Кириш Регистрация
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина 1-2 Удинезе
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо

Кучли рақибни алдаш янада ёқимли-ми?

Баҳо:
+ | -

Буни қарангки, «Тоттенхэм» ярим ҳимоячиси Деле Алли қисқа вақт мобайнида қуйи дивизион вакилидан сайёрамиздаги энг истеъдодли ёш футболчилардан бирига айланди. Ушбу юксалиш жараёнини кузатиб борган FourFourTwo нашри мухбирлари яқинда Аллидан илк марта катта интервью олишди. Қани, кўрайликчи, истиқболли футболчи нималарни сўзлади экан?!

- Очиғини айтсам, ўша голим қанчалик чиройли чиққанини кийиниш хонасидаги гап-сўзлардан кейин сездим, — дейди Алли. Бу ерда гап қайси гол ҳақида кетаётганини билгандирсиз?! Ҳа-ҳа, бу худди ўша, «Кристал Пэлас» дарвозасига урилган гол. «Албатта, тўп ажойиб тарзда дарвозага кирди, лекин бундай бўлишини сира кутмагандим». Келинг, яхшиси, ўша лаҳзаларни ёдга олайлик: ҳисоб 1:1 бўлиб турган вазиятда Алли тўпни Кристиан Эриксендан қабул қилиб олди, иккинчи уринишида уни ўз устидан ошириб ўтказди-да, учинчи тегинишда «бургутлар» дарвозасини ўққа тутди. «Машғулотларда бундай усулларни минг марта такрорлаб кўриш мумкин. Аммо ўйин пайти ҳаммаси ўз-ўзидан содир бўлаверади». Кўпчиликнинг фикрича, «Селхерст Парк» стадиони Дэвид Бекхэм давридан буён бундай чиройли голни кўрмаганди. Энг қизиғи, Дэвид «Уимблдон» дарвозасини нишонга олган ўша 1996 йили Алли атиги 4 ойлик чақалоқ эди. Шундай бўлса-да, бу боғлиқлик Аллига унча ёқмайди. Зеро, Бекхэм ҳеч қачон Деленинг кумири бўлмаган.

Хўш, унда  Аллига кимнинг ўйини ёққан? «Ёшлигимда асосан Стивен Жеррард ва Роналдиньонинг  ҳаракатларини диққат билан кузатардим. Ўша пайтлар Роналдиньо деярли барча тенгдошларим учун чинакам илҳом манбаи саналган, десам янглишмайман. Эсимда, унинг чалқанча услубда урган голларини  кўриб, буни машқда такрорлашга интилардим. Аммо сира уддасидан чиқолмасдим. Стивен Жеррард эса мен учун намуна тимсоли эди. Ҳаттоки, бутсаларим ҳам айнан уникига ўхшашини истардим. Умуман, Стивнинг майдондаги ҳаракатларини бирор марта бефарқ кузатмаганман. Чунки у мағлубиятга сира тоқат қилолмасди. Айтганча, мен илк бор «жонли» тарзда кўрган гол муаллифи ҳам айнан Жеррарддир. Ўшанда у Англия кубоги доирасидаги ўйин-да «Вест Хэм» дарвозасини ишғол қилганди. Бир сир, болалик чоғларимдан бери Жеррарднинг суратларини тўплаб келаман. Аммо ҳалигача у билан юзма-юз кўришиш насиб этмади. Ўйлашимча, Стивен Жеррард - кўришганимизда, мен ҳаяжондан сўзимни йўқотиб қўядиган ягона инсон бўлса керак».

Бундан 10 ойча илгари ҳам Алли камтарингина «МК Донс» клубида тўп суриб юрарди. «Футболдаги дастлабки хотираларим: уйимиз яқинидаги майдончада Милтон кинслик болалар билан тўп тепиб юрибман. Каминани кўпинча дарвозага қўйиб, кучли зарбалар билан роса пўстагимни қоқишарди. Мен эса барча болалар сингари ҳужумда ўйнаш ва гол уришни истардим. Шу тариқа секин-аста олдинги чизиқларга ўтиш ҳаракатини бошладим. Якшанба кунлари эса телевизорда бериладиган Match of the Day кўрсатувини ўтказиб юбормаслик учун тонг саҳарда уйқудан турардим. Мен бевосита стадионда  томоша қилган илк ўйинда «Уимблдон» клуби «Челси» ўринбосарлари билан куч синашганди».

Алли «МК Донс» сафига қўшилганида, 11 ёшли болакай эди. Лекин у дарҳол мураббийлар эътиборини ўзига қаратди. «Деле ҳақида ўйласам, биринчи навбатда, «Норвич»га қарши кечган ўйин эсимга тушади, - дейди «МК Донс» академияси раҳбари Майк Дэйв. — Таркибимизда яхши ўйинчилар оз эмасди, аммо улар орасида Деле тўпни ўзида олиб юришдан қўрқмаслиги ва доимо майдонда қандайдир янги ҳунар ўйлаб топишга уриниши билан ажралиб турарди. Шахсан менинг фикримча, бу ёш футболчининг камчилиги эмас, ютуғидир. Ахир футбол ўзгача ҳаракатлар билан гўзал».

- Деле 15 ёшидан асосий таркиб вакиллари билан шуғуллана бошлади, — дейди «МК Донс» мураббийи Карл Робинсон. — У доим жамоа ўйинига таъсир ўтказа оларди. Қолаверса, кейинги вазиятда қандай ҳаракатланишини олдиндан пайқаш мушкул эди. Умумий ишга ёндашуви эса, шунчаки, таҳсинга лойиқ. Эҳтимол, ҳозир бу фикримга кўпчилик қўшилмас, аммо Алли чиндан ҳам, жуда серҳаракат футболчи.

- Мен аввало, футболдан роҳат олишни истаганман, — дейди Аллининг ўзи. — Ёшлигимда, кўчада дўстларим билан ўйнаганимизда, тўпни уларнинг оёқлари орасидан ўтказишга кўп уринардим. Бунга имкон туғилдими, ҳеч қачон иккиланмаганман. Эҳтимол,  футболдаги шахсий «дастхатим» ҳам шудир.

Чиндан ҳам, тўпни рақиб оёқлари орасидан олиб ўтиш Деле Аллининг «ташриф қоғози»га айланиб қолди. Ҳатто жамоанинг «Твиттер»даги саҳифасида Аллининг бу ғаройиб техникаси ҳақида махсус бўлим ҳам очилди. Мазкур мақола тайёрланаётган вақт унда Алли рақибларини қандай чув туширганини кўрсатувчи 14та видеолавҳа бор эди. Ҳа, чиндан ҳам, Деле кўплаб футболчиларнинг уятдан қизариб кетишларига сабабчи бўлган. Лекин бундай чиройли ҳаракатлари ичида энг ёқимлиси қайси? «Ўйлашимча, энг зўри - Лука Модрич билан юз берган ҳолат, — дей-ди Деле жилмайиб. — Рақиб қанча кучли бўлса, уни алдаб ўтиш шунча ёқимли».

Унчалик қўпол ҳисобланмайдиган вингерлар ёхуд плеймекерларни бу усулда алдаб ўтиш-ку, майли. Лекин олдингдан жаҳлдор таянч ярим ҳимоячиси ёки марказий ҳимоячи чиқиб қолса-чи?! Алли бундай пайтларда нима қилади? «Ёши катта футболчилар кўп марта мен билан «жиддий оҳангда» гаплашиб олишга уринишган. Негаки, табиатан майдонда кўпчилик ботинолмайдиган ишлардан ҳам қайтмайман. Лекин мени тўғри тушунинг: футболдан ўзим истагандек роҳат олишни истасам, нима қилай?»

- Олдинлари майдонда ўзимни анча тажовузкор тутардим, — дейди Алли ўтмишини эслаб. — Қачонки, ўта хавфли «подкат»га ташлансам ёки машғулотларда қизишиб кетсам, мураббийим дарҳол майдондан чиқариб юборарди ва қўшиб қўярди: «Расмий ўйинларда бунинг учун қизил карточка олардинг». Бу менинг озми-кўп ўзимни босиб олишимга ёрдам берган. МК» либосида энди майдонга туша бошлаганимда, ўзимни худди телбадек «подкат»га ташлардим. Жамоамиз сардори Дин Льюингтон эса келажакда ҳам шундай давом этишим лозимлигини айтарди. Эҳтимол, бу кимларгадир ёқмас. Лекин мен майдонда спортча жаҳлдорликни сақлаш лозим, деб ҳисоблайман.

Вақти келиб, Аллига харидорлар кўпайгач, «шпорлар»нинг уни ўзларига оғдириш учун «Арсенал», «Ливерпуль», «Ньюкасль» ва ҳаттоки, «Бавария» билан курашишларига тўғри келди. «Тоттенхэм»нинг қизиқаётганини билганимдан сўнг бир сония ҳам ўйланмадим. Чунки «тақачилар» мураббийи «МК Донс»даги устозим Карл Робинсон билан деярли бир хил кўринганди. Ёш футболчилар ҳаммасига тезда эришишни исташади. Мен учун эса премьер-лигада ўйнашдан ташқари, ёшларга ишонч билдиришдан чўчимайдиган мураббийни танлаш ҳам муҳим эди. Барчага маълумки, Почеттино «Тоттенхэм»­да кўплаб ёш истеъдодларни кашф қилди. Ким билан гаплашмайин, аргентиналик мураббий ҳақида фақат илиқ фикрлар билдиради. Бугунга келиб, «Тоттенхэм»дек буюк клуб сафидаман ва биз биргаликда олға интиляпмиз».

«Тоттенхэм» билан шартнома тузилгач, Алли ижара асосида мавсум охиригача яна «МК Донс»га қайтди. Келажакка умид уйғотган келишувдан сўнг Деле янада руҳланиб, мавсум охиригача рақиблар дарвозасига 16та гол урди. «Тоттенхэм»га қайтганимда, янги жамоадошларим ҳазиллашиб, мени «беланчак»ка солишди. Зеро, вақтинча бўлса-да, «Тоттенхэм» аъзоси эканлигимни унутиб, чемпионшипга чиқиши учун «МК Донс»га қандай ёрдам беришим ҳақида ўйлагандим. Омадимиз келиб, буни уддаладик. Менимча, келажагимга мустаҳкам замин яратиб берган жамоа учун қўлимдан келган барча ишни қилдим».

- Очиғини айтсам, Алли сафимизга келгунига қадар, у ҳақда ҳеч нарса эшитмагандим, — дея тан олади «Тоттенхэм» ҳимоячиси Ян Вертонген. — Аммо Деле барчамизни биринчи кунданоқ ҳайратлантирди. Ўйлашимча, уни ёрқин келажак кутмоқда. Алли узоқ вақтга жамоамизда қолса, бундан фақат хурсанд бўлардим - у ажойиб йигит ва кучли футболчи.

Деленинг тан олишича, илгари кир ювиш машинасидан қандай фойдаланиш, овқат пиширишни билмаган. Шунга қарамай, Лондондаги янги ҳаёт унга манзур тушмоқда. «Ҳозирча ҳаммаси ажойиб. Яқинларимнинг кўмаклари туфайли кўчиб ўтишга боғлиқ машаққатларни сезмадим. Лекин ҳали ҳам ўзим тайёрлайдиган таомларга маза киритолмаяпман. Ҳали ўрганадиганларим кўп. Майдонда ҳам, унинг ташқарисида ҳам. Умид қиламанки, вақти келиб, овқат пиширишни ҳам, кир ювишни ҳам, уй супуришни ҳам уддалайдиган суперинсонга айланаман».

Ҳозирча Алли майдонда Гарри Кейннинг ортида ҳаракат қилиб, замонавий «10-рақам» вазифасини бажармоқда. Келажакда у қайси позицияда ўйнаши мумкин? «Майдоннинг исталган жойида ўйнайверсам керак. «10-рақам» позициясида ўйнашим эса севимли нуқтам - таянч ярим ҳимоясига тез қайтишда жуда қўл келмоқда».

Унинг бу йилги режалари орасида Англия чемпионлигини қўлга киритиш борми? Бошқача айтсак, «Тоттенхэм» олтин медални ютиш вазифасини уддалай олармикан? «Айнан шунга ҳаракат қиляпмиз-да! — дейди Алли. — Имконсиз ишнинг ўзи йўқ. Муҳими - мувозанатни йўқотмаслик. Хайриятки, жамоамиз жуда аҳил, таркибимиз ва захирамиз ажойиб. Демак, мақсадга эриша оламиз».

Алли биргина клубдаги муваффақиятлар билан чекланиб қолмоқчи эмас. «Очиғини айтсам, термадан таклиф олишни сира кутмагандим, — дейди футболчи «уч шерлар»нинг Евро-2016 саралаши доирасидаги Эстония ва Литва термаларига қарши ўйинлари ҳақида.            — Биз Европа Лигаси ўйинидан бир кун аввал Монакода бўлиб тургандик. Учрашувдан аввал Почеттино мени бир четга олиб ўтиб, сўради: «Англиянинг U-19 термаси сафида ўйнашни хоҳлармидинг?» Табиийки, мамлакатим шарафини ҳимоя қилишни  фахр, деб билишимни айтдим. У эса кулиб юборди: «Умуман олганда, сени катталар термасига чақиришяпти». Кейинроқ маълум бўлишича, мураббий шунчаки, янгиликка қандай муносабат билдиришимни кўришни истаган экан. «Монако»га қарши ўйинда буни эсламасликка уриндим. Лекин ҳеч ўзимни қўлга ололмадим».

Шу тариқа, Алли эстонларга қарши ўйинда  илк бор терма жамоа либосини кийди. Французлар билан бўлган ўртоқлик ўйинида эса клубдаги сардори Уго Льорисни доғда қолдириб, ўз ҳисобига гол ёзиб қў-йишга ҳам эришди. Агар «Тоттен-хэм»нинг ҳозирги натижалари ва Аллининг бугунги спорт формасини инобатга олсак, Рой Хожсон жамоасида унга жой кафолатлангандек туюлади. «Мен бу ҳақда кўп ўйлайман. Шуниси аниқ, ҳозирдан осмонларда учмаслигим керак. Агар термага мунтазам чақиришларини истасам, «Тоттенхэм»даги ўрнимни йўқотмай, тобора ўйинимни кучайтириб боришим шарт. Айниқса, чап оёғим устида кўпроқ ишлашим зарур. Бу - менинг энг ожиз томоним. Шунинг учун машғулотлардан кейин ҳам қолиб, чап оёқда яқин ва узоқ масофаларга узатма беришни ўрганяпман. Бирор-бир жиддий ютуққа эришдим, деб сира ўйламайман. Ҳали ҳаммаси олдинда. Шундай бўлса-да, ҳозирги ҳолатга етишимга сабабчи бўлган барча-барчадан миннатдорман. Ке-йинги 5 йилликда терма жамоадан мустаҳкам ўрин олиб, ЕЧЛда ғолиб чиқишни истайман. Табиийки, «Тоттенхэм» билан!»

Манба: Football.ua,

И.РАҲИМОВ тайёрлади

Манба: Interfutbol.uz
Киритилди: 10:23, 01.04.2016.
Ўқилди: 3915 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.