Кириш Регистрация
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед

Энг мазали «Ириска» ёхуд Лукаку портретига чизгилар

Баҳо:
+ | -

Бутун Англия Жейми Вардини кўкларга кўтариб, унга сиғина бошлаган бир пайтда «Гудисон Парк» бельгиялик Ромелу Лукакунинг чинакам суперҳужумчи даражасига кўтарилишига гувоҳ бўлмоқда.

Футболчилардан юлдузларни кашф этиш бобида инглиз матбуотига ета оладигани йўқ. Таажжубки, АПЛда тўп сураётган ҳар икки ўйинчининг бири ўта ёрқин биография соҳиби, ҳаёти турли-туман қизиқарли воқеалар билан тўлиб-тошган. Қолаверса, бу ўйинчиларнинг табиати ҳам хилма-хил. Бундай ранг-барангликни дунёнинг ҳеч қайси бир чемпионатида учратмайсиз.

Лекин ҳозир туманли ўлкадагилар Дидье Дрогба ёки Теьри Анри каби хорижлик ноёб иқтидор соҳибларига алёр айтишдан чарчашди. Маҳаллий ёшлар орасида эса тош босадиганлари жуда оз. Шу сабабли, англиялик футболчининг ҳар бир ишончли ҳаракати, муваффақияти мутахассисларнинг доимий этиборида. Гарри Кейн ва Жейми Варди фаолиятига бағишланган мақолалар Голливуднинг машҳур фильмлари сценарийларидан қолишмайди. Албатта, бу икки ҳужумчи жорий мавсумни фантастик тарзда ўтказишмоқда, бу борада ҳеч қандай шубҳага ўрин йўқ. Аммо ўз жамоасига худди улар каби катта манфаат келтираётган айрим футболчилар, масалан, Ромелу Лукаку эътибордан умуман четда қолиб кетмоқда. Агар у англиялик бўлганида, аллақачон эпопеянинг бош қаҳрамонига айланарди.

Яқинда ВТSports таҳлилчиси Крис Саттон («Селтик»нинг етакчи ўйинчиларидан бўлган бу мутахассис ўз вақтида «Блэкберн» билан Англия чемпиони бўлган)га «Эвертон»нинг навбатдаги беллашуви арафасида шундай савол беришди: «Эвертон»нинг ҳужум чизиғида кўпроқ қайси футболчини кўришни истайсиз - Вардими ёки Лукаку?» Саттон сира ўйлаб ўтирмасдан шундай жавоб қайтарди: «Албатта, Варди! Лукаку - шунчаки,бақувват йигит. Бошқа ҳеч нарса эмас».

Тўғри, ўз нуқтаи назарини очиқ-ойдин изҳор этган Крис Саттонни айблашга ҳақли эмасмиз. Лекин Ромелунинг фаолияти ҳам рисоладагидек фильм учун сценарий бўлишга арзийди. Ахир у 16 ёшида «Андерлехт»да кўрсатган сермаҳсул ўйинлари билан «Челси» ёшлари сафидан жой олганди. Асосий таркибга ўтолмай, «Вест Бромвич»га «сургун» қилинди. Не-не умидлар билан Лондонга қайтди-ю, УЕФА суперкубоги баҳсида пенальтини голга айлантиролмагач, «Эвертон»га йўл олди. Ниҳоят, Лукаку Ливерпулда чинакам юлдуз каби тўп сурди.

Масаланинг янада ажабланарли томони шуки, «ирискалар»нинг энг тотли вакили бўлиб турган бельгиялик ҳужумчининг юксак натижалари доимо эътибордан четда қолмоқда. Эндигина 21 ёшни қаршилайдиган Ромелу ўз ҳисобидаги голлари сонини 65тага етказиб улгурди. У каби сермаҳсулликни шундай ёшда намойиш этиш фақат Серхио Агуэрога насиб этган. Бошқа барча машҳур ҳужумчиларнинг натижалари анча паст. Бундан ташқари, 2012|2013 йиллар мавсумидан бошлаб ҳозирга қадар яна ўша Агуэро Лукакудан сал кўпроқ гол урган, холос. Қизиқ, атиги бир мавсумда ўйин кўрсатаётган Варди энг ёрқин юлдуз сифатида фазони безаб турса-ю, 4 йилдан буён лиганинг иккинчи сермаҳсул ҳужумчиси ҳамон «ердан» кўтарилмаса!

 

Сермаҳсулликнинг сири нимада?

Four Four Twoга берган интервьюсида Лукаку ўзининг Ливерпулга келиши сирини ошкор этди: «Эвертон»га ўтишим муҳокама қилинаётган паллада Роберто Мартинес мунтазам равишда қўнғироқ қилиб турди. Икки марта қўнғироққа жавоб қайтармадим. Телефон учинчи марта жиринглаганда кўтаришга қарор қилдим. Ўша пайтдаги тиришқоқлиги учун Мартинесдан ғоят миннатдорман. У қайта-қайта қўнғироқ қилмаганида, у билан гаплашмаган ва Ливерпулга келмаган бўлардим». Дарҳақиқат, бош мураббий Лукакуни «Эвертон» етакчиси сифатида тўла тасаввур қила олган ва ўйин услубини айнан Ромелу асосида шакллантирганди.

«Эвертон» ҳозирда ҳам мунтазам 4-3-3 схемасидан фойдаланмоқда. Лукакуга марказдан Росс Баркли, қанотлардан Аруна Коне ва Жерар Деулофеу (баъзан уларнинг ўрнини Стивен Нейсмит ва Аэрон Леннон эгаллашади) ёрдам беришади. Етакчилик айнан Лукакуга юкланган. Жамоа вакиллари олис узатмаларни амалга ошириб, катта тезликда ҳимоядан ҳужумга ўтишади. Кўпинча Ромелу ортга қайтиб, Конега олдинги чизиқда бўш ҳудудлар яратади. Улар ажойиб тандемни ташкил этишгани «Сандерленд» билан бўлган баҳс (6:2)да яққол кўзга ташланди. Энг асосийси, Лукакунинг маҳоратидан усталик билан фойдаланаётган Мартинеснинг «Эвертон»и доимо кенг фронт бўйлаб ҳужумлар уюштиради. Бельгиялик иқтидор соҳиби эса муайян вазиятдан келиб чиққан ҳолда ўз позициясини тез-тез ўзгартириб туради. Шу боис, деярли барча жамоадошлари уни тўп билан таъминлаш имкониятига эгалар. Албатта, таъминотчиликнинг асосий улуши Деулофеу ва Клеверлига тегишли. Жерарни ҳеч иккиланмай «Эвертон»нинг Месут Озили дейиш мумкин. Бу - шунчаки жарангдор ўхшатиш эмас. «Ирискалар»нинг испаниялик легионери ўз қанотида шиддатли рейдларни уюштиради, кутилмаганда марказга ўтиб, деярли ҳар бир узатмаси орқали хавфли вазиятларни юза келтиради. Деулофеу-Лукаку дуэтидаги ҳамжиҳатликни кузатар экансиз, улар 100 йилдан бери ҳамкорлик қилишаётгандек туюлади. Жорий мавсумда Ромелу Жерарнинг 6та узатмасини голга айлантирди. Том Клеверли эса Лукакуга тўпни олис узатмалар орқали етказиб беради. Чап қанотдан амалга ошириладиган диагонал узатмалар ҳимоядан ҳужумга ўтишда ҳам, дарвозани ишғол этишда ҳам бирдек самарали.

Яқинда «Тоттенхэм» билан бўлган баҳсда «ирискалар» қуйидаги комбинацияни амалга оширдилар: Клеверни тўпни жарима майдончасига узатди, Лукаку икки ҳимоячини ўзига чорлаган ҳолда тўпни Леннонга оширди. Ёлғиз қолган Аарон кучли зарба билан Льорисни лол қолдирди. Хуллас, Клеверли билан ҳамкорлик қилишда ҳам Лукаку ақлли ўйин кўрсатмоқда. «Эвертон»-«Сток-Сити» баҳси бельгиялик ҳужумчи ва Баркли-Коне-Деулофеудан иборат оператив гуруҳнинг самарали ҳамкорлигига мисол бўла олади. Бу учлик рақиб ҳимоячилари билан бир чизиқда турган Ромелуни тўп билан таъминлаш пайида бўладилар. Лукаку эса тинимсиз равишда ҳимоячилар орасидаги бўшлиқни излаб, айнан ўша нуқтада тўпни эгаллаб олишни кўзлайди. Бундай вазиятларнинг аксарияти гол билан якунланади - дарвозабон билан яккама-якка ҳолатларда бельгиялик ҳужумчи совуққонлик билан ҳаракат қилади. Унинг ана шу маҳорати «ирискалар»га «Сандерленд» устидан ажойиб ғалаба (4:2)ни тақдим этди.

 

Лукаку мафтункорлигининг сири нимада?

Биринчидан, Ромелу - тенги йўқ финишчи, керакли лаҳзада юқори тезликни намойиш этиб, ўша пайтгача бўлган барча сусткашлигини ювиб юборади. Сайр қилиб хотиржам юрган пайтларида эса у қулай вазиятни қидираётган бўлади. Бир-икки қадам олдинга ёки орқага ҳаракати билан 2-3 нафар таъқибчилардан халос бўлиб, дарвозага хавф солади ёки қулай вазиятда турган жамоадошини тўп билан таъминлайди. Маълумотларга кўра, Лукакунинг ҳар 4та зарбасидан биттаси гол билан якунланади. Бу - юқори натижа! Айниқса, ҳужумчининг олис масофалардан ва ноқулай вазиятлардан зарба беришга мойиллигини инобатга олганда.

Иккинчидан, Лукаку - жисмонан жуда бақувват футболчи. Ҳатто хорижликларнинг ижобий фазилатларини эътироф этишни хоҳламайдиган англиялик мутахассислар ҳам у ҳар қандай кучли ҳимоячини ортда қолдира олишини тан олишмоқда. Дарҳақиқат, ҳар қандай тўсиқни писанд қилмай бартараф эта оладиган чинакам «танк» эканлигини ҳужумчи Киевнинг «Динамо»сига қарши баҳсда намойиш этганди.

Учинчидан, Ромелу - универсал ҳужумчи. Баҳайбат гавдали ва оғир вазн­ли бўлишига қарамай, жуда тезкор ва юксак техника соҳиби. У ҳар қандай ҳимоячини осонлик билан алдаб ўтади. Бундан ташқарии, керакли пайтларда ортга қайтиб, Рақибга қарши прессинг қўллашда, ўз жамоадошларини тўп билан таъминлашда фаол қатнашади. Жисмонан бақуват бўлгани учун, толиқиб қолмайди. «Саутгемптон» билан бўлган сафар учрашуви (0:2) фикримизни исботлайди: Лукаку майдон марказида тўпни Майю Йосидадан тортиб олиб, Берклига узатди. Ўзи олдинга интилиб, тўпни қайта олиб кучли зарба билан дарвозани ишғол этди.

 

Лукаку кимга асқотади?

Ҳа, бундан 1,5 йил муқаддам «Эвертон» 28 миллион фунт эвазига Лукакуни «Челси»дан харид қилганида, кўпчилик «ирискаларни» малакали футболчи билан «кўклар»ни эса мўмай даромад билан муборакбод этишганди. Ахир лондонликлар нақд 10 млн.га яқин соф фойда олишганди-да. Аммо ҳозир Жозе Моуриньонинг узоқни кўра олмаслиги яққол ойдинлашиб қолди. «Кўклар»нинг ҳозирги ҳужум чизиғига ҳавас қилиб бўлмайди - Диего Коста аввалги мавсумдаги сермаҳсуллигини йўқотган, Фалькао ики йилдан буён захирада, АПЛ унга мос келмайдиган чемпионат эканлигини ҳали тушуниб етгани йўқ. Учинчи ҳужумчи - Лоик Реми эса гоҳ жароҳат, гоҳ мураббий тактикасига мос келмагани туфайли майдон юзини кўргани йўқ. Оқибатда ҳужум чизиғида бир неча марта Эден Азар тўп суришга мажбур бўлди. Табиийки, Эден ўзи учун бегона позицияда ўйнашга тайёр эмасди ва бу вазифани уддалай олмади. Албатта, «Челси» «Эвертон» каби ўз ўйин услубини Лукаку асосида ташкил этмайди - ҳужумчининг нуфузи «кўклар» етакчиси бўлиши камлик қилади. Аммо унинг айрим фазилатлари лондонликларга сезиларли манфаат келтиришига шубҳа йўқ. Масалан, «офсайд» чизиғида туриб, Сеск Фабрегасдан келадиган кескин узатмаларни голга айлантириш. Ўтган йили бу ишни Диего Коста амалга оширганди. Қолаверса, «кўклар»нинг қанотлари жуда кучли - Азар ва Виллиан Лукакуни кераклигича тўп билан таъминлай оладилар.

Лукакунинг «Стэмфорд Бриж»да чинакам ҳужумчига айланишини таъминлайдиган учинчи-омил хусусида Ромелунинг ўзи шундай дейди: «Жорий мавсумда мен анча улғайдим. Асабларим жойида, ўйиним барқарорлашди. Бельгиядаги ёшлик давримда 3 ойни ёрқин ўтказсам, бир ой суст ўйин кўрсатардим. Ўзимга бўлган ишончни йўқотиб қўйиб, тунларни уйқусиз ўтказардим. Энди ҳеч қачон тушкунликка тушмайман. «Эвертон»ни эса тарк этиш ниятим йўқ. Чунки у менинг кўмагимга муҳтож».

Ҳа, ҳозирги мураккаб вазиятда Лукаку «Челси»га асқотган бўларди. Боз устига, унинг ўзи ҳам болалигида кўксига шер сурати чизилган кўк либосда майдонга тушишни орзу қиларди. Лекин асосий муаммо шундаки, «Челси»дек иззатталаб гранд трансфер борасида қўпол хатога йўл қўйганини тан олиш, ўзи қадрламаган ҳужумчидан узр сўрашига тўғри келади. Бу - осон иш эмас. «Эвертон» Лукакуни қайтариб бериш учун ҳеч бўлмаганда 40 млн. сўраши аниқ. Ахир, ғойибдан пайдо бўлган жавоҳирни осонликча қўйиб юборишни ким ҳам истайди, дейсиз?!

Манба: Сhampionat.com,

Содиқ СОБИР тайёрлади

Манба: Interfutbol.uz
Киритилди: 12:41, 02.02.2016.
Ўқилди: 2851 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.