Кириш Регистрация
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед

Икер Касильяс: Оила, ҳаёт ва футбол

Баҳо:
+ | -

Икер Касильяс ва унинг умр йўлдоши, таниқли  испан журналисти Сара Карбонеро яқинда машҳур теле-шоу -  En la tuya o en la mia («Меникида ёки сеникида»)  меҳмони бўлишди. Кўрсатув муаллифи Берти Осборн юлдуз жуфтликдан имкон қадар кўпроқ маълумот олишга ҳаракат қилди, албатта. Хуллас, Икер ва Сара ўз ҳаётлари ҳақида атрофлича гапириб беришди: Портуда қандай яшаётганлари, ўша машҳур бўса ҳамда иккинчи чақалоқни кутишаётгани ва ҳоказо... Касильяс табиийки, кўпроқ футболга оид саволлар юзасидан фикр юритди.

Бўлажак фарзандлари ҳақида

Сара: - Ҳа, иккинчи фарзандни кутяпмиз. Ҳозир шунинг учун ҳам ўзимни авайлашга ҳаракат қиляпман. Насиб этса, май ойи охирларига бориб, оиламизда кўпайиш бўлади. Айни пайт ўша бахтли онларни сабрсизлик билан кутяпман.

Икер: - Нима десам экан... Чақалоғимиз вақти соати келса, туғилади. Агар мавсум якунланган пайт Испанияда дунёга келса, нур устига аъло нур бўлади. Ҳа, Висенте дель Боскедан хушхабар олишни хоҳлайман. Агар у мени Евро-2016 «заявка»сига киритса, баъзи режаларимизни ўзгартиришимизга тўғри келади. Сизга айтсам, айнан шундай бўлишига мутлақо қаршилигим йўқ.

Сара: - Албатта, шахсий шифокорларимиз назоратидаман ва ўйлайманки, бу масалада қандайдир муаммо туғилмайди. Мен ҳам Икер каби фарзандимизнинг  Испанияда кўз очишини истайман, лекин ҳаммасини вақт кўрсатади.

Порту ҳақида

Сара: - Айни пайт Портуда ўзимизни яхши ҳис қиляпмиз. Бу шаҳар биз аввал яшаган жойлардан кескин фарқланади. Биринчидан, Порту анча тинч ва бу ерда мутлақо хотиржаммиз. Иккинчидан, шаҳар ҳам, унинг аҳолиси ҳам ажойиб... Энг муҳими эса, Испанияга яқинлиги. Айнан шуниси биз учун катта плюс ҳисобланади. Зеро, хоҳласак-хоҳламасак, оиламиз, яқинларимиз ва дўстларимизни қўмсаймиз. Портуда яшаётганимиз сабаб, улар билан тез-тез кўришиш имконияти бор.

ЖЧ-2010даги бўса ҳақида

Икер: - Бунинг жабрини етарлича тортдик. Хусусан, Саранинг беаёв танқидларга учрагани табиийки, менга ҳам таъсир этмай қолмади. Аслида ўша лаҳза барчасига нуқта қўйиш учун идеал имконият эди. Энг қизиғи шуки, кўпчилик бизни олқишлаганига қарамай, Испаниянинг ҳозирги ҳукмдорлари - Фелипе ва Летиция рўй берган воқеадан қаттиқ хавотирга тушишди. Ваҳоланки, бу барчамиз учун ажойиб якун бўлганди.

Сара: - Мен Икерга доимо битта гапни такрор-такрор айтаман: «Сен ўша бўса билан бутун Испанияни гангитиб қўйдинг»  (кулади). Негаки, у идеал эмас, худди ҳар биримиз каби. Нима бўлишидан қатъий назар, мен Икерни севишда давом этавераман. Битта гап: энди учраша бошлаган пайтимиз у шундай деганди: «Барча дарвозабонлар сал бошқача бўлишади, негаки, уларнинг майдондаги позициялари руҳан кучли тайёргарликни талаб этади. Ахир киперлар ортида ҳеч ким йўқ - охирги чегара бизники». Шунга мувофиқ, Икерни ҳеч қачон ортиқча айбламайман: «Сени кечираман, дарвозабон».

Таътилни қаерда ўтказишлари ҳақида

Икер:  - Ўйлашимча, Мадрид, Толедо, Авила... каби шаҳарлардан бирини танлаймиз. Гап шундаки, айни пайт Испанияни роса соғинаётганимиз рост ва юртимизга қайтиш имкониятини асло қўлдан чиқармоқчи эмасмиз.

Икернинг ота-онасига

муносабати ҳақида

Сара:  - Ўртамизда ажойиб муносабат шаклланган. Очиғи,  Икернинг яқинлари билан чиқишолмаслигим хусусидаги гап-сўзлар қаердан пайдо бўлади - буни сира тушунмайман. Мисол учун, аввалги ҳафта 3 кун  Мадридда юрдик, ўғлимиз Мартин бу вақтни тўлалигича буваси ва бувиси ёнида ўтказди.

Саранинг пазандалик

маҳорати ҳақида

Икер:  - Сара таомларни юқори дид билан тайёрлайди. Муҳими, жуда мазали... Бас шундай экан, менинг ошхонада вақт сарфлашимга ҳожат йўқ. Боз устига, бу масалада ғоят нўноқман.

 

Жозе Моуриньо билан шахсий муносабатлари ҳақида

  Икер: - Доимо можаролардан қочишга уринганман, бироқ ўзаро гаплашмаслик туфайли ноқулайлик бор эди. Гўёки, биз уруш ҳолатида юргандекмиз... Мисол учун, охирги йил давомида бир-биримиз билан мутлақо гаплашмаганмиз. Оддий айтганда, вазият ўта хунук эди. Йўқ, кўп ҳолларда ҳақ бўлганимни ишонч билан таъкидлай олмайман, яъни мендан ҳам хатолар ўтган. Ўзи ўртамиздаги муносабатлар мавсум - 2012|2013да жамоамиз муваффақиятсиз ўйнаган пайт бузилганди. Аслида биз ягона куч сифатида бирлашишимиз ва умумий ҳолатни тўғрилашимиз лозим эди. Бироқ 2013 йилнинг сентябрь - декабрь ойлари оралиғида кўп нарса ўзгариб кетди: «Малага»га қарши учрашувдан бошлаб, захира ўриндиғига михландим... Бундан ташқари, мени «Барселона» футболчилари билан гаплашишим ҳам Моуриньога ёқмасди. Ваҳоланки, ўша машҳур воқеада  Хави ва Пуйолга  кечирим сўраш учун қўнғироқ қилган эмасдим. Аксинча, агар шундай давом этсак, испан футболига зарар келтиришимизни айтганман, холос.

«Мадрид» ва «Реал» ўртасидаги рақобат ҳақида

Икер: - «Барселона» ва «Мадрид» ўртасидаги «мулойим» алоқалар терма жамоамизга таъсир ўтказишини хоҳламасдим, ахир бизни олдинда Европа чемпионати кутиб турибди. Эҳтимол, мен каталонияликларга душмандек қарамаганим  учун ҳам Моуриньо  ўзини қўярга жой тополмагандир, бироқ агар сен терма жамоа сардори бўлсанг, унда баъзи жиҳатларга енгилроқ қарашингга тўғри келади. Афсуски, терма жамоа манфаатлари йўлида «барсачилар» билан алоқа ўрнатганим туфайли бошим балога қолди.

Чигал вазият ҳақида

  Икер: - Моуриньо таснифи бўйича Адан  яхши эди ва бошланғич таркибда у майдонга туша бошлади. Ушбу ҳолат юзасидан ҳар ким ўз фикрига эга, аммо мен ҳеч нарса деёлмайман. Ўша пайт турли гап-сўзлар эшитдимки, баъзилари ғоят ранжитди. Ҳа, кўпчилик жароҳатим борлигини таъкидлади, бироқ бу ҳам ҳақиқат эмасди. Умуман, ўз шаънимга нисбатан турли бўлмағур гапларни ҳам эшитишимга тўғри келди... Аслида битта нарсани хоҳлардим - ўйинга қайтишни. Бироқ бу вақтда дарвоза  Диего Лопес томонидан банд қилинганди.

Моуриньо билан келишмовчиликлар сабаблари ҳақида

Икер: - Агар вақт орқага қайтарилганида ҳам, худди шундай йўл тутардим. Зеро, бу Касильяс-Моуриньо уруши эмасди. Аслида мураббийга ҳақиқий уруш очишим ҳам мумкин эди, лекин унинг изоҳларига жавоб қайтаришни эп кўрмадим. Чунки олдинроқ ҳам ўртамизда зиддият вужудга келган ва бу ҳол кўп нарсаларга таъсир ўтказганди: салбий натижалар, ЧЛдан тушиб кетиш, «Бернабеу»да «Қирол кубоги»ни «Атлетико»га бой бериш... Қисқаси, ўша мавсумни даҳшатли тарзда якунладим.

«Реал»дан кетгани ҳақида

Икер: - Мен ҳақимда айтмаган гаплари қолмади, лекин энг тўғри йўлни танладим, деб ҳисоблайман. Ҳа, Моуриньо даврида мен тушган ҳолат ўта ёқимсиз: ўзимни жуда ёмон ҳис қилганман. Энг ачинарлиси, индивидуал даражада шуғулланиш ва рақобатлашишга иштиёқим қолмаганди. Бундай вазиятда кетиш энг тўғри йўлдек кўринди. Хуллас, барчасини тарозига солиб, хайрлашишни лозим топдим. Лекин ҳар қандай ҳолатда ҳам, «Мадрид» ҳақида ёмон гап айтолмайман - шунчаки, айтолмайман.

Дарвозабонлик ҳақида

  Икер: - Голкиперлар одатда узоқроқ ўйнашади ва менга яна 4-5 йил юқори савияда фаолият юритиш насиб этса, ажойиб иш бўларди. «Мадрид»га устозлик қилиш? Бу жуда қийин-ов...  Ҳозирча ўйнашда давом этишни истайман, лекин яна 10 йиллардан сўнг бу масалада гаплашиб кўрсак бўлади ва умид қиламанки, ҳаммаси яхши кечади.

«Мадрид»нинг янги мураббийи ҳақида

Икер: - Зиданга тўла ишонаман. У барчасини эплайди.

Висенте дель Боске ҳақида

 Икер: - Шунчаки, ажойиб инсон. Дейлик, биргина  «Мадрид» билан эришган ютуқларининг ўзи қандай мураббий эканлигидан очиқ далолат...

Манба: Sports.ru,

Ў. УМАРОВ тайёрлади

Манба: Interfutbol.uz
Киритилди: 10:46, 09.03.2016.
Ўқилди: 2340 марта.
Фикрлар: 4 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.