Кириш Регистрация
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед

Асл «қовоғарилар» сардори

Баҳо:
+ | -

Шу пайтгача ёрқин юлдузлар соясида қолиб кетаётгани боис футбол жамоатчилигига деярли нотаниш бўлган бир қатор ўйинчилар жорий мавсумда АПЛдаги асосий ролларни ижро этишмоқда. Аввалроқ эътиборингизга рекордчи Варди, Маҳрез ва «Уотфорд» вакили Игало ҳақидаги ҳикояларни ҳавола этгандик. Энди навбат Одионнинг жамоадоши «қовоғарилар» сардорига келди.

Шу кунларда Дини одатий камтаринлик билан «Арсенал» сафидан жой олиш ниятида эмаслигини маълум қилди. Ваҳоланки, унга шахсан Арсен Венгернинг ўзи қизиқиш билдирган, суюкли ўғилчаси Майлз эса отасини иложи борича тезроқ «тўпчилар» сафида кўриш орзусида эди. Чунки у «Уотфорд»га эмас, балки «Арсенал»га мухлислик қилади-да.

«Қовоғарилар» сардори эса ўйлаб қўйилган режаларини амалга оширмай туриб бошқа жамоа хусусида гап ҳам бўлиши мумкин эмаслигини таъкидлади. 27 ёшли Дини АПЛдаги дебют мавсумини ўтказаётган бўлсада, дебютант­га мос бўлмаган сермаҳсулликни намойиш этмоқда. Ҳозиргача, у «гол}пас» тизими бўйича 11 балл тўплаб, элита вакиллари орасида кучли ўнликда бормоқда. «Арсенал»дек гранд томонидан юборилган «совчилар» эса Тройнинг юксак савиясига берилган муносиб баҳо. Очиғи, Дини ҳозирда яшил майдоннинг эркатойи эмас, балки қайсидир қамоқхонанинг маҳбуси бўлиши мумкин эди - фарзандида ижобий хислатларни шакллантирганига қарамай, Динининг отаси умрининг асосий қисмини панжара ортида ўтказган. Ўғлининг келажагига доғ тушмаслиги учун унга онасининг фамилиясини берган. Динининг сўзларига қараганда, отаси аслида юксак маънавиятли, лекин беқарор табиатли, айбларига тўла иқрор бўлган, аммо ҳаётни изга солишга куч тополмаган самимий инсон эди. Озодликдаги ўта қисқа умри давомида фарзандида футболга меҳр уйғота олди. Трой  4 ёшидан бошлаб ўзидан каттароқ болаларга қарши тўп сура бошлади. Шу тариқа тенгсиз курашларда тобланиб, ҳам руҳан, ҳам жисмонан бақувват бўлиб улғайди. Қолаверса, унга истиқомат қилган ички муҳит ҳам ўз таъсирини ўтказмасдан қолмади - Бирмингемнинг бу қашшоқ туманида ўғриларга хос романтика, безорилик авжига чиққанди. Ёшликдаги қонунбузарликлар хусусидаги саволларни Трой четлаб ўтишга ҳаракат қилди. Аммо факт шуки, бўлажак футболчи тенгдошлари каби барларда кайфу-сафо, безорилик ва ўғрилик қилишдан ўзини тийди.

14 ёшида мактабни тарк этиб, қурилишга ишга кирди. Кейин бир умр аравада цемент ёки қум ташиб юрмаслик учун билим юртида ўқиди ва ғишт терувчи бўлиб ишлади. Шу билан бирга, «Челмсли Таун» ҳаваскорлар клубида тўп сура бошлади. Орадан бир йил ўтгач, «Астон Вилла» кўрикка таклиф этди. Бироқ Дини йиғинга вақтида етиб боролмади. 19 ёшида «Уолсолл» профессионал клубида ўйнаш имкониятига эга бўлди. Ривоятга кўра, қайсидир байрам тадбирида «Челмсли Таун» таркибида маст ҳолатда майдонга тушган Трой рақиблар дарвозасига 7та гол урганди. Ўғлининг ўйинини томоша қилгани келган «Уолсолл» скаути Мик Халсалл Тройнинг ҳаракатларидан ҳайратда қолди ва уни жамоага таклиф этди. Шу тариқа Дини «Уолсолл» билан 4 йиллик шартнома имзолади. Албатта, унинг фаолиятида ҳам турли қийинчиликлар учради, аммо у футбол орқали бинойидек даромад топиш мумкинлигига амин бўлди.

Хуллас, 3,5 йил ичида маҳорати ва жисмоний ҳолатини маромига етказган ҳужумчи «Уотфорд»га ўтиш истагини билдирди. Дастлабки мавсумни чемпионшипга мослашишга сарфлаган Дини кейинги йили «қовоғарилар»нинг барча рекордларини янгилашга киришди. Унинг сермаҳсул ўйинлари «Уотфорд»нинг элитага кўтарилишида ҳал қилувчи роль ўйнади. Йўл-йўлакай сардорлик боғичини ўзига расмийлаштирган Трой жамоанинг ҳақиқий етакчисига айланди. Яшил майдондаги қувончлари тез орада қайғу-андуҳлар билан ўрин алмашди. Отасининг бедаво дард - қизилўнгач саратони хасталигига      чалинганидан хабар топди. Шундан кейин фақат байрамлар шарафига оз-оз ичиб турадиган футболчи ичкиликка ружу қўйди. Ташвишларни унутиш мақсадида ўзини тунги клубларга ура бошлади. Ана шу оқшомларнинг бирида оммавий муштлашувда иштирок этиб, бир талаба йигитнинг бошига тепиб юборди. Жанжални тўхтатишга уринган полиция ходими ҳам бинойидек «насиба» билан «сийланди». Можаро видеокамера ёрдамида кузатилгани боис, жиноий иш судга оширилди. 2012 йил 25 июнда Тройнинг отаси ёруғ дунёни тарк этди, футболчининг ўзи эса 12 ойлик қамоқ жазосини ўташ учун панжара ортига йўл олди. Намунали хулқи туфайли 3 ойдан ке-йин озодликка чиқарилди. Ҳужумчининг айтишича, ана шу тутқунликдаги қисқа вақт Трой учун бебаҳо сабоқ бўлди - отасининг ҳар қандай ишга масъулият билан ёндашиш кераклиги ҳақидаги ўгитларини панжара ортида тўлиқ тушуниб етди.

Таъкидлаш жоизки, «Уотфорд» ҳам жанжалкаш ҳужумчидан юз ўгирмади, аксинча, унга ҳар томонлама ёрдам беришга уринди. Дини эса сермаҳсул ўйинлари билан жавоб қайтарди: чемпионшипда қаторасига 3 мавсум давомида камида 20тадан гол урди. Охир-оқибат, жамоа кучлилар сафига чиққанида ҳам футболчи самарадорликни канда қилмади. Игало-Дини тандемида тўпурарлик асосан, Одионнинг зиммасида бўлсада, «қовоғ­арилар» яққол етакчи сифатида Трой Динини эътироф этадилар.

 

Маълумот ўрнида

Тўлиқ исми: Трой Мэттью Дини

Туғилган санаси: 1988 йил, 29 июнь

Фуқаролиги: Англия

Бўйи: 183 см.

Амплуаси: ҳужумчи

Клуби: «Уотфорд» (Англия)

Футболчилик фаолияти: «Челмсли Таун»-2000-2006; «Уолсолл»-2006-2010, 123та ўйин, 27та гол; «Хейлсоуэн Таун»-2006-2007, 10та ўйин, 8та гол; «Уотфорд»-2010-..., 221та ўйин, 82та гол.

Терма жамоадаги фаолияти: Англия (U-16)-2007 йил - 5та ўйин, (U-17)-2007|2008 - 10та ўйин; (U-19)-2009|2010- 13та ўйин; (U-20)-2009 - 6та ўйин.

Содиқ СОБИР тайёрлади

Манба: Interfutbol.uz
Киритилди: 20:43, 18.01.2016.
Ўқилди: 3172 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.