Кириш Регистрация
22/12 00:45 Лечче 1-2 Лацио
22/12 01:00 Барселона 1-2 Атлетико
22/12 16:30 Рома 5-0 Парма
22/12 18:00 Валенсия 2-2 Алавес
22/12 19:00 Фулхэм 0-0 Саутгемптон
22/12 19:00 Лестер 0-3 Вулверхэмптон
22/12 19:00 Ман. Юнайтед 0-3 Борнмут
22/12 19:00 Эвертон 0-0 Челси
22/12 19:00 Венеция 2-1 Кальяри
22/12 20:15 Реал Мадрид 4-2 Севилья
22/12 21:30 Тоттенхэм 3-6 Ливерпуль
22/12 22:00 Аталанта 3-2 Эмполи
22/12 22:30 Леганес 2-5 Вильярреал
22/12 22:30 Лас-Пальмас 1-0 Эспаньол
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина - Удинезе
24/12 00:45 Интер - Комо

Буюк футболчиларнинг мураббийлик фаолиятлари

Баҳо:
+ | -

Хабарингиз бор, бундан бир неча кунлар муқаддам яқин ўтмишнинг энг номдор футболчиларидан бири - франциялик Зайниддин Зидан Мадриднинг «Реал» клуби бош мураббийи сифатида иш бошлади. Шу муносабат билан Championat.com портали футболчилик даврида барчанинг эътиборини ўзига тортган, кейинроқ мураббийлик соҳасида ҳам фаолият юритган юлдузлар тарихини ёдга олди.

Альфредо Ди Стефано

Мураббий сифатида бошқарган жамоалари: «Бока Хуниорс», «Валенсия», «Эльче», «Кастельон», «Ривер Плейт», «Реал Мадрид», «Спортинг», «Райо Вальекано».

Эришган ютуқлари: Аргентина чемпиони, Аргентина кубоги соҳиби, Испания чемпиони, Испания кубоги ва суперкубоги, Кубок эгалари кубоги соҳиби.

Афсонавий Ди Стефано футболчилик фаолиятини якунлаганидан сўнг камтаргина «Эльче» клуби бошқарувини қўлга олди. Аммо дастлабки уриниш муваффақият олиб келмаганидан сўнг тезда Аргентинага қайтиб, «Бока Хуниорс»да иш бошлади ва бу жамоада ютиб олиш мумкин бўлган барча совринларга эга чиқди. 1970 йилга келиб, Альфредо оилавий шароит тақозоси билан яна Испанияга қайтди. Бу ерда унга «Валенсия» ишониб топширилди. Орадан кўп ўтмай, жамоа Испания чемпионатида илк бор чемпионлик унвонига сазовор бўлди. Аммо Ди Стефанонинг футболчи эмас, мураббий сифатида «Реал»га қайтиши омадли чиқмади: у икки бор мадридликларга устозлик қилган бўлсада, бирор-бир арзирли натижа қайд этолмади. Шундан сўнг 1991 йилда мураббийликни бутунлай йиғиштирди.

 

Ференц Пушкаш

Мураббий сифатида бошқарган жамоалари: «Эркулес», «Депортиво Алавес», «Панатинаикос», «Реал Мурсия», «Коло-Коло», АЕК, Саудия Арабистони, Венгрия, «Ал Масри», «Сьерро-Портеньо», «Соль де Америка», «Саут Мельбурн Эллас».

Эришган ютуқлари: Греция чемпиони, Греция кубоги соҳиби, Парагвай чемпиони, Австралия чемпиони.

Мадрид клубидаги фаолияти орқали танилган яна бир афсона - венгриялик Ференц Пушкаш ҳам мураббийлик соҳасида узоқ муддат меҳнат қилди. Лекин у Ди Стефанодан фарқли равишда, катта клубларда ишламади. Жумладан, Испанияда Пушкаш эътиборга молик натижа кўрсатмади. Лекин унинг Грециядаги меҳнатлари бекор кетмади. Юнон диёридаги фаолият якунлангач, Пушкаш Парагвай, Авс­тралия ва Миср чемпионатларида ҳам ўзини синаб кўрди. 1993 йилга келиб у ўз ватани термаси бошқарувини қўлга олди. Бироқ бу пайтга келиб, Венгрия бош жамоаси сезиларли даражада кучсизланиб қолганди. Бошқача айтсак, бу жамоа - Пушкашнинг футболчилик давридагидек эмасди.

Франц Беккенбауэр

Мураббий сифатида бошқарган жамоалари: ГФР, «Марсель», «Бавария»

Эришган ютуқлари: жаҳон чемпиони, Франция чемпиони, Германия чемпиони, УЕФА кубоги соҳиби.

Мазкур рўйхатдаги «Олтин тўп» соҳиблари ичида Йохан Круифф ва айнан Кайзер Францлар мураббийлик соҳасида ҳам улкан ютуқларга эришишган. Зеро, Беккенбауэр ҳам Круифф сингари, футболда янгича услуб ярата олган мутахассис ҳисобланади. Чунончи, жамоалар Беккенбауэр қўл остида қатъий тартиб ва енгилмаслик тимсоли бўлишган. 1986 йили ГФР термаси жаҳон чемпионлигига эришиши мумкин эди. Аммо ўшанда немислар Диего Марадонадан жабр кўришди. Лекин орадан тўрт йил ўтгач, Беккенбауэр бундестимни ниҳоят, узоқ кутилган чемпионликка олиб келди. Афсонавий немис шунингдек, клуб миқёсида ҳам шуҳрат қозониб, «Бавария» ва «Марсель» клубларида Германия ва Франция чемпионлигини нишонлади.

Мишель Платини

Мураббий сифатида бошқарган жамоаси: Франция терма жамоаси

Эришган ютуқлари: йўқ

Мишель Платини УЕФА тизимида иш бошлашдан олдин бир муддат мураббийлик соҳасида ҳам фаолият юритган ва ҳатто 1991 йили ҳамкасблари орасида энг яхши деб топилган. Чунки у бутсаларини михга илганидан кўп ўтмай (1990 йилда), Франция ФФ раҳбарлари унга мамлакат терма жамоасини ишониб топширишади ва Мишель қўли остидаги жамоа Евро-1992 саралашида 8 ўйин ўтказиб, уларнинг барида ғалаба қозонади. Аммо турнирнинг финал босқичида «учранглилар» йўлига Дания термаси тўсиқ қўяди. Шундан сўнг Мишель ўз лавозимини тарк этади.

Йохан КрОЙфф

Мураббий сифатида бошқарган жамоалари: «Аякс», «Барселона», Каталония терма жамоаси.

Эришган ютуқлари: Нидерландия кубоги соҳиби, кубок эгалари кубоги соҳиби (2), Испания чемпиони (4), Испания кубоги ва суперкубоги соҳиби (3), Европа чемпионлари кубоги соҳиби, УЕФА кубоги соҳиби.

Йохан Кройфф футболчилик пайтидаёқ ўткир ақлий салоҳияти билан бошқалардан ажраб турарди. Шунинг учун ҳам айнан Кройфф атрофида «голландча тотал футбол» шакл­лантирилди. Кройфф футболчилик фаолиятини тугатгач, «Аякс» билан шартнома тузди ва илк мавсумдаёқ кубок эгалари кубоги совринини қўлга киритди. 1988 йилга келиб, Йоханни ўзи учун ғоят қадрли бўлган «Барселона»га ишга таклиф қилишди. Голландиялик ёш мутахассис бу ерда бугун барчага маълум ва машҳур бўлган футболнинг «Барселонача кўриниши»га асос солди. Муҳими, Йохан даврида клуб академиясига эътибор ошиб, ёш футболчиларни тарбиялашнинг янгича усуллари яратилди. Хуллас, Кройффнинг «Барселона»да амалга оширган ишлари кўлами шу қадар катта аҳамият касб этдики, футбол тарихидаги энг кучли мутахассислар қаторига киритилди.

Марко ван Бастен

Мураббий сифатида бошқарган жамоалари: «Аякс», Голландия терма жамоаси, «Херенвен», АЗ.

Эришган ютуқлари: йўқ.

Марко бутсаларини михга илганидан кейин ўзини мураббийлик соҳасида синаб кўриш нияти борлигини айтди. Аммо орадан 10 йил ўтганидан сўнггина ван Бастенга иш топилди. Яъни, унга бирдан Голландия терма жамоаси ишониб топширилди. Янги бош мураббий тайинлангач, «учар голландлар» таркибида кескин ўзгаришлар рўй берди. Аниқроғи, тажрибали Зеедорф, Бергкамп, Давидс, Клюйверт, ван Боммел ва Макаай каби футболчилар қайтиб терма жамоага таклиф этилмади. Уларнинг ўринлари Дирк Кюйт, Арьен Роббен, Робин ван Перси ва бошқа ёшлар билан тўлдирилди. Тўғри, бу жамоа ЖЧ-2006да арзирли натижага эришмади. Марконинг сўзларига қараганда, ёшлар 2008 йилги Европа чемпионатига келиб, ўзларини кўрсатишлари керак эди. Аммо ўшанда руслар «лоларанглилар»ни чорак финалда ажойиб тарзда тўхтатиб қолишди. Терма жамоадан кейин ван Бастен турли голланд клубларида ишлаб кўрди. Аммо уларда ҳам бечоранинг омади юришмади.

Руд Гуллит

Мураббий сифатида бошқарган жамоалари: «Челси», «Ньюкасл», Голландия терма жамоаси, «Фейеноорд», «Лос-Анжелес Гэлакси», «Терек».

Эришган ютуқлари: Англия кубоги соҳиби.

«Кўримли футбол»нинг бош тар­ғиботчиси мураббийлик фаолиятининг илк даврларида кутилганидан кўра кўпроқ ютуқларга эришди. Хусусан, у «Челси» бошқарувининг илк мавсумида жамоани Англия кубогидаги зафарга олиб келди. Эслатиб ўтиш лозим, «кўклар» бунгача 26 йил соврин нималигини билишмаганди. Аммо кейинги мавсум ўрталарида Гуллит клуб директорлар кенгашининг қарори билан истеъфога чиқарилди. Шундан сўнг Руд ўз омадини «Ньюкасл»дан излаб, «қарғалар»ни мамлакат кубоги финалигача чиқарди. Бироқ шу орада клуб етакчилари - Алан Ширер ва Роб Ли билан жанжаллашиб қолиб, охир-оқибат, лавозимидан айрилди. Кейинроқ Гуллит АҚШ, Голландия ва Россия клубларида фаолият кўрсатди-ю, аммо айтарли натижаларга эриша олмади.

Лотар Маттеус

Мураббий сифатида бошқарган жамоалари: «Рапид», «Партизан», Венг­рия терма жамоаси, «Атлетико Паранаэнсе», «Ред Булл Зальцбург», «Маккаби Нетания», Болгария терма жамоаси.

Эришган ютуқлари: Сербия ва Черногория чемпиони.

Гарчи Маттеус мураббийлик даврида у қадар кучли клубларни бошқармаган бўлсада, ҳар ерда ўзидан яхши таассурот қолдиришга эришган. «Партизан» билан эса ҳатто Сербия ва Черногория чемпионлигини қўлга киритган. Эътиборлиси, Маттеус Болгария терма жамоасидан кейин мураббийлик соҳасидаги тажрибаларини тўхтатди ва шундан бери фаолиятини қайта тикламаяпти. Эҳтимол, ўзидан кучли мутахассис чиқмаслигини кўнгли сезгандир...

 

Христо Стоичков

Мураббий сифатида бошқарган жамоалари: Болгария, «Сельта», «Мамелоди Сандаунз», «Литекс», ЦСКА (София).

Эришган ютуқлари: йўқ.

Болгариялик буюк футболчининг мураббийлик фаолияти унчалик муваффақиятли кечмади. Хусусан, Стоичков тўрт йил мобайнида ўз ватани терма жамоасига устозлик қилди-ю, аммо бирор-бир натижа кўрсатмади. Шунингдек, унинг «Сельта»даги ишлари ҳам кўнгилдагидек тус олмади. Бир муддат ЖАРда фаолият кўрсатган Христо Болгарияга қайтиб, маҳаллий «Литекс» ва ЦСКА клубларига устозлик қилди. 2011 йили эса Стоичков «Ростов» президенти маслаҳатчиси лавозимида ҳам ишлади. Лекин бу - жиддий вазифа эмасди.

 

Диего Марадона

Мураббий сифатида бошқарган жамоалари: «Расинг Авельянеда», Аргентина терма жамоаси, «Ал-Васл».

Эришган ютуқлари: йўқ.

«Чорак финал ўйини бошланишига бир дақиқа қолганида ўйинчиларга шундай дейман: «Майдонда ҳаётингизни қолдиринг!» Зеро, уларнинг ортида бахтли онларни кўришга муносиб бутун бир мамлакат турибди. Аҳолимиз эртага уйқудан қувноқ ҳолда уйғонадими, қайғу биланми, бу бизга боғлиқ. Аргентина футбол билан чамбарчас боғланиб кетган. Бизнинг ғалабамиз эса ватандошларимизга қувонч бахш этади», — деганди Диего ЖАРда ўтган мундиал вақтида. Афсуски, аргентиналик собиқ футболчининг мураббийлик фаолияти фақат мана шундай шов-шувли матбуот анжуманлари билан ёдда қолган, холос. Айтганча, у ўша ЖЧ-2010нинг Германияга қарши ўйини олдидан Томас Мюллерни майдон четида тўп келтириб берувчи болакайга қиёслаганди. Бу «болакай» эса эртасига Аргентина дарвозасига биринчи тўпни киритган. Хуллас, Диего терма жамоа бошқарувидан айрилгач, бир муддат БААда ишлади. Ундан кейин эса Марадона асосан, медиа қаҳрамонига айланди. Айниқса, унинг кўкрагига «Платини ва Блаттер - икки ўғри» ёзуви туширилган либоси кўпчиликнинг диққатини ўзига тортди.

Манба: Championat.com,

И.РАҲИМОВ тайёрлади

Манба: Interfutbol.uz
Киритилди: 13:53, 25.01.2016.
Ўқилди: 3600 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.