Кириш Регистрация
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед

Хайрулла Ҳамидов мақоласи: «Ижтимоий тармоқ кучи!»

Баҳо:
+ | -

Ижтимоий тармоқларни диққат билан кузатадиган одам сифатида бир нарсага амин бўлиб боряпман – ҳар бир ёзиладиган сўзни етти ўйлаб ёзмоқ керак экан! Айниқса, таниқли шахслар бу эҳтиёткорликни ўн чандон оширмоқлари даркор. Ҳозир ҳеч ким кечириб ўтирмайди, воқеалар тафсилотини суриштириб ўтирмайди. Шундоқ, элнинг ўртасига қўйиб юборишади вассалом…

Бугунги Фомин воқеаси ва Алибоевнинг твиттердаги ёзишмаларидан сўнг, журналистика соҳасининг вазифаси бироз ўзгариб кетганини кўряпман. Олдинлари ижтимоий тармоқ бўлмасди ва хабар, мақолалар газета нашрларидагина чиқарди. Табиийки, газета саҳифасига чиққунга қадар бу сўзлар анчайин таҳрирдан ўтар, чиғириқдан ўтган сўзларгина дунё юзини кўрарди. Цензура маъносида гапирмаяпман, балки редакция ичида ҳам унга масъул шахслар кўп бўларди. Шундай бўлгандан кейин газета саҳифаларида бўлар-бўлмағур ёзишмаларни кўриш имконсиз ва тасаввурсиз бир ҳол эди. Бугун эса вазият анча ўзгариб кетганини кўряпмиз.

“Олтин тўп”ни топшириш маросимида Криштиану Роналду ва энг яхши аёл футболчи Карли Ллойд ўртасидаги ҳолатни бир эсланг. Ллойд маросимда иштирок этар экан, парда ортида португалиялик юлдузнинг ёнида ўзини ноқулай ҳис қилди. Жуда ноқулай ҳолда турди. Уялиброқ. Тортиниброқ. Сабаби оддий – бир неча ой муқаддам америкалик хоним ўз твиттер аккаунти орқали Роналду ҳақида анчайин номақбул сўзларни ёзиб ташлаганди. Вақт келдики, маросим ташкилотчилари икки юлдузни ёнма-ён ҳолда саҳнага чиқишга мажбур қилиб қўйишди. Мана шунақа, агар Ллойд январда энг яхши футболчилар ўртасида ўтадиган маросимни ўйлаганида, ўша куни ҳар хил сўзларни ёзиб ташламасди. Аёл-да, аёл…

Ҳай, бу-ку, бир ўйинчи олдидаги вазият. Энди ёппасига мухлислар ҳақида гапириб қўйиш қандай оқибатларга олиб келишини ўйлаб кўринг!

Максимильян Фомин ҳали ёш йигит. Бу нарсаларни у ҳали билмайди, шу боис бўлса керак, facebook орқали мухлисларни ёппасига ҳақорат қилиб юборди. Мен бу хабарни кундузи ўқидим ва шу заҳотиёқ “кечга бориб узр сўраса керак”, деб ўйладим. Чиндан ҳам, кечга қолмай Фомин расман узр сўради. Бундай воқеа ўтган йили Наргиза Зокирова билан ҳам бўлганди. Бор-йўғи бир кунгина кифоя қилганди узрга. Ижтимоий тармоқ кучини тўла-тўкис англамаган бу икки шахс бундан кейин ортиқча гап ёзишмаса керак, деб ўйлайман…

Энди Алибоев масаласига тўхталсак. У ҳам ўз твиттерида ёзишмаларда иштирок этган ва терма жамоа мураббийини танқид қилган. Бу ҳам ўйиннинг эртасига бир қатор интернет сайтларида ва ижтимоий тармоқ орқали кескин муҳокамаларга сабаб бўлди. Менимча, Алибоев ҳам бундан кейин ижимоий тармоқ орқали камроқ ёзади. Ҳозирда олимпия терма жамоасининг ички муҳитида қандай ҳолат, очиғи билмайман, аммо иккита ўйиндаги мағлубият ва айрим футболчиларнинг асосий таркибдан жой берилмаганига бўлган эътирозлари муҳитга таъсир ўтказгани турган гап. Бабаян ҳам ўзида бўлмаса керак. Мураббий ва футболчи ўртасидаги ишларга аралашмаймиз. Энди фойдаси йўқ. Бошқа жиҳатга эътибор қаратмоқчиман, холос.

Мен Фоминнинг ишини оқламайман, сўкиш ва ҳақоратларни оқлаб бўлмайди. Лекин йигитларнинг куйиб-пишиб, ижтимоий тармоқда ёзишаётганига хурсандман. Нега, дейсизмиз? Бир пайтлари терма жамоамиз билан бирга кўпгина мамлакатларга борганман ва мағлубиялардан сўнг футболчиларнинг ҳолатини кўрганман. Енгилган ўйинларидан сўнг ўзларини қўярга жой топа олмасалар керак, деб ўйлаганимда, улар хотиржам, гўё ҳеч нарса бўлмагандек автобусга чиқиб келишганини кўриб, жаҳлим чиқиб кетганди. Айтмоқчиманки, кўп ўйинчиларнинг бетаъсирлигига ҳайрон қолгандим. Аммо бугунги ёшларимиз, хусусан, Қатарга йўл олган “олтин авлод” вакилларининг мағлубиятларга рози бўлмаётганликлари, аламдан бўлса ҳам мухлислар билан тортишаётганликлари, аслида улардан ҳали умид қилиш мумкинлигини кўрсатади. Одам бир нарсага ҳақли бўлса ва уни шу масалада танқид қилсалар, табиийки, асабийлашади. Йигитларимизнинг кўпида айнан шу сифатни кўряпмиз. Улар акалари сингари бетаъсир эмаслар. Рақибларини енгишга ишонишган улар. Шунга алам қиляпти.

Афсуски, футболда майдонда ҳаракат қилаётган йигитларнинг хоҳиши билан ҳамма нарсани ҳал қилиб бўлмайди. Уларни ўша майдонда жойлаштирадиган, керакли ўйинчиларни майдонга туширадиган ва ўйин тактикасини белгилайдиган МУРАББИЙга ҳам кўп нарса боғлиқ-да! Шунинг учун ҳам, футболдаги энг машҳур нақлни эслайверамиз – … енгилса, мураббий айбдор!

Хайрулла Ҳамидов

Манба: gol.uz
Киритилди: 18:50, 17.01.2016.
Ўқилди: 5851 марта.
Фикрлар: 19 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.