Европа Футбол уюшмалари иттифоқи (УЕФА)нинг янги бош котиби жума куни сайланади. Маълумки, ўтган жума куни УЕФА бош котиби Жанни Инфантино Халқаро футбол федерацияси (ФИФА) президенти этиб сайланган эди. Шу муносабат билан у УЕФАдаги лавозимидан воз кечиши керак.
Айни дамда Европа Футбол уюшмалари иттифоқи бош котиблигига Теодор Теодоридис асосий даъвогар экани айтилмоқда. У шу кунга қадар УЕФА бош котибининг ўринбосари лавозимида ишлаб келарди. УЕФА Ижроия қўмитасининг аъзоси Франтишек Лауринецнинг сўзларига қараганда, жума куни Ижроия қўмитанинг мажлиси бўлиб ўтади, унда вақтинча бош котиб лавозимини бажариб турувчи сайланади. Май ойида бўлиб ўтадиган конгрессда бу борада узил-кесил қарор қабул қилинади.
УЕФА Бош котиби Жанни Инфантино жума куни Халқаро футбол федерациясининг ҳисоб бўйича тўққизинчи президенти этиб сайланди. Эндиликда 45 ёшли амалдор ташкилотни инқироздан олиб чиқиши керак бўлади. Конгресс ишида ФИФАга аъзо 209 давлат вакиллари иштирок этди. Бироқ Индонезия ва Кувайт овоз беришдан маҳрум қилинган эди. Шу сабабли 207 та мамлакат вакили овоз беришда иштирок этди. Президент сайлови икки босқичда бўлиб ўтди. Биринчи раунда номзодлардан ҳеч бири етарлича овоз олмади. Сайлов аввалида номзодларнинг хаммасига ўз дастурларини билдириш учун 15 дақиқадан вақт берилди. Энг оташин нутқ жанубий африкалик Токио Сексвале томонидан идрок этилди. Тўғри у сўзининг якунида номзодини қайтариб олишини маълум қилди. Натижада тўрт номзод қолди. Бироқ улардан ҳеч бири етарлича овоз олмади. Биринчи раундда Инфантино 88 та овоз олди. Унинг асосий рақиби шайх Салмон бин Иброҳим аль-Халифага эса 85 та овоз насиб қилди. Шаҳзода Али бин Ал-Хусайн 27 та, Жером Шампань эса 7 та овоз олди. Иккинчи раундда эса Инфантино 115 делегат томонидан қўллаб-қувватланди. Бу унинг ғалаба қозониши учун етарли бўлди.
Сайловлар тугаши билан нутқ сўзлаган Инфантино ҳис-ҳаяжонини яшириб ўтирмади ва ФИФА ҳурматга сазовор ташкилот эканини, унинг обрўсини қайта тиклаш йўлида бор кучини сарфлашини таъкидлади. Шу тариқа Инфантино ўз устози Йозеф Блаттер лавозинини эгаллади. “Инфантино тажриба, билим, стратегик ва дипломатик кўникмаларга эга. У менинг ишимни давом эттира олади ва ФИФАдаги вазиятни барқарорлаштира олади”, деди Блаттер. Таҳлилчиларнинг фикрича, Инфантинони нафақат Европа балки бутун дунё қўллаб-қувватлайди.
ФИФА Конгрессида ташкилотни ислоҳ қилишга қаратилган бир қатор қарорлар қабул қилинди. Бу ҳужжатлар махсус қўмита томонидан тайёрланди. Маълумки, ислоҳотлар ўтган йилнинг декабрида Ижроия қўмита томонидан бир овоздан маъқулланган эди. Бироқ навбатдан ташқари Конгрессда унга қаршилар ҳам топилди. Масалан, Фаластин футбол федерацияси ислоҳотларни танқид қилар экан, бу ислоҳотлар ФИФАни тижорат компаниясига айлантириб қўйишини таъкидлади. Бунинг натижаси ўлароқ ФИФА Низомига киритиладиган ўзгартишларни 179 нафар вакил қўллаб-қувватлаган бўлса, 22 киши қарши чиқди. Ислоҳотлардан бирига кўра, бир шахс тўрт йилик муддат билан кетма-кет уч марта ФИФА президенти этиб сайланиши мумкин. Худди шу каби чекловлар ФИФА Кенгаши, аудит бўйича ижроя қўмитаси, суд органларига ҳам тааллуқлидир. Янги тузилмага кўра, ташкилот Ижроия қўмитаси ўрнига президент раҳбарлигида Кенгаш ташкил этилди. Бу кенгаш футболни ривожлантиришга қаратилган стратегик масалалар билан шуғулланади. Кенгаш таркибига 36 киши киритилган. Шундан 9 нафари УЕФА, 7 нафардан Осиё ва Африка футбол конфедерациялари, 5 нафардан эса Шимолий ва Марказий Америка, 5 нафари эса Жанубий Америка, 3 нафари эса Океания футбол конфедерациялари вакилларидир. Ҳар бир конфедерациядан камида бир аёл Кенгашга аъзо бўлиши керак.
Ташкилот қўмиталари сони аввал 26 та бўлса, эндиликда уларнинг сони 9 тага камайтирилди. Бундан кейин ҳар йили президент, бош котиб, Кенгаш аъзолари, қўмита раислари ва суд идоралари аъзоларининг маошлари эълон қилиниб борилади.
Ташкилотнинг молиявий аҳволи ҳақида гапирадиган бўлсак, ФИФА Бош котиби вазифасини бажарувчи Маркус Каттнернинг сўзларига қараганда, ташкилот бу борада мураккаб вазиятда турибди. У ташкилот босим остида эканлигини қайд қилар экан, бюджетда камомад кузатилишидан огоҳлантирди. 2015-2018 йиллар учун 550 миллион доллар етишмаслигини эслатиб ўтди.
Бироқ ФИФА янги президенти Жанни Инфантино ўзи бошчилигида ташкилот банкортга учрамаслигини ваъда қилди. “Молиявий вазиятни тўғри ўзанга солиш масаласида менда тажриба бор. Биз ҳаражатларни қисқартиришимиз мумкин. Бу муаммо эмас. Ҳомийлар ФИФАга ишонишлари керак. Мен фойда кўришимизга ишонаман”, деди Инфантино бўлиб ўтган матбуот анжуманида. У ўз сўзида ФИФА президентлигига сиёсат билан шуғулланиш учун эмас, балки футбол ривожи йўлида ишлаш учун келганини таъкидлади.
Халқаро Олимпиада Қўмитаси Президенти Томас Бах ФИФА Президенти Жанни Инфантинони янги лавозим билан табриклади ва ташкилот ислоҳоти йўлида муваффақиятлар тилади.
Шарофидин Тўлаганов