Кириш Регистрация
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед

Энди 10та гол урсак ҳам бефойда...

Баҳо:
+ | -

Куни кеча олимпия терма жамоамиз ироқликларга қарши майдонга тушиб, қандай натижа қайд этганликларини ҳеч кимга яна қайта айтиб ўтиришнинг фойдаси йўқ.

Хуллас, биз мағлуб бўлдик, энди фақат ортга йўл бор, холос. Чемпионат бошланишидан олдин Игор Сергеев ОАВ вакилларига чемпионликни “орзу” эмас, “эришиб бўладиган мақсад” деб атаганида рости улардан кўп нарса кутиб юборган эдик. Биз учун якунланганида эса Фоминнинг “ширин” гапларидан сўнг ҳаммаси очиқ ойдин тушунарли бўлди. Биргина мен эмас, бутун ўзбек халқи чемпионликни ҳеч бўлмаганда Олимпиадага йўлланмани кутган эди, аммо… дунёда ҳамма нарса сен кутганчалик бўлавермас экан. Бунақа гапларни гапирсанг гап кўп, бироқ дийдиёни бас қилиб ортга бир назар ташласак, менимча ҳар томонлама фойдали бўларди.

НИМА КУТГАН ЭДИК?
Олимпия терма жамоамиз Осиё чемпионатига сўнгги йиғинга бир ой (!) олдин тўпланган эдилар ва бу орада анча ишлар амалга оширилди. Бир ой ичида барча футболчилар бир-бирига ҳар жиҳатдан мослашиб олганликлари бот-бот таъкидланди. Ҳатто Қатардаги илк ўйин олдидан ҳам Бабаян ўйиндан фақат яхши натижа кутаётганлигин яширмади. Бунга асосларимиз ҳам тўла етарли эди, уларда ҳаммаси бор эди. Ўз клубида асосий таркибдаги ўрин, маҳорат, халқаро тажриба… барчаси. Аммо кутилган натижалар сарҳисобига келганда эса яна жимжитлик. Биз кутган чемпионлик тугул, гуруҳ масаласи ҳам сўроқ остида қолди. Сўроқ остидагина эмас, мавҳумликка юз тутди.

НИМА ЕТИШМАДИ?
Сўнгги икки ўйинда кўрдикки, биз шунча йиғинлар ўтказиб ҳам турнирга тўла тайёрлана олмабмиз. Чунки, сўнгги икки ўйинда мақталган ўйинчиларимиз деярли ҳеч қандай каромат кўрсата олмадилар. Буни биринчи ўринда руҳият масаласи билан боғлаш мумкиндек, сабаби Кореяга қарши ўйинда ҳам, Ироққа қарши баҳсда ҳам кўрдикки, бизда ирода камлик қилди. Чунки корейслар бизга илк голини ўша ўйиннинг 20-дақиқасида киритган эди. Олдимизда бутун бошли 70 дақиқа бўлгани ҳолда вакилларимизда тушкунлик сезилиб қолди. Бундан ташқари ўйин бошланишидан олдин ҳам йигитларимиз кўзида қандайдир олов кўринмади, аксинча қандайдир қўрқувми, толиқиш аломатларими сезилгандай бўлди. Иккинчи ўринда эса бизда умуман ҳимоянинг бўшаб қолгани кўзга ташланди. Дарвоза ҳақида эса умуман гапирмайман. Кореяга қарши ўйинда фақат ўнг қанотимиз оқсаган бўлса, ироқликларга қарши баҳсда бу чизиғимиз умуман “сочилиб” кетди. Тўғри буни бир томондан Одилжон Ҳамробеков ва Бобур Йўлдошевнинг йўқлиги билан изоҳлаш мумкиндек кўринар, бироқ бошқа томондан олиб қаралса, уларнинг Қатарга бора олмасликлари бир ой олдин маълум бўлиб улгурган эди, демак Бабаянда уларнинг ҳам ўрнини ёпиши учун бутун бошли бир ой бор эди. Бу вақт оралиғида эса ҳаммасини тўғрилаш мумкин эди. Учинчидан, бизга омад етишмади. Буни тўғрироқ қилиб “адолат” деб ҳам аташимиз мумкин. Сабаби Кореяга қарши баҳсда ҳакам жарима майдони ичида “қўл билан ўйналди” деб пенальти белгилади. У вазиятга жуда яқин тургани ҳолда, тўп Отабек Шукуровнинг қўлига эмас, елкасига текканини кўрмади ёки “кўра олмади”. Иккинчидан, баҳс охиридаги Болтабоевга кўрсатилган қизил ҳам шунчаки тўқнашув эди, холос. Ироққа қарши ўйинда ҳам Ҳумам Тариқнинг голи анча шубҳали эди.

ЭНДИ НИМА ҚИЛИШ ЛОЗИМ?
Бу саволга жавоб бериш учун олдимизда икки йўл борлигини айтиб ўтиш лозим. Биринчиси, Бабаянни ҳам терма жамоадан бўшатиб, унинг ўрнига яна бошқасини олиб келиш. Бу анча синалган ва одатий услуб. Иккинчиси эса, унга ишонишда давом этиб, яхши-ёмон кунларга чидаш ва натижани кутиш. Буниси ҳам синалган-у, бироқ анънавий десак муболаға бўлади. Менимча, бу икки йўлдан ташқари яна бир йўл бор, у ҳам бўлса, мураббийга ишонч билдирган ҳолда, мураббийлар штабига янги мутахассис жалб этишдир. Бу мутахассис шундай бўлиши керакки, умумий характер жиҳатдан Бабаянга мос келсин. Кучли психологияси ва тактикаси билан у билан тенгма-тенг баҳслашсин. Сабаби, Бабаян олимпия термасини қабул қилиб олганда унинг икки постда бирор иш қила олишига шубҳа билан қаралган эди, шундай бўлиб ҳам чиқди. Янги келадиган мураббий эса, унга мана шу ерда бевосита ёрдам бериб, баъзи вақтларда унинг ўрнини бемалол боса олиши лозим. Мана шу ерда ҳақли савол туғилади. Бундай мураббийни қаердан топасиз? Ҳарқалай ҳамма жойга Бабаянга ўхшашини экиб қўймагандир?.. Жавоб эса жуда оддий, бу ҳам бўлса – Вадим Абрамов. Бу мутахассис ҳақида ортиқча гапиришнинг кераги йўқ. Айнан унинг даврида терма жамоаамиз анча мазмунли ўйин кўрсатган эди. Майдонда жамоамиз устунлиги ҳам яққол сезилиб турарди. Энг муҳими, у ҳар бир чизиқда “зарбдор кучни” ярата оларди. 2011 йилги Қатардаги Осиё чемпионатида ҳам айнан ҳимояда дуч келинган муаммони Аҳмедов ҳисобига “ёпиб”, ярим финалгача борганини ёки Японияга қарши Токиодаги ўйинда ҳам 5 нафар асосий ўйинчиларсиз натижа қайд эта олгани эсингиздами?! Энг ачинарли ўйин сифатида эсланган Эронга қарши Тошкентдаги ўйинда ҳам форслар биздан бутунлай чўчиб ўйнашган эдилар… Бу ҳам синчков мухлис хотирасидан кўтарилмаганига ишончим комил.

Хуллас, бунақа мисоллар миллионта! Хулоса ўрнида эса, бир гапни айтиб ўтишим лозим, агар қониқарсиз натижа деб мураббийларни алиштираверар эканмиз, бундан на сизга, на мураббийга ва на ўзбек футболига фойда бўлади. Барибир ҳаммси эски ҳаммом, эски тослигича қолаверади.

Хулоса ўзингиздан...

Баҳодир Ҳасанов

Манба: sports.uz
Киритилди: 17:41, 17.01.2016.
Ўқилди: 4170 марта.
Фикрлар: 3 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.