Кириш Регистрация
26/12 17:30 Манчестер Сити 1-1 Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед
27/12 01:00 Ливерпуль - Лестер

Сергей Лушан:«Болалар билан ишлашдан роҳатланаман»

Баҳо:
+ | -

Хабарингиз бор, ОЧЛ «плей-офф» босқичидан ўтиб, ўз гуруҳида иккита ўйин ўтказган «Бунёдкор» ҳозирча 1 очко тўплашга улгурди, холос. Яқинда RedPen интернет нашри «қалдирғочлар» бош мураббийи Сергей Лушан билан суҳбатлашиб, мутахассиснинг ёшларни тарбиялаш борасидаги фикрлари ҳамда клубнинг келгусидаги режалари билан қизиқди. Қуйида ушбу интервьюни эътиборингизга ҳавола этамиз.

- «Бунёдкор» ОЧЛ «плей-офф» босқичидан ўтишни ажойиб тарзда уддалади. «Ал-Шабаб»га қарши баҳсда майдонга тушган 11 футболчидан 6 нафари 1995-1996 йилда туғилганлардан иборат эди. Ўйиндан олдин ёшларнинг ишонч-ни оқлашларига шубҳа қилмаганмидингиз?

- Академиямиз тарбияланувчиларининг бирортасига шубҳа билан қарамаганман, кейинчалик ҳам шундай бўлади. Улар яхши таълим олишган, тактик жиҳатдан мукаммал тайёргарликка эгалар. Бу йигитлар ўз ёш тоифаларида Ўзбекистонда энг кучли футболчилар ҳисобланишади. Ҳужумда Осиёнинг энг яхши ёш футболчиси номига даъвогарлик қилган уч нафар ўйинчи тўп суришди. Якунда ушбу соврин Достон Ҳамдамовга насиб этди. Булар тайёр футболчилар. Ўз нав-батида, ҳали юксак чўққини забт этишга улгурмаган бу иқтидорларнинг потенциали юқори эканини таъкидлаш жоиз. Уларнинг бир-икки йилдан сўнг катталар орасида Осиёнинг энг яхши ўйинчилари қаторига киришларидан умидворман.

- Сизнингча, жамоадаги авлодлар алмашинуви жараёни якунландими? Айтмоқчиманки, ўтиш ўйинида иштирок этганлар ушбу мавсумда «Бунёдкор»нинг асосий кучига айланишадими?

- Чиндан ҳам, икки йилдан буён клубда авлодлар алмашинуви давом этмоқда. Ўйлашимча, бу жараённи тўхтатмаймиз. Чунки ҳар йили «Бунёдкор» академиясидан жамоамиз сафини тўлдиришга қодир кўплаб футболчилар етишиб чиқишмоқда. Клуб стратегиясига биноан, 2-3 йилдан сўнг таркибимизнинг 80 фоизини ўз тарбияланувчиларимиз ташкил этишлари кўзда тутилган. Бизнинг академия нафақат Ўзбекистон, балки бутун Марказий Осиёда энг яхшиларидан бири саналади. Шундай экан, ёшартириш ва асосий таркибдаги рақобатни таъминлаш жараёни давом этаверади. Менинг мураббий сифатида биринчи галдаги вазифам нафақат клубимиз, балки миллий термамизга ҳам сифатли футболчиларни тайёрлаб беришдан иборат. Ўзбекистоннинг турли ёшдаги термалари таркибига назар солинг, ўсмирлардан тортиб, то бош жамоагача бўлган босқичда «Бунёдкор» вакиллари муҳим роль ўйнашади. Бу эса тўғри ишлаётганимиздан далолат. Ҳа, доимо ривожланиш кузатилмоқда, интилиш ўзгармоқда. 2008 ва 2012 йилларда ишлаб чиқилган тайёргарлик дастурлари ҳозирда эскирди. Ҳозирда 2014 йилги дастур бўйича иш юритяпмиз. Унинг самара бераётганини инобатга олсак, ўзгартириш киритишга ҳожат йўқ. Мабодо, нимадир ўхшамай қолса, янги дастур тузишга киришамиз.

- Академияга бўлажак футболчиларни қабул қилиш қай йўсин амалга оширилади?

- 2008 йили мактабимизни ташкил этгач, мамлакатимизнинг турли ҳудудларида 22та турнир ўтказдик. Ўшанда 15 мингга яқин болаларнинг ҳаракатларини кузатиб, уларнинг орасидан 36 нафарини танлаб олдик. Айнан ўша йигитлар ҳозирда жамоамизнинг асосий таркибида тўп суришмоқда. Давлатимиз бизга шундай академияни ҳадя этгач, болаларни шу ернинг ўзида қабул қилиб, уларнинг ўйинларини кузатиш имконига эга бўлдик. Демак, эндиликда ҳеч қаерга боришимиз шарт эмас, таълим олишни хоҳловчилар ўзлари келишади. Ҳар йили турли ёшдаги 5 мингга яқин болаларни синовдан ўтказяпмиз.

Махсус илмий гуруҳимизда 7 нафар мураббий, шифокорлар ва руҳшунослар бор. Бўлажак футболчиларни қабул қилишдан олдин уларнинг тиббий кўрсаткичлари текширувдан ўтказилади, улар билан психологлар ишлашади. Кейин эса ҳар бир мутахассис ўз хулосасини беради. Аниқроқ айтганда, ҳар бир болакай ҳақида бамаслаҳат қарор чиқарамиз.

Бу мавзу ҳақида савол берганингиз яхши бўлди, зеро фарзандлари қабул қилинмаган ота-оналар томонидан мунтазам равишда норозиликларга дуч келамиз. Эҳтимол улар ўз ҳудудларида энг яхшидирлар, аммо бизда рақобат кучли. Ҳозир бу ерда 600га яқин футболчилар таҳсил олишмоқда. Уларнинг 4та майдонда шуғулланишаётганини ҳисобга олсак, уззу-кун банд бўлишимиз турган гап. Боз устига, иқлимимизнинг иссиқлигини ҳам ёддан чиқармаслик керак. Айтайлик, ёзги соат бирларда ҳеч бир мураббий шогирдларини машғулотга олиб чиқмаслиги тайин.

Асосий вазифамиз - суперюлдузлар эмас, балки болаларни тарбиялаш эканини унутмаслик даркор. Ватан ва спортга муҳаббат руҳида тарбиялаш. Қолаверса, уларнинг соғлиғи ҳақида ҳам қайғурмоғимиз лозим. Ушбу 600 тарбияланувчидан фақатгина 10-15 нафари ҳақиқий футболчи бўлиб етишиб чиқади. Бу жаҳондаги ҳар қандай академия учун яхши кўрсаткич. Болаларнинг ҳаммаси ҳам ушбу спорт турида фаолиятларини давом эттира олишмайди. Шу боис, қайтараман, асосий вазифамиз - уларни инсон сифатида тарбиялаш.

Ота-оналарнинг шикоятларига келсак, бу спорт экани ва ҳамиша кучли рақобат мавжудлигини инобатга олишларини сўрардим. Ҳар қандай вазиятда ҳам биз доимо имконият яратиб берамиз. Биринчи имтиҳондан ўтолмаган болакай, ярим йилдан сўнг яна ташриф буюриши мумкин. Мисол учун, 2015 йил якунларига кўра, қитъамизнинг энг яхши ёш футболчиси номини қўлга киритган Достон Ҳамдамов ҳам биринчи синовдан ўтолмаган. Кейинги сафар келиб, ўзини кўрсатгач, уни қабул қилгандик. Бу одатий ҳол. Ота-оналар вазиятни тўғри тушуниб, фарзандларига вақт ажратишлари лозим. Болакай ниманидир эплай олмаяптими, марҳамат, отаси у билан шуғуллансин. Биз индивидувал дастур бўйича иш кўрамиз: ярим йилдан сўнг бола ўша даражани такрорласа, бу ота-онасининг у билан шуғулланмаганидан далолат. Айниқса, бу гап оталарга тааллуқли. Биз тақдим этган индивидуал дастур бўйича шуғуллантиришса, болакай албатта, ўсишга эришади.

- Тарбияланувчиларни танлаш қийин кечадими?

- Биласизми, селекция - нозик масала. Айниқса, психологик нуқтаи назардан олиб қараганда. Ҳамманинг ўзига яраша иқтидори, қайсидир фаолиятга мойиллиги бўлади. Футболга қизиқиши кучли болалар кўп учрайди. Вазиятни имкон қадар тўғри тушунтиришга уринамиз, чунки болакайга топшириқларни эплай олмагани учун қабул қилинмаганлиги айтилса, бу унинг руҳиятига салбий таъсир кўрсатади. Шундай ҳолатда ота-оналар ташаббусни ўз қўлларига олишлари муҳим. Масалан, «Ўғлим, ҳечқиси йўқ, бу сафар ўтолмаган бўлсанг, кейингисида уддалайсан», де-йишлари мумкин. Ҳар ҳолда, 90 фоиз ишни оилавий муҳит бажаради. Қолгани эса тарбияланувчиларнинг кун давомида қандай меҳнат қилишларига боғлиқ. Ўйлашимча, иқтидори йўқлар ҳам эрталабдан кечгача тинмай ишлаш эвазига юксак кўрсаткичларга эришишлари аниқ.

- Академияда харажатлар қандай тақсимланади?

- Биринчи навбатда, озиқ-овқат, яшаш жойи, инвентарлар, экипировкалар, мураббийлар маоши, турли ёш тоифасидаги жамоаларни хорижда ташкил этиладиган топ-турнирларга жўнатишга маблағ ажратилади. Шунингдек, ҳар йили Наврўз байрамига бағишланган «Бунёдкор» клуби кубоги» мусобақасини ўтказамиз. 14 ёшлилардан умуман пул олмаймиз. Чунки бу айнан болакайнинг келгусида ўйнаб кета олишини аниқлаб берадиган ёш. Жаҳон тажрибаси шуни тақозо этади.

- Шахсан сизга тайёр профессионал футболчилар билан ишлаш ёқадими ёки аксинча, миллионлар ўйинига эндигина қадам қўяётганларни шуғуллантиришми?

- Болалар билан ишлашдан роҳатланаман. Билиминг, тажрибанг, ғояларинг иш бераётганини кўриш ёқимли. Болакайлар янги келишганида ҳеч нимани билишмайди, ярим йилдан кейин эса «бразилиялик»ка айланишади. Меҳнатларинг самарасидан баҳра олишга нима етсин. Умуман эса, ким билан ишлашимнинг фарқи йўқ. Олий лигада ҳам, қуйи дивизионда ҳам, йигитлар ёки қизлар билан меҳнат қилишдан ҳузурланаман. Асосийси - вақтимни майдонда футболчилар билан ўтказсам бўлгани.

- Фаолиятингизни мураббий сифатида давом эттиришингизга нима туртки бўлди?

- Футболни жуда севаман (кулади).

- Миллионлар ўйинидаги ҳозирги қарашларингиз илк бор мураббий сифатида иш бошлаган пайтлардагидан нимаси билан фарқланади?

- Дастлаб жамоа бошқарувини қўлга олганимда, деярли мураббий эмасдим. Аниқроғи, олий лига мураббийи, демоқчиман. Болалар ва ўсмирлар футболида кўп нарсани ўрганганимга қарамай, элита даражасидаги билимларим у қадар етарли эмасди. Лекин барибир, ўшанда ҳам ишимга муносабатим ҳозирги билан бир хил бўлган - суткада 24 соат меҳнат. Ким ишини уддалай олмаса, унга бу ерда жой йўқ. Ахир севган касбинг учун бор кучингни сафарбар этмай туриб, қандайдир натижага эришиш мумкинми? Боз устига, бунинг учун маош ҳам беришса...

- Фаолиятингиз қизиқ ва диққатга молик воқеаларга бой тарзда кечган. Шунга қарамай, нимадандир афсусланганмисиз?

- Ҳа, ёш ва содда бўлганимдан афсусланаман. Айрим ҳолларда тўғри йўл кўрсатиб, изга солишга кўмаклашувчи инсонга эҳтиёж сезганман. Ҳозир шогирдларимнинг ҳаракатларини кузата туриб, уларнинг ўрнига ўзимни қўйиб кўраман. Ҳамма шароитлар етарли, тонгдан оқшомгача ишласанг, нафақат «Бун-ёдкор», балки «Барселона»да ҳам ўйнашинг мумкин. Фақат меҳнат қилсанг бўлгани. Ёшлигимда буни тушунмаганман. Қайсидир паллада ишимни охирига етказмаганман, аҳмоқлик қилганман. Ҳозир эса мураббий сифатида «Сергей, етар, энди ишла», дейдиганларга эҳтиёж сезмайман. Ҳар куни бор кучимни ишга соламан. Афсуски, сутка 30 эмас, балки атиги 24 соатдан иборат, холос.

- Мураббий сифатида ўз олдингизга қандай мақсадларни қўйгансиз?

- Қаерда ишлашимдан қатъий назар, ниятим - ғалабаларга эришиш. Фақат юксак чўққини забт этишга уринаман. Бошқача бўлиши мумкин эмас.

 

ҚИСҚАЧА МАЪЛУМОТ

Сергей Лушан - футболчи, мураббий. 1973 йилнинг 9 апрелида Тошкент шаҳрида туғилган. Ўйинчилик фаолияти давомида Ўзбекистон ва Россиянинг турли клубларида тўп сурган. Ўзбекистон термаси либосида 28та баҳсда майдонга тушган. 2011 йилдан буён «Бунёдкор» футбол клуби тизимида мураббий сифатида меҳнат қилмоқда. Ҳозирда «қалдирғочлар»нинг бош мураббийи ҳисобланади.

Шерзод ЭГАМБЕРДИЕВ суҳбатлашди

Манба: RedPen.uz

Манба: Interfutbol.uz
Киритилди: 10:34, 11.03.2016.
Ўқилди: 2958 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.