Кириш Регистрация
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед

Ният тоза бўлса...

Баҳо:
+3 | -

Бугун юртни, миллатни, спортни яхши кўрган ҳар бир одам олимпиадачиларимизнинг муваффақиятсизликларидан жудаям хафа, ўзини қўярга жой тополмаяпти. Айниқса, менинг аҳволим жуда оғир. Чунки мен тағиботчиман, шунингдек, ўқитувчиман. Дарслар жараёнида, катта-катта йиғинларда футбол ҳақида, ўзбек футболининг эртанги буюк келажаги ҳақида тўлиб-тошиб гапираман. Қанчалик шиддат билан ривожланаётгани, бизнинг болаларимиз дунё ареналарига чиқаётгани, юртимиз байроғини баланд кўтараётгани ҳақида завқ-шавқ билан гапираман. Юрагимда ғурур билан мақтанаман ва улар менга ишонишади. Кўзларида қувонч билан эртанги кунни кўзлари билан кўриб тургандек қарсак чалишади. Уларга қўшилиб мен ҳам қарсак чаламан. Чунки ўзимнинг гапирган гапларимга ўзим ҳам ишонаман. Аммо...

Олимпиадачиларимизнинг муваффақиятсизлиги мени оғир аҳволга солди. Мен энди қанчадан-қанча одамларни шунчаки баландпарвоз гаплар билан алдаганга ўхшаб қолаяпман. Мен нима қилишим керак? Эртага яна минбарга чиққанимда бошимни эгиб туришим керакми? Ёки кечиринглар, мен адашибман бизда футбол ривожланмас экан, дейманми? Уларчи, худдики бу мағлубиятда мен айбдордек мени кечиришмаса-чи? Нигоҳлари билан мени тошбўрон қилишса-чи? Биз сенга ишонгандек, сен бизни алдадинг дейишсачи? Мен нима деб жавоб бераман?

Тўғри бу футбол бунда ҳар хил натижа бўлиши мумкин. Лекин бизда доимо бир хил натижа бўлмоқда. Худдики футболни яхши ўзлаштиргандек бўлаяпмиз, натижада юқорилаб бораяпмиз. Охирига бориб, аниқроғи охирига етмай, ютқазиб шарманда бўлаяпмиз. Нега, деган саволга кимдир жавоб бера оладими? Ироқ футбол жамоаси билан бўлиб ўтган ўйиндан кейин ҳамма ўзича фикр билдира бошлади. Кимдир кимнидир айбдор деди. Кимдир кимнидир ҳақоратлади. Яна кимлардир футболчиларни нотўғри танлагани учун тренерни айблади ёки мураббийни нотўғри танлагани учун мутассаддиларни айблади. Хуллас, ҳамма ўз фикрларини билдирмоқда.

Фурсатдан фойдаланиб, мен ҳам ўзимнинг ҳаётимда футбол билан боғлиқ бўлиб ўтган бир воқеа асносида ўз фикримни айтмоқчиман. Фақат менинг фикрларим нотўғри бўлса барчангиздан узр сўрайман. Чунки бу фақат менинг фикрларим. Бу фикрлар билан ўртоқлашишингиз ёки ишонишингиз шарт эмас.

Энди мен ҳеч кимни футбол ҳақидаги афсоналарга ҳам ўзимнинг фикрларим тўғрилигига ҳам ишонтирмоқчи эмасман. Бир пайтлар мен мактабда ўқитувчи эдим. Ҳамма эркаклар сингари мен ҳам футбол ўйнашни яхши кўрардим. Худди шунингдек, бошқалар ҳам. Ўшанда мактаб ўқитувчилари жамоаларининг мусабақаси ташкил этилди. Мен зўр кайфиятда мусобақага тайёрлана бошладим. Сабаби, ҳамма қатори мен ҳам ўзимни яхши ўйинчи деб ўйлардим. Аммо менда ўзим учун ижобий, бошқалар учун салбий ҳисобланган қусур бор эди. Ўжарлигим сабабли ҳадеб ҳақиқатни талаб қилаверардим. “Ҳа, энди бу ўйинда”, дейишса ҳам кўнмасдим. Деярли ҳеч кимнинг айтганини қилмасдим. Шунинг учун бўлса керак, мени жамоага олишмади. Мени ўрнимга иккинчи лигада ўйнайдиган бир йигитни жамоага олишди. Мен эътироз билдирдим “У ўқитувчи эмас. Мусобақада ўқитувчилар жамоаси ўйнаши керак”, деб ўйинда қатнашишимни талаб қила бошладим. Кейин улар (мактаб жамоасини тузувчи мутасаддилар) мен ҳурмат қиладиган одамларни етаклаб келишди. Ўша одамлар менга бу бор-йўғи футбол мусобақаси экани бундан катта қайғу ясамаслик кераклиги, қолаверса жамоамиз ҳадеб ютқазавермасдан яхши ўйин кўрсатса, бу бизнинг обрўйимиз эканлигини обдон тушунтиришди. Мен уларга “Рўйхат тақдим этаётганда қандай қилиб уни ўқитувчи деб айтасизлар?”, деб сўрадим. “Сен индамай турсанг бўлди, ўзлари ҳал қилишади” деб айтишди. Мен ўша ҳурматли одамларнинг айтганидек, бунинг бор-йўғи битта футбол мусобақаси эканлигини англагандай бўлдим ва индамай турдим.

Нима бўлди дейсизми? Мусобақа бўлди. Ҳеч ким жамоада мени ўрнимга ўйнаётган футболчи ўқитувчи эмаслигини сўрагани ҳам йўқ, эътибор ҳам қилгани йўқ (қандай ҳал қилинганлиги менга қоронғу). Мусобақа тугади. Бизнинг жамоа мусобақада бирорта ҳам ғалабага эришмай охирги ўринни эгаллади. Энг қизиғи нимада биласизми? Жамоада мени ўрнимга ўйнаган футболчи “мусобақанинг энг моҳир футболчи ўқитувчиси”, деб топилди ва унга пул мукофоти тақдим этилди. Пулни олишгач, ҳамма чойхонага жўнади. Бояги ҳурматли одамлар ҳам, шу жумладан, индамай турганим учун мен ҳам ошхўрликка йўл олдик. Аслида мен боришдан бош тортдим. Яна ўша ҳурматли одамлар олдимга келиб, мени ҳали ёш эканлигимни, жамоадан ажраш яхши эмаслигини. Бошқаларни ҳам ҳурмат қилиш кераклигини тушунтиришди. Мен уларга эргашдим. Сабаби шунча мағлубиятдан кейин уларнинг айтадиган фикрлари мени қизиқтираётганди. Мен чойхонага боргандан кейин манзарани кузатдим. Ҳамма хурсанд, кайфиятлар аъло. Бизнинг бирорта ҳам ғалабага эришмай охирги ўринни эгаллаганимиз ҳеч кимнинг хаёлига ҳам келгани йўқ. “Бизга нима, бу бор-йўғи битта ўйинда. Бу ўйинда биз ютдик. Ҳам маза қилиб футбол томоша қилдик, ҳам ошхўрлик қилаяпмиз”, деб, бир-бирларига қўл ташлаб, юраклари завқ-шавққа тўлиб мақтанишаяпти. Мен шунда англадимки, олдиндан уларнинг миясида мусобақада ютиш ёки обрў учун курашиш эмас. Ягона мақсад улар олдиндан билган энг моҳир ўйинчига бериладиган пулни олиш ва ошхўрлик қилиш бўлган. Афсуски, ҳақиқатан ҳам улар ўйлаган фикрлари тўғри чиқди ва ғалаба қозонди.

Қиссадан ҳисса шуки, назаримда, аввало, футболчи танлайдиган мураббийларнинг ва мутасаддиларнинг фикрларини тозалаш лозим. Акс ҳолда, бизнинг футболимиз ривожланмай қолаверади.

Тўраев Шавкат

Манба: stadion.uz
Киритилди: 23:57, 18.01.2016.
Ўқилди: 6118 марта.
Фикрлар: 17 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.