Истеъдодли ярим ҳимоячи Азиз Ибрагимов янги мавсумни ҳам «Бухоро»да бошлайдиган бўлди. Мавсумлар оралиғида юзага келган таътилнинг катта қисмини Чехиядаги уйида ўтказган футболчи февраль ойи бошларида кўҳна шаҳарликлар машғулотларига келиб қўшилди. Бу йил «Бухоро» олдига жиддий вазифалар қўйиляпти. Маълумотларга қараганда, жамоа ОЧЛ йўлланмалари учун курашади. Клубнинг йиллик бюджети ҳам бунга имконият беради. Қолаверса, таркибга жалб этилган футболчиларга қараб ҳам шундай хулоса ясаш мумкин. Биз мавсумга тайёргарлик доирасидаги навбатдаги ўртоқлик учрашувидан сўнг Азиз Ибрагимовдан интервью олдик.
- Жамоа билан келишувга эришдингизми?
- Ҳали расман шартнома имзоламадим. Лекин мавсумни «Бухоро»да бошлашим деярли ҳал бўлган.
- Сизда янги мавсумни хориж клубларининг бирида бошлаш варианти ҳам бор эди. Лекин жамоангизни алмаштирмадингиз. Бунинг сабаби нимада?
- Ҳақиқатан ҳам, хориждан бир нечта жиддий таклифлар бўлди. Масалан, Албания чемпионатининг амалдаги бронза медали совриндори - «Партизани» сафига қўшилишим мумкин эди. Тирана шаҳри шарафини ҳимоя қилувчи жамоа менга жиддий тарзда қизиқиш билдирганди. Лекин келишув айрим сабабларга кўра амалга ошмай қолди. Аммо бу мавзу тўлалигича ёпилгани йўқ. «Партизани» мураббийлари ҳали менинг позициямда ўйнайдиган футболчи харид қилишмади. Бундан ташқари, Исроил чемпионатининг бир нечта клубларидан ҳам таклифлар келди. Биласизми, легионерлар масаласи жуда нозик. Паспорт билан боғлиқ муаммолар бор. Аксарият жамоалар менга фуқароликни таклиф қилишди. Фақат шу йўл билан ўша жамоалар сафига ўтишим мумкин эди. Табиийки, бу менга маъқул келмади. Айрим клуб мураббийлари эса ўйинимдан тўлиқ қониқиш ҳосил қилишди. Лекин ёшимга эътироз билдиришди. Бу жамоалар асосан ёш футболчилар билан шартнома имзолашаркан.
- Ушбу клублар билан ўзингиз музокара олиб бордингизми?
- Болгариялик футбол агенти Владимир Коев билан бир неча йилдан бери ҳамкорлик қилиб келяпман. Айнан у Албания ҳамда Исроил клубларининг қизиқишларини ўрганиб, музокара ўтказди.
- Турмуш ўртоғингиз Оксана билан қандай танишгансиз? Унинг қайси жиҳатларини қадрлайсиз?
- Бу ҳам ўзига хос тарихга эга. Прага шаҳрига учаётганимда ўзбекистонлик Элеонора исмли қиз билан танишиб қолгандим. Очиғи, ўзга давлатда юртдошимни кўриб жуда хурсанд бўлганман. Бир сафар у билан кўришгани борганимда, дугонаси Оксана ҳамроҳлигида келганди. Ўшанда у билан танишиб, вақт ўтгач, ёқтириб қолгандим. Рафиқамнинг камгап ва камтарлигини қадрлайман. Тўғриси, нотанишлар билан тез чиқишиб кетолмайман, Оксанани учратганимда эса барчаси бошқача кечди: бир-биримизни жуда яхши тушунардик. Оксана билан 3 йил учрашиб юргач, ниҳоят, турмуш қуришга қарор қилгандик. Тўйимиздан аввал уни Ўзбекистонга олиб келиб, ота-онамнинг розилигини олдик. Фурсатдан фойдаланиб, улар менинг қароримни ҳурмат қилишгани учун раҳмат айтмоқчиман.
- Сиз билан бирга ишлаган энг кучли уч нафар мураббий номини санаб бера оласизми?
- Жуда мураккаб савол. Виктор Кумиков - ўз ишининг ҳақиқий устаси. Ўйинларга тайёргарлик чоғида видеолавҳалар орқали футболчиларга жараённи оддий икир-чикиригача тушунтириб берарди. Баъзи мураббийлар ўйиндан олдин «Демак, йигитлар, бугун 3-5-2 схемасида ўйнаймиз», деса, Кумиков бошқачароқ йўл тутарди. Барчасини эринмай тушунтирарди. «Слован»даги устозим Йозеф Янкешдан ҳам кўп нарса ўргандим. 1937 йилда туғилган тажрибали мутахассис жуда қаттиққўл ва талабчан эди. Ёшлари бир жойга бориб қолган бўлсада, футбол оламида етакчи мураббийлардан бири саналарди. Нималар қилишни ёрдамчилари кўрсатиб беришарди. Қадрлайдиган мураббийларимдан яна бири - Тачмурод Агамуродов. У ҳам Кумиковга ўхшаб ўз ишига жуда яхши муносабатда. Бу инсонни тажрибали устоз сифатида ҳурмат қиламан. Агамуродовнинг ҳар бир машғулотида қандайдир янгилик бўлади. Умуман олганда эса, менга футбол сир-асрорларини ўргатган барча мураббийларимдан миннатдорман.
Камолиддин АЛИМОВ суҳбатлашди