Кириш Регистрация
26/12 17:30 Манчестер Сити 1-1 Эвертон
26/12 20:00 Борнмут 0-0 Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси 1-2 Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл 3-0 Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест 1-0 Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон 0-1 Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон 2-0 Ман. Юнайтед
27/12 01:00 Ливерпуль 3-1 Лестер
28/12 00:30 Брайтон - Брентфорд
28/12 01:15 Арсенал - Ипсвич
28/12 19:00 Эмполи - Женоа
28/12 19:00 Парма - Монца
28/12 22:00 Кальяри - Интер

Йилни қутқарган инсонлар-Венгер, Раньери ва

Баҳо:
+1 | -

2015 йил дунё миқёсида барча соҳалар учун осон келмади, жумладан спортда ҳам: допинг-муаммоларидан тортиб жаҳон футболи топ-менежментлари билан боғлиқ коррупция ҳолатлари барчани карахт аҳволга солиб қўйди. Аммо тарихга айланган йилда суперқаҳрамонлар ҳам кам бўлмади ва айнан уларнинг саъй-ҳаракатлари билан тарихга айланган йил биз учун яхши хотираларга бой бўлди.

Арсен ВЕНГЕР

2015 йилнинг сўнгги ойларида дунёда француз журнали - L`Equipe Sport Style мухбири Эрик Бильдермандан бахтли инсон йўқ эди. Ўшанда журналист «Арсенал» бош мураббийи билан учрашган ва у билан футбол, ҳаёт тўғрисида суҳбатлашганди.

Бизга бу мураббийнинг кучли ва кучсиз томонлари яхши маълумдай, ёши ўтиб қолган, қотмадан келган, ўта қайсар киши ҳақида хоҳлаганча ҳазиллар тўқиш ҳам мумкиндай. Венгернинг трансфер сиёсати эса қачонлардан бири «Арсенал» мухлисларини эсдан оғдирмоқда, унинг футболчилари мавсумнинг ҳал қилувчи паллаларида йўқолиб қолишади, аввалги йилнинг кузида Моуриньо билан боғлиқ воқеани эса АПЛ мураббийи иштирокида сўнгги ўн йилда содир бўлган энг катта кўнгилсизлик дейиш мумкин.

Умуман олганда, 2015 йил Венгер учун аниқ ёзилган сценарий остида ўтди, дейиш қийин, аммо бошқа инглиз клубларида бўлаётган воқеаларни кўриб француз мураббийининг Англиядаги карьерасига қойил қолмай илож йўқ. Айтайлик, «Арсенал»нинг бирор бир футболчиси Арсен Венгер учун курашгандан кўра баҳсни бой бериши осонроқлигини айтишини тасаввур қила оласизми? Ёки «Арсенал»нинг икки нафар хорижий футболчиси ўзаро тил бириктириб, Венгерни жамоадан йўқотиш ҳаракатига тушганига ишонасизми? Венгер клуби лигада қолишига фақат тасодиф ёрдам бериши мумкин, деган гап-сўзларга-чи? Балки, «Арсенал» бир неча йилга еврокубоклардан бебаҳра қолишини каллангизга сиғдира оларсиз? Зеро, Арсен карьераси аввалбошданоқ камёб ҳисобланган, нега энди ўзгача бўлиши керак?!

Венгер - ҳайрон қоладиган даражада ақлли мураббий. Юқоридаги интервью давомида у Японияда бўлган кезлари ғалаба ва мағлубиятга сумо кураши иштирокчиларининг муносабатларидан ҳайратда қолганини айтади: «Улар ҳеч қачон ўз ғалабаларини нишонлашмайди, бу билан мағлуб сумочиларни хафа қилиб қўйишдан қўрқишади. Ўтмиш бизга қилган хатоларимизни эслатиб туради, келажак эса парда ортидалиги билан чўчитади, шундай экан, бахтга фақат бугун эришишимиз мумкин. Буни инсоният аллақачоноқ англаб етган, шунинг учун ҳозирнинг ўзида хатоларимизни тушуниб етишимиз ва уни тузатишга интилиб яшашимиз керак».

Арсен профессионал футболга бўлган муносабати ҳақида гапираркан, шундай дейди: «Нима бўлишидан қатъий назар, инсонга умр ҳисоблаб берилганини ёддан чиқармаслик керак. Буни тушуниб етган киши эса ҳақиқий санъаткор даражасига етади. Мен ўзимни оптимист деб ҳисоблайман. Футболчиларимдаги бор ижобий фазилатларни юзага чиқаришни истайман ва улар майдонда борларича тўп суришларини хоҳлайман. Совринларни ютиш муҳимдир, аммо биз қандай ўйнаётганимиз, қандай сиёсат олиб бораётганимиз ҳам иккинчи даражали масала эмас. Мен жамоавий спортни ёқтираман. Эркакларни бирлаштирадиган спортга мухлислик қилишдан-да гўзалроқ нарса борми?! Инсонлар ўз муаммолари қобиғига ўралиб қолишганини англашганда бахтсиз бўлиб қолишади. Сен 11 мамлакатдан бўлган 11 футболчини майдонга чиқаришинг ва жамоавий ғалабага эришишинг мумкин. Биз оддий ҳаётда аҳамият ҳам бермайдиган одамлар билан ягона мақсад йўлида ҳаракат қилиб, улкан ютуқларни қўлга киритишимиз мумкин. Афсуски, бугунги жамиятда бунинг иложи йўқ. Энди мени тушундингизми?».

Арсен Венгернинг ҳаракатларини кузатаркансиз, бу одам қаришга ҳам улгурмаётганидан ҳайрон қоласиз. Ўтган йилнинг кузида у 66 ёшни қаршилади, аммо тараққиёт билан бирдай одимлаётганини кўриб Венгер чиндан ҳам келажак билан яшаётганига амин бўласиз. У футболда статистика қанчалар муҳим ўрин эгаллашини таъкидлайди ва айнан рақамлар ҳамда учрашувлар таҳлили футболни яқин 20 йил ичида бутунлай ўзгартириб юборишини айтади. Ўшанда на тажриба ва на «интуиция» рақамлар, математика ва статистика олдида ип эшолмай қолади. Венгер бирорта ҳам буюк иш улкан ишончсиз амалга ошмаганини айтади ва яна қуйидагиларни қўшиб қўяди: «Инсонга ҳаёт бир марта берилади. Шундай экан, барча ўзи учун ҳаётнинг энг муҳим жиҳатларини аниқлаб олиши лозим. Мен буни ўзим учун белгилаб олганман. Агар буни ҳурмат қилмасам, энг бахтсиз одамга айланардим».

Томас МЮЛЛЕР

2015 йил августида «Бавария» Дрезденга  - «Динамо»га қарши ўтказиладиган хайрия учрашувига таклиф қилинди. Мюнхенликлар доим бош­қа клубларга моддий кўмак бериш учун ўз брендларидан фойдаланишга тайёр туришади. Ўйиндан сўнг, маҳаллий мухлислардан бири қўлига мегафон олганча олдидан ўтиб кетаётган мюнхенлик юлдузларга юзланди: «Ҳой, 100 миллионлик йигит, сенинг футболканг қанча туради?». Савол кимга қаратилганини англаб олиш қийин эмасди - бир неча кун олдин «Манчестер Юнайтед» «Бавария»га ўз тарихидаги энг йирик трансфер шарт­номасини юборганди: Томас Мюллер учун 85 млн. евро. Немис футболчиси ўша томошабинни кўзлари билан излаб топиб унга жилмайиб қўйди-да, йўлида давом этди.

Мюллер сўнгги 6 йил давомидаги профессионал карьерасида шундай йўл тутмоқда: юзида кулгу билан фақат олға интилмоқда. Зеро, Томас суперқаҳрамонлар ҳақидаги ҳикоялардаги персонажларга мутлақо ўхшамайди, у аъло даражадаги ҳужумчи, дунёдаги энг яхши клублардан бирида ўйнамоқда, кўп голлар уради, аммо шунга қарамай, «Бавария» ва Германия терма жамоасининг камдан-кам мухлислари, шунда ҳам асосан ўсмирларгина уни ўзларининг кумири деб билишади.

Янги авлод билан ҳаммаси маълум: уларга мўъжизалар керак, кўз олдиларида футбол эртакка айланишини ва барчага бахт улашиши тарафдорлари. Улар учун Месси, Неймар ва Суарес - ҳар бири  алоҳида-алоҳидадан ва бирга - идеал даражадаги Қор боболардир. Бу Қор боболар одатдагидай йилда бир марта эмас, ҳар куни келишади ва ўзлари билан қандайдир ширинликлар келтиришади.

Аммо бундай ўсмирларнинг баъзиларига катта бўлиш «насиб қиляпти»  ва улар ўз тасаввурларидаги футболчини Томас Мюллер қиёфасида кўришмоқда.

 

Клаудио РАНЬЕРИ

Клаудио Раньери фаолиятига назар ташларкансиз, у ҳеч қачон ўқишдан, ўрганишдан чарчамаслигини кўрасиз. Муваффақият қозониш учун кимлар биландир уришиш, муаммолар келтириб чиқариш, оёқ остидаги ерни ёндириб юбориш шарт эмас. Барча нарсага зиёлилардай муносабатда бўлиш, ишга қалбан, жон-дили билан киришиш унинг учун энг муҳими. The Guardianга берган интервьюсида 64 ёшли Раньери ўсиб-унишда давом этиш истагида эканлигини айтади: «Вақтим бўлган кунлари бошқа мураббийлар фаолиятини кузатаман: Гвардиола, Клопларнинг ишларини. «Байер» ва «Аугсбург» ўйинларини кўраман. Ўтган йилнинг қишида 2 бор Германияга - футбол томоша қилгани бордим. Ўқишни, ўрганишни истайман. Мен мисоли япон камерасидайман - сурат олганим сайин «очилиб» бораман. Дастлабки чиққан япон автомобиллари кўпчиликка маъқул эмасди, энди эса улар энг яхши».

Клаудио турмуш ўртоғи Розетта билан Лондонга келганида хотини Лестерда яшашни хоҳлашини айтди. Раньерининг мақсади эса Лондонда истиқомат қилиш эди. У хотинининг хоҳишига кўра иш тутди ва бунга асло ачинмади.

Мавсум аввалида Раньерининг ривожланиш борасидаги қарашлари ҳимоядан ташқари барча чизиқларда тегишлидай туюлганди. Аммо дастлабки 10 турда «Лестер» 14та гол ўтказиб юборгач, у тегишли чораларни кўрди ва жамоа кейинги 9 учрашувда 8та гол ўтказиб юборди (4таси стандарт вазиятлардан), холос. Айтганча, бу муаммо италиялик мураббийни анча олдинроқ ташвишга солган бўлса керак. Боиси, у «Норвич»га қарши баҳсда Рияд Марезни заҳирада қолдирди, аслида эса бу футболчи жамоанинг етакчиларидан бирига айланганди: «Норвич» қанот ҳужумларни қай даражада ривожлантиришга тайёргарлик кўраётганини, тўпни юқоридан оширишга интилишини сезгандим ва шу боис, анча ишончли таркибни майдонга туширдим», дейди у.

«Манчестер Юнайтед»га қарши ўйинда эса Жейми Варди голлар серияси борасида рекорд даражага эришди. Шу муносабат билан кеча ташкил қилиниши ва унга Раньери ҳам бориш-бормаслиги сўралганида эса мураббий бундай тадбир ҳақида эшитмаганини, шундай экан, эртага футболчилар учун 2та машғулот ўтказишга ҳеч қандай тўсиқ йўқлигини айтди. 2015 йилнинг бош кечасини эса айнан у ташкил қилди.

Манба: Sports.ru

И.ОБИДОВ тайёрлади.

Манба: Interfutbol.uz
Киритилди: 13:58, 23.01.2016.
Ўқилди: 3319 марта.
Фикрлар: 2 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.