Кириш Регистрация
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед
27/12 01:00 Ливерпуль - Лестер

Генрих Михитарян:«Клоппга қарши ўйнаш – бу зўр»

Баҳо:
+ | -

Охирги вақтларда Дортмунд «Боруссия»си етакчи ярим ҳимоячиларидан бири Генрих Мхитарян атрофида роса гап «қайнаяпти». Хусусан, унинг ёзда Туриннинг «Ювентус» клуби сафига қўшилиши ҳақида. Арманистон терма жамоаси аъзосининг ўзи ҳам гарчи Германияда барчасидан хурсанд бўлсада, дортмундликлар билан хайрлашиши мумкинлигини инкор этмаяпти. «Юве» эса унинг учун асосий даъвогар саналмоқда. Ҳарқалай, «кекса синьора» мавсум якунлангач, арман йигитини  «А» сериясига олиб ўтиш ҳаракатини аллақачон бошлаб юборган. Маълумот учун қайд этиш жоиз, Мхитарян ҳозирда «Боруссия»нинг энг фойдали футболчиларидан бири бўлиб турибди. У мавсумнинг ортда қолган қисмида барча турнирлар доирасида 19та гол уриш баробарида 20 марта ассистентлик вазифасини бажарди. Яқинда la gazzetta dello sport нашри шу сермаҳсул ҳужумкор футболчи билан унинг «Ювентус»га ўтиши мумкинлиги ҳақида суҳбатлашди. Генрих интервью давомида, шунингдек, ҳозирги клуби мақсадларини баён этиб, ЕЛда собиқ устози - Юрген Клопп бошқараётган «Ливерпул»га қарши кечадиган ўйинларни сабрсизлик билан кутаётганини яширмади.

- Мана, бир неча йилдирки, турли позицияларда бирдек ўйнай олишингизни исботлаб келмоқдасиз.            

- Ҳа, вақтида Мирча Луческу қўл остида майдонда «6-рақам», «8-рақам» ва «10-рақам» ролини бажарганман. Ўша пайтдан буён турли позицияларда ҳаракатланиш ўзимга ҳам ёқади. Ўйлайманки, дуч келган нуқтада талаб даражасида тўп суришимнинг асосий боиси шу. Лекин ҳали янада мукаммалликка эришишим, тезликни оширишим керак. Бунинг учун ўз устимда эътибор билан ишлашим, айниқса, техник салоҳиятимни кучайтиришим зарур.

- Яқин вақт учун қандай мақсадларингиз бор?

- «Боруссия» мавсумни яхши ўтказяпти ва мен жамоанинг муваффақияти йўлида бор кучимни сарфлашни истайман. Айни пайт Дортмундда бахтиёрман, лекин футболда барчаси жуда тез ўзгариб кетиши ҳеч гап эмас.

- Айтишларича, «Ювентус» сафини тўлдиришингиз эҳтимоли баланд экан...

- Бу масалада аниқ гап айтолмайман. Ҳар нарса бўлиши мумкин, ахир ҳаётда ниманидир олдиндан билиш мушкул. Шундай экан, ҳозирги ҳолатда на «Ювентус» ва на бошқа бирор жамоа хусусида оғиз очаман. Ёзгача яшаб турсак, кўрамиз...

- Умуман, лигалар бўйича қандайдир танловингиз бордир: Ла-лига, премьер-лига ёки «А» серияси...?

- Буларнинг ҳаммаси топ даражадаги чемпионатлар. Энг муҳими, клубни тўғри танлашдир. Албатта, иқтидоримни 100 фоиз очишга имкон берувчи жамоа сафига қўшилишни истайман.

- Ўтган мавсум «Юве» сизни  Андреа Пирло ўрнига мўлжаллаганди.

- Пирло - бебаҳо ўйинчи, шунчаки, футбол даҳоси. Унинг нафақат қойилмақом техникаси, балки ўз жамоаси ҳужумини ақл бовар қилмас даражада ривожлантиришидан ҳайратга тушардим.

- Жорий мавсум 19та гол уриш ва яна 20тасига ҳаммуаллифлик қилишга улгурдингиз.

- Пьер-Эмерик Обамеянг ва Марко Ройс бир-бирларини жуда яхши тушуниб ҳаракатланишади, шунинг натижасида мен учун бўш ҳудудлар юзага келади. Бизнинг кўп гол ураётганимиз сабаби шу ҳамжиҳатликдир. Умуман, жамоадошларимни якуний зарба йўлига чиқариш жону-дилим. Демоқчиманки, ассистентликнинг гашти бошқача.

- «Ювентус»га айни пайт худди шундай ижрочи етишмаяпти.

- Лекин жамоа ихтиёрида Пауло Дибала, Альваро Мората ва Марио Манжукич каби йигитлар борлигини унутмаслик лозим.

- Аммо Мората кетиши мумкин, бу ҳолда Дибала олдинроқда ўйнайди ва сизга унинг ортида жой топилади.

- Билмадим, эҳтимол шундай бўлар, лекин қайтараман, ҳозирдан баралла гапириш ноўрин.

- Шахсий агентингиз - Мино Райола. Бу ролни нега айнан унга топширгансиз?

- Мен табиатан хотиржамман, Райола эса, шунчаки, телба! Муҳими, биз доимо тил топишамиз ва мен унинг маслаҳатларини инобатга оламан, албатта.

- Иқтисодиёт бўйича ўқишингиз қандай кетяпти?

- Диплом олиш учун яна бир имтиҳон топширсам бўлди, ёзда Арманистонга қайтиб, ҳаммасини расман ҳал этаман. Ўқиш туфайли ўзи озгина бўш вақтлар баҳридан кечишимга тўғри келди. Лекин яхши томони, энди фаолиятим тугагач, кўпроқ имкониятга эга бўламан.

- Европа Лигасида клубингизни Юрген Клопп билан қарама-қаршилик кутяпти.

- Турнирда ғолиб чиқамизми-йўқ - билмайман. Ҳар ҳолда, бор кучимизни ишга солиб, финалгача боришга уринамиз. Клопп жамоасига қарши ўйнашимизга келсак, бу шунчаки, зўр. Юргенга рўпара бўлиш иштиёқимизни янада ошириб, кучлироқ шайланишимизга туртки беради.

Манба: Football.ua,

Ҳ. МАСАИДОВ тайёрлади

Манба: interfutbol.uz
Киритилди: 16:40, 02.04.2016.
Ўқилди: 2347 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.