Барселона
06/10 20:00 Бразилия - Аргентина
06/10 20:30 Брайтон - Тоттенхэм
06/10 21:00 Монца - Рома
06/10 21:30 Севилья - Бетис
06/10 23:45 Фиорентина - Милан
07/10 00:00 Реал Сосьедад - Атлетико

12 ойнинг 12 муҳим воқеаси

Баҳо:
+ | -

Киши эсини таниганидан сўнг, бот-бот тарихга назар ташлаб, ҳаётида рўй берган воқеаларни сарҳисоб қилиб туришни ўрганади. Бунинг учун энг қулай пайт эса шубҳасиз, йиллар алмашинуви давридир. Биз янги - 2016 йилнинг илк кунларида 2015 йили юртимиз футболида кузатилган энг муҳим ҳодисаларни бирма-бир эслаб ўтишга қарор қилдик. Бу қайси воқеалар эканини қуйида билиб оласиз...

Январь

Асвтралиядаги Осиё чемпионати

Деярли ҳар йили декабрнинг сўнг­ги кунларида бир гап тез-тез қулоққа чалинади: «Янги йилни қандай бошласанг, йил охиригача ишларинг шундай давом этаверади!» Албатта, бу - шунчаки ирим ва унга ишониш тўғри бўлмайди. Аммо 2015 йил ўзбек футболсеварлари учун ажойиб бошланди: терма жамоамиз Австралия мезбонлик қилган навбатдаги Осиё чемпионатида қатнашиш учун кенгурулар диёрига жўнаб кетди. Энг муҳими, ана шу январь ойида бизнинг ҳар бир кунимиз футбол билан ўтди. Ўзимиз тўп тепмадик, тўғри, аммо ишқибозлар учун майдонга тушишдан ҳам кўпроқ завқ берадиган баҳс-мунозара деб аталмиш роҳатбахш омил бир ойча муддат бизни тарк этмади. Терма жамоамизнинг ушбу мусобақадаги иштироки қандай бўлгани эса ҳали кўпчиликнинг ёдидан чиқиб улгурмаган: Миржалол Қосимов шогирдлари илк ўйинда Шимолий кореялик футболчиларни минимал ҳисобда енгишди. Иккинчи турда эса кутилмаганда биз менсимаган Хитой термаси вакилларимизни уялтириб қўйишди. Шу боис, гуруҳдаги сўнгги рақиб - Саудия Арабистонига қарши ўйин термамиз аъзолари учун ҳаёт-мамот жангига айланди. Яхшиямки, араблар янги юлдузимизни ўрганиб чиқишга улгуришмаган экан. Айнан Сардор Рашидов индивидуал ҳаракатлари эвазига жамоани таҳликали ҳолатдан олиб чиқиб кетди. Аммо гуруҳ босқичидан ўтиб олган вакилларимиз «плей-офф»да Жанубий Корея термасига дуч келишди. Албатта, бизнинг бу учрашувдан умидимиз катта эди. Миржалол Қосимов шогирдлари ҳатто ижобий натижага жуда яқин келишди ҳам. Аммо Лутфулла Тўраевнинг икки-уч метр масофадан бўш дарвозани ишғол қила билмагани дастлаб қўшимча бўлимлар, кейин эса аламли мағлубиятни олиб келди. Шу билан январь ойидаги футболга боғлиқ ҳодисалар якун топди.  

 

Февраль

Шамсиддинов ва Машарипов - ҳақиқий «жангчи»

Ўтган йилнинг февраль ойида Шуҳрат Мақсудов бошчилик қилган олимпия терма жамоамиз Таиландда ўтказилган «Қироллик кубоги» халқаро турнига таклиф этилди. Жамоамизнинг мазкур мусобақадаги иштироки шундай кутилмаган шов-шувларга сабаб бўлдики, бунинг олдида таклиф ва турнирдаги натижалар иккинчи даражали масалага айланди. Воқеага батафсилроқ тўхталсак, олимпиячиларимиз турнир доирасида Жанубий кореялик тенгдошларига қарши ўйин ўтказишди. Тўғрисини айтиш керак, учрашув асосан, корейсларнинг устунлигида ўтгани боис, «Пахтакор» ярим ҳимоячиси Жалолиддин Машарипов асабларини жиловлай олмай, вазиятларнинг бирида рақибига каратэ ёхуд таэквандо усулида зарба бериб, майдондан четлатилди. Бу эса олимпиячиларимиз таркибидаги «Навбаҳор» клуби аъзоси Тоҳир Шамсиддиновга жуда ёмон таъсир қилди. Яъни, у ҳам яккакурашлар борасида қобилияти борлигини барчага намойиш қилиб, кореялик рақибларидан бирини худди боксчилардек кетма-кет зарбалар билан «сийлади». Бу хунук ҳодиса ЎФФнинг қитъадаги  обрўсига жиддий путур етказишига оз қолди. Шундан сўнг боксга ҳаваси баланд футболчимиз ЎФФ томонидан бир йил муддатга барча мусобақалардан дисквалификация қилинди. Хуллас, февраль ойи ана шундай «сюрприз» билан алоҳида ёдда қолди.

Март

«Локомотив» - суперкубок соҳиби

Март ойи аксарият пайтларда мухлислар учун ўта зерикарли ўтиши ҳеч кимга сир эмас. Чунки бу вақтда футболимиз ҳали «қишки уйқу»да бўлади. Хайриятки, бундан икки йиллар муқаддам «InterFutbol» унутилаёзган суперкубок масаласини кўтариб чиқди-ю, ушбу ўйин қайта тикланди. Жумладан, 2015 йилнинг 8 мартида 2014 йилги мамлакат чемпиони - «Пахтакор» мамлакат кубоги соҳиби - «Локомотив» билан «Бунёдкор» стадионида куч синашди. Бу ўйин ўтказилган вақтда тўртта клубимиз ОЧЛ гуруҳ босқичидаги иштирокини бошлашгани учун, стадионда «аншлаг» кузатилмади. Аммо ўйин шуниси билан ёдда қолдики, унда «Локомотив» рақибини ҳар томонлама «янчиб ташлади». Ваҳоланки, учрашув арафасида аксарият мутахассислар «Пахтакор»нинг қўли баландроқ келишини тахмин қилишганди. Бироқ Тўраев, Абдуҳолиқов, Корьян ва Бикмаевлар томонидан урилган тўртта гол «Локо» суперкубок учун ҳақли эканини яққол исботлади.

Мартнинг яна бир эътиборли воқеаси сифатида Бахтиёр Ашурматов бошқарувидаги олимпиячиларимизнинг Сурияни енга олмай, «аросат»да қолиб кетишганини ҳам таъкидлаш лозим. Чунки улар на Осиё чемпионатига йўлланма олишди ва на бу имкониятдан узил-кесил маҳрум бўлишди. Бошқача айтсак, олимпиячиларимизнинг тақдири ўзгалар қўлида қолиб кетди.

 

Апрель

«Японча тарсаки»

Қизиқ ҳолат: март ойининг сўнгги кунида Миржалол Қосимов бошчилигидаги терма жамоамиз Япония термаси билан ўртоқлик ўйинида куч синашди-ю, бу ўйиннинг алами апрель охиригача бизни тарк этмади. Шунинг учун ҳам ойнинг энг муҳим воқеаси сифатида Япония-Ўзбекистон ўртоқлик ўйинини танлаб олдик. Тўғри, бунгача ҳам Қосимов ва унинг шогирдлари бир неча бор мағлубиятга учрашганди. Лекин ҳеч бир рақиб Миржалол Қўшоқович даврида термамиз дарвозасини бир ўйинда беш марта аниқ нишонга олмаганди-да. Мана шуниси кўпроқ аламли ҳис келтириб чиқарди. Қисқача айтганда, апрель ойи ичида ушбу ўйинда қайд этилган 5:1 ҳисобини таҳлил қилмаган инсон қолмади, ҳисоб. Вакилларимизнинг нега бундай ҳолатга тушиб қолишганини ўйлай-ўйлай май ойига етиб олдик.

 

Май

Олимпиячилар «тантана»си

Баҳорнинг сўнгги ойи бўлган май мамлакатимиз олимпия терма жамоаси учун энг қувончли ва энг омадли вақт бўлди. Чунки бунга қадар олимпиячиларимиз ноқулай ҳолатга тушиб қолишганини юқорида айтиб ўтгандик. Яхшиямки, саралашнинг «В» гуруҳида иштирок этган Иордания олимпиячилари пешқадамликни ҳеч кимга беришмади ва энг муҳими, улар сўнгги турда асосий рақиблари (бизнинг ҳам рақибимиз десак адашмаймиз) - Қувайт олимпиячиларига ютқазишмади. 3:3 ҳисобида якунланган мазкур учрашув Ўзбекистон олимпиячиларининг ҳам жорий йил 12 январда бошланадиган Осиё ўйинларига йўлланма олишларини таъминлади.

Афсуски, олимпиячиларимизга омад келтирган май ойи Осиё Чемпионлар Лигасида Ватанимиз шаънини ҳимоя қилаётган тўрт клубимиз учун нохуш келди. Аниқроғи, уларнинг бари мусобақа билан гуруҳ босқичидаёқ хайрлашиб қўя қолишди.

Июнь

Бабаян - термамиз устози ёхуд қувонч ва ҳайратлар вақти

Бизнингча, 2015 йилнинг энг ҳайратланарли даври - июнь ойи бўлди. Негаки, аввалига Равшан Ҳайдаров бошчилигидаги терма жамоамиз (U-20) «кичик мундиал» деб аталадиган ёшлар ўртасидаги навбатдаги жаҳон чемпионатида иштирок этиш учун Янги Зеландияга боришди ва бир-биридан ажабланарли натижаларга эришишди. Хусусан, улар гуруҳнинг даст­лабки ўйинларида Гондурас ва Германия терма жамоаларидан енгилган бўлишсада, кейинчалик фижилик ёшларни йирик ҳисобда мағлуб этиб, «плей-офф»да Австрия ёшларини тиз чўктиришди. Сўнг чорак финал баҳсида Сенегал термаси тўсиғидан ўта олишмади. Шундай бўлса-да, улар шунчаки, мундиалдан музқаймоқ еб қайтишмади. Хуллас, оз бўлса-да, ёшларимизнинг натижасидан қувондик.

Ойнинг қоқ ўртасига келиб, 2018 йили Россия майдонларида ўтадиган ЖЧ йўлланмалари учун курашнинг иккинчи босқичи бошланди ва терма жамоамиз илк ўйинни ўтказиш учун КХДРга йўл олди. Январдаги Осиё чемпионатида бу рақиб мағлуб этилгани учунми, кўнглимиз хотиржам эди. Лекин «ёпиқ дунё»дан келган совуқ хабар барчамизни музлатди: мезбонлар 4:2 ҳисобида ғалаба қозонишди! Шубҳасиз, бу кутилмаган ва аламли мағлубият терма жамоамизнинг сўнг-ги босқичга чиқиш имкониятларини кескин пасайтириб юборди ва Қосимовнинг «курсиси» қимирлаб қолгандек туюлди. Кейинчалик, тахминлар ўзини оқлаб, МТЖда жиддий ўзгаришлар кузатилди. Яъни, ЎФФ раҳбарияти Миржалол Қосимовни вазифасидан озод қилиб, бунгача «Пахтакор» клубида бош менежер вазифасида ишлаган Самвел Бабаянни унинг ўрнига тайинлади. Тўғри, Қосимовнинг алмаштирилишини барча кутганди. Лекин унинг ўрнига Бабаяннинг тайинланишини ҳеч ким  тахмин қилмагани рост. Ана, ҳайрат...   

 

Июль

Сардор Рашидовнинг трансфери

Ёзнинг айни жазирама забтига олган вақтига келиб, ўзбек футболида тарихий воқеа юз берди. Яъни, Тошкентнинг «Бунёдкор» клуби футболчи Сардор Рашидовни 2100000 доллар эвазига Қатарнинг «Ал-Жаиш» клубига сотганини расман эълон қилди. Воқеани «тарихий» дейишимизга сабаб шуки, ҳали ҳеч бир клубимиз трансфер нархига оид маълумотларни бунчалик батафсил тарзда ошкор қилмаган эди. «Ошинг ҳалол бўлса, кўчада е», дейишганидек, «Бунёдкор»нинг бу трансфери клубнинг ўзига қанчалик моддий фойда келтирган бўлса, Сардор учун ҳам шунчалик омадли тус олди. Бошқача айтсак, Рашидов Қатар об-ҳавосига мослашиб олганидан сўнг бирин-кетин голлар уриб, ўзига сарфланган пулларни оқлашга киришди.

  

Август

Кубок ярим финаллари

Август ойига келиб миллий чемпионатимизда олтин медаллар учун курашаётган тўрт клубимиз - «Пахтакор», «Бунёдкор», «Локомотив» ва «Насаф»нинг мамлакат кубоги ярим финалида ҳам ўзаро тўқнаш келиши ойдинлашди. Ярим финалнинг илк ўйинларида «Насаф» «Локо»ни ўз майдонида, «Бунёдкор» эса «Пахтакор»ни сафарда мағлубиятга учратди. Нима бўлибди, дейсизми? Гап шундаки, бу ўйинларда футбол учун ўта муҳим омил - сифат кўзга яққол ташланди. Келинг, бизнинг футболда, айниқса, клубларимиз кўрсатадиган ўйинларда сифат ҳар доим ҳам жиддий муаммо бўлиб келганини тан олайлик. Нима учун бу учрашувлар барчага бирдек ёққанини энди билиб олгандирсиз? Энг муҳими, нисбатан кучсизроқдек кўринган рақиблар сифатли ўйин ташкил қилиш эвазига якунда финалга йўлланма олишди. Гап «аждарлар» ва «қалдирғочлар» ҳақида кетаётганини сездингиз, албатта...

 

Сентябрь

Омадли сериянинг бошланиши

Терма жамоамиз мураббийлар штабининг июнь ойидаги ўзгаришларини мунозара қила-қила, сентябрга етиб келдик. Очиғини айтиш керак, бу пайтга келиб, Бабаяннинг бош мураббийликка лойиқ-нолойиқлиги борасидаги тортишувлар негадир тўхтаб қолди. Бу худди бўрон олдидаги сокинликка ўхшаб кетгани ҳам бор гап. Чунки яқин келажакда ушбу мутахассис ва терма жамоани Яманга қарши ўта муҳим, кўп нарсани ҳал қилувчи расмий учрашув кутиб турганди. Буни қарангки, Бабаян бошқарувидаги илк ўйинда вакилларимиз зўрға ғалаба қозонган бўлишса-да, намойиш этилган ўйин услуби кўпчиликка манзур бўлди. Филиппин устидан сафарда қозонилган йирик ғалабадан кейин эса хавотирга ўралган кўнгиллар бироз енгил тин олди. Шу тариқа, термамизнинг омадли серияси бошланди.

 

Октябрь

Кузги «момақалдироқ» ва «Баҳрайн синдроми»нинг

емирилиши

Бутун мавсум давомида ОАВлар томонидан бот-бот эслатиб келинган можаро - футболимиздаги келишилган ўйинлар иллати охир-оқибатда, ЎФФ раҳбарларини жиддий чоралар кўришга ундади. Бунинг оқибати, «Пахтакор» ва «Металлург» клублари иштирокидаги ўйин «шубҳали» деб топилиб, бекободликлар бош мураббийи Рустам Мирсодиқов вақтинчалик лицензиясидан маҳрум қилинди. Бу футболимиз учун худди булутларни тарқатиб, ҳаво очилишига замин яратувчи момақалдироқдек таъсир ўтказди. Воқеаларнинг кейинги ривожини эса ўзингиз яхши биласиз...

Ўйиндан-ўйинга «очилиб» бораётган терма жамоамиз эса мазкур ойда биз учун ҳамиша ноқулай рақиб саналган Баҳрайн майдонига сафар қилиб, 4:0 ҳисобидаги ажо-йиб ғалаба билан қайтди. «Баҳрайн синдроми»дан халос бўлиш эса мухлислар қалбида Самвел Бабаянга ишонч руҳини шакллантира бошлади.

Дарвоқе, октябрь охирларига келиб Қаршининг «Насаф» клуби ўз тарихида илк бор Ўзбекистон кубогини қўлга киритди.

 

Ноябрь

КХДРдан олинган ўч

Кузнинг сўнгги кунларида футболимизда эътиборга молик воқеалар кўп кузатилди. Хусусан, «Пахтакор» 11 марта чемпионликни нишонлади, Рашидов деярли ҳар турда гол уриб, Қатардан келадиган хушхабарлар оқимига асос солди. Лекин биз учун энг муҳими, Миржалол Қосимовнинг истеъфосига сабабчи бўлган Шимолий кореяликлар термаси  иккинчи саралаш босқичининг 2-давраси доирасида Тошкентга келишди. Ҳатто терма жамоа ўйинларида ҳам тўлмаётган «Пахтакор» марказий стадиони 12 ноябрь куни ўзбек ишқибозлари билан тўлиб-тошди. Ўша куни термамизнинг ғалабасига ҳеч биримиз шубҳа қилмадик. Ҳатто, биринчи голни ўтказиб юборганимиздан сўнг ҳам. Футболчилар мухлислар билан, мухлислар футболчилар билан бирлашиб кетишди. Аниқроғи, ватанпарварлик туйғуси барчани бир ёқадан бош чиқаришга ундади. Натижа эса ўзини узоқ куттирмади - 3:1 ва термамиз яна мухлислар иззатида! Ўз навбатида, ноябрь ойи охирларида ОФК йил лауреатларини аниқлади. Қувонарлиси, қитъамизнинг энг яхши ёш ўйинчиси номига даъвогарлар рўйхати ўзбек ўғлонлари ҳисобига тўлди. «Бунёдкор» тарбияланувчилари - Забиҳилло Ўринбоев, Элдор Шомуродов ҳамда Достон Ҳамдамовдан бири ушбу мукофотни қўлга киритишлари кўзда тутилганди. Ҳиндистоннинг Нью-Дели шаҳрида бўлиб ўтган тадбирда Достон Ҳамдамов «Йилнинг энг яхши ёш футболчиси» сифатида эътироф этилди.

 Декабрь

Равшан Эрматов - ЭНГ ЯХШИ!

2003 йилдан буён ФИФА таснифидаги мусобақаларни бошқариб келаётган Равшан Эрматов футбол бўйича деярли барча нуфузли турнирларда ҳакамлик қилаётганини биласиз. У 2008, 2009, 2010, 2011 ва 2014 йилларда беш маротаба «Осиёнинг энг яхши ҳаками», деб эътироф этилди. Халқаро футбол уюшмалари федерацияси Эрматовни 2011 йилда «Жаҳоннинг энг яхши ҳаками» сифатида тан олди. Қолаверса, Р.Эрматов ҳакамлик фаолияти давомида жаҳон чемпионатлари финал босқичида энг кўп - 9 учрашувни бошқариб, дунё рекордини ўрнатди. Шу боис, Равшан Эрматов Президентимиз Ислом Каримов Фармонларига мувофиқ, 2010 йили «Ўзбекистон ифтихори» фахрий унвони, 2014 йилда «Эл-юрт ҳурмати» ордени билан мукофотланди. Машҳур футбол ҳаками Равшан Эрматов яқинда футбол оламининг нуфузли мукофотларидан бири - «Globe Soccer Awards - 2015» совринини қўлга киритди. Шундан сўнг ҳакамимиз давлатимиз раҳбарининг 2015 йил 31 декабрдаги Фармонига мувофиқ, мамлакатимизнинг спорт соҳасидаги шон-шуҳратини юксалтириш, халқаро майдонда ўзбек футболи нуфузини ошириш, миллий футбол ҳакамлари мактабини ривожлантириш борасидаги катта хизматлари ҳамда ёш авлодни она-Ватанга муҳаббат руҳида тарбиялаш ишларига қўшган муносиб ҳиссаси туфайли «Буюк хизматлари учун» ордени билан тақдирланди. Ватанимизнинг юксак мукофоти ва Президентимиз совғаси - «Malibu» автомобили калитини Р.Эрматовга Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Ш.Мирзиёев тантанали равишда топширди.

Исроил РАҲИМОВ тайёрлади

Манба: Interfutbol.uz
Киритилди: 11:44, 10.01.2016.
Ўқилди: 4420 марта.
Фикрлар: 29 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.