Ўтмишдаги хаёллар аста-секин ҳақиқатга айланди: эндиликда стадионлар шунчаки, майдон ва трибуналардан иборат эмас. Кўркам ареналарнинг ўзига хос таровати, жозибаси, янги технологиялар билан бойитилиши футбол учрашувларининг ҳақиқий шоуга айланишига замин ҳозирламоқда. Бугун жаҳоннинг турли тоифадаги 10та энг замонавий стадионига назар ташлаймиз.
Экологик
«Гент» футбол клубининг уй стадиони бўлган «Геламко Арена» экологик томондан олиб қаралганда, Бенилюкс мамлакатларидаги етакчи иншоотга айланган. Унинг томига ўрнатилган энергия манбалари (13000та фотоэлектрик қуёш панеллари) майдонни ёритишга мўлжалланган прожекторларни электр энергияси билан таъминлаб туради. Шунингдек, том конструкцияси ёмғир сувини тўплашга ихтисослашган: шу тариқа, тўпланган сувдан майдон чимини суғориш ва бошқа мақсадларда фойдаланилади. Стадионнинг янгиланган фасадини 500000та диодлар ёритиб туради. Бу эса, нафақат ўтказилаётган тадбирлар ҳақидаги хабарларни намойиш этиш, балки электр энергияси сарфини сезиларли тарзда камайтиришга хизмат қилмоқда.
Таъсирли
Мюнхеннинг Фрёттманинг деб номланувчи қисмида шаҳарнинг ҳақиқий рамзи, жаҳондаги энг чиройли спорт объектларидан бири - «Альянц Арена» қад ростлаган. Архитектура мўъжизаларидан бирига айланган мазкур иншоотнинг шуҳрат қозонишига ноёб диод чироқлардан иборат Phillips медифасади сабаб бўлган. Унинг шуъласи 75 км. узоқликда, Альп тоғлари баландлигида ҳам кўриниб туради. Чироқлардаги ранглар жилоси ҳар қандай эффектли шоуни намойиш этишга қодир, ваҳоланки, бунақаси авваллари профессионал саҳна ёриткичлари ёрдамидагина кўрсатиларди. Мисол учун, «Бавария» ўйнаган кунлари арена қизил рангга бурканади, «Мюнхен-1860» иштирокидаги учрашувлар пайтида эса кўк тусга киради. Терма жамоа учрашувларида стадионда асосан оқ рангга кўзингиз тушади.
Тежамкор
2015 йили Бокуда тарихда илк марта Европа қитъаси атлетлари ўртасида мусобақа ўтказилди. Шу муносабат билан сув спортига мўлжалланган махсус сарой қурилди. Мазкур иншоотдаги диод чироқлари одатий ёритиш манбаларига қараганда, электр энергиясини 80 фоизга кўпроқ иқтисод қилади. Саройдаги иккита медиафасад Озарбайжонда ягона. Узунлиги 175 метр, баландлиги 14 метр бўлган экранлар стадионнинг икки томонига ўрнатилган. Тизимга киритилган медиасервер эса мусобақаларни тўғридан-тўғри трансляция қилиш, ҳар қандай видеоконтентни тасвирлаш имкониятини яратади. Шу тариқа, рекламаларни йўлга қўйиб, қўшимча даромадга эга бўлиш мумкин.
Юқори технология
«Челси»нинг уй стадиони ҳисобланадиган «Стэмфорд Бридж» диод чироқли прожекторларнинг янги авлоди ўрнатилган дастлабки арена ҳисобланади. Натижада, Лондондаги иншоот жаҳондаги энг яхшилардан бирига айланди. Прожектор тизими премьер-лига трансляцияларининг сўнгги талаблари, футболчи, ишқибозлар ҳамда ўйинларни ёритувчи компаниялар талабларига мос равишда ишланган. Эътиборли вазиятларнинг секинлаштирилган ҳолатдаги тасвири махсус ёриткичлар эвазига аниқ-равшан кўрсатилади. Бошқарув тизими бутун стадиондаги чироқларни алоҳида назорат қилиш имконини туғдиради.
Шоуга мос
Рио-де-Жанейродаги «Маракана» стадиони томошабинлар сиғими бўйича яқингача жаҳондаги энг йирик ареналардан бири бўлиб келган. Фасаднинг архитектура ёриткичлари лойиҳаси Phillips компанияси томонидан тақдим этилган. Ёрқин ва динамик чироқлар иншоотни шаҳар афсонасига айлантирган. Ўйинлар пайтида майдон ҳар икки жамоага хос рангларга бурканади, арена томида уларнинг байроқлари нур сочади, гол урилганда ярқирайди, вазиятга қараб ёруғлик ва тусини ўзгартиради. Турли рангга кирган деворлар стадионга кириб улгурмаган томошабинларни ҳам ҳайратга солади.
Функционал
Стокгольмдаги «Френдс-Арена» Шимолий Европадаги энг йирик стадион ҳисобланади. Иншоотнинг ўзига хос жиҳати - томи очилиб-ёпилади, иккита йирик сектори 20 дақиқа ичида майдонни ёпиб-очиши мумкин. Арена ичида куб шаклидаги табло ўрнатилган бўлиб, унинг ёнига тўртта экран жойлаштирилган. Том каркасидаги махсус ёритиш ускуналари юлдузли осмонни тасвирлайди. Майдон ArenaVision компаниясининг 316та чироғи ёрдамида ёритилади ва шу тариқа ўйинчилар ва ишқибозларга қулайлик яратилади. Динамик ташқи ёритиш тизими ўтказилаётган тадбирнинг кўринишига қараб ўзгариши мумкин.
Мобил
Nike компанияси Испаниянинг Doubleyou рақамли агентлиги билан ҳамкорликда футбол ихлосмандларига тунги пайт исталган жойда тўп суришни таклиф қилди. Майдон лазер ёрдамида белгилаб олинса кифоя. Бунинг учун зарур ускуналар билан таъминланган фургонни чақиртирилади. Махсус кран майдон устида кўтарилади ва керакли ҳудуд лазер ёрдамида белгилаб беради. Шу тариқа, шаҳарнинг исталган қисмини футбол майдонига айлантириш мумкин. Мазкур лойиҳа асоссан стадион ва ўйин майдончаларига киришдан мосуво бўлган ёш болаларга мўлжалланган.
Универсал
Германиянинг ASB Systembau компанияси муҳандислари янги инновацион лойиҳа ишлаб чиқишди. Унга кўра, эндиликда одатий спорт майдонларининг ўрнига диод чироқли ёриткичлар ёрдамида вужудга келган технологияни қўллаш мумкин. Мазкур янгиликнинг ўзига хос жиҳати шундаки, биргина ҳаракат орқали майдонни ўтказиладиган спорт турига мос равишда ўзгартириш имконияти мавжуд. Мутахассислар ушбу кашфиётни тажрибадан ўтказиш учун Германиядаги мактабларнинг бирини танлашди.
Футуристик
Франциядаги Скейт-парк махсус ёритувчи материаллардан тайёрлангани боис, суткада 24 соат ишлаши мумкин. Кореялик рассом Ку Жеонг томонидан лойиҳалаштирилган парк конструкцияси бир-бирига боғланган иккита косани эслатади. Мазкур кашфиётга қўл уриларкан, асосан фосфор бетондан фойдаланишди. Майдон кундузи қуёш нурларидан тўйиниб, тунлари яшил тусга киради.
Ғайритабиий
Россиядаги «Фишт» стадионининг томи ёруғлик ўтказувчи махсус материалдан тайёрланган бўлиб, бир қарашда скат, тўлқин ва космик жисмни ёдга солади. Аренага кўрк қўшиб турган турли хил рангдаги динамик ёритиш тизими томошабинларни бефарқ қолдирмаслиги тайин. Ахир, 16 миллион хил тусдаги манзарани ҳамма ерда ҳам учратавермайсиз-да.
Манба: Championat.com, Ўткир УМАРОВ тайёрлади