Кириш Регистрация
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед

Инфантино танлаган йўл: ЖЧда 40та жамоа!

Баҳо:
+ | -

Яқинда УЕФА бош котиби, ФИФА президентлигига номзодлардан бири Жанни Инфантино ўз дастурини эълон қилди. Эслатиб ўтамиз, йирик футбол ташкилоти раҳбари 26 февралда ташкил этиладиган сайловлардан сўнг маълум бўлади.

«Битта федерация - битта овоз» қоидаси кўп муҳокама қилинди. Ахир харитадан ҳамма ҳам тополмайдиган мамлакатнинг қўллаб-қувватлаши футболи ривожланган давлатники билан бир хил кучга эга-да. Ортида УЕФА турган, Мишель Платинининг ўрнини тўлдираётган швейцариялик мутасаддидан эа Европа ташқарисида ҳам обрў орттириш талаб этилади.

Яқинда Инфантино КОНКАКАФ минтақасига кирувчи Кариб футбол иттифоқи федерациялари раҳбарлари билан учрашди. Шундан сўнг у Reuters ахборот агентлигига берган интервьюсида шундай деди: «Ғалаба қозонишга астойдил интиляпман. Мени бутун жаҳонда қўллаб-қувватлашади, уларнинг сони тобора ортмоқда».

Айтиш жоизки, Кариб иттифоқи ФИФАда 25та овозга эга (умумий ҳисобда КОНКАКАФда ушбу кўрсаткич 35та овозни ташкил этади). Бу эса электоратда катта улуш дегани. Таққослаш учун, сайловларда Африка 54та, Европа 53та, Осиё 46та, Океания 11та, Жанубий Америка эса 10та овоз билан қатнашади.

Энди эътиборингизни Инфантино дастурининг диққатга молик жиҳатларига қаратмоқчимиз.

- Жаҳон чемпионати иштирокчилари сонини 32тадан 40тагача ошириш.

Мазкур бўлим айнан кўпсонли овозга эга федерациялар учун муҳим аҳамият касб этади. Умуман, май сайловлари вақтида ЖЧда қатнашувчи термалар миқдори юзасидан Йозеф Блаттер ҳам сўз юритганди. Бир томондан, форматнинг кенгайтирилиши қўшимча даромад келтиради: ўйинлар сони қанча кўп бўлса, фойда ҳам шунга яраша ортаверади. Аммо ўз навбатида, мусобақа савиясининг пасайишига олиб келиши мумкинлигини ҳам унутмаслик жоиз. Ташкилотчилар йирик ҳисоблар ва жамоалар даражасидаги сезиларли тафовутга қарши ҳеч нарса қилолмайдилар. Хуллас, бу масала тўлиқ ҳал этилади, дейиш қийин. Зеро, турнир формуласини ҳар қандай ҳолатда ижроқўм тасдиқлайди.

- «ФИФА мундиални нафақат бир ёки икки давлат, балки бутун бир минтақада ўтказилишини кўриб чиқиши лозим. Шу тариқа турли мамлакатлар йирик мусобақани ташкиллаштиришдек шарафга сазовор бўлиб, бундан фойда кўришлари аниқ».

Дунё миқёсида бу ҳақиқий янгилик! Мазкур ҳолатда Инфантино Платинининг Евро-2020 вақтида амалга татбиқ этиладиган баҳсли ғоясига хайрихоҳлик кўрсатди. Ушбу режанинг плюс ва минуслари аллақачон муҳокамадан ўтган.

Турнир яхлитлик ва жозибасини йўқотади. Қолаверса, мезбон мамлакатлар термалари саралашдан ўта олишмаса, қадрдон ўлкаларида ўтадиган финал босқичида бегоналар ўйинини кузатишга иштиёқ сезмасликлари турган гап.

2002 йили Жанубия Корея ва Японияда ўтказилган мундиалдан сўнг ФИФАда тандем-мезбонлик ҳақида салбий фикр пайдо бўлганди. Акс ҳолда, ЖЧ-2022ни ўтказишда Қатарга Форс кўрфазидаги яна бир давлатни шерик қилиб қўйилиши мантиқан тўғри қарорга айланарди.

Инфантинонинг ғояси йирик спорт ареналарига у қадар эҳтиёж сезмайдиган «кичик» мамлакатлар қувончига шерик бўлиш имкониятини туғдиради. Битта ҳашаматли стадион уларнинг деярли барчасида топилиши аниқ. Бу эса мусобақа форматини ўзгартириш масаласининг ечими демакдир.

- «Ёрдам дастурлари кўламини кескин кенгайтириш» таклифи.

Бу айниқса, ривожланаётган давлатлар федерацияларига ёқиб тушади. Аниқроғи, Инфантино кейинги тўрт йилни ўз ичига қамраб оладиган лойиҳани амалга ошириш учун ҳар бир федерациядан 5 миллион доллар талаб қилмоқчи. Ваҳоланки, 2011-2014 йиллар оралиғида мазкур кўрсаткич 2,05 миллион (агар транспорт харажатларига эҳтиёж сезилса, яна 1 миллион)ни ташкил этганди. Қўшимчасига қитъа федерацияларига 40 миллион доллар тақдим қилиш ҳам кўзда тутилган. Шунда Осиё, Африка ва Кариб (Марказий Америка билан) ўсмирлар ўртасидаги мусобақани ташкиллаштириш учун яна 4 миллион сўрашлари мумкин.

- Замонавий технологияларни қўллаш йўлида кенг кўламли дебатлар ўтказиш.

Шу ерда Инфантинонинг фикри унинг собиқ раҳбари Платининикига мос келмаяпти. Франциялик мутахассис негадир, Чемпионлар Лигасида голни аниқлаш тизимини қўллашга рўйхушлик бермаганди. Аммо тараққиётни тўхтатиб бўлмайди. Шундай технологияларни ишлатишга қурби етмайдиганлар уларсиз бир амаллашар. Ахир теннис ва волейболда бу каби янгиликлар шаҳар мусобақалари эмас, балки юқори даражадаги турнирларда қўлланяпти-ку.

- Машҳур фахрийлардан «ФИФА афсоналари жамоаси»ни тузиш. Улар футболни янада ривожлантириш мақсадида турли минтақаларда учрашувлар ўтказишади. Шу тариқа, ижтимоий лойиҳалар ва хайрия воситаларини тўплаш кўзда тутилади.

Тобора тараққий топиб бораётган дунё учун яна бир янги, жозибали таклиф.

- Ишончни тиклаш, тузилмаларни ислоҳ қилиш, ФИФАнинг «молиявий шаффофлиги»ни таъминлаш.

Блаттер ва Платини саккиз йилга футбол билан боғлиқ ҳар қандай фаолиятдан четлатилишди. ФИФАнинг обрўли вакилларига қарши санкциялар қўлланди. Телевизион ҳуқуқлар юзасидан фирибгарликлар тергов қилинмоқда. Шундай паллада, юқорида кўзланган дастур мажбурийлигини сақлаб қоладигандек. Президентлик ва ижроқўмдаги фаолият муддатининг чекланиши «нохуш ўтмиш» асоратларини бартараф этишда айни муддао.

Ҳа, мартда 80 ёшни қаршилайдиган «қудратли қария» - Блаттер даврида ФИФА шундай ҳолга тушиб қолди.

Манба: sport-express.ua,

Ўткир УМАРОВ тайёрлади

Манба: Interfutbol.uz
Киритилди: 12:36, 02.02.2016.
Ўқилди: 3284 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.