Ҳар бир ишнинг аввали-ю охири бўлганидек, машҳур футболчилар ҳам вақти келиб фаолиятларини якунлашади. Лекин кейинчалик қандайдир сабабларга кўра, чанг боса бошлаган бутсалар яна ишга тушади. Футбол афсоналарининг такрорий чиқишлари эса мухлисларга фақат қўшимча лаззат бахш этади.
Эдвин ван дер Сар
Ван дер Сар яна майдонда! Ҳа, атиги битта учрашувда. Лекин барибир, ёқимли сюрприз. Боз устига, унинг сабаби ҳам ажойиб: Эдвин ўз фаолиятини бошлаган «Нордвейк» жамоасининг асосий дарвозабони Мустафо Амезрине жароҳат олиб, маълум муддатга сафдан чиққанди. Унинг ўринбосари бўлмиш - Дамм ван дер Пол ўта тажрибасиз, боз устига, ўқишдан бўш пайтлари майдонга тушарди. Хуллас, учинчи лига йўлланмаси учун курашаётган 2-ўриндаги «Нордвейк» пешқадам «Квик Бойз»га қарши беллашув арафасида мураккаб вазиятга тушиб қолганди. Ўзини тарбиялаб вояга етказган жамоага бефарқ бўлмаган Эдвин амалий ёрдам беришга қарор қилди.
Ромарио
Бразилиялик машҳур ҳужумчи 4-марта ўз фаолиятига нуқта қўйганди. Бироқ ҳар сафар уни майдонга қайтаришга муваффақ бўлишган. Масалан, 2007 йили жонажон «Васко да Гама»га қайтиб, ички чемпионатдаги 6та ўйин (3та гол), кубок баҳсларидаги 3та ўйин (2та гол)да майдонга тушганди. 41 ёшли фахрий футболчининг яна тўп суришини ҳеч ким кутмаганди. Аммо Ромарио бир марта Рио-де-Жанейронинг «Америка» клуби сафида тўп суриб, марҳум отаси - Эдеваир Фарианинг васиятини бажо келтирди. Фариа «Америка»нинг ашаддий мухлиси бўлиб, ўғлидан ҳеч бўлмаганда бир марта шу жамоа шарафини ҳимоя қилишни сўраганди.
Тур Андре Флу
«Челси»даги ажойиб ўйинлари орқали мухлислар меҳрини қозонган норвегиялик ҳужумчига ҳам яшил майдонни тарк этиш осон бўлмади. Флу илк марта 33 ёшида, «Волеренга» сафида тўп сураётган пайти ўйлай бошлаганди - жароҳат туфайли майдонга тушмай қолганди. Лекин «Челси»даги жамоадоши Денис Уайз бошқараётган «Лидс» билан шартнома имзолади: Туре жароҳатдан тўла фориғ бўлмаган, жамоа эса чемпионшипдан тушиб кетганди. Ниҳоят, 2008 йил баҳорида 35 ёшли футболчи матбуот анжумани уюштириб, фаолиятини якунлаганини маълум қилди. Бироқ шундан кейин яна 2та жамоада тўп сурди. Аввал «МК Донс» билан шартнома тузди. Жароҳат талаб даражасида тўп суришига имкон бермагач, ярим йилдан сўнг келишув бекор қилинди. Орадан икки йил ўтиб, футболчи ўзининг илк жамоаси - «Сонгдал»га қайтиб, бир мавсум ўйнади. Ҳатто Норвегия чемпиони - «Мальде»га қарши учрашувда «дубл»га эришди. Фақат шундан кейин 38 ёшли Флу мураббийлик соҳасига ўтди.
Ривалдо
Футболчиликка якун ясаш борасида бразилияликларга етадигани бўлмас керак. Уларда бу жараён баъзан бир неча йилларга чўзилиши мумкин. Ривалдо «Барселона»дан кейин «Милан» билан ЧЛда ғолиб чиқди, кейин дунё бўйлаб саёҳатга отланди. Греция, Ўзбекистон ва Анголада сермаҳсул фаолият юритди. Шундан кейин футболчиликка сўнгги нуқтани қўйиш учун Бразилияга йўл олди. У ерда 3-дивизион вакили «Можи-Мирин» сафида тўп сура бошлади. Дарвоқе, клуб президентлиги ҳам собиқ ҳужумчининг зиммасида. Аввалига Ривалдо бир йиллик фаолиятидан сўнг 2014 йили футболдан кетишини маълум қилди. Кейинчалик фикридан қайтиб, яна бир мавсум ўйнади. Ниҳоят, 2015 йилнинг ёзида 42 ёшли юлдуз бутсасини михга илди.
Фернандо Морьентес
Испаниялик машҳур футболчи бундан 5 йил аввал Қатар ва БААнинг етакчи клублари таклифини рад этиб, 4 йилдан буён ўсмирлар жамоаларида мураббийлик қилаётганди. Жумладан, Мадриднинг «Реал»ида ҳам. Айни пайт Морьентеснинг ўғли (у ҳам Фернандо) Мадриднинг «Санта-Ана» жамоасида тўп суради. Катта Фернандо ўғлига маслаҳат берар, ўзи спорт формасини йўқотмаслик учун шу жамоа машғулотларида қатнашарди. Бир куни «Санта-Ана»нинг спорт директори Хорхе Антело фахрий футболчини жамоага таклиф этди. Шу тариқа ота-бола Морьентеслар ёнма-ён тўп сурадиган бўлишди. Лекин катта Морьентес фақат уй учрашувларида майдонга тушади, нима учун футболга қайтганлигини матбуот вакиллари билан муҳокама қилишни ёқтирмайди. «У тўп суришни яхши кўради, шунчаки завқ олиш учун ўйнайди», - деди Хорхе.
Фредрик Юнгберг
«Енгилмаслар»дан бири бўлган «Арсенал» афсонаси Япония чемпионатида бир мавсум ўйнаб, фаолиятини якунлаганди. Эътиборлиси, «Симидза С-Палс» жамоаси хорижликлар у ёқда турсин, ҳатто Япониянинг бошқа шаҳарларидаги футболчиларни ҳам ўз сафига қўшмасди. Лекин швециялик ҳужумчи у ерда бир йил тўп сурди. 2014 йили Фредди тўсатдан Ҳиндистонда пайдо бўлди. Тўғри, 37 ёшли футболчнинг «Мумбай Сити»даги фаолияти унчалик муваффақиятли кечмади. Дарвоқе, бу жамоа бошқа бир футбол афсонаси - Николя Анелька раҳбарлиги остида фаолият юритмоқда.
Николя Анелька
Ҳиндистон супер-лигаси ҳеч бўлмаганда бир жиҳати билан ўзига ҳурмат уйғотади: Бу ерда ўтмишнинг ёрқин юлдузлари тўпланишган, уларнинг ҳаракатлари ўтмишдаги шонли зафарларни эслатади. Марко Матерацци Осиёда ҳам чемпионлик гаштини сураётган бўлса, Алессандро Дель Пьеро жамоаси жадвалнинг ўрталарига жойлашган, Флоран Малуда эса натижалари билан мақтана олмайди. Албатта, Ҳиндистондаги маошлар Қатар ёки Хитойдаги иш ҳақи билан тенглашолмайди. Лекин футболчилар олдига қўйиладиган талаб ҳам шунга яраша - ҳиндларга аввало, шоу керак. Шу боис, «Вест Бромвич»да фаолиятини якунлаган Анелька «Мумбай Сити»да ўйновчи мураббий сифатида бемалол фаолият юритмоқда. Ваҳоланки, таниқли ҳужумчи 8та учрашувда атиги 2та гол урди.
Робер Пирес
Футбол шоуси хусусида гап кетганида, «Гоа» клубини тилга олмасликнинг иложи йўқ. «Вильярреал»даги 4 йиллик фаолиятидан кейин 2011 йили бутсасини михга илган Пирес 2014 йили, яъни 40 ёшида яна майдонга қайтди. «Гоа» эса Ҳиндистон супер-лигасида чемпионлик учун курашиб якунда 2-ўринни эгаллади. Шундан кейин франциялик футболчи фаолиятига нуқта қўйди.
Роберто Карлос
Бразилиялик машҳур ҳимоячи 2012 йили футболчиликни тўхтатиб, 3 йил мураббийлик соҳасида ишлади. Ҳатто, Туркияда «Йил мураббийи» унвонига сазовор бўлди. Бироқ кутилмаганда яна тўп суришни истаб қолди. Аниқроғи, 2015 йили «Дели Дайнэмос» клубидан ўйновчи мураббий сифатида жой олди.