Франциянинг «ПСЖ» клуби қишки трансферлар ойнасида ҳужумнинг қанот чизиғини янги футболчи билан кучайтириш имкониятини кўриб чиқмоқда.
Le Meilleur du PSG маълумотига кўра, парижликлар Хвича Кварацхелия жароҳат олишидан аввал ҳам трансфер бозоридаги вариантларни ўрганишган. Бироқ ўша пайтда асосий мақсад келажак учун истиқболли ёш футболчини харид қилиш эди.
Грузиялик вингернинг олдинги хочсимон бойлами узилиб, узоқ муддатга сафдан чиққани маълум бўлгач, клуб трансфер режаларини қайта кўриб чиқишга тайёр. Энди «ПСЖ» қимматбаҳо ва юлдуз футболчиларни ҳам харид қилиш имкониятини ўрганмоқда. Трансфер суммасининг юқори бўлиши парижликлар учун муаммо туғдирмайди.
Шунингдек, «ПСЖ»нинг сўнгги йиллардаги муваффақиятлари клубнинг футболчилар учун жозибадорлигини оширган. Кўплаб юлдузлар Луис Энрике бошчилигидаги жамоада тўп суришни исташмоқда.













