Ўзбекистон чемпионати бошланмоқда. Яна бир неча кундан сўнг олий лига ўйинларини томоша қилишимиз мумкин. Янги мавсумдан умидларимиз жуда катта. Ўзбек футболида сўнгги йилларда озми-кўп, ишқилиб, янгиликлар бўлиб турибди. Бошланаётган мавсумда ҳам ўзгаришлар давом этиши ва чемпионатимиз томошабоп бўлишидан умидвормиз.
Айнан шундан илҳомланиб, икки ҳафта муқаддам «Олий лигани томоша қилиш учун бешта сабаб» номли мақола битиб, эътиборингизга ҳавола қилган эдик. Унда Ўзбекистон чемпионатига қизиқишни оширадиган омиллардан сўз очгандик. Ушбу мақола газетамизнинг интернетдаги саҳифасида чоп этилгач, мухлислардан бири томонидан билдирилган фикр эътиборимизни тортди: «Олий лигани томоша қилиш учун бешта сабаб бўлса, томоша қилмаслик учун ҳам сабаблар етарли». Ушбу эътироз ўз навбатида, Ўзбекистон чемпионатининг оммалашишига халал бераётган сабаблар ҳақида ҳам яна бир мақола тайёрлашга ундади. Хўш, футболимизнинг «оёғидан тортаётган» қандай сабаблар бор экан? Қуйида шу ҳақда фикр юритсак...
ЎЙИН КУНИ
Ўзбекистон чемпионатидаги энг катта муаммолардан бири - ўйинларнинг мухлислар учун ноқулай вақтга белгиланишидир. Олий лига пайдо бўлибдики, бу муаммо мавжуд - учрашувлар ҳафтанинг ўртасида, боз устига, иш вақтига мос қўйиладики, ўйинни кўришни истаган мухлис ҳам стадионга боришда муаммога дуч келади. Трибуналарда одам камлиги ҳам шундан далолат. Халқимиз футболни жуда яхши кўради, буни биламиз. Аммо ҳар сафар стадионга бориш учун ишдан жавоб сўраш ҳам мумкин эмас-да...
Афсуски, янги мавсумда ҳам аҳвол ўзгаришига умид жуда кам. Ҳозирданоқ бу муаммо кўзга ташланиб турибди. Ҳартугул, олий лиганинг биринчи турини дам олиш кунлари - шанба ва якшанбага белгилашибди, раҳмат. Аммо иккинчи турданоқ яна соатга қарашга мажбур бўламиз. Боиси, ўша ўйинлар жума ва шанбага тўғри келаркан.
Шундай экан, ишхонадаги раҳбарингиз футболга қизиқадиган одам бўлса, ҳай-ҳай, бўлмаса, бошқа яна бирор нарсани баҳона қилиб, жавоб сўраб туришингизга тўғри келадими, деб қўрқамиз...
ЎЙИН СОАТИ
Аммо бу ҳам муаммонинг ҳаммаси эмас. Гап шундаки, нима учундир бизда ўйинларни кундузги вақтга белгилаш одат тусига кирган. Ҳозир-ку, майли, аммо саратоннинг жазирама кунларида ҳам қоқ тушда майдонда ҳаллослаб югурадиган футболчиларни кўрамиз. Баъзан бечораларга раҳминг ҳам келади. Ахир 40 даража иссиқда, олов пуркаб турган қуёш остида футбол ўйнашнинг ўзи бўладими? Вазият шу қадар жиддийлашадики, ҳатто ўйинлар оралиғида сув ичиб олиш учун бир дақиқалик танаффус жорий этилганини кўрдик. Аммо бу ҳам футболчиларга ёрдам бера олмаса керак. Хабарингиз бор, яқинда икки ёш футболчимиз - Одил Ҳамробеков ва Бобур Йўлдошевларнинг саломатлигида жиддий муаммолар юзага келди. Бунда ўша жазирамада ўтказилган ўйинларнинг ҳам таъсири бордир. Шундай вақтда савол пайдо бўлади - демак, ўзимизни қийнаб, ўйинларни қоқ тушда ўтказиш шартми? Боз устига, бундай учрашувларга мухлис ҳам тушмаса...
Ҳозир бизда шундай тасаввур бор - худдики, олий лига ўйинлари мажбурликдан ўтказилаётгандек. Илгари ўйин вақти кундузига тўғриланишининг қандайдир сабаблари бор эди. 3-4 йил бурун стадионларимизда ёритиш тизимидаги носозликлар туфайли ўйинларни 15:00 ва 16:00да ўтказишга мажбур эдик. Аммо энди нима халал бермоқда? Cўнгги йилларда стадион билан боғлиқ муаммолар барҳам топди. Ҳозир ҳар бир жамоа ажойиб арена ва майдонга эга.
Ҳа, шундай - футболимиз эски стадионлар ва яроқсиз майдонлардан қутулди, бироқ афтидан, эскича фикрлашдан қутулмаган кўринади. Акс ҳолда, ўйинлар вақтини бу қадар ноқулай вақтга тўғрилашдан кимга наф?
Албатта, тушунамиз, ўйинлар вақтида хавфсизлик ички ишлар ходимлари томонидан таъминланади. Шу сабабли, ўйинлар вақтини белгилашда улар билан бамаслаҳат иш олиб бориш лозим. Аммо ўз вақтида кўрилган тадбирлар билан бу масалага ҳам ойдинлик киритиш мумкин бўлса керак. Ҳали мавсум бошланмай мавжуд вазият тушунтирилса, ҳуқуқ-тартибот органлари ўйинлар вақтини бироз кечроққа белгилашга қаршилик қилмас, ахир. Агар футболчилар жазирама иссиқ остида 90 дақиқа югуришга мажбур бўлаверсалар, бу уларнинг соғлиғига салбий таъсир ўтказмаслигига ким кафолат беради?
ТАҚВИМ
Бу муаммонинг совуқ нафасини ҳали мавсум бошланмай туриб ҳис қилишга улгурдик. Ёдингизда бўлса, Ўзбекистон суперкубоги баҳси футзал бўйича юртимизда ўтказилган Осиё чемпионати чорак финали билан бир вақтга тўғри келиб қолган эди. Ўша куни Ўзбекистон футзал терма жамоаси жаҳон чемпионати йўлланмаси учун майдонга тушмаганида ҳозир бу мавзуга тўхталмасмидик. Аҳвол шундай бўлиб чиқдики, бир томонда йилда бир марта бўладиган суперкубок баҳси, иккинчи томонда эса тўрт йилда бир келадиган жаҳон чемпионати йўлланмаси ҳал бўладиган ўйин ўтказилди. Оқибатда, мухлислар қай бирини танлашни ҳам билмай қолдилар. «Бармоғимнинг унисини тишласам ҳам оғрийди, бунисини тишласам ҳам», деганларидек, мухлислар ўша куни сарсон қолдилар.
Умуман, олий лига тақвими ҳеч қачон мукаммаллиги билан мақтана олмаган. Бир қарасангиз, Ўзбекистон терма жамоаси ўйинларига мувофиқ келмагани учун ўзгаради, бошқа сафар Осиё Чемпионлар Лигасида иштирок этаётган клубларимиз манфаати йўлида ўзгаришлар қилинади. Албатта, халқаро майдондаги ўйинлар аҳамиятини яхши ҳис қиламиз ва тан оламиз. Аммо ҳамма гап шундаки, халқаро ўйинлар рўйхати бир неча ой муқаддам аниқ бўлиб улгурса, наҳотки олий лига тақвимини шунга мувофиқ тузишнинг иложи бўлмаса?
Агар вазият ўзгаришсиз қоладиган бўлса, ўзбек футболи мухлислари янги мавсумда ҳам қолдирилган ўйинлар ва бошқа кутилмаган «совғалар»га тайёр туришлари лозим.
СЎЗ ОХИРИДА
Хуллас шундай гаплар. Ишқибозлар орасида олий лигадаги муаммолардан яна бир қанчасини қалаштириб ташлайдиганлари топилади. Учрашувларнинг трансляция қилинмаслиги, молиявий муаммолар, шиддатсиз, ҳиссиз ўйинлар, савияси паст легионерлар ва яна ҳоказо камчиликларни исталган мухлис айтиб бериши мумкин. Аммо биз ҳозирча шу ерда тўхташга қарор қилдик. Халқимизда «Ёмонни ёмон деяверсанг, ёмонлиги ошиб бораверади», деган гап бор.
Яхши ният қилиб турайлик-чи, зора янги мавсум бизга янги ўзгаришларни келтириб, ижобийликни туҳфа этса...
Олий лига
1-тур ҳакамлари
5 март (шанба)
«Қўқон-1912» (Қўқон)-«Обод» (Тошкент)
Ҳакамлар: И.Танташев (Бухоро), Р.Серазетдинов (Тошкент), Р.Шояҳметов (Тошкент), И.Худойдотов (Тошкент)
Назоратчи: И.Нехочин (Наманган).
------------------------------
«Бухоро» (Бухоро)-«Олмалиқ» (Олмалиқ)
Ҳакамлар: А.Асимов (Тошкент), Т.Галеев (Тошкент), А.Пўлатов (Тошкент), Н.Қосимов (Қарши)
Назоратчи: С. Эрматов (Тошкент).
------------------------------
«Қизилқум» (Навоий)-«Машъал» (Муборак)
Ҳакамлар: Р.Эрматов (Тошкент), А.Расулов (Тошкент), Ж.Саидов (Тошкент), И.Гармашов (Тошкент)
Назоратчи: А.Арутюнов (Тошкент).
------------------------------
«Металлург» (Бекобод)-«Сўғдиёна» (Жиззах)
Ҳакамлар: В.Цейтлин (Тошкент), А.Усмонов (Тошкент), Т.Гайнулин (Тошкент), А.Рисқуллаев (Тошкент)
Назоратчи: Ш.Жумаев (Қарши).
------------------------------
«Бунёдкор» (Тошкент)-«Нефтчи» (Фарғона)
Ҳакамлар: Ш.Қосимов (Тошкент), М.Саидқосимов (Тошкент), А.Цапенко (Тошкент вил.), Д.Пислегин (Тошкент)
Назоратчи: А.Попов (Тошкент).
------------------------------
6 март (якшанба)
«Насаф» (Қарши)-«Шўртан» (Ғузор)
Ҳакамлар: Ҳ.Рўзиев (Тошкент), О.Абдувосилов (Тошкент), С.Шоюсупов (Тошкент), Д.Каримов (Тошкент)
Назоратчи: А. Ҳотамов (Тошкент).
------------------------------
«Навбаҳор» (Наманган)-«Локомотив» (Тошкент)
Ҳакамлар: Б.Намозов (Тошкент), А.Снетков (Тошкент вил.), В.Лушин (Гулистон), О.Тўйчибоев (Тошкент)
Назоратчи: Р.Айтеков (Тошкент).
------------------------------
7 март (душанба)
«Пахтакор» (Тошкент)-«Андижон» (Андижон)
Ҳакамлар: М.Муҳаммедов (Тошкент вил.), Д.Сайлалов (Тошкент), А.Сидоров (Тошкент), Р.Кападзе (Фарғона)
Назоратчи: Д. Роман (Тошкент).