Кириш Регистрация

Луис Суарес: «Футбол ғилдиракка ўхшайди»

Баҳо:
+1 | -

«Барселона» ҳужумчиси Луис Суарес ниҳоят, дисквалификациясини ўтаб, терма жамоага қайтди. 25 март куни Уругвай ЖЧ-2018 саралаш баҳслари дорасида сафарда Бразилия билан учрашиб, айнан Суареснинг голи эвазига дуранг қайд этди.

Умуман олганда, Луис ўз терма жамоасининг 16та учрашувида майдонга тушмади. У ЖЧ-2014да Италия термаси ҳимоячиси Жоржо Кьеллинини тишлаб олганидан сўнг жазога тортилганди. Қолаверса, «Барселона»га ўтганидан ке­йин дастлабки тўрт ойда клубига ёрдам бера олмаганди. Шунга қарамай, Суарес жамоанинг асосий ўйинчиларидан бирига айланиб, Ла-лигада тўпурар бўлиб турибди. Бразилияга қарши учрашувдан олдин у ESPN каналига Уругвай термаси ва «Барселона»даги холати ҳақида гапириб ўтди.

- Айни пайтда терма жамоамиз бир ўйинчига боғланиб қолмаган, таркибда натижага таъсир ўтказа оладиган бир қатор футболчилар бор. Бу эса мени бироз хотиржам қилади ва катта босимни ҳис қилмайман, -деб гап бошлади Суарес. — Термамиз Копа Америка турнирида ҳақиқий кучини намойиш этди. Уругвай терма жамоаси Суарессиз ҳеч нима эмас, деган гапларни эшитган футболчилар ўзларини кўрсатишга ҳаракат қилишди. Менимча, бу нарса сардоримиз Диего Годиндан бошлаб, Эдинсон Каванигача яхши таъсир ўтказди. Улар аввало, бир жамоа эканликларини, муайян ўйинчига боғланиб қолмаганликларини исботладилар. Мен эса, умумий муваффақиятга оз бўлсада ҳиссамни қўшаман, холос.

Айтиш жоиз, Суарес Уругвай терма жамоаси тарихидаги энг яхши тўпурар ҳсобланади. Жамоа сафида 2007 йилнинг февралида деб-ют қилган ҳужумчи 83та учрашувда рақиблар дарвозасини 45 марта аниқ нишонга олган.

- Футбол ғилдиракка ўхшайди. У айланиб юради. Терма жамоадаги кейинги учрашувимни Бразилияда ўтказаман. Эътиборли томони, охирги ўйинимни ҳам айнан шу мамлакатда ўтказгандим. Бу мен учун ўта муҳим ўйин бўлади. Шунга қарамай, босимни ҳис қилмаяпман.

Уругвай терма жамоаси бош мураббийи Оскар Табарес ва жамоа ҳужумчиси Диего Форланлар Суаресга бунчалик қаттиқ жазо тайинлашганини ҳамон англай олишмайди.

- Жуда ошириб юборишган,-дейди Форлан. — Нима учун у жамоа билан машғулот ўтказмаслиги ва стадионга бормаслигини тушуна олмайман.

Табарес эса Англия ОАВларини танқид қилди.

- Бу жазо ўта қаттиқ эди. Дисквалификациянинг мақсади «қонхўр» ОАВларнинг нафсини қондиришга ўхшайди. Улар ўша учрашувдан сўнг худди уруш бошлангандек ваҳима солиб юборишди. Айрим журналистлар эса бор эътиборларини Кьеллини билан бўлган ҳолатга қаратишди,-дейди Табарес. — Ўша журналистларнинг миллати қандайлигини билмадиму, аммо фақат инглиз тилида ёзишганди.

- 2030 йилги жаҳон чемпионати Уругвай ва Аргентинада ўтказилиши мумкин...  Бу мамлакатлар бирлашиб шу ишни амалга оширишса, ажойиб бўларди. Чунки Уругвай мундиални ўзи ёлғиз ўтказишга қодирмас.

Суарес «Барселона»даги биринчи мавсумидаёқ «требл» қайд этди. Жорий мавсумда эса уругвайлик футболчи 47та учрашувда 46та гол урди. Унинг мақсади - ўтган йилги натижани такрорлаш. Унинг айтишича, ҳужумдаги Жанубий америкалик жамоадошлари билан муносабатларининг яхшилиги «Барселона»нинг муваффақиятларида қўл келаётган экан.

- Чақчақлашишимиз учун доимо асос бор,-дейди Суарес. — Неймар жуда хушчақчақ инсон. У ўз ҳаётидан жуда мамнун. Лео ҳам шундай. Одамлар унинг қандайлигини тубдан билишмайди. Лекин Месси ажойиб инсон. Ҳар кун биргаликда ўйнаш бизга ёқади. Шунингдек, натижадан ҳам қониқяпмиз...

Бирор-бир инсон билан яхши муносабат ўрнатиш учун уни нафақат майдонда, балки унинг ташқарисида ҳам яхши билиш лозим. Бизда шундай бўляпти. Болаларимиз бирга ўйнашади. Хавьер Маскеранонинг оиласи билан ҳам дўстлашганмиз. Уругвайликлар ва аргентиналиклар доимо биргамиз. Бу Месси ва Маскерано учун эмас. «Ливерпул»да Макси Родригес билан, «Аякс»да Дарио Цвитанич билан дўстлашгандим. Бизнинг урф-одатларимиз ва менталитетимиз жуда ўхшашлиги учун шундай.

Месси билан болалигимиз қандай ўтганини кўп эслаймиз. Айни пайтда агентлар ёш футболчиларга эрта кунданоқ катта пулларни беришмоқда. Агар жуда ёшликдан катта пул ишлашни бошласангиз, амбиция йўқолади.

Масалан, мен биринчи машинамни 2009 йили сотиб олганман. Яъни, профессионал фаолиятимни бошлаганимдан сўнг тўрт йил ўтгач. Ҳозир эса ёшлар машинани уйда ўтириб сотиб олишмоқда. Ваҳоланки, келажакда қандай футболчи бўлишларини тасаввур ҳам қила олишмайди.

Ж.БОБОХОНОВ тайёрлади

Манба: interfutbol.uz
Киритилди: 06:31, 04.04.2016.
Ўқилди: 4273 марта.
Фикрлар: 3 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.