“Насаф”нинг ОЧЛдаги рақиби – Саудия Арабистонининг “Ал-Аҳли” жамоаси ҳақида мухлисларга маълумот беришда давом этамиз.
Футбол ишқибозлари 24 февралда бўлиб ўтган “Ал-Аҳли” – “Насаф” 2:1 учрашувини томоша қилишди. Ушбу учрашувдаги “Насаф”нинг кўрсатган ўйини кўпчиликка маъқул бўлди. Аммо ўйинни бошқарган япониялик ҳакам Сато Рюининг ҳаракатларидан кўпчиликнинг кўнгли ҳам қолди.
Лекин жиддаликларнинг қандай кучга эга эканлигини бир ёки икки ўйинда билиш жуда қийин. Бу клуб жуда кучли таркибга эга жамоа ҳисобланади.
Легионер футболчилари
Клуб ОФК томонидан легионерлар бўйича берилган лимитдан тўлиқ фойдаланган. Қуйида “Ал-Аҳли” жамоаси легионерлари билан танишинг.
10-рақамдаги грециялик ярим ҳимоячи Иоаннис Фетфацидис, 25 ёш
70-рақамдаги бразилиялик ҳужумчи Марко Антонио (Маркинио), 30 ёш
9-рақамдаги суриялик ҳужумчи Умар Ал Сома, 26 ёш
13-рақамдаги мисрлик ҳимоячи Муҳаммад Абдул Шофий, 31 ёш
Саудия Арабистони МТЖда тўп тепадиган ўйинчилари
Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, жамоа сафида тўп тепаётган маҳаллий футболчилар орасида ҳам кучли футболчилар етарли даражада. Айни пайтда мазкур жамоанинг олти нафар футболчиси мунтазам равишда миллий терма жамоа сафига чақирилмоқда ва майдонга тушмоқда.
Қуйида ана шу ўйинчиларни таништириб ўтамиз.
25-рақамдаги ҳимоячи Мутаз Ҳавсавий, 24 ёш
3-рақамдаги ҳимоячи Усамо Ҳавсавий, 31 ёш (чапдан иккинчи)
8-рақамдаги ярим ҳимоячи Тайсир Ал Жассим, 31 ёш (чапдан биринчи)
31-рақамдаги ҳимоячи Мансур Ал Ҳарбий, 28 ёш
4-рақамдаги ярим ҳимоячи Волид Бакшивин, 26 ёш
47-рақамдаги ҳужумчи Мустафо Ал Бассас, 22 ёш. Ушбу футболчи жароҳати борлиги туфайли ҳозир майдонга тушмаяпти.
Шуниси аҳамиятга моликки, жамоа бош мураббийи Кристиан Гросс ушбу ўйинчиларнинг барчасини бирдан ўйинга туширмайди, чунки жамоа сафидаги легионер ва МТЖ аъзоларидан ташқари ҳам яхши ўйинчилар етарли даражада.
Жамоа деярли учта тенг таркиб ўйинчиларига эга.
Мураббий ҳақида
Ўтмишда швейцариянинг “Базель”,”Грассхопперс”, “Виль”, “Ян Бойз” лондоннинг “Тоттенхэм”, германиянинг “Штутгард” жамоаларини бошқарган Кристиан Гросс 2014 йилдан ҳозиргача “Ал-Аҳли” клубини бошқариб келмоқда. Шуниси диққатга сазоворки, у тўққиз марта швейцариянинг энг яхши мураббийи номинациясига сазовор бўлган.
Кристиан Гросс 1954 йил 14 августда Швейцариянинг Цюрих шаҳрида таваллуд топган. Бу йил у 62 ёшга тўлади.
“Насаф” жамоаси мана шундай кучли жамоа билан тенгма-тенг ўйнаганлиги албатта таҳсинга сазовордир. Агар учрашувдаги ҳакам томонидан йўл қўйилган “хатолар” содир бўлмаганда, балки “аждарлар” дуранг ёки ғалабани қўлга киритишлари ҳам мумкин эди.
Ана шундай муҳим ўйинда Рўзиқул Бердиевнинг энди 18 ёшга тўлган ҳужумчи Бобур Абдуҳолиқовни қўрқмасдан майдонга тушириши ва бу футболчининг учрашувда гол уриши ҳамманинг олқишига сазовор бўлди. Насиб этса, навбатдаги учрашувда яна ҳамманинг нигоҳи ушбу ўйинчига қаратилади. Ишонамизки, Бобур янада чиройли ўйин намойиш этади ва голлар уради.
Бўлиб ўтган учрашувда майдонга тушмаган 31-рақамдаги Сайдулло Раҳматов ва жамоанинг энг чаққон ўйинчиларидан – 18-рақамдаги Баҳром Абдураҳимовлар ҳам Қаршидаги учрашувда ўз жамоасига ёрдам бера олади.
Қаршидаги учрашувни мухлислар сабрсизлик билан кутишмоқда. Ҳамманинг умиди “Насаф”нинг ғалаба қозонишида. Улар бунга ҳақлидирлар. “Насаф”нинг ўтган учрашувдаги ўйини футбол ишқибозларининг ўз севикликларига бўлган ишончини янада ортириб юборди.
Хуллас, орзиқиб кутилган баҳор фаслининг иккинчи куни “Насаф”га омад келтиришини чин юракдан ҳоҳлаймиз. Олға “Насаф”!