Пойтахтимиздаги “Ёшлик” аренаси шу кунларда аёллар жамоалари ўртасидаги футзал бўйича Ўзбекистон чемпионатига мезбонлик қиляпти. Ўн иккинчи маротаба ташкил этилаётган мамлакат чемпионатининг иккинчи тур баҳсларида кутилганидек, амалдаги чемпион “Севинч” жамоаси пешқадамлик қиляпти.
Қаршилик футзалчи қизлар кеча Нукус шаҳрининг “Қирқ-қиз” жамоасидан 7:0 ҳисобида устун келишди. Кечаги ғалабадан сўнг “Севинч” жамоаси тўплаган очколар сони 21тага етди. Иккинчи ўриндан “Тўмарис” жамоаси жой олган. Кеча улар Тошкент Ахборот технологиялари университети жамоаси дарвозасига жавобсиз тўққизта тўп киритишди. Кучли учликка 15 очко билан Андижоннинг “Андижанка” клуби якун ясаган.
Маълумот ўрнида айтиш жоиз, 2004 йилдан бери ўтказиб келинаётган барча, яъни 11та Ўзбекистон чемпионатида “Севинч” жамоаси чемпионликни қўлга киритган. Учинчи тур баҳслари 22-27 март кунларига белгиланган. Якуний босқичда кучли олтиликдан жой олган жамоалар чемпионлик ва совринли ўринлар учун кураш олиб боришади.