Кириш Регистрация
01/10 00:00 Вильярреал 3-1 Лас-Пальмас
01/10 00:00 Борнмут 3-1 Саутгемптон
01/10 13:00 Сентрэл Кост 1-2 Бурирам Юнайтед
01/10 15:00 Кавасаки Фронтале 0-1 Квангжу
01/10 15:00 Поханг Стилерс 3-0 Шангхай Порт
01/10 17:00 Жоҳор Дорул Таъзим 3-0 Шангхай Шенхуа
01/10 21:00 Сепоҳон 4-0 Истиқлол Душанбе
01/10 21:00 Шаржа 2-2 Ал-Виҳдат
01/10 21:45 Зальцбург 0-4 Брест
01/10 21:45 Штутгарт 1-1 Спарта
01/10 23:00 Ал-Ҳилол 5-0 Аш-Шорта
01/10 23:00 Ал-Ғарафа 4-2 Ал-Айн
01/10 23:59 Арсенал 2-0 ПСЖ
01/10 23:59 Байер 1-0 Милан
01/10 23:59 Боруссия Д 7-1 Селтик
01/10 23:59 Барселона 5-0 Янг Бойз
01/10 23:59 Интер 4-0 Црвена Звезда
01/10 23:59 ПСВ 1-1 Спортинг
01/10 23:59 Слован 0-4 Манчестер Сити

Кака:«Менинг устозим - Руи Кошта»

Баҳо:
+ | -

«Олтин тўп»-2007 соҳиби  Кака MLSдаги иккинчи мавсумини бошлаяпти. «Орландо Сити»нинг 33 ёшли сардори So Foot журналига берган интервьюсида ҳозирги ишлари хусусида атрофлича гапириш баробарида собиқ жамоаларини эсга олди. Шунингдек, Бразилия терма жамоаси, умуман, мамлакат футболи ҳақида ҳам тўхталди.

- Францияда сизни нафақат  «Франс Футбол» нашри тақдим этган «Олтин тўп», балки яна «ПСЖ»га ўтишингиз амалга ошмай қолгани туфайли ҳам тез-тез тилга олишади. Ўзи ўшанда нима рўй берганди?

- 2003 йили «Милан» сафига қўшилганимда, Леонардо клуб спорт директори лавозимида ишларди. Лео ва Париж жамоаси ўртасида ўта илиқ муносабатлар шаклланган бўлиб, мени тажриба оширишим учун Францияга юбориш ғояси туғилди. Зеро, ўша пайт жуда ёш эдим, қолаверса, «Милан»да мен ўйнайдиган позиция кимсан Руи Кошта ва Ривалдо томонидан банд қилинганди. Лекин якунда ғоя амалга ошмади - клуб мени шунчаки, Анчелотти ихтиёрида қолдиришни маъқул кўрди.

- Натижада Руи Кошта ва Ривалдодан кўп нарсаларни ўзлаштирдингиз, шундайми?

- Шубҳасиз. Ҳар иккиси деярли битта позицияда тўп сурарди ва мен уларнинг ҳаракатларини алоҳида кузатардим. Энг муҳими шуки, орамизда ҳеч қачон қандайдир носоғлом рақобат сезилган эмас. Ривалдо билан терма жамоада танишган эдим, бироқ «Милан»да атиги ярим йил бирга ўйнадик, холос. Кошта билан ҳамкорлигимиз эса анча давомли бўлди. У кўпинча ўйинлар танаффуси чоғи барчасини эринмай тушунтирарди. Бошқача айтганда, муайян вазиятлар мисолида алоҳида таъқибчидан қандай қочиш, ҳаракатланиш учун бўш ҳудудга чиқиш ва ҳоказолар хусусида зарур маслаҳатлар берарди.

- Мальдини бир сафар шундай деганди: «Каканинг устози - Руи Кошта».

- Бу гап рост. Чиндан ҳам, орамизда устоз ва шогирд ўртасидаги каби муносабат шаклланган эди.

- Журналистларнинг футболчи шахсий ҳаёти ҳақида кўп ёлғон нарсаларни ёзишларидан нолиб, медиа одами роли етарли муаммолар келтириб чиқаришини таъкидлагандингиз. Шу маънода айтсак, футбол ҳали унча оммалашмаган АҚШда нисбатан хотиржамроқ яшаш мумкиндир...

- Нима десам экан? Агар маҳаллий матбуотни назарда тутсак, дарҳақиқат, ҳаммаси сокинроқ. Ҳарқалай, бу ерда сизни қатъий кузатув остига олишмайди, қандайдир воқеани ҳаддан зиёд  бўрттириб кўрсатишмайди. Бироқ агар сиз медиа «фигура»си бўлсангиз, доимо ўз ҳақингизда турли-туман гап-сўзлар янграшига тайёр туришингиз лозим. Тан оламан, АҚШда ўзимни анча эркин сезяпман. Мисол учун, хотиржам кўчага чиқишим ва сайр қилишим мумкин. Тўғри, охирги вақтларда бу ерда ҳам умумий ҳолат ўзгара бошлади. Дейлик, одамлар мени таниб, бирга суратга тушишни илтимос қилишлари одатий ҳолга айланди.

- «Орландо Сити»даги миссиянгиз моҳиятини тушунтира оласизми?

- Ғоянинг асосий мазмуни шуки, клубнинг тараққиётига имкон қадар ёрдам беришим керак. Нафақат «Орландо»га, балки бутун Америка чемпионатига. Мақсад - «Орландо Сити»ни футбол оламида машҳурлик даражасига кўтариш. Мисол учун, раҳбарият жамоага бразилиялик футболчиларни таклиф этишни истаяпти. Бу орқали бразилиялик мухлисларга АҚШда шундай клуб борлигини билдириш ва уларда алоҳида қизиқиш уйғотиш мақсад қилинган. Умуман, MLS тараққиёти йўлида кенг кўламли иш олиб бориляпти.

- Златан Ибрагимовичнинг айтишича, «ПСЖ» сафига қўшилган вақти клубда алоҳида ошпаз йўқлигию, бошқа ходимлар ҳам етишмаслигидан ҳайрон қолган экан. MLSда инфратузилмага боғлиқ шундай камчиликларга дуч келмаяпсизми?

- Йўқ. Бу ерга келиб кўрдимки, клуб инфратузилмаси юқори даражада, энг майда жиҳатлар ҳам эътиборга олинган. Ортиқча дабдаба йўқ, лекин ҳаммаси ўз ўрнида. Тиббиёт маркази замонавий жиҳозлар билан таъминланган, ўқув-машғулотлар базасида талабга жавоб берувчи майдонлар етарли, стадион зўр...

- Айни пайт Бразилия футболидаги ишлар унча яхши эмас. 2014 йили ўзингиз ҳам мамлакат футболининг депсинаётганини таъкидлаган эдингиз. Айтингчи, ўшанда нимани назарда тутгансиз?

- Шуниси аниққи, Бразилия футболи ўсишдан тўхтаб қолди. Мана, бошқа мамлакатларга қаранг, уларда футбол мудом ўзгаряпти, мутахассислар янги-янги машғулотлар методикаси, ўзгача технологияларни кашф этишмоқда. Биз эса ҳамон ўтмиш ғалабалари билан ғурурланиб юрибмиз. Бироқ ҳеч нарса ўзгармаяпти - ўша-ўша тузилма, эски ғоялар... Кундан кунга, йилдан йилга шундай давом этяпти. Ўйлайманки, энди тараққиётга юз буриш учун бошқа давлатлар йўналишидан боришимиз зарур. Ҳар ҳолда, хориж тажрибасига қараб, ўрганадиган жиҳатлар етарли.

- Эҳтимол, бу Бразилия футболи ўзининг азалий гўзаллиги ва нафислигини йўқотишидан қўрқиш билан боғлиқдир...

- Очиқ айтаман, ўйлашимча, гап ўзгаришдан чўчишда эмас. Бироқ халқимиз дарҳақиқат, ўтмишдаги ғалабалар оғушида яшашда давом этяпти: « Биз жаҳоннинг 5 карра чемпионимиз, шундай экан, барчаси супер, ишлар ўз ўрнида». Бироқ ўтмишга бу қадар ёпишиб олиш асло ярамайди. Ундан кўра, жаҳон футболига теран боқиб, тафаккур қилиш, янги методикаларни ўзлаштириш лозим!

- «Милан» билан имкони бор деярли барча совринлар, хусусан, «Олтин тўп»ни ҳам қўлга киритдингиз, бироқ «Реал»да ишларингиз юришмади. Ўзингиз Испаниядаги фаолиятингиз хусусида қандай фикрдасиз?

- Қандайдир катта муваффақиятсизлик ёки жамоа танлашда адашганлик ҳақида гапириш ноўрин, деб ўйлайман. Ахир «Мадрид» таркибида 4 йил тўп сурдим, 120 марта майдонга тушиб, 29та гол урдим. Бу вақтда клуб 3та турнир ғолибига айланди. Бироқ очиқ айтганда, менга барқарорлик етишмади. Бу беқарорликни нафақат жароҳатлар, балки яна мураббийларнинг менга нисбатан муносабатлари билан ҳам изоҳлайман. Лекин умумий ҳолда «Реал»да вақтни зое кетказдим, дея олмайман, барибир.

- Иккинчи томондан, «Реал»да беҳисоб жароҳатларга йўлиқдингиз - ҳақиқий омадсиз давр...

- Бунда аввало, руҳий томондан қийналдим. Зеро, энг оғири - қачон сафга қайтишни билмаслигинг. Дейлик, икки тиззамни ҳам операция қилишди - иккинчи амалиёт ЖЧ - 2010 тугагач, дарҳол ўтказилди. Барчаси ёқимсиз, бироқ шахсий нуқтаи назардан фойдали. Хуллас, «Мадрид»даги синовлар мени анча тоблантирди.

- «Реал»да ўйнаётганнингизда, бир сафар оддий футболчига айланиб қолганингизни айтгандингиз...

- Тўхтанг, ҳеч қачон бундай деган эмасман. Бу қандайдир хатолик! Негаки, бирор марта ўзимни оддий футболчи, деб санамаганман. Қолаверса, футбол жамоавий спорт тури ва унда сенинг ҳаракатларинг майдондаги 10 нафар  шеригингга ҳам боғлиқ. Шахсан мен асло нолимайман: фаолиятимда ажойиб даврларни бошдан кечирдим.

- «Бразилиялик футболчи - камбағал кварталдан чиққан йигит» тушунчасига терс ўлароқ, тўла таъминланган оилада ўсиб-улғайгансиз. Хўш, маданият бобида ўзингиз ва бошқа болалар ўртасидаги фарқни сезганмисиз?

- Мутлақо йўқ! Худога шукр, бу масалада ҳеч қачон ўзимни катта олган эмасман. Шунингдек, Бразилияда биров менга келиб чиқишимга қараб муомала қилмаган. Эсимда, футбол интернатимиз ( «Сан-Паулу»га қарашли)даги болаларни тез-тез уйга меҳмондорчиликка чақирардим. Зеро, улар машғулотлар ёки ўйинлардан сўнг уйларига кетишмасди. Айримлари эса ота-онасиз яшардилар. Бундай дўстларим жуда кўп ва муҳими, ҳозир ҳам улар билан алоқаларни узган эмасман.

- Айтишларича, турли-туман китоблар ихлосманди экансиз.

- Шундай. Дарҳақиқат, мутолаа жону дилим!

- Кўпроқ нималар ҳақида ўқийсиз?

- Жанр танламайман. Яқинда бразилиялик ёзувчи -  Аугусто Кюри билан танишдим. Унинг аксарият асарлари жиддий руҳиятга асосланиб ёзилган. Айни пайт мени шу мавзу қизиқтириб қўйди.

- Психология - мураббий билиши зарур бўлган соҳа.

- Бу йўналишга кираманми-йўқ, билмадим. Шартнома бўйича «Орландо»да яна 2 йил ўйнашим керак. Кўрайликчи, воқеалар қандай ривож топаркин? Фақат шуни айтишим жоизки,  футболни ҳаддан ортиқ яхши кўраман ва зериккунимча ўйнашда давом этаман.

 

маълумот учун

Рикардо Изексон дос Сантос Лейте (КАКА)

Туғилган санаси, манзили: 1982 йил 22 апрель, Бразилиа шаҳри (Бразилия)

Амплуаси: ярим ҳимоячи

Бўйи: 186 см. Вазни: 82 кг.

Жамоалари: «Сан-Паулу» (Бразилия) - 2001-2003, 2014; «Милан» (Италия) - 2003-2009, 2013-2014;  «Реал» (Испания) - 2009-2013; «Орландо Сити» (АҚШ) - 2014, 2016-...

Ютуқлари: Сан-Паулу штати чемпиони - 2001; Италия чемпиони - 2004; Италия суперкубоги соҳиби - 2004; Испания чемпиони - 2012; Испания кубоги эгаси - 2011; Испания суперкубоги соҳиби - 2012; ЕЧЛ ғолиби - 2007; Европа суперкубоги эгаси - 2007; жаҳон чемпиони - 2002; Конфедерациялар кубоги соҳиби - 2005, 2009; «Олтин тўп» лауреати - 2007; ФИФА талқини бўйича жаҳоннинг энг яхши футболчиси - 2007;  Бразилиянинг энг яхши футболчиси - 2002;  Италиянинг энг яхши футболчиси - 2004, 2007

 Бразилия терма жамоасида 89та ўйин ўтказиб, 29та гол урган. 3та ЖЧ (2002, 2006 ва 2010 йиллар) иштирокчиси

 

Кака айни пайт жароҳат туфайли сафдан четда («Орландо» машғулоти жараёнида бели лат еган) ва ЖЧ - 2018 саралаш босқичидан ўрин олган Уругвай (26 март) ҳамда Парагвай (30 март) терма жамоаларига қарши ўйинларда бразилияликларга ёрдам беролмайди. «Селесао» бош мураббийи Дунга унинг ўрнига «Ливерпуль» ярим ҳимоячиси Роберто Фирминони чақирди.

Кака нега айнан «Орландо Сити»ни танлаган? Гап шундаки, у клубнинг соҳиби - бразилиялик миллиардер Флавио Аугусту да Силва билан қалин дўст. Ўз ўрнида яна қўшимча маълумот: Кака ўтган мавсум «Орландо» сафида 29 марта майдонга тушиб, рақиблар дарвозасини 10 марта ишғол қилди, шунингдек, 7та гол ҳаммуаллифига айланди. Жамоа эса Шарқий конференцияда 7 ўринни эгаллаб (умумий жадвалда 14-ўрин), «плей-офф» босқичига чиқолмади.

Манба: «ССФ», А. АҲМЕДОВ тайёрлади

Манба: Interfutbol.uz
Киритилди: 09:38, 24.03.2016.
Ўқилди: 3331 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.