Кириш Регистрация
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина 1-2 Удинезе
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо

Эзгуликка йўрғилаган қалб ёки Нейсмитга нима бўлди?

Баҳо:
+ | -

Маҳоратли ҳужумчи Стивен Нейсмит Шотландиядан Англияга кўчиб ўтгач, газеталарнинг муқовасида кам кўриниш берди: сермаҳсуллик бобида «Эвертон» мухлисларини хурсанд қилолмади, бунга асосий сабаб эса унинг универсал эканида. Гол уриш Стивен учун биринчи ўринда турмайди, можаролардан йироқ юрди. Яқинда «Челси» дарвозасига учта гол урган Нейсмитда Британия футболи ихлосмандларига ўзини эслатиб қўйиш имконияти туғилди. Аммо бу сафар ҳам якуний хулосада унинг номи четда қолди: барчасига Лондон жамоасидаги инқироз бош сабаб вазифасини ўтагани илгари сурилди. Шунга қарамай, шотландиялик форварднинг футбол майдонидан четдаги ишлари таҳсинга сазовор.

«Эвертон» ва Шотландия термаси аъзоси довруқ қозониш йўлида яна бир ибратли ишга қўл урди: 2015 йили Глазгодаги бошпанасиз фақирлар учун уюштирилган рождество дастурхонига ҳомийлик қилди. Мазкур тадбирни Loaves and Fishes деб номланувчи миллий хайрия компанияси ўтказди. Эътиборлиси, Стивен официант вазифасини бажаришга рози бўлиб, меҳмонлар билан мазмунли суҳбат қурди.

- «Рейнжерс» сафида ўйнаган пайтимда жароҳатлар менга тинчлик бермай қўйганди. Узоқ вақт мобайнида майдонга чиқолмадим. Шунда бўш вақтимдан унумли фойдаланишга қарор қилдим: Денис Кёрран, унинг рафиқаси Кэти ҳамда бир гуруҳ кўнгиллилар билан гаплашиб, уларга ўз ёрдамимни таклиф этдим. Кўмакка муҳтож одамларни қўллаб-қувватлашга ҳамиша тайёрман. Глазгодаги бошпанасизларни топиб, тансиқ таомлар билан сийладик, зарур буюмлар ва кийим-кечак билан таъминладик. Улар ўз навбатида, илиқ муносабат учун бизга миннатдорчилик билдиришди. Менимча, бу каби камтарона хатти-ҳаракатлар ҳам кўпчиликни эзгуликлар сари ундаши, шубҳасиз, - деди Нейсмит Liverpool Echoга берган интервьюсида.

- Биз Стивеннинг ибратли ишларини юксак баҳолаймиз. Гап унинг фонд учун ажратган пулларида эмас, аксинча, эътиборнинг ўзи таҳсинга лойиқ. У беназир инсон, бизни асло унутмаяпти. Нейсмитнинг ҳаёт тарзи бошпанасиз кимсаларникидан тубдан фарқланади, лекин уларни рағбатлантиришдан асло чарчамайди, - деди Денис Кёрран футболчини эътироф этаркан.

Бу Стивеннинг ижтимоий жиҳатдан заифларга бераётган биринчи ёрдами эмас. Ўтган йилнинг августида шотландиялик ҳужумчи Токс­тетдаги бандликка кўмаклашиш марказига ташриф буюриб, ишсизларга «Эвертон»нинг премьер-лигадаги ўйинларига кириш учун чипталар тарқатди. Шу тариқа уларга руҳий тетиклик бахш этишни мақсад қилди. Токстет - машҳур The Beatles гуруҳи вакилларининг улғайишига гувоҳ бўлган маскан. Бугун эса у Ливерпулнинг энг қашшоқ ҳудудларидан бирига айланган. Авваллари бу ердаги аҳоли (30 мингга яқин киши) жанубдаги докларда меҳнат қилишган, айни пайтда эса порт уларнинг атиги 15 фоизигагина иш таклиф эта олади, холос. Оммавий ишсизлик жиноятларнинг ортишига сабаб бўлмоқда: ўғрилик Токстетга хос иллатлардан бирига айланган. Маҳаллий аҳоли мазкур ҳолат «Ливерпуль тўртлиги»га кирувчи шаҳарнинг обрўсига путур етказаётгани, аммо муаммони бартараф этиш осон эмаслигини таъкидлашмоқда.

- Мен Айрширда туғилганман. Шотландиянинг жануби-ғарбида жойлашган ушбу масканда ҳам ишсизлик авж олганди. Ливерпулда шунга ўхшаш ҳолат гувоҳига айландим. Ўтган йиллардаги хайрия акциялари кўплаб ижобий ҳолатларга сабаб бўлди. Йигитлар ниҳоят, иш топишгани, яна кўнгилдагидек ҳаёт кечиришаётгани учун менга миннатдорчилик билдиришди. Шу боис, 2015 йилда уларни янада ривожланишга ундашга қарор қилдим, - деди Нейсмит.

Хайрли ишлар рўйхатини истаганча давом эттириш мумкин. Мактаб даврида Стивенга дислексия ташхиси қўйилди. Тиббиёт энциклопедияларига мурожаат этсак, бу нуқсон ўқиш ва ёзиш борасидаги муаммога боғланиши ойдинлашади. Аммо мазкур ҳолат футболчининг тақдирига дахл қила олмади: Нейсмит касалликка қарши курашда ғолиб чиқди ва кейинчалик ушбу нуқсондан азият чекаётган болаларга кўмаклашди. Стивен мунтазам равишда Шотландияда, хусусан, жонажон шаҳри Стюартондаги клиникаларга ҳомийлик ёрдамини кўрсатади. Охир-оқибат «Эвертон» форварди Шотландиянинг дислексияга қарши курашиш бўйича вакили этиб тайинланди.

- Иттифоқо, «Рейнжерс»нинг ўша пайтдаги хўжайини сэр Дэвид Мюррейдан хабар келди. У Шон исмли дўсти мен билан гаплашмоқчи эканини билдирди. Кейинчалик ўша кишининг тўлиқ исм-шарифи Шон Коннери эканидан хабар топгач, ҳайратимни яширмадим. Маълум бўлишича, у дислексия ҳақидаги мақоламни ўқигач, мени Шотландияда ушбу муаммо билан шуғулланувчи муҳим шахслардан бири - Жеки Стюарт билан учраштиришни мақсад қилган экан. Кўп ўтмай, Жеки билан хасталикка қарши янги лойиҳа тузиш борасида келишиб олдик, - деди шотландиялик футболчи.

2011 йилнинг ноябрида келган мактуб эса Стивенда янада ёрқинроқ таассурот қолдирди. Ўшанда «Рейнжерс»да ўйнаган ҳужумчи «Абердин»га қарши баҳсда жиддий жароҳат олиб, тўққиз ойга сафдан чиққанди.

- Тикланиш курсларини маҳаллий клиникада ўтаётгандим. Навбатдаги тиббий муолажадан қайтгач, қўлимга ушбу хат келиб тушди. Конверт менга қандайдир ғайритабиийдек туюлди. Уни очиб, мактубни ўқидим-у, кўзларимга ишонмадим: нома Афғонистонда хизмат қилган шотландиялик аскардан келганди. Ҳарбий йигит «Рейнжерс»нинг ашаддий ишқибози эканини айтиб, ўзга юртдан туриб менга операциядан сўнг тезроқ тикланиб кетишимга тилак билдирганди. Бу мени жуда ҳам таъсирлантирди. Ўша аскар уйи­га қайтгач, у билан кўришдим ва биргаликда футбол ҳақида узоқ суҳбатлашдик, - дейди Нейсмит хотираларига мурожаат этаркан.

«Рейнжерс»нинг собиқ форварди бунга хайрия ишлари орқали жавоб қайтарди: Глазгода «Қаҳрамонларга кўмаклашамиз» деб номланувчи махсус фондга асос солди. Ушбу ташкилотнинг асосий мақсади ҳарбий жараёнларда азият чеккан Буюк Британия қуролли кучлари аскар ва зобитларини кўнгилдагидек ҳаёт тарзига қайтаришдан иборат. «Сити Билдинг» компаниясининг қўллаб-қувватлаши туфайли барпо этилган фонд эса фахрийларни иш жойлари ва бошпана билан таъминлаш, улар учун турли курсларни ташкил этишга йўналтирилган.

Хўш, Стивен Нейсмит нега маҳаллий нашрлар муқовасида кўриниш бермаяпти? Юқорида қайд этилган маълумотлар бу саволга жавоб топиб бериши мумкин - Британиядаги оддий нашр таблоидининг ўлчами 43х28 сантиметрни ташкил қилади: шундай камтарона газета саҳифасига шотланднинг улкан қалбини жойлаштириш мумкинмикан?

Манба: Sports.ru, А. ИСРОИЛХОНОВ тайёрлади

Манба: Interfutbol.uz
Киритилди: 11:14, 11.01.2016.
Ўқилди: 2905 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.