Кириш Регистрация
17/05 00:30 Альмерия 0-2 Барселона
17/05 01:00 Реал Сосьедад 1-0 Валенсия
17/05 23:45 Фиорентина - Наполи
18/05 21:00 Лечче - Аталанта
18/05 23:45 Торино - Милан
19/05 00:00 Алавес - Хетафе
19/05 15:30 Сассуоло - Кальяри
19/05 18:00 Монца - Фрозиноне
19/05 18:00 Удинезе - Эмполи
19/05 20:00 Манчестер Сити - Вест Хэм
19/05 20:00 Шеффилд Юнайтед - Тоттенхэм
19/05 20:00 Арсенал - Эвертон
19/05 20:00 Брентфорд - Ньюкасл
19/05 20:00 Брайтон - Ман. Юнайтед
19/05 20:00 Бёрнли - Ноттингем Форест
19/05 20:00 Челси - Борнмут
19/05 20:00 Кристал Пэлас - Астон Вилла
19/05 20:00 Ливерпуль - Вулверхэмптон
19/05 20:00 Лутон - Фулхэм
19/05 21:00 Интер - Лацио
19/05 22:00 Валенсия - Жирона
19/05 22:00 Вильярреал - Реал Мадрид
19/05 22:00 Атлетик Бильбао - Севилья
19/05 22:00 Атлетико - Осасуна
19/05 22:00 Барселона - Райо Вальекано
19/05 22:00 Бетис - Реал Сосьедад
19/05 22:00 Кадис - Лас-Пальмас
19/05 22:00 Мальорка - Альмерия
19/05 22:00 Гранада - Сельта
19/05 23:45 Рома - Женоа
20/05 00:00 Лорьян - Клермон
20/05 00:00 Монако - Нант
20/05 00:00 Лилль - Ницца
20/05 00:00 Лион - Страсбур
20/05 00:00 Реймс - Ренн
20/05 00:00 Ланс - Монпелье
20/05 00:00 Тулуза - Брест
20/05 00:00 Гавр - Марсель
20/05 00:00 Метц - ПСЖ

Шайх Салмон:«Ишончни қайтариш вақти келди»

Баҳо:
+ | -

ФИФА президенти курсисига даъвогарлардан бири шайх Салмон бин Иброҳим ал Халифа Sky Sportsга эксклюзив интервью бериб, жаҳон футболида кузатилган охирги воқеаларга муносабат билдирди. Шунингдек, сайловларда ғолиб чиқиш имкониятини чамалаб кўрди. Биласиз, Йозеф Блаттернинг вориси 26 февраль куни Цюрихда сайланади. Кўпчиликнинг фикрича, ФИФА президенти лавозими учун кетаётган курашда айнан шайх Салмон фаворитдир. Осиё футбол конфедерациясининг амалдаги раҳбари қитъадошларидан кўпроқ овоз олишга умид боғламоқда. Қолаверса, африкаликларнинг ҳам унинг номзодини қўллашлари эҳтимоли баланд. Маълумот учун айтсак, ОФК таркибида ФИФАнинг 46та аъзоси бор, АФКда эса 56та. Хуллас, 2та қитъа вакиллари жами 102та овозга эга эканликларини ҳисобга олсак, шайх Салмонни бежиз фаворит санашмаётгани ойдинлашади. Баҳрайнлик функционернинг ўзига келсак, у Англия футболини ғоят қадрлайди ва 30 йилдан буён «Манчестер Юнайтед» клубига мухлислик қилади. ОФК президенти Sky Sports мухбирлари билан суҳбат чоғи агар сайловларда ғолиб чиқса, сэр Алекс Фергюсонни ўз маслаҳатчилари қаторида кўришга қарши бўлмаслигини ҳам алоҳида таъкидлади.

- Нима деб ўйлайсиз, сиз илгари сураётган аралашмаслик сиёсати айни пайт ФИФАга мос келадими?

- Ҳарқалай, қўл қовуштириб, бекор ўтириш ниятим йўқ. ФИФАга аниқ структура керак, ташкилотга муносиб одамларни жалб этиш лозим.

- Премьер-лиганинг ашаддий мухлиси эканлигингизни таъкидладингиз. ФИФАнинг айнан АПЛ услубида ишлашини хоҳлармидингиз?

- Премьер-лига ва бундеслига нечоғли муваффақиятга эришаётганини ҳамма кўриб турибди. Дейлик, премьер-лиганинг даромади ҳаттоки, ФИФАникидан ҳам кўп. Ҳа, менга Англияда йўлга қўйилган тизим ёқади. Масъул шахслар ўз зиммаларидаги ишларни ажойиб тарзда уддалашяпти. Энди ФИФАда ҳам шундай тизимни татбиқ этиш лозим. Биз аввало, инглизлардан ўрганишимиз ва уларнинг маслаҳатларига қулоқ тутишимиз керак.

- Сайловларда ғалаба қозонган тақдирингизда ишончли бош котибга эҳтиёж сезасиз. Ричард Скадэмор бу иш учун барча зарур хусусиятларга эгами?

- Ричард - яқин дўстим, унга ишонаман. Зеро, салоҳиятига гап бўлиши мумкин эмас. Бироқ ушбу масъулиятли ишни ўз зиммасига олишга тайёр кишини топиш лозим. Ҳозирдан аниқ исм-фамилияларни айтишни истамайман. Чунончи, якуний қарорни ижрочи қўмита қабул қилади. Демоқчиманки, аввало, ФИФА ходимлари билан маслаҳатлашиб кўриш мақсадга мувофиқ. Тўғри, агар Ричард бош котиб сифатида ишлашга рози бўлса, бу биз учун катта шараф ҳисобланади. Лекин ундан қолишмайдиган бошқа номзодлар ҳам бор. Шуниси аниқ, мен ҳар қандай ҳолатда доимо Скадэморнинг фикрларини ҳисобга оламан.

- Умуман, Ричард Скадэмор билан қачондан бери танишсиз?

- Танишганимизга 3 ёки 4 йил бўлди. Ўзаро бир неча марта учрашдик. Ричард - футболдаги муҳим «фигура», унинг ишларини ҳамма қадрлайди.

- Охирги 12 ой ичида ФИФАда юз берган воқеалар хусусида қандай фикр билдира оласиз?

- Барчаси ўта аянчли, аммо яшашда давом этиш лозим. «Соя» бутун ФИФАни қамраб олишига йўл қўймаслик зарур. Бунда энг муҳими - рост ва адолатли гапириш. Ахир ташкилотда 400 нафардан кўп ходим ўз ишини яхши бажаряпти. Футбол ўлгани йўқ, ўйинлар ва турнирлар ҳамон давом этяпти. Умуман, рўй берган ҳодисаларга ФИФА жавобгар эмас. Мисол учун, бошқа спорт турларида ҳаммаси бундан ҳам ёмонроқ. Фақат, ФИФАдан фарқли ўлароқ, уларни микроскоп орқали кузатишмайди. Ҳамманинг оғзида бир гап: «ФИФАда можаро, ФИФАда жанжал». Лекин мен бу масалада бошқача фикрдаман. Айтайлик, енгил атлетика ёки теннисга қаранг - допинг машмашалари, яна нимадир... Ишончим комил, айрим спорт турларида футболдагидан ёмонроқ ишлар бўлади...

- Йозеф Блаттер фахрий президент бўлиши мумкинми? Унга ачинмаяпсизми?

- Тан олайлик, ушбу инсон футбол учун кўп хизмат қилди. Мен уни яхши ёки ёмон, демайман. Лекин факт шуки, 1998 йили президентлик лавозимини эгаллаганидан буён кўплаб яхши ишларни амалга оширди. Хуллас, Блаттернинг хизматларини унутиб юбориш адолатдан эмас. Шахсан мен унинг ўзига ҳам, ишларига ҳам ҳурмат билан ёндашаман. Муҳим жиҳати шуки, ҳаёт бир жойда тўхтаб қолмайди ва энди ушбу саҳифани ёпиш керак.

- Агар президент лавозимини эгалласангиз, Блаттер билан маслаҳатлашасизми?

- Биз 1998 йилдан буён танишмиз. Лекин унинг қонунга доир муаммолари қандай ҳал этилиши ҳали номаълум. Эҳтимол, менда Блаттер билан гаплашиб кўриш имконияти бўлмас... Аммо қайтараман, қандайдир хатога йўл қўйган инсонни бутунлай ҳисобдан чиқариб қўйиш ярамайди. Ўйлайманки, Йозеф билан дўстона чақчақлашиш имконияти туғилади. Ҳар қандай ҳолатда ҳам, уни ҳурмат қилишда давом этаман. Зеро, Блаттер Осиё футболи учун кўп ишларни бажарган.

- Қизиқ, шахсан сиз Блаттерга ФИФА фахрий президенти лавозимини берармидингиз?

- Олдиндан аниқ гапиролмайман. Ахир бу биргина менга боғлиқ масала эмас-ку.

- Хўш, бошқа номзодлар билан келишишга тайёрмисиз? Дейлик, Жанни Инфантинонинг бош котиб бўлиши вариантига қандай қарайсиз?

- Европаликлар билан муносабатим яхши ва самимий. Мабодо улар келишишни хоҳласалар, нега «Йўқ», дейишим керак? Ҳеч нарсага онт ичмаслик лозим. Ташкилот манфаати йўлида барча шартларга тайёрмиз. Дейлик, мен охирги бир неча йилда Жанни билан бирга ишладим. Лекин ҳозирча ўртамизда ҳеч қандай келишув ёки битим йўқ. Кўрайликчи, яқин кунларда нима бўларкин?

- Аввалроқ ФИФА президентлиги учун курашда Мишель Платинини қўллаб-қувватлагандингиз. Ундан яхши раҳбар чиқармиди?

- Мишелнинг иши тажрибаси барчасини айтиб турибди. Мен уни дўст ва ҳамкасб сифатида ҳурмат қиламан. Ишончим комил, Платини ФИФА президенти мажбуриятларини муносиб бажаришга қодир эди. Умуман, ҳамма унинг ажойиб футболчи ва устамон маъмур сифатида яхши биладики, ортиқча гапиришимга ҳожат йўқ.

- Шаҳзода Али сизни Африка футбол конфедерацияси билан тил бириктирганликда айблади. У бунинг учун узр сўраши керакми?

- Шаҳзода Али бу масалада шахсий фикрига эга. Лекин барчамиз ўзимизни ақлли инсонлардек тутишимиз керак. ФИФА президенти курсисига ўтиришни хоҳласанг, аввало, жамоатчиликка доно эканлигингни исботла, тўғри сўзларни топиб гапир. Бинобарин, ҳар қандай конфедерация муайян номзодни қўллаб-қувватлаши хусусида баёнот бериши мумкин. Мен унинг сўзларига қўшилмайман: буни ўз жавобимда ҳурмат ва мулойимлик билан тушунтирдим.

- Сизни яна демократ-намойишчиларни жазолаш ишларида ҳам айблашмоқда...

- Буниси тоза сиёсий савол ва футболга боғлиқ эмас. Қолаверса, бундай айбловни тасдиқловчи ҳеч қандай факт ҳам йўқ. Айримлар мендан турли мақсадларда фойдаланишади. Аммо футболни тинч қўйиш керак.

- Хўш, Баҳрайнда футболчилар ҳеч қачон қийноқ ёки шафқатсиз муносабатга дуч келишмаганини тасдиқлай оласизми?

- Футбол раҳбари сифатида ишонтириб айтаман: бунақаси бўлмаган. Бу масалада 100 эмас, ҳаттоки, миллион фоиз ишонч билан гапираман. Футбол раҳбарияти ўйинчиларга нисбатан спорт доирасидан ташқарида ҳеч қандай чора кўрган эмас. Баҳрайнда қонун бор: унга асосан, сиёсан ва дин спорт ишларига аралашмайди. Бу аниқ-тиниқ ёзиб қўйилган, қонунларга эса ҳамма амал қилади.

- Сиз 2011 йилнинг 10 апрелида намойишларда иштирок этган футболчиларни аниқлаштирган қўмита аъзоси бўлгансиз...

- Қайтараман, сиёсий саволларга жавоб бергим йўқ. Боз устига, бундай қўмита ҳеч қачон тузилмаган, йиғилмаган. Бас шундай экан, қандайдир қарорлар қабул қилган ҳам эмас. Баҳрайнда бунақаси қонунга зид. Футболни оз-мос тушунадиган баҳрайнлик ҳар қандай инсон ҳеч қачон бундай ишлар билан шуғулланмаганимизни тасдиқлаши мумкин.

- Сизни «МЮ» мухлиси, деб ҳисоблаш мумкинми?

- Шубҳасиз. Ахир 1985-1986 йиллардан буён «қизил иблислар»га бефарқ эмасман.

- Клубнинг қайси футболчиларига меҳрингиз баланд эди?

- Аввало, Райян Гиггзни зикр этаман. У бутун фаолиятини битта клубга бағишлади ва доимо юқори савиясини намойиш этди. Шунингдек, клуб академиясидан чиқиб, фаолиятларини шу жамоада тугатишган Гари Невилл ва Пол Скоулз ҳам ҳурматга лойиқ.

- «МЮ»нинг айни пайтдаги ўйинлари зериктирмаяптими?

- Ҳа, зерикарли. Ўйин услуби ёпиқ ва бундай ҳолатда томоша қизиқ бўлмайди. Лекин клуб дейлик, «Ливерпул»ни ютди - бу яхши. Яна «МЮ»нинг ўтиш даврида эканлигини унутмаслик лозим. Қолаверса, рақобатчилар ҳам жуда кўп пул сарфлашяпти.

- Агар президентликка сайлансангиз, сэр Алекс Фергюсонга ўхшаш мутахассисларни ФИФАда ишлашга жалб этасизми?

- Сэр Алекс УЕФА учун кўп иш қилди. Умуман, бундай тажрибали инсонлар доимо яхши маслаҳат беришлари, наф келтиришлари мумкин.

- Хўш, Ричард Скадэмор ва Алекс Фергюсон маслаҳатчи бўла оладиларми?

- Бунга шубҳа йўқ. Уларда тажриба бор, шахсий хусусиятлари етарли, ҳурматлари ҳам жойида. Лекин қайтараман, ишни қойиллатадиган бошқа номзодлар ҳам йўқ эмас.

- Англия футболига хайрихоҳ бўласизми? ЖЧ қачондир яна туманли ўлкага қайтадими?

- Англия доимо менга яқин. Бунга сабаблар етарли. Биринчидан, футболга меҳрим тушганидан буён мамлакат чемпионати ўйинларини кузатиб келаман. Иккинчидан, Англия ҳайратланарли футбол тарихига эга. Хуллас, агар мамлакат жаҳон чемпионатига мезбонлик қилса, буни фақат қўллайман. Чунончи, Англия бунинг учун барчасига эга: мухлислар, стадионлар, инфратузилма, ташкилотчилик. Дейлик, жаҳон футболидаги энг кучли ва муваффақиятли лига Англияда. Лекин мезбонлик масаласи бўйича якуний қарорни фақат ижрочи қўмита эмас, балки Конгресс қабул қилади. Демак, ишончни қайтариш вақти келди. Бунинг учун нимадир қилишим мумкин бўлса, тайёрман.

Манба: Football.ua,

А. АҲМЕДОВ тайёрлади

Манба: sports.uz
Киритилди: 22:29, 04.02.2016.
Ўқилди: 2740 марта.
Фикрлар: 48 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.