Кириш Регистрация
24/06 00:00 Шотландия 0-1 Венгрия
24/06 00:00 Швейцария 1-1 Германия
24/06 03:00 АҚШ 2-0 Боливия
24/06 06:00 Уругвай 3-1 Панама
25/06 00:00 Албания 0-1 Испания
25/06 00:00 Хорватия 1-1 Италия
25/06 03:00 Колумбия 2-1 Парагвай
25/06 06:00 Бразилия 0-0 Коста-Рика
25/06 21:00 Франция - Польша
25/06 21:00 Нидерландия - Австрия
26/06 00:00 Англия - Словения
26/06 00:00 Дания - Сербия
26/06 03:00 Перу - Канада
26/06 06:00 Чили - Аргентина
26/06 21:00 Словакия - Руминия
26/06 21:00 Украина - Бельгия
27/06 00:00 Чехия - Туркия
27/06 00:00 Грузия - Португалия

Бир кетса, ҳар ёндан кетар ёки голланд футболининг таназзули ҳақида

Баҳо:
+ | -

Яқин ўтмишда жаҳон футболининг байроқдорларидан бўлган Голландия ўта ачинарли вазиятга тушиб қолди. Таажжубки, ҳозир ҳам аввалгидек Европа футболини сифатли «маҳсулот» билан таъминлашда давом этмоқда. Аммо азалдан юксак иқтидорлар кони бўлган мамлакатнинг клублари ҳам, терма жамоалари ҳам халқаро майдондаги мавқеларини бой бериб қўйишди.

Голландлар термага ишонмай қолишди

Ҳаётнинг қонунлари шафқатсиз, хатоларни кечирмайди! Айёрликда тулкига ҳам дарс берадиган Луи ван Гал етакчилигидаги терма жамоа ЖЧ-2014 бронза медалларини қўлга киритганди. Гарчи бу йўлда шонли анъанасини қурбон қилиб, Голландияга ярашмайдиган услубда тўп сурган бўлса ҳам. Орадан ҳеч қанча вақт ўтмай, Евро-2016 турнири тотал футбол кашфиётчилари иштирокисиз ўтиши маълум бўлди. Наҳотки, бу норасмий мураббийнинг терма жамоадан кетиши мустаҳкам қалъанинг ер билан яксон бўлишига сабабчи бўлса?

«Лоларанглилар»нинг қитъа биринчилигидан четда қолишлари аниқ бўлгач, голландиялик журналистлар ёқимсиз саволларга чап бериш учун зукколикка зўр беришди. Лекин улар орасида Сьорд Муссудек мағлубиятни тан олишга ўзида куч топа олган мард ҳам топилди: «Бундан бир неча вақт муқаддам Берт ван Марвейк билан суҳбатлашганимда, Евро-2012 турнирини Голландия тарихидаги энг ёмон мусобақа сифатида тилга олганди. Шунингдек, омадсизликнинг асосий сабаби жисмоний тайёргарликнинг талаб даражасида бўлмаганини билдирди. Аммо ҳозир ҳеч қандай сабаб, баҳона ҳам йўқ! Балки у Чехиядаги автоголдан кейин ёки Рейкьявикдаги тузсиз ўйиндан бошлангандир. Агар шармандагарчиликнинг чиройли ёки хунуги бўлиши мумкинлигини  инобатга олсак, барча фронт­ларда имкониятни бой берган Голландия ўта чиройли шармандаликни намойиш этди!». Ҳа, аччиқ, лекин ҳақиқат!

 

Голландия футболининг

келажаги қандай?

«Лоларанг кема»нинг тобора чўкиб бораётганида чиндан ҳам сабаб ягона эмас. Терма жамоанинг Евродан четда қолгани - емирилиб бораётган тизимнинг натижасидаги ифода. Аслида, ғоялар эскирган, клублар тобора заифлашмоқда, мураббийлар мактаби аввалгидек самарали эмас. Футболчилар эса шахмат тахтасидаги пиёдалардан ортиқ мавқега эга эмаслар. Яқин келажакда «лолалар юрти» шарафини ҳимоя қиладиган футболчилар Арьен Роббен ва Уэсли Снейдер авлодларидан заифроқ. Бу уларнинг тажрибасиз ёки савиялари пастлигини англатмайди. Шунчаки, ҳозир Голландия чемпионати бадавлат функционерлар ҳамёнини тўлдирадиган инкубаторга айланиб қолган. Қитъада ўз ўрнига, илғор ғояларига эга бўлган, бошқа биринчиликлардан яққол ажралиб турадиган ёрқин лига ўз вақтида Эдвин ван дер Сар, Блинд ва Клюйверт билан ҳаммани ўзига қаратган «Аякс», Пьер ван Хойдонкнинг «Фейеноорд»и ва Гус Хиддинк етакчилигидаги ПСВ билан ўзига ром этганди. Лекин афсуски, ЧЛ ва УЕФА кубоги мусобақалари бу жамоалар учун ширин тушга айланган.

 

Голландияликлар юлдузларни ушлаб қололмаяптилар

Бундан 10-15 йил аввалги эредивизияни кўз олдингизга келтиринг. Дунё­нинг турли бурчакларидаги ва маҳаллий ноёб иқтидор соҳиблари учун «лолалар юрти» чинакам маҳорат мактаби, чиниқиш, тобланиш ва камолотга етишиш маскани эди. Златан Ибрагимович, Кристиан Киву, Матея Кежман, Уэсли Снейдер, Арьен Робен ва Дирк Кюйт каби ёрқин юлдузлар айнан шу заминда вояга етишди. Фақат шундан кейингина Голландияни тарк этиб, топ-чемпионатларда нуфузли совринлар учун муросасиз курашга киришдилар. Уларни эредивизиядан барвақтроқ тортиб олишга ҳеч қайси гранднинг кучи етмасди. Ортда қолган ана шу давр ичида Голландия чемпионатининг мақоми ўзгарди - атиги 1-2та учрашувда юлдузликдан нишона бера бошлаган ёш футболчилар сотиб олиниб, топ-чемпионатлардаги тенгсиз курашларда нобуд бўла бошлашди. Аввалгидек етарли тажриба ва маҳоратга эга бўлган, ҳар қандай рақиб билан тенг беллаша оладиган ўйинчилар камайиб кетди. Масалан, ПСВни чинакам етакчига айланганидан ке­йин тарк этган Жоржиньо Вейналдум, «Аякс»да юксак савияга эришиб, АПЛга йўл олган Кристиан Эриксен ва Луис Суарес, ПСВда ҳам, «Рома»да ҳам фантастик ўйин кўрсатган Кевин Строттман ва «МЮда ҳам «Аякс»­даги ишончли фаолиятини давом эттираётган Дейли Блиндни ҳисобга олмаганда, бошқа бирор етук футболчини кўрсатиш қийин.

Голландияни вояга етишидан анча барвақт тарк этганлар эса, керагидан кўп. Масалан, АПЛда муносиб ўйин кўрсатолмаётган Мемфис Депай, «Лацио» мухлисларининг кескин қаршилигига дуч келган Уэсли Худт, «Херенвен»ни тарк этган Альфред Финибогасон, Бас Дост ва Марк Ут, «Витесс» вакили Марко ван Гинкел худди бемаврид кўчириб ўтқазилган кўчат сингари ўзларига кела олишмаяпти.

Трансфер бозори шунчалик жиловсиз бўлиб кетдики, чемпионшипнинг аутсайдери ортиқча қийинчиликсиз «АЗ» ёки «Твенте»нинг етакчи ўйинчисини ўз сафига қўшиб олиши мумкин. Боз устига, арзимас маблағ эвазига. Футболчилар сотувидан катта даромад олиш Голландияга хос эмас. Улар эса иложи борича тезроқ номдор чемпионатларга ўтиш илинжидалар. Иллат ўз асоратини намо­йиш этмоқда - Евродан четда қолган терма жамоа бунга яққол мисол. Ўз вақтида, «учар голланд» номи билан танилган жамоанинг тақдири ҳозирда фахрий Роббен (32 ёш)нинг ўйинига боғлиқ. Мемфис Депай ҳозирча бу масъулиятни кўтаролмайди. Қолаверса, мамлакатда авлодлар алмашинуви ҳам издан чиққан. Вицлав Черни, Стивен Берг Вейн ва Рихайро Живкович каби ёшларни олға етаклайдиган футболчилар йўқ. «Фейеноорд»ни «судраётган» Дирк Кюйт бундан мустасно, албатта.

Голландия ижодкор

мураббийга муҳтож

4-3-3 тактик схемани асосий қурол қилиб олган Голландияда мураббийлар деярли бир қолипда ишлашмоқда. Албатта, «лолалар юрти»даги айрим ўзига хос мутахассисларни эътироф этмаслик адолатсизликдир. Мисол учун, 2 йил «Бавария»да Хосеп Гвардиоладан сабоқ олган Эрик Тен Хаг «Утрехт»ни эредивизиянинг «қаттиқ ёнғоғи»га айлантирди. Франк де Бур эса «Аякс»да кўҳна услубга алоҳида жило бахш этди - «сохта тўққизлик»нинг голландча варианти Сим де Йонг ва Дэви Классен навбатма-навбат самарали тўп суришмоқда. Филипп Коку ўзининг ПСВси билан «Атлетико»га қарши баҳсда 3 нафар марказий ҳимоячи ҳисобига яхши ҳимояланишни Голландияда ҳам исботлади. Луи ван Гал ҳамда марҳум Кройффнинг саъй-ҳаракатлари зое кетмаганлиги яққол кўриниб турибди. Бироқ бутун чемпионат учун атиги 3 нафар мутахассис озлик қилади. Дарвоқе, Марко ван Бастеннинг бевосита раҳномолигида ўз малакасини ошириб бораётган Йонван дер Бром ҳам «АЗ»да муайян силжишларга эришди. Аммо у мамлакат футболига қандайдир янгиликни таклиф эта оладиган тактик ислоҳотчи эмас, ўзининг руҳшунослик қобилияти билан ёш иқтидор соҳибларини юзага чиқармоқда. Қолган барча мураббийлар маълум қонун ва қоидаларга амал қилган ҳолда тирикчилик қилишмоқда. Зарурат туфайли айрим ўзгаришларга қўл уришдан нарига ўтишмаяпти. Синаш учун тажриба сифатида «Фейеноорд»даги Жованни ван Бронкхорст билан «Эксельсиор» устози Алфонс Грунендейкнинг ўринларини алмаштирсак, деярли ҳеч нарса ўзгармайди. Чунки бу икки мураббий аксарият касбдошлари каби 4-3-3 схемасига ёпишиб олишган, Луи ван Галдек кутилмаган, қалтис экспериментларга қўл уришмайди. Эҳтимол, мураббий соҳасидаги турғунликка голландларнинг консерватив табиати сабабдир. «Аякс» ёки «Фейеноорд» мутасаддилари бош мураббий лавозимига ўзларининг собиқ тарбияланувчилари ёки пастроқ савиядаги мутахассисларни, масалан, «АЗ», «Твенте» вакилларини таклиф этишади. Ҳеч қачон хорижий мутахассисга мурожаат қилишмайди. Чунки уларнинг кўпчилиги ўзларини хорижий мутахассислардан устун қўядилар. Ана шу «қотиб қолган ақида»ни рад этишга ўзида куч топа олган озсонли мураббийлар эса маълум даражада муваффақиятга эришмоқдалар. Юқорида зикр этилган Тен Хаг Хосеп Гвардиола жамоалари андозаси асосида «Утрехт»ни шакллантирди. Натижада, жамоа чемпионатда 5-поғонада бормоқда, кубок мусобақаларида финални қайд қилиб қўйди.

Назаримда, эредивизияга хорижда етарли тажриба тўплаган мураббийлар етишмаяпти. Ҳеч бўлмаганда бир нафар. Тўғри шундай мутахассис йўқ эмас - ўз вақтида Алекс Фергюсон ва Карло Анчелотти билан ёнма-ён ишлаган Яп Стам ёзда «Аякс» ёшлар жамоасини тарк этиб, «Виллем-II»ни ўз бошқарувига олди. Айнан шу мутахассисдан ностандард ечимлар кутилмоқда. Оқим билан сузадиганлар усиз ҳам етарли.

Голландияда клублар хазон бўлмоқда

«Твенте»нинг комадалиги ҳеч кимга сир эмас. KNVB томонидан кўрсатилаётган мурувват туфайли жамоа базўр нафас олиб турибди - у қарзларни тўлаш муддатини чўзиб берди. Йоп Минстерманнинг олий даражадаги менежерлик фаолияти оқибатида «Твенте» ўтган йили ёшлар ва аёллар жамоаларидан воз кечган, ўзи 90 млн. қарзга ботиб қолганди. Қўшимчасига, жамоанинг Доуен Sports сармоя компанияси билан имзолаган «антиқа» шартномаси «дард устига чип­қон» бўлди. Келишувга кўра, футболчилар трансферидан тушган даромаднинг нақ 30 фоизи KNVB ғазнасига тушарди. Шу сабабли Тадич, Кастаньос ва Промесни сотиб юбориш жамоага ёрдам бермади. Ҳозир ҳам «Твенте»нинг аҳволи қувонарли ҳолатда эмас. Уч мавсумга еврокубоклардан четлатилган, қарзларини мавсум якунига қадар тўлаши керак. Энсхеде шаҳрининг маъмурлари жамоани сақлаб қолиш учун 32 млн. евро ажратишди. Аммо бу вазиятни ўнглаш учун камлик қилади. Қаллоб Минстерманга ишонадиган яна бир сармоядорни топиш эса мушкул вазифа.

Афсуски, «Твенте» қисматига шерик жамоалар Голландияда етарли. Масалан, Ситтарднинг «Фортуна»си 2-лигада 17-поғонада бормоқда. 900000 евролик танқисликда фаолият юритаётган жамоага акцияларнинг бир қисмини қарид қилган мухлислар мадад бўлишмоқда. «Неймеген»нинг ҳолига ҳам ҳавас қилиб бўлмайди. Жамоанинг бош ҳомийси - NEC 2002 йилда стадионни шаҳар маъмуриятига сотиб юборганди. Энди ижара ҳақига аранг пул топмоқда. Ойлик маошлар борасида «Зволле»да ҳам муаммолар бор. «Ден Хаг» ва «Рода» жамоалари хусусий сармоядорларга эга бўлганларидан ке­йин эркин нафас ола бошладилар. Гаагада Хуэй Ванг раҳбарлигидаги хитойлик бизнесменлар, Керкрадда эса озиқ-овқат дўконларининг соҳиби Фрин Шруфф ўз жамоаларини таъминлашмоқда. Голландиядан хулоса чиқарадиган бўлсак, молиявий «фэйр-плей» Шарқий Европа мамлакатлари каби бу ўлка футболига ҳам сезиларли зарба бўлди. Жамоаларнинг 90 фоизи арзимас бюджет ҳисобига кун кўраётган мамлакатда фақат «Аякс», «Фейеноорд» ва ПСВ учлиги футболни ривожлантириш йўлида маълум ишларни амалга ошириб, қандайдир натижаларга эришмоқдалар. «Витесс», «Утрехт» клубларини ҳисобга олмаганда, қолган барча жамоалар чипталар сотуви, ТВ ҳуқуқлари ва футболчиларни сотиш орқали олинадиган даромад, шаҳар маъмуриятининг хайрияси эвазига кун кўришмоқда.

Голландия, хусусан, «Аякс» тажрибасидан унумли фойдаланаётган Бельгия, Дания ва бошқа бир қатор мамлакатлар эса тотал футбол ихтирочиларидан ўзиб кетмоқдалар. Голландияликлар эса эскирган тузумни тубдан янгилаш кераклигини ҳамон тушуна олмаяптилар.

Манба: Championat.com,

С.РАҲМОНОВ тайёрлади

Манба: Interfutbol.uz
Киритилди: 11:35, 04.04.2016.
Ўқилди: 4319 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.