Кириш Регистрация
26/12 17:30 Манчестер Сити 1-1 Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед
27/12 01:00 Ливерпуль - Лестер

Бахтиёр Бобоев: “Легионер борасида хато қилишга ҳаққимиз йўқ”

Баҳо:
+ | -

Тошкентнинг “Бунёдкор” жамоаси айни кунларда БААнинг Шаржа шаҳрида 2016 йилги мавсумга ҳозирлик кўрмоқда. “Қалдирғочлар” амирликларда бир нечта ўртоқлик учрашувлари ўтказишни режалаштиришган. Кеча эса йиғин доирасидаги биринчи назорат учрашуви Россия премьер лигаси вакили, Маҳачқалъанинг “Анжи” клубига қарши ўтказилди. Унда “Бунёдкор” Санжар Қодирқулов, Шаҳзодбек Нурматов ва Забиҳилло Ўринбоевнинг голлари эвазига рақибдан 3:2 ҳисобида устун келди. БАА йиғини доирасидаги биринчи назорат учрашувидан кейин жамоамиз раҳбари Бахтиёр Бобоевнинг фикрлари билан қизиқдик.

- Бахтиёр Мелиевич, аввало “Анжи”га қарши учрашув ҳақида сўрамоқчи эдим. Ўйин қандай таассурот қолдирди?
- Қандай учрашув бўлишидан қатъи назар эришиладиган ғалаба доимо ёқимлидир. “Анжи” кучли жамоа. Лекин биз улардан кам эмаслигимизни амалда исботладик. Кунига икки уч маҳалдан шуғулланиб, йигитларга оғир юкламалар бериб келаётгандик. Шу томондан олиб қараганда, рақиб бироз енгилроқ ўйнади. “Анжи”га қарши баҳсда натижа иккинчи даражада бўлди. Асосийси, футболчилар ўзларига юклатилган вазифаларни яхши бажаришди.

- Ҳар бир бўлим учун алоҳида таркибнинг майдонга туширилиши олдиндан маълум эдими?
- Режа бўйича БААда олтита назорат учрашуви ўтказамиз. Шуларнинг дастлабки учтасида ҳамма футболчиларга бир хил имконият берилади. Россия клублари – “Анжи”, “Амкар” ва “Локомотив”га қарши бўладиган ўйинлар орқали асосий таркибнинг ўзагини аниқлаб оламиз. Охирги учта ўйинда эса асосий таркиб шакллантирилади.

- Таркибдаги рақобат хусусида нима дея оласиз?
- Очиғини айтсам, ҳар бир чизиққа 2-3 нафардан номзод бор. “Анжи”га қарши баҳсда Санжар Қодирқулов, Жавоҳир Эсонқулов, Ислом Қобилов, Дилшод Аҳмадалиев сингари академиямиз тарбияланувчилари жуда яхши таассурот қолдиришди. Шунингдек, “Бунёдкор”нинг янги футболчилари – Шаҳзодбек Нурматов, Баҳодир Насимов ва Александр Алемпиевич ҳам жамоамизга тез мослашиб кетишди. Таркибда қанча кўп рақобат бўлса, бу мураббийлар штаби учун яхши маънода бош оғриқ бўлади. Мураббийлар футболчи излаб бош чайқагандан кўра, қўл остидагилардан кимларни таркибга киритиш ҳақида ўйлагани яхшироқ.

- Бу мавсумда ҳам “Бунёдкор” футбол мактаби тарбияланувчилари орасидан асосий таркибга муносиб бўлганлари борми?
- Бор. 1997 йилда таваллуд топганлар орасида Қодирқулов, Эсонқулов, Қобилов ва Аҳмадалиев каби футболчилардан умидимиз катта. Масалан, Санжар Қодирқулов ва Дилшодбек Аҳмадалиевларни олайлик. Уларни “Обод” жамоасига ижарага бергандик. Футболчиларимиз ушбу клуб сафида тажриба тўплашди, ўйин амалиётига эга бўлишди. Ҳозирги пайтда шу ва бошқа ёшлар асосий жамоага кириш учун рақобатлашишмоқда.

- “Бунёдкор”да легионер футболчи учун битта бўш ўрин мавжуд. Бу жой хорижлик ўйинчи билан тўлдириладими?
- Олдимизда мавжуд бўлган номзодларни кузатиб чиқдик. Кимнидир ўйин сифати қониқтирмади, бошқаларини эса бизга қўйган талаблари. Легионер футболчи – жуда нозик масала. Шу боис бу борада хато қилишга ҳаққимиз йўқ. Бизнинг ҳам легионерларга қўядиган талабларимиз бор. Савияси баланд, сифат кўрсаткичлари юқори бўладиган футболчи излаяпмиз. Ўртамиёна легионер олиб келгандан кўра, ўз тарбияланувчиларимизга ишонч билдириб, клубнинг эртаси учун ёшларни тайёрлаганимиз яхши, деб ўйлайман.

- Олимпия терма жамоаси билан Осиё чемпионатида иштирок этиб қайтган футболчилар машғулотларга қўшилишдими?
- Ҳа, терма жамоадаги беш нафар футболчимиз клуб ихтиёрига қайтди. Уларнинг сафга қўшилиши рақобатни янада оширди. Энди тўлиқ таркиб билан 9 февраль кунги баҳсга қаратилган тайёргарлигимиз янада кучаяди.

- “Плей-офф”даги рақиб жамоа – “Ал-Шабаб”ни ўрганиш ишлари қандай кетмоқда?
- “Ал-Шабаб”нинг “Ал-Аҳли”га қарши учрашувини стадионга бориб кузатдик. Умуман олганда, иккала жамоа кўрсатган ўйин яхши таассурот қолдирди. Рақибимиз сафида Азизбек Ҳайдаров, Жо, Карлес Вильянуэва ва Энрике Луваннор сингари футболчиларнинг ҳатти-ҳаракатлари ажралиб турди. Жамоанинг асосий юки айнан шу тўртлик зиммасида эканлигини кўриниб турибди. “Ал-Шабаб” ўйинини кузатиб, уларнинг устун ва камчилик жиҳатларини белгилаб олдик. Биз Тошкентга қайтгунимизча “Ал-Шабаб” яна иккита учрашув ўтказади. Ушбу ўйинларни ҳам диққат билан кузатиб, рақиб борасида якуний хулосаларни қабул қиламиз.

Манба: fcbunyodkor.com
Киритилди: 17:54, 21.01.2016.
Ўқилди: 3504 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.