«Вест Бромвич» жамоасининг венесуэлалик ҳужумчиси Саломон Рондон ўз оиласи яшайдиган ватанидаги ҳаёт ҳақида сўзлаб берди.
«Каракасда одатий ҳаёт кечирилмайди. Эрталаб ишга чиқиб кетар экансан, кеч бўлганда уйга қайта олишинг гумон. Чунки, сени йўлда чўнтагингдаги арзимаган пул учун ёки шунчаки сабабсиз ўлдириб кетишлари мумкин. Мен Каракасда яшаганман, лекин футбол ўйнамаганман. Шаҳардан ташқаридаги бир жамоа аъзоси эдим ва бу бироз бехавотирроқ эди.
Каракасни хаос қамраб олган. Ҳозир вазият янада оғирлашган. Мен у ердалигимда аҳволга чидаса бўларди, ҳозир эса у ерда яшаб бўлмайди.
Менинг оилам ўша ерда ва мен ҳамиша улардан хавотирда бўламан. Ҳар куни уларга қўнғироқ қиламан ва уларнинг аҳволини биламан. Баъзида у ерда нималар рўй бераётганини билиш учун твитларни ўқиб чиқаман.
Менинг оила аъзоларимни деярли ҳеч ким танимайди. Уларни мен билан кўришлари хавфли. Бу оғир оқибатларга олиб келиши мумкин. Бу жуда қимматга тушиши мумкин.
Шундай экан, мен улар билан фақат уйда бирга вақт ўтказишим мумкин. Биз ҳеч қачон биргаликда кўчаларда юрмаймиз. Мен шаҳарга борганимда уйимга ҳеч кимга сездирмасдан кириб оламан. Мен у ерда одамларнинг диққатини тортмасликка ҳаракат қиламан.
Оилам мен билан фахрланади. Қариндошларимга қўлимдан келганча ёрдам бераман. Уларнинг тирик қолиши учун ёрдам беришим керак.
Менинг рафиқам ва ўғлим бор, лекин уларнинг кимлигини яширишга мажбурман. Улар ҳамиша ўғирланиб кетиш хавфи остида яшашади. Шунинг учун мен таваккал қилишни истамайман», – дейди Рондон.