Кириш Регистрация
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина 1-2 Удинезе
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо

Улар эрта кунда пул учун топ-лигалардан кетишганди

Баҳо:
+ | -

Уэсли Снейдер, Дэвид Бекхэм, Самуэль Это~О, Асамоа Гьян - булар топ-лигалардаги фаолиятдан кўра, топ-маошни устун қўйган сара футболчилардан айримлари. Ҳа, юлдузларнинг энг  охирида келажак учун озгина жамғарма тўплаш илинжида Яқин Шарқ ёхуд океан ортига йўл олишлари табиий ҳолга айланиб бормоқда. Аммо баъзилар бу масалада ҳаддан зиёд шошиладилар ҳам. Яъни еврофутболни гуллатишга қодир бўла туриб, мўмай шартнома ортидан миллионлар ўйини марказидан кетишни маъқул кўрадилар. Қуйидаги мақола шундай футболчилар ҳақида.

Асамоа Гьян - 2011 йилнинг ёзида, 25 ёшида «Сандерленд»дан «Ал-Айн» (БАА) клубига ўтди. Айтиш мумкинки, у футбол ва пул тенг вазиятда турганида, иккинчисини танлашдан заррача уялгани йўқ. Зеро, Африка футболининг охирги 10 йилликдаги энг яхши ҳужумчиларидан бири бунгача Италия («Удинезе», «Модена»), Франция («Ренн») ва Англия («Сандерленд»)да ўйнашга улгурган, муҳими, Европада унга талаб ҳам бор эди. Бироқ Асамоа Анг­лияда мавсум давом этаётган бир паллада мутлақо кутилмаган ҳолда, БААга йўл олди - аввалига ижара келишуви асосида, кейин эса тўлақонли шартномага мувофиқ. Шу қадами билан Гьяннинг ўзи оз бўлмаган маоши бирданига нақ 4 баробар ошди. Ганалик ҳужумчи бунга ҳам қониқмади, чоғи, ўтган ёз «Ал-Айн»­ни ташлаб, Хитойнинг «Шанхай Шенхуа» клуби сафига қўшилди. Чин юртида унга ҳафтасига чамаси 227 минг фунт стерлинг миқдорида маош тўлашяпти. Хуллас, Асамоа айни пайт жаҳон футболида энг кўп маош олувчи ўйинчилардан биридир. Африкалик ҳужумчи энди 30 ёшини қаршилади, «Ал-Айн»да ўртача ҳисобда битта  ўйинда 1тадан кўпроқ гол ҳосил қилгани эса кенг оммани қизиқтирмади, ҳисоб. Бир томондан, Гьянни шахсий танлови учун айблаш ноўрин. Ахир у чўнтагини қаппайтириш баробарида Осиёда футбол ривожига имкон қадар ҳисса қўшмоқда-ку...

Фелипе Кайседо - 2014 йилнинг январида, 25 ёшида Москванинг «Локомотив» жамоасидан «Ал-Жазира» (БАА)га ўтди. Эквадорлик форвард вақтида «Манчестер Сити»га тегишли эди. «Локомотив»га эса Испаниянинг «Леванте»сидан келди. Эътиборлиси, Фелипе испан диёрида ижара келишувига асосан ўйнаб, ғоят яхши таассурот қолдирганди. Бироқ Россияда ишлари унча юришмади ва у кўпроқ пул топиш илинжида Осиё футболига юзланди. Тўғри, Кейседо африкалик Гьяндан фарқли ўлароқ, араб диёрида узоқ қолмади. Яъни атиги бир йилдан сўнг Европага қайтди ва иккинчи мавсумдирки, «Эспаньол»да чакки ўйнамаяпти.

Фернандо Муслера - 2011 йил,  25  ёшида «Лацио»дан «Галатасарой»га ўтди. Туркия албатта, БАА ҳам, Хитой ҳам эмас, лекин турк чемпионатининг «кўҳна қитъа»да етакчи лигалар сирасига кирмаслиги ҳам айни ҳақиқат. Уругвайлик дарвозабон эса Италияда етарлича ҳурмат топган ва мудом суперклублар нигоҳида турарди. Умуман, у Туркияга йўл олишигача бир неча марта жаҳоннинг энг яхши киперлари қаторига қўшилганди. Хуллас, Муслера ўз фаолиятининг  чўққисига чиққан ва кўпчилик уни топ-лигалардан бирида кўришни кутаётган эди. Бироқ «Галатасарой» кучли клублардан кўпроқ маош таклиф қилди, чоғи, у турк заминида ўйнашни маъқул кўрди.

Паулиньо - 2015 йилнинг ёзида, 27 ёшини қаршилашига бир ой қолганида Хитойга кўчиб ўтиб, «Гуанжоу Эвергранд» клуби билан шартнома тузди. Шундан 2 йилча олдин «Тоттенхэм» унинг учун нақ 17 млн. фунт стерлинг тўлаган ва ҳамма клуб соҳиби Дэниэль Левининг навбатдаги муваффақиятли трансферни амалга оширганини тахмин қилганди. Чунончи, Паулиньо ўша вақт Бразилия терма жамоасида асосий ярим ҳимоячилардан саналарди, шунга яраша, кўплаб топ-клублар эътиборини ўзига қаратганди. Боз устига, тахминий трансфер нархи анча баланд эканлиги қайд этилганди. Бироқ бразилиялик иқтидор эгаси амалда  «Тоттенхэм»нинг лоақал асосий ўйин­чиси даражасига ҳам кўтарилолмади. Натижада АПЛдаги ғалати 2 мавсумдан сўнг «тақачилар» футболчини харид қилинган суммадан деярли икки баравар арзон нархда сотишди. Лекин Паулиньонинг ўзи Англиядаги омадсизлик туфайли дарҳол таслим бўлмай, дейлик, Испанияга юзланиши мумкин эди. Қолаверса, туманли ўлкада ҳам бошқа бир қатор клублар унинг хизматига қизиқишаётганди.

Жовани дос Сантос - 2015 йилнинг ёзида, 26 ёшида «Вильярре-ал»дан «Лос-Анжелес Гэлэкси»га кетди. «Барселона» тарбияланувчиси вақтида жонажон клубида ўта ёрқин дебют қилганди, бироқ кейинчалик Хуанде Рамоснинг таклифига учиб, «Тоттенхэм» аъзосига айланди ва кўп ўтмай, Харри Реднапп қўл остида «барбод» бўлди. Мексикалик ҳужумкор ярим ҳимоячи-форвард шундан сўнг фаолиятини яна Испанияда қайта жонлаштиришга уринди. Хусусан, «Мальорка»да ва «Виль-ярреал»даги биринчи мавсумда ёмон ўйнагани йўқ. Бироқ ўтган ёз шу муваффақиятли юришини ривожлантириш ўрнига негадир  MLSга йўл олди. Тўғри, бу борада «негадир» ибораси унча ўринли эмас - нега бўларди, албатта пул учун-да...

Алекс Тейшейра - жорий йилнинг февралида, 26 ёшида «Шахтёр» (Донецк)ни Хитойнинг «Цзянсу Сунин» клуби билан алмаштирди. Ваҳоланки, унинг «Ливерпул»дан қўним топиши кутилганди. Энг ёрқин мисол: «Шахтёр»нинг бразилиялик навбатдаги супертопилмаси ҳозирча Фернандиньо, Виллиан ёки Дуглас Коста йўлини такрорлагани йўқ. Тўғри, Виллиан ҳам аввалига соф футболча қарорга келган эмасди, яъни АПЛда пайдо бўлгунга қадар Россияда оз-моз ўйнаш (пул иш-лаш)га улгурди. Эҳтимол, Алекс Тейшейра ҳам ҳали еврофутболга қайтар...

Матей Кежман - 2006 йилнинг ёзида, 27 ёшида Мадрид «Атлетико»сини ташлаб, «Фенербахче» «аскари»га айланди. Серб ҳужумчиси аср бошида ПСВ учун шу қадар кўп гол урдики, «Челси» уни харид қилишни пайсалга солмади. Бироқ голеадор Лондонда голеадорлик фазилатини намойиш этолмади ва «Атлетико»да бир мавсум тўп сургач, Туркия томонларга «қочди». Орадан 2 йил ўтиб, «ПСЖ»да кўриниш берди, аммо кеч бўлганди. Якунда Кежман Россия, Беларусь ва ...Гонконгда фаолият юритди.

Элано - 2009 йилнинг ёзида, 28 ёшида «Манчестер Сити»дан «Галатасарой»га ўтди. «Шаҳарликлар» учун муҳим ўрин тутувчи ярим ҳимоя­чи ўша вақт юлдузларни бирин-кетин сотиб олишни бошлаган клубда ортиқча бўлиб қолганди. Лекин  бир қатор номдор жамоалар унга эҳтиёж сезишаётганди. Шунга қарамай, Туркияда ўйнаш вариантини танлаган Элано клуб футболида  етарли даражада шуҳратга бурганмади. Тўғри, «Галатасарой»да ўйнаб ҳам, Бразилия терма жамоасидан жой олаверди, хусусан, ЖЧ - 2010да қатнашиб, ҳаттоки, 2та гол урди.

Рамирес - йил бошида (январда), 28 ёшида «Челси» билан алоқани узиб, «Цзянсу Сунин» вакилига айланди. Хуллас, у ҳам Хитой футболи инқилобининг қаҳрамонларидан бири. «Челси» билан  Европада етарлича ғалабаларни тантана қилган (ЧЛ, ЕЛ ва АПЛда) ярим ҳимоячи охирги йилларда захира ўриндиғида жуда-жуда зерикканди, шундай бўлсада, унда Европадаги бошқа бирор кучлироқ жамоа сафига қўшилиш имконияти йўқ эмасди. Аммо Рамирес буёғига пул ҳақида бош қотириш зарур, деб ўйлади, чоғи, хитойликлар таклифини хурсанд ҳолда қабул қилди.

Жервиньо - шу йилнинг январида, 28 ёшида «Рома»дан кетиб, Хитойнинг «Хэбэй Форчун» клуби сафига қўшилди. Ўхшаш  сюжетли яна бир тарих: ҳозирда айримлар учун  «Реал»да ЧЛ «плей-офф» босқичларида кураш олиб бориш ёки «А» сериясида кучли учликка киришга уринишдан кўра, Европадан олисдаги Хитойда ўйнаш афзалроқ... 

Себастьян Жовинко - 2015 йилнинг январида, 28 ёшида «Ювентус»дан кетиб, «Торонто» сафини тўлдирди. «Кекса синьора» тарбияланувчиси ҳарчанд уринмасин, жонажон жамоасида суперюлдузга айланолмади, барибир. Натижада ўтган йили ҳафсаласи пир бўлиб, бу орзудан воз кечиб қўя қолди. Италиялик митти ҳужумчи MLSда анча кўп гол урмоқда, олаётган маоши эса янада кўпроқ. Аниқроқ айтсак, канадаликлар Жовинкога йилига 7 млн. доллар беришяпти. Ундан биргина  Кака каттароқ маошга эга.

Уэсли Снейдер - 2013 йилнинг январида, 28 ёшида «Интер» (Италия)дан кечиб, «Галатасарой» либосини кийди. «Нерадзурралар» билан  клуб футболида мавжуд деярли барча совринларни ютган, Голландия терма жамоаси сафида жаҳон чемпиони бўлишига бир баҳя қолган ақлли йигитнинг ушбу қадами кўпчиликни анча ажаблантирди. Аслида «Олтин тўп»га бир неча марта даъво қилган, аммо унга етолмаган голланд итальянлар билан  янги шартнома масаласида келишолмай, Туркияга қиё боққанди. Аммо шуниси ҳам борки, ўша пайт уни «Манчестер Юнайтед»да интизор кутишаётганди.

Жексон Мартинес - жорий йилнинг февралида, 29 ёшида «Атлетико» билан Ла-лига ва ЧЛда шов-шув кўтариш мақсадидан воз кечиб, Хитойнинг «Гуанжоу Эвер-гранд» клуби таркибига қўшилди.  Ваҳоланки, колумбиялик суперфорвардни топ-лигаларда узоқ кутишганди, у эса элит даражада атиги ярим йил ўйнаш билан чекланди. Боз устига, «Атлетико» ўтган ёз Мартинес учун «Порту»га чамаси 35 млн. евро тўлаганди. Тўғри, ўз жойида колумбияликнинг «матрасчилар» сафида дарҳол ўзини кўрсатолмагани, шу сабаб, испанлар юзага келган биринчи имкониятдаёқ трансферга розилик беришганини таъкидлаш жоиз.

Самуэль Это~О  - 2011 йилнинг ёзида, 30 ёшида «Анжи» таклифини қабул қилди. Албатта, манфаатли шартнома туфайли. Кейинчалик «Челси»даги фаолияти шуни кўрсатдики, камерунлик голеадор аслида яна 2-3 йил топ-даражада ўйнашга қодир бўлган экан. Бироқ у миссионерлик ролини танлаб, маълум вақт сайёрамизнинг энг кўп маош олувчи футболчиси мақомида юрди.

Дэвид Бекхэм - 2007 йилнинг ёзида, 32 ёшида Мадриднинг «Реал» клуби билан хайрлашди ҳамда «Лос-Анжелес Гэлэкси» сафини тўлдирди. 32 ёш - бу фахрийлик белгиси. Бошқача айтганда, аксарият футболчилар шу ёшда талабга қараб, кексалик учун пул жамғариш мақсадида қаергадир йўл олишади. Лекин Бекхэм кейинчалик деярли 38 ёшида ҳам  «ПСЖ» сафида ЧЛ «плей-офф» баҳсларида  чакки кўринмади. Шуни ҳисобга олиб айтсак, инглиз юлдузи соф футболча маънода анча шошилди, шекилли. Ҳарқалай, у евромайдонларда яна бир неча йил бемалол жавлон уриши мумкин эди...

Манба: Sports.ru,

А. АҲМЕДОВ тайёрлади

Манба: Interfutbol.uz
Киритилди: 09:27, 23.03.2016.
Ўқилди: 3929 марта.
Фикрлар: 2 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.