Кириш Регистрация
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина 1-2 Удинезе
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо

Тегирмондан бутун чиққан Пауло Дибала ҳақида

Баҳо:
+ | -

Маълумки, ҳар қандай ишда муваффақиятга эришиш учун муайян қийинчиликларни енгиб ўтиш талаб этилади. Аргентиналик ёш иқтидор соҳиби Пауло Дибала ҳам ўз юртини тарк этиб, Италияда мусофирлик машаққатларини татиб кўрди. Лекин барчасига дош бериб, ўз маҳоратини ошириш йўлида тинмай изланди. Натижада, «Ювентус»­дек гранднинг энг яхши тўпурари даражасигача кўтарилди.

Ўзини  тиклай  олган болакай

2011 йилнинг қишида «Палермо» спорт директории Лука Каттани олис Аргентинанинг Кордоба шаҳрида маҳаллий «Бельграно» клуби вакиллари билан учрашганди. Ўшанда функционерлар Патагон қўчқорининг гўштидан тайёрланган қовурдоқни тановвул қилган ҳолда ҳужумчи Васкеснинг трансфери хусусида музокара олиб боришганди. Иттифоқо, Кордобанинг бош­қа бир жамоаси - «Институто» президенти Хуан Карлос Баррера ҳам суҳбатдошлар даврасида эди.

- Демак, сиз Васкесни харид қилишга қарор қилдингиз. Табриклайман, ажойиб трансфер. Лекин бизда Васкесдан ҳам яхшироқ ҳужумчи бор! - деди Баррера тушлик якунида.

Ўшанда «Институто» президенти Пауло Дибалани назарда тутган, ўзининг сермаҳсул ўйинлари билан 18 ёшли ҳужумчи «жавоҳир» тахаллусига эга бўлганди. Катталар ўртасидаги илк мавсумни у 38та учрашувда 17та гол уриш билан якунлаган, шу тариқа, афсонавий Кемпес (1978 йилги жаҳон чемпиони)нинг клуб рекордини янгилаган ҳолда жамоанинг энг ёш тўпурари мақомини қўлга киритганди. «Палермо» президенти Маурицио Зампарини Дибаланинг битта учрашувини кузатибоқ, қатъий қарорга келди: «Бу йигитни имкон қадар тезроқ сотиб олиш керак. Вақти келиб, у Кавани ва Пасторе каби ҳужумчилардан ўзиб кетади».

Жанубий америкалик легионерни сотиб юборган Зампарини мўмайгина даромадга эга бўлганди. Шу боис, Дибалани харид қилишда тирриқлик қилиб ўтирмади ва «Интер», «Наполи»дек грандлар рақобатини енгиб ўтди. Хуллас, Пауло 12 млн. евро эвазига «Палермо» сафидан жой олди. Жамоа шу пайтгача бунчалик йирик трансферни амалга оширган эмасди. Қолаверса, Европа грандларининг эътибори ўшанда «Ривер Плейт» ярим ҳимоячиси Окампосга қаратилган, Дибалага бўлган қизиқиш кучли эмасди.

«Палермо»нинг дастлабки ўртоқлик учрашувида аргентиналик дебютант гол уришга муваффақ бўлди. Лекин расмий учрашувлардаги голлари бироз куттириб қўйди - ноябрь ойидаги «Сампдория»га қарши баҳсда ҳужумчи «дубл»га эришди. Шундан кейин мухлислар «Палермо»нинг парвозига умид қилишганди. Бироқ жамоа тобора қуйига шўнғиб, «А» сериясини тарк этиши ойдинлашиб қолди. Ҳатто, Дибала ҳам ёрдам беролмади.

«Палермо»га келган куним хаёлимдан бир фикр ўтди: «Вой-бў, намунча иссиқ бу ўлка». Аргентинада ҳеч қачон бундай юқори ҳарорат кузатилмайди. Биламан, Италияда мендан кўп нарсани кутишарди. Аммо у ердаги футболга мослашиб олишим жуда қийин кечди. Бу ерда жуда тезкор, жисмоний кучга асосланган футбол ўйналади. Ҳакамлар ҳам Аргентинадагидек эмас», - деганди Пауло ке­йинчалик Sportsweek журналига берган интервь­юсида.

Нима бўлганда ҳам Паулонинг Италия футболига мослашуви чўзилиб кетди. Тўғри, «Палермо» «В» серия мусобақасини таъқибчисидан 14 очкога ўзиб кетган ҳолда якунлаб, элитага қайтди. Бироқ юксак натижани Абель Эрнандес, Лафферти ва Беллотти каби футболчилар таъминлашди. Дибаланинг голларсиз «қуруқ» серияси нақ 405 кунга чўзилиб, «жавоҳир» лақаби ўрнини «болакай» эгаллади. Дарвоқе, ўша даврда Васкес ҳам ишончни оқлай олмади ва «Бельграно» ҳамда «Райо Вальекано»да «сургун»да бўлди. Ниҳоят, «Бари»га қарши баҳсда Дибала Каскеснинг узатмасини голга айлантирди. Таажжубки, айнан шу учрашувдан кейин Васкес-Дибала тандемининг самарадорлиги тобора ошиб борди. Улар мавсум охирида асосий таркибнинг доимий вакилларига айланишди. Оқибатда, икковлон 25та гол ургач, Эрнандес-Лафферти жуфтлигини Зампарини сотиб юборди. Аргентиналиклар тандеми эса ўзининг сермаҳсул ҳамкорлиги билан бутун Италияни мафтун этди. Бош мураббий Жузеппе Якини 3-5-1-1 схемасидан фойдаланиб, Васкесни иккинчи ҳужумчи, Дибалани эса асосий форвард позициясида майдонга туширарди. «Улар ўзаро телепатик алоқа ўрнатишган», дерди мураббий бир-бирининг ҳаракатларини яхши тушунадиган шогирдларининг ўйинини кузатар экан. 2014|2015 йиллар мавсумини Пауло ажойиб гол билан бошлади. Бироқ газеталарда нуқул Васкесни олқишлашарди. Чунки у сентябрь ойидаги барча ўйинларда майдонни голсиз тарк этмади. Дибала эса икки ойлик танаффусдан сўнг чинакамига ишга киришди. «Сан Сиро»да «Милан» дарвозасини ишғол этиш билан «болакай»нинг ёрқин даври бошланди. У қаторасига яна 5та учрашувда рақибларни гол билан «сийлади». Айниқса, «Женоа» дарвозасига йўллаган бурама тўпи ҳаммани лол қолдирди. Олисдан йўлланган ана шу зарба ҳужумчига «R квадрат» тахаллусини ҳадя этди. Поль Погбанинг эътирофича, «Юве»дагилар Дибалани айнан шундай аташаркан. PlayStation компьютер ўйинида айланма зарбани амалга ошириш учун шу «R квадрат» тугмачасини босиш талаб этилади. Пауло уни яшил майдонда жонли тарзда ижро этди. Шундан кейин 20 ёшли ноёб иқтидор соҳибини аргентиналик афсоналар билан қиёслаш бошланиб кетди. Кимдир унинг тимсолида бўлажак Марадонани кўрса, бошқаси Мессига тенглаштиради. Лекин мутахассисларнинг аксарияти Паулода Агуэронинг фазилатлари мужассам, деган тўхтамга келишганди. Боиси, Дибала каби Серхио ҳам орқа чизиқда ҳаракат қилади, ҳимоячиларга яқиндан ёрдам беради. Кордобалик вундеркинднинг устун жиҳатлари - тезкор дриблинг, иккала оёғи билан исталган масофадан кучли зарба йўллаш ва самарали узатмани ўз вақтида амалга ошириш.

Италия терма жамоаси бош мураббийи Антонио Конте Паулони «мовий гвардия»га жалб этишга уриниб кўрди. Бироқ футболчи бу таклифни рад этди: «Мени Италия билан фақат катта бувимнинг шу ерлик бўлгани учун берилган фуқаролик паспорти боғлаб туради. Қайси терма жамоада тўп суришимни аниқлаш вақти келганида ҳеч иккиланмай Аргентинани танладим. Агарда унинг сафидан жой ололмасам,фақат ўзимни айблайман. Лекин ҳеч қачон байроқни алмаштиришга рози бўлмайман. Ўзимники дея олмайдиган, мадҳияси ўзга ва гуллари ҳам менга аталмаган терма жамоада бахтли бўлолмайман».

Дибаланинг Аргентина терма жамоасидаги дебюти 14 октябрда, Парагвайга қарши баҳс (0:0)да бўлиб ўтди.

Ўтган мавсумни Пауло 13та гол ва 12та самарали узатма билан якунлади. Қиёслаш учун келтирадиган бўлсак, унинг ёшида Дель Пьеро ва Баджо 6та гол билан кифояланишган. Тотти эса 5та гол урганди. «Ювентус» билан имзоланган шартнома трансфер дарчасидан анча аввалроқ келишиб қўйилганди. 32 млн. евролик (20 млн. соф фойда!) даромадни қўлдан чиқаришдан хавфсираган Зампарини бош мураббийга Дибалани сўнгги турларда майдонга туширмаслик ҳақида буйруқ бермаганида, эҳтимол, Паулонинг натижалари янада яхшироқ бўлармиди... Дарвоқе, мазкур трансфер «Ювентус» тарихидаги  тўртинчи йирик, Андреа Аньелли давридаги рекорд келишув бўлди. Албатта, қилдан қийиқ қидиришга одатланган танқидчилар мазкур трансфернинг аҳамиятини йўққа чиқаришга уриниб кўришди. Эмишки, жамоалар «Юве»га «Палермо»га қараганда анча жиддий қаршилик кўрсатишар, ҳужумчиларга эркинлик беришмас экан. Дибала эса фақат бўшлиқ юзага келган ҳолларда сермаҳсул ўйнар эмиш. Энди у эркин тўп суришни орзу қилмаса ҳам бўлаверар экан. Қолаверса, аргентиналик ҳужумчининг зиммасига юкланажак масъулият ҳам ўз кўлами билан ҳар қандай кишини хавотирга соларди. Дибала «Юве»да Карлос Тевеснинг ўрнини тўлдириши талаб этилади. La Gazzetta dello Sportдек нуфузли нашр томонидан билдирилган салбий фикр­лардан сўнг Пауло янги жамоадаги дебютини гол билан нишонлаши шарт эди. «Лацио»га қарши кечган суперкубок баҳсида у буни уддалади ва фаолиятидаги дастлабки совринга сазовор бўлди. Кейин «Рома» ва «Кьево» дарвозаларини забт этди. Пирло ва Тевесларсиз қолган Массимилиано Аллегри 11 метрли жарима зарбаларини амалга оширишни ҳам Паулонинг зиммасига юклади. Тўғри, кейинчалик қайд этилган қониқарсиз натижалар мураббийни таркибда жиддий ўзгаришларни амалга оширишга ундади. Оқибатда захира ўриндиғида қолиб кетаётган Дибала таркибдан жой олиш учун қайтадан курашишга мажбур бўлди.

«Унинг 40 млн. еврога баҳоланаётгани мени қониқтирмайди. Старт таркибдаги 11 нафар футболчини уларни баҳосига қараб эмас, балки техник, тактик ва жисмоний ҳолатига қараб танлайман. Дибала - савияли футболчи. Бироқ ўз ўйинини яхшилаши, жамоадаги ролини ўзгартириши зарур», - деганди мураббий Паулонинг захирада қолишидан норози бўлган мухлисларга қарата. Мазкур баёнот 27 октябрда эълон қилинганди. Шундан буён Пауло 15 марта (13тасида бошланғич таркибда) майдонга тушди ва 8та гол урди, 5та самарали узатмани амалга оширди. Унинг олдинги чизиқдан сал орқароққа ўтиши сезиларли самара берди. Бу позициядан ҳужумчи ўзи учун бўш ҳудудларни ҳам, қулай вазиятда турган жамоадошларини ҳам осонроқ топа оладиган бўлди. Аввалги якшанба оқшомида у «Удинезе» билан кечган баҳсда битта гол уриб, 3та голга ассистентлик қилганди. Кейин «Рома»га қарши приципиал қарама-қаршиликда яна гол урди ва чемпионатдаги голлари сонини 12тага етказиб олди. Бу унчалик таъсирчан кўрсаткич бўлмаслиги мумкин. Лекин эътибор берадиган бўлсак, Мората, Манжукич ва Зазанинг голларини қўшганимизда ҳам Дибаланинг натижасига етмайди!

- Сиз охирги марта худди ёш боладек қачон йиғлагансиз?, - деб сўрашди мухлислар ҳужумчидан.

- Аниқ санани айта олмайман. Чунки бундай ҳолатлар тез-тез такрорланиб туради. Аммо уларнинг сабаби бир хил: 15 ёшимда бизни тарк этган отамни эслаб йиғлайман. Саратон хасталигига қарши узоқ вақт курашди, лекин соғайиб кета олмади. Отамнинг ягона орзуси бор эди - ҳеч бўлмаганда биримиз чинакам футболчи бўлишимизни истарди. Ака-укаларимнинг бу борада омадлари келмади. Хайриятки, мен отамнинг орзусини рўёбга чиқардим. Биламан, ҳозирда отам мен билан фахр­ланарди. Бунга аминман!

Дибала  Дель  Пьеродан ўзиб кетди

Пауло Дибала жорий мавсумнинг 20та учрашувида 12та гол урди. «Ювентус» тарихидаги афсонавий ҳужумчилар - Алессандро Дель Пьеро ҳамда Жанпьеро Бонипарти Турин суперклубидаги дебют мавсумларини 5та гол билан нишонлагандилар. Бу борада етакчи - Омар Сивори (22та гол). Балки Сиворининг натижасини яхшилаш Паулога насиб этар? Ахир олдинда яна 17та беллашув бор.

Манба: Football.ua,

С.РАҲМОНОВ тайёрлади

Манба: Interfutbol.uz
Киритилди: 11:15, 09.02.2016.
Ўқилди: 4477 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.