Кириш Регистрация
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина 1-2 Удинезе
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо

Кўчадан келган марварид ёхуд Батшуайи ҳақида

Баҳо:
+ | -

Франция чемпионатининг марказий учрашуви сифатида эътироф этилган «Марсель»-«ПСЖ» қарама-қаршилиги катта қизиқишга сабаб бўлди. Боиси, 63000дан кўпроқ мухлис ёш юлдуз Миши Батшуа­йининг гол уриб, чемпионат тўпурари Златан Ибрагимовичга сал бўлсада яқинлашиб олиши, пойтахт клуби эса мавсумдаги илк мағлубиятини тан олишига умид қилганди. Йўқ, Миши майдонни голсиз тарк этди, Ибра эса ўз имкониятини йўққа чиқармади. Охир-оқибат, чемпион сафардан навбатдаги 3 очко билан қайтди. Шундай бўлсада, Сhampionat.com марселликларнинг бельгиялик «қора марварид»и ҳақида ҳикоя қилишни лозим топди.

Ким ўзи у?

Батшуайи тарбияси ўта оғир йигитлар тоифасидан. Ажабланарлиси, ўзининг бу қитмирликларидан уялиш ўрнига аксинча, фахрланади. Чунки Миши болалик чоғида бошқалардан ажралиб туришга одатланган, шу тариқа бироз худбинлик иллатини ҳам юқтириб олган.

80-йиллар Африкадан Европага кўчиб ўтган конголик муҳожирлар оиласида дунёга келган Батшуайи футболдаги илк сабоқларини расмий машғулотларда эмас, кўчада олди. Маълумки, кўча футболининг ўзига хос қонун-қоидалари, анъаналари бор. У билан футбол академия­ларидаги кундалик машғулотлар орасида катта фарқ бор. Кун бўйи Брюссель кўчаларида тўп сурган Миши ана шу муҳитда тарбияланди, енгилтаклик қон-қонига сингиб кетди. Бу қусур туфайли уни 13 ёшида академиядан ҳайдаб юборишди. «Андерлехт»дан мудом ўрин олиш Миши учун жуда қийин эди. Брюсселдек мегаполисда тўғри йўлни танлай олиш айниқса, болакайлар учун осон эмас. Батшуайи каби қитмирларни фақат хушмуомалалик билан эгиб олиш мумкин. Бироқ қаҳрамонимизга бу ҳам таъсир қилмади, Миши болаларга хос қилиқларидан воз кечмади. «Бундай қулоқсиз шогирдни ким ҳам ёқтиради?», - дейди Батшуайига U-14 жамоасида устозлик қилган Сет Нканду. Жамоа «Льерс»­даги тенгдошларига имкониятни бой берганидан кейин Миши «Андерлехт»­дан кетди - мағлубиятга чидай олмаган футболчи бор аламини кийиниш хонасидан олиб, уни ағдар-тўнтар қилиб ташлади.

Батшуайи болаликнинг беозор безориликларини ҳозир табассум билан эсга олади. Лекин ўшанда у ўз йўлига ўзи тўғаноқ бўлганини тушуниб, бошқа вариантларни излай бошлади. Шу тариқа, Брюссель академиясидан жой олди. Тез орада уни «Стандард»га таклиф этишди. Льежликлар таркибни ёшлар билан тўлдиришга зўр беришган, улар учун Мишининг инжиқ табиатидан кўра гол уриш қобилияти муҳимроқ эди. Шу сабабли, Доминик Д~Онофрио унга илк профессионал шартномани таклиф этди. Бельгиялик қора танли ҳужумчи эса ажойиб сермаҳсулликни намойиш этиб, 2,5 йил ичида академиядан асосий таркибга ўтди. 2011 йилнинг февраль ойида Д~Онофрио уни «Стандард» сафида майдонга туширди.

Лекин Льежда ҳам ҳужумчи ўзининг «хурмача» қилиқларидан фориғ бўлолмади. Жумладан, «Генк»ка қарши кечган баҳсда у майдонда йиқилиб ётган рақибини тепкилаб ташлади. 2013 йили эса одобсизлиги учун Бельгия ёшлар терма жамоаси сафидан четлатилди. Тўғри, аста-секинлик билан ўзини ўнглаб бораётган Миши болаликдаги шўхликларидан батамом воз кеча олмади. Масалан, у ҳозир ҳам «Губка Боб - квадрат иштонча» мультфильмининг ашаддий ишқибози. «Бу мультфильм­ни жуда яхши кўраман. Уйда ёлғиз қолган пайтларим ухлай олмайман. Шунда «Губка Боб» мени овутади. Ҳатто улғайганимда ҳам ундан воз кечмайман», - дейди футболчи. Севимли қаҳрамони хусусида «Марсел»дагилар билан ўртоқлаша олмаслиги Мишини бироз ранжитади. Чунки жамоадошларининг қарашлари мутлақо бошқача. Мультфильм қаҳрамонига тақлид қилиш Батшуайининг барча хатти-ҳаракатларида яққол сезилиб туради. «Губка Боб» гоҳ Мишининг сумкасидан, гоҳ айфонининг ғилофидан ёруғ оламга назар ташлайди.

 

У Қандай ўйнайди?

Ажабо, тоқат қилиб бўлмас даражадаги табиати билан Батшуайи қандай қилиб Франциянинг номдор жамоаларидан бирининг сафидан жой олди? Чунки у йўқ ердан можаро чиқаришдан ташқари, гол уришни ҳам жойига қўяди. 2014 йилнинг ёзида «Марсель» Мишини Бельгия чемпионатининг юлдузларидан бири сифатида харид қилганди. Ўшанда қаҳрамонимиз 2013|2014 йиллар мавсумини 21та гол билан якунлаб, «қора бутса» соҳибига айланганди. Бельгияликлар бу нуфузли совринни чемпионатнинг энг яхши африкалик легионери ёки келиб чиқиши «қора қитъа»­га дахлдор бўлган футболчига тақдим этадилар. Айтишларича, Миши «Баселона»дан таклиф олган, лекин 2-жамоада тўп суришга ғурури йўл қўймаган. Шу сабабли, Каталония грандининг таклифини рад этиб, «Марсел»га йўл олган.

Марсело Бьелсадек тажрибали мураббий Батшуайини майдонга туширишга ошиқмади. Боиси, унинг ихтиёрида Андре-Пьер Жиньякдек моҳир ва сермаҳсул ҳужумчи бор эди. Оқибатда, тинимсиз тер тўкишлар эвазига Миши фақат иккинчи даврадан бошлаб майдонга тушди ва мавсумни 9та гол билан якунлади.

Кейинчалик ҳужумчи мунтазам равишда асосий таркибдан жой ола бошлади. Лекин у голсиз «қуруқ серия»ларни ҳам қайд этадиган бўлиб қолди. Албатта, сермаҳсуллик бу нохуш анъанага қараганда кўпроқ. Масалан, жорий мавсумда Миши қаторасига 5та учрашувда гол урди. Қолаверса, унинг «Марсел»даги улуши улкан - жамоа ҳисобидаги голларнинг 35 фоизи унга тегишли. Бу борада Батшуайи билан тенглашадиган ҳужумчи йўқ. Футболчининг ўйин услубини мутахассислар эски мактаб усули сифатида эътироф этишади. Дарҳақиқат, бутун ўйин давомида «офсайд» чизиғида юриши, лекин бир марта ақлини ишга солиб, қаҳрамонга айланиши мумкин. У ҳимоявий мажбуриятлардан тўла фориғ этилган, майдон марказига деярли қайтмайди. Жамоавий прессинг ҳам унинг иштирокисиз амалга оширилади. Мишининг заиф жиҳати мана шу.

Бундан ташқари, Батшуайи худбинликдан ҳам холи эмас - қулай вазиятдаги жамоадошини тўп билан таъминлашдан кўра, ўзи 3 нафар ҳимоячини алдаб ўтишни афзал билади. Ҳатто, Марсело Бьелса ҳам ундаги бу камчиликни йўқота олмади. Боз устига, Миши ўзини «Марсел»нинг яққол етакчиси, деб ҳисоблайди, голларни ёлғиз ўзи нишонлаши шундан далолат. Эҳтимол, биз танқидни бироз ошириб юборгандирмиз. Нима бўлганда ҳам, Батшуайининг ноёб иқтидорини эътироф этмасликнинг иложи йўқ. Асосийси, у позиция танлашни ва керакли пайт керакли нуқтада пайдо бўлишни билади. Айниқса, «Марсел»нинг қанотлардан уюштирадиган ҳужумларида унинг аҳамияти беқиёс. Мишидаги юқори тезлик, вазиятни тўғри баҳолай олиш қобилияти ҳар қандай мустаҳкам ҳимоя қўрғонини эсанкиратиб қўяди. Бундан ташқари, Батшуайи «иккинчи қават»да ҳам ўта самарали ҳаракат қилади. Ҳужумчининг услуби жумладан, «ПСЖ»га ҳам яхши таниш. Марселдаги сўнгги учрашувда пойтахтликлар аввалги қарама-қаршиликда йўл қўйган хатоларни такрорламадилар. Ўшанда Миши айнан «иккинчи қават»дан чемпион дарвозасини ишғол этганди. Бу сафар Лоран Блан шогирдлари уни зарарсизлантиришни уддалашди. Ҳа, Батшуайи рақиб дарвозасини «ўққа тутиш»ни хуш кўради. Орт­да қолган 24та учрашувда 90 мартага яқин зарба йўллади. Самарадорлик у қадар юқори эмас, албатта. Лекин унинг голга чанқоқлиги таҳсинга лойиқ. Ёзги трансферлар мавсумида «Марсел»нинг Батшуайи билан хайрлашиш эҳтимоли жуда катта. Чунки жамоа «ПСЖ»дагидек молиявий имкониятларга эга эмас. Буни очиқ-ойдин тан олган Венсан Лабрюн жамоанинг равнақини айнан трансфер бозори билан боғлаган, юлдуз футболчилари эвазига максимал даромад олиш, ёш иқтидор соҳибларини топиб, тарбиялаш асосий вазифа эканини таъкидлаганди. Батшуайи «Марсель» президентининг режасига тўла мос тушади. Жамоа уни «Стандард»дан 5 млн. еврога харид қилганди. Энди ҳеч бўлмаганда 50 млн. соф даромад олишни мўлжаллаяпти. Тўғри, Мишини тарбиялаш ҳозир ҳам давом этмоқда. Бьелса ҳамон шогирдининг салбий хислатларига қарши курашмоқда. Лекин Мишидаги юксак салоҳиятни ҳатто ёш бола ҳам кўриб турибди. Қолаверса, унинг ғайритабиий қилиқлари клубнинг обрўсини кўтариши, стадионларга янада кўпроқ мухлисларни жалб этиши мумкин. Ҳозирнинг ўзидаёқ «Марсель» президенти «қора марварид» учун катта маблағ талаб қилмоқда: «Дунёнинг 15та топ-клуби орасида Батшуайини ўз таркибига қўшиб олишни истайдиган бирорта жамоа йўқ. У навбатдаги трансфер бозорининг энг харидоргир «маҳсулоти». Ўтган йили етарлича таклифлар бўлганига қарамай, жамоадан кетишни истамаганди. Энди унинг ўйини янада очилди. Демак, харидорлар ҳеч бўлмаганда 50 млн. евро билан мурожаат қилишлари керак». Албатта, бу оз маблағ эмас. Аммо «МЮ» ундан кўра ғўрроқ бўлган бошқа бир франциялик учун шунча сарфлагани ҳам  бор гап. Хуллас, Батшуайининг трансферида «Марсель» бўш келмаслиги лозим. Лекин шу билан бирга, Мишининг ўрнини тўлдира оладиган ворисни топиш масаласига ҳам жиддий эътибор қаратилиши зарур. Акс ҳолда, жамоа жуда заифлашиб қолади.

Манба: interfutbol.uz
Киритилди: 13:18, 21.02.2016.
Ўқилди: 3240 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.