Ўзбекистон терма жамоаси ва Швейцариянинг «Лугано» клуби ҳимоячиси Беҳруз Каримов Конференциялар лигаси умумий босқичининг 2-турида Испаниянинг «Хетафе» жамоасига қарши ўтказилган учрашувдаги ҳаракатлари учун баҳо олди.
Мазкур баҳсда «Лугано» сафарда 5:2 ҳисобида ғалаба қозонди. Каримов 75-дақиқада захирадан майдонга тушиб, учрашув охиригача ҳаракат қилди. Flashscore статистик портали ўзбекистонлик футболчининг ўйинини 6,4 баллга баҳолади.
Дубл қайд этган Албиан Айети 9 балл олди. Захирадан майдонга тушиб, швейцарияликларнинг бешинчи голини урган Кевин Беренснинг ҳаракатлари эса 7,7 баллга лойиқ кўрилди.
Каримов билан бир вақтда майдонга тушган Эгзиян Алиоски 6,3 балл билан баҳоланди. Мартим Маркеш 6,1 балл, учрашувни асосий таркибда бошлаган Ханнес Делькруа эса 6,3 балл олди. «Лугано» футболчилари орасида энг паст баҳо Анто Гргичга берилди — 5,3 балл.
Икки турдан кейин «Лугано» олти очко жамғарган. Швейцария клуби Конференциялар лигаси умумий босқичининг кейинги учрашувида Литванинг «Кауно Жальгирис» жамоасини қабул қилади.













