Кириш Регистрация
26/12 17:30 Манчестер Сити 1-1 Эвертон
26/12 20:00 Борнмут 0-0 Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси 1-2 Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл 3-0 Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест 1-0 Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон 0-1 Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон 2-0 Ман. Юнайтед
27/12 01:00 Ливерпуль 3-1 Лестер
28/12 00:30 Брайтон - Брентфорд
28/12 01:15 Арсенал - Ипсвич
28/12 19:00 Эмполи - Женоа
28/12 19:00 Парма - Монца
28/12 22:00 Кальяри - Интер

Равшан Эрматов: “Юлдуз футболчиларига ҳакамлик қилганман лекин вазиятни назоратдан чиқармаганман” (Интервью)

Баҳо:
+ | -

Маълумки, Бирлашган Араб Амирликларининг Дубай шаҳрида Европа клублари ассоциацияси томонидан якунланган йилда дунё футболида ёрқин из қолдирганларни “Globe Soccer Awards — 2015” мукофоти билан тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Қувонарлиси, ушбу тақдирлаш маросимида ҳамюртимиз,  ФИФА рефериси Равшан Эрматов “Йилнинг энг яхши ҳаками” деб топилди. Таъкидлаш жоизки, “Йилнинг энг яхши ҳаками” деган номни олиш учун Равшан Эрматовдан ташқари, Жунайд Чақир, Вильмар Рольдан, Хоэль Агиляр, Бакари Папа Гассама ва Норберт Хауата каби машҳур мутахассислар ҳам даъвогарлик қилганди.

Лекин мукофот кўплаб нуфузли чемпионатларда ўйинларни адолатли бошқариш, тўғри ва тез қарор қабул қила олиш хусусиятига эга Равшан Эрматовга насиб этди. Ҳамюртимизни ушбу мукофот ҳамда “Буюк хизматлари учун” ордени билан тақдирлангани билан  табриклаб, суҳбатга чорладик.

— “Йилнинг энг яхши ҳаками” деб тан олиниб, “Globe Soccer Awards – 2015” мукофотини қўлга киритганингизда кўнглингиздан нималар кечди?

— “Йилнинг энг яхши ҳаками” деб мени эълон қилишганда очиғи, жуда хурсанд бўлдим. Халқаро майдонларда Ватанимизни шарафлаш, унинг обрўси юксалишига ҳисса қўшиш – энг олий бахт. Бу эътироф нафақат менга балки устозларимнинг, менга меҳнати синган инсонларнинг меҳнатига берилган баҳо деб ҳисоблайман.

— Байрам арафасида юртимизнинг юксак унвони — “Буюк хизматлари учун” ордени  ҳамда Президентимиз совғаси – “Malibu” автомобили билан тақдирландингиз....

— Бу мен учун қўшалоқ байрам бўлди. Янги йил арафасида Дубайдан Тошкентга қайтиб келганимда камтарона хизматларимни Ватанимизнинг юксак мукофоти билан тақдирлагани учун Президентимизга чексиз миннатдорлик билдираман. Бу катта ишонч янада юксак марралар сари рағбатлантиради. 

— Ўзбекистон чемпионатидан ташқари ФИФА, ОФК томонидан ташкил этиладиган ўйинларни ҳам бошқарасиз, буларнинг барчасига қандай улгурасиз ва бирдек моҳирона бошқариш учун ғайрат ва шижоатни  қаердан оласиз?

— Осиё жуда катта қитъа, доимий парвозлар, жой алмашинишига кўникиш кўп куч олиши табиий ҳол. Доимий машғулотлар ва унда ФИФА рефериларига бўлган талаб ва юкламалар ҳам юқори. Бу осон эмас, лекин инсон ўз ишини яхши кўрса, ундан завқланса  бу қийинчиликлар сезилмайди. Юртимда минглаб мухлислар менинг фаолиятимни фахр билан кузатиб туришини ҳис қилиш эса ҳар қандай қийинчиликларни енгиб ўтишга куч бағишлайди.

— Дунёга машҳур жамоаларга ҳакамлик қилгансиз, 22 нафар юлдуз футболчи ҳакамни бирдек ҳурмат қилиши учун ҳакам қандай хислатларга эга бўлиши керак?

— Баъзида, айниқса Жаҳон чемпионатларида майдонда тўп тепаётган 22 нафар футболчининг барчаси ҳақиқатдан ҳам юлдуз бўлиши мумкин. Маълумки, уларнинг ўзига хос феъл-атвори, инжиқликлари ҳам бўлади. Ўйин пайтида футболчилар ҳиссиётларга ҳаддан ортиқ берилишади, баъзида эса ҳатто тажовузкор бўлиб кетишади. Менинг назаримда ана шундай вазиятда ҳакам ҳиссиётларига эрк бермаслиги, 90 дақиқа давомида уларни ва ўйин мувозанатини назоратда ушлаб туриши лозим. Ўйинни қайноқ қалб ва совуққон ақл билан  бошқариши лозим. Ҳакам футболчиларга фақат сариқ ёки қизил карточка билан муомила қилмасдан, уларнинг тилини топиб, ҳурмат билан муносабатда бўлса, ҳар қандай қизиққон футболчи ҳам ўзини босади. Қанчалик машҳур юлдуз бўлмасин улар ҳам инсон, яхши муомала сариқ ёки қизил карточкадан кўра яхшироқ натижа беришини ўз тажрибамдан биламан.

— Ўйин жараёнида сизга қийинчилик туғдирган футболчилар бўлганми? Масалан, Балотеллига ўхшаган феъли оғир футболчилар билан тўқнаш келганмисиз?

— Балоттелига ўхшаган футболчилар кўп, лекин умуман назорат қилиб бўлмайдиган, тилини топиш мушкул бўлган футболчи учрамаган. Месси, Роналду, Руни, Неймар, Балотелли каби бугунги куннинг юлдуз футболчиларига ҳакамлик қилганман лекин вазиятни назоратдан чиқариб юборган пайтим бўлмаган.  Уларнинг тилини топа олсангиз, ҳеч қандай муаммо юзага келмайди. 

— Бугунги кунда сизни ҳатто хорижда ҳам таниб, кўчада тинч юргани қўйишмаса керак... Бундан фахрланасизми ёки мухлислардан ўзингизни олиб қочасизми?

— Бундай ҳолат учраб туради. Лекин мухлислардан ҳеч қачон ўзимни олиб қочмаганман. Аксинча бу ўзимга ҳам ёқимли (кулади). Агар бирор киши мен билан расмга тушишдан хурсанд бўлса, нега унга йўқ дейишим керак?..  

— Мухлислар футболчилар ва ҳакамларнинг хатоларини кечириши қийин... Сиздан ҳам мухлислар норози бўлган пайтлар бўлганми?

— Бу саволга жавоб беришдан олдин, футболга ҳакамлик қилиш ҳақида тўхталсам. Ўйинда футболчиларда дам олишга имконият туғилиши мумкин, лекин ҳакам 90 дақиқа давомида тинмайди. Тўп қаерда бўлса, ҳакам ҳам ўша ерда бўлиши керак. Футбол ҳозир жуда тезлашиб кетган, тўп бир жарима майдонидан иккинчи жарима майдонига 4 сонияда  етиб борадиган қарши ҳужумлар ҳам учраб туради. Ҳеч бир инсон 100 метр масофани 4-5 сонияда югуриб ўта олмайди.  Шундай экан ҳакам айрим вазиятларни кўролмай қолиши мумкин.  Бу инсоннинг имкониятларидан келиб чиқиб қаралганда, меъёрий  ҳолат ҳисобланади ва хато дейилмайди. Агар ҳакам кўра-била туриб нотўғри қарор чиқарса, уни хато дейиш мумкин. Ёки  бир қоидабузарлик бўлганда ҳакам билан ўша вазиятнинг ўртасидан бир футболчи югуриб ўтиб қолиши мумкин. Табиийки бундай вазиятда чиқарилган қарор қайсидир жамоа учун омад, бошқаси учун эса омадсизлик бўлиши мумкин. Натижада, табиийки мухлислар норози  бўлишади. Аслида бу ҳам футболнинг бир қисми. Ишқибозлар ҳакам ҳар бир вазиятни аниқ кўришини хоҳлаши ҳам табиий. Лекин ўйинда юз фоиз аниқлик билан қарор чиқаришнинг иложи йўқ. Чунки ҳар бир ўйинда 200 га яқин “қоида бузилди ёки бузилмади” деган вазият юзага келади. Ўшандан ҳакам икки- уч вазиятни кўрмай қолса, лекин умумий ҳисобда 98 фоиз тўғри қарор чиқарса - бу яхши натижа! Ҳакамларнинг айрим вазиятларни кўра олмай қолиши ҳам футболнинг бир қисми деб баҳоланади.

— Шундай вазиятлардан қочиш учун футболда “видеотакрор” йўлга қўйилиши керак деган таклифга муносабатингиз қандай?

— Футболни нега ҳамма яхши кўради? Тезлиги учун! Агар ҳар бир вазиятда ўйинни тўхтатиб, видеотакрорларга мурожаат қиладиган бўлсак, 90 дақиқа кечадиган ўйин икки –икки ярим соатга чўзилиб кетиши мумкин. Асосийси, ўйиннинг  тезлиги камаяди ва у қизғинлиги, жозибасини йўқотади.  Назаримда футболда видетакрорларнинг йўлга қўйилиши тўғри қарор эмас...

— ФИФАнинг коррупция билан боғлиқ можароларини қандай изоҳлайсиз?

— Бўлаётган воқеалардан мен ҳам ҳамма қатори матбуот орқали хабардор бўляпман. Жараён ичидаги воқеалардан хабарим йўқ. Мен фақат ўз кўзим билан кўрган нарсага изоҳ беришим мумкин.

—  ФИФА рефериси сифатида олдинда забт этилмаган қандай чўққиларни кўраяпсиз?

— Аслида ҳар бир футбол ҳаками ва футболчининг орзуси бу жаҳон чемпионатида иштирок этиш. Лекин менинг жаҳон чемпионатида қатнашганим, бу келажакдаги орзуларим тугади дегани эмас. Ҳар бир ўйинда иштирок этганимда юртим донғини таратаётганимни ҳис қилиб туриш мен учун бахт. Ҳамюртларим “сиз билан фахрланамиз” дейишса, демак бекорга меҳнат қилмаётган эканман, деб қувонаман ва фаолиятимни давом эттириб, ҳамюртларимга яна ва яна фахр туйғусини улашишни ният қиламан.

— Миллий терма жамоамиз истиқболини қандай баҳолайсиз?

— Тан олиш керак, миллий терма жамоамиз охирги матчларда яхши ўйин кўрсатишди. Футболчиларнинг чақнаб турган кўзларида ғалаба истагини кўрдим. Футболчилар  миллионлаб мухлисларнинг кайфияти уларнинг ўйини натижасига боғлиқлигини ҳис қилиб туриши керак.  Ўзим фақат Ўзбекистон миллий терма жамоасига мухлислик қилганим боис, бизнинг терма жамоамиз кўп нарсага қодир эканлигини кўряпман. Келажакда халқимиз орзусини амалга ошириб Жаҳон Чемпионати майдонларида тўп тепишларига ишонаман

— Бизга вақт ажратганингиз учун раҳмат. Кўп сонли мухлисларимиз номидан Жаҳон чемпионатида Сиз билан бирга  миллий терма жамоамиз ҳам иштирок этишини тилаб қоламиз.  

Дилфуза СОБИРОВА суҳбатлашди

Манба: darakchi.uz
Киритилди: 20:05, 17.01.2016.
Ўқилди: 4987 марта.
Фикрлар: 7 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.