Мураббий танлаш анча нозик масала. Айрим жамоалар айнан шу жиҳатдан қийналишлари ҳам бор гап. Яъни мураббийлар қўнимсизлиги туфайли яхши натижаларга эришолмайдилар. Агар терма жамоаларга назар ташласак, бу ҳолат яққолроқ намоён бўлади. Зеро, муайян бир ўйиндаги салбий натижанинг ўзи мураббийнинг истеъфосига олиб келиши мумкин. Шунинг баробарида терма жамоада узоқ муддатдан буён барқарор иш юритаётганлари билан мақтанишга ҳақли мутахассислар ҳам бор, албатта. Демак, Европа миллий жамоалари бош мураббийлари орасида бу борада энг яхши кўрсаткичга эга бўлиб турган 10 нафар етакчини алоҳида эътироф этамиз.
1-ўрин. Йоахим Лёв (Германия термаси) — 9 йилу 8 ой
Ўтган йилнинг ноябрь ойигача Европа термалари мураббийлари орасида амалдаги бош «узоқ умр кўрувчи» Мортен Ольсен эди. Дания миллий жамоасини 15 йил давомида бошқарган 66 ёшли мутахассис Евро-2016 саралашининг ўтиш ўйинларида шведларга имконият бой берилгач, истеъфога чиқди. Натижада бундестим устози Йоахим Лёв амалдаги ҳамкасблари орасида рекордчига айланди. У 2004 йилиёқ Германия термаси мураббийлар штабига кирганди - Юрген Клинсманн ассистенти сифатида. ЖЧ-2006дан сўнг эса, бевосита бош мураббий ролини бажара бошлади. Асосийси, Лёв узоқ муддатли режа асосида ишлаб, немисларни улкан ютуқлар сари етаклади. Йоахим лойиҳаси 2014 йилга келиб, бош самарасини берди - бундестим ниҳоят, яна жаҳон футболи тожини кийди. Аслида Лёв аллақачон қайсидир топ-клуб бошқарувини қўлга олиши мумкин эди, бироқ у ҳамон терма жамоа мураббийининг нисбатан холироқ иш графикини маъқул кўрмоқда, чоғи.
2-ўрин. Висенте дель Боске (Испания термаси) — 7 йилу 8 ой
«Реал»нинг собиқ устози Испания термасида 2008 йили иш бошлади. Ўшанда у «Қизил фурия»ни Европа чемпионати тахтига олиб чиққан қария Луис Арагонес ўрнини эгаллаганди. Дель Боске кейинчалик яхши йўлга қўйилган тизимни бузмасдан, унга баъзи янги жиҳатларни татбиқ этиш уддасидан чиқди. Шу тариқа испан футболининг олтин даврини анча узайтирди. Бошқача айтганда, «Жаноб картошка» (мураббийнинг лақаби) ЖЧ-2010 ва Евро-2012да якуний ғалабани таъминлади. Тўғри, Бразилиядаги мундиалда охирги йилларнинг тенгсиз терма жамоаси мутлақо муваффақиятсизликка юз тутиб, ҳаттоки, гуруҳ босқичидан ҳам ўтолмади. Шунга қарамай, мамлакат футболи раҳбарияти дель Боскега ишонишда давом этди. Энди Евро-2016 унинг учун терма жамоа билан хайрлашув онларига айланади. 65 ёшли тажрибали мутахассис табиийки, «Қизил фурия»даги узоқ ва самарали фаолиятига чиройли нуқта қўйишга уриниб кўради. Бунинг учун унинг ихтиёрида яхшигина таркиб мавжуд.
3-ўрин. Эрик Хамрен (Швеция термаси) — 6 йилу 4 ой
Скандинавлар табиатан кескин ҳаракатланишни унча ёқламайдилар, шундай экан, Хамреннинг 6,5 йилдан буён Швеция миллий жамоаси бошқарувида ишлаётганида ажабланарли томони йўқ. Ваҳоланки, шведлар ушбу мураббий раҳнамолигида Евро-2012 финал раундига чиққан бўлсаларда, гуруҳда Англия, Франция ва Украина термаларидан сўнг 4-ўринда қолишди. Кейин ЖЧ-2014 саралаши ўтиш баҳсларида португалияликлардан енгилишди. Қолаверса, Хамрен шогирдлари Евро-2016 саралашида ҳам унча ёрқин ўйнолмадилар ва фақат Златан Ибрагимовичнинг индивидуал иқтидори эвазига «плей-офф»да Дания термасидан устун келиб, Франция-2016 йўлланмасини қўлга киритишди. Агар «ПСЖ» ҳужумчиси ўша ўйинларда 3та гол урмаганида, балки Эрик Хамрен ишдан айрилармиди...?
4-ўрин. Кольдо Альварес (Андорра термаси) — 6 йилу 1 ой
45 ёшли мураббий камтарин жамоани 2010 йилдан буён бошқармоқда. У бунгача андорраликлар дарвозасини турли даражадаги 78та ўйинда қўриқлаган. Қизиғи, Кольдода клубга устозлик қилиш бўйича тажрибаси йўқ. Аммо у футболчилик фаолияти давом этаётган вақтдаёқ мамлакат ўсмирлар ва ёшлар терма жамоалари мураббийи сифатида ишлаган. Албатта, миллий терма даражасига ўтиши билан бошқа ваколатларини топширди. Айтганча, андорраликлар Альварес раҳбарлигидаги 3та саралаш даврида лоақал бир очко ҳам ололмадилар, лекин Евро-2016 квалификациясида нақ 4та гол уришди. Хусусан, Бельгия ва Уэльс термалари дарвозасини нишонга олишди. Ишонинг, Андорра жамоаси учун шу ҳам битта натижа.
5-ўрин. Люк Хольц (Люксембург термаси) — 5 йилу 7 ой
46 ёшли Хольц ҳам ўз мамлакати миллий жамоаси бош мураббийи лавозимига айнан 2010 йили тайинланди. Собиқ футболчи Люксембург термаси шарафини 55та ўйинда ҳимоя қилиб, 1та гол ҳам урган. Бутсаларини михга илгач, аввалига «Этцелла» клубида ўйновчи-мураббий сифатида малака оширди, кейин ёшлар термасига устозлик қилди. Муҳими, Люк мамлакатнинг бош жамоаси билан ҳам баъзи ютуқларга эришди. Дейлик, люксембургликлар Евро-2012 саралашида Албания термасини енгишди ва Беларусь жамоаси билан баҳсда дуранг қайд этишди. ЖЧ-2014 квалификациясида эса натижалар салмоғи янада ошди: 1та ғалаба (Ш. Ирландия термаси устидан) ва 3та дуранг (яна ўша Ш. Ирландия ва Озарбайжон термалари билан). Евро-2016 саралашига келсак, Хольц жамоаси 4 очко олиб, гуруҳда Македония термасини ортда қолдирди. 4 очконинг 3таси македонияликлардан, яна бири беларуслардан тортиб олинди. Хуллас, самара чакки эмас. Зеро, Люксембург термасидан бундан ортиғини талаб қилиш қийин.
6-ўрин. Ларс Лагербак (Исландия термаси) — 4 йилу 5 ой
Швед мутахассиси Исландия термасини «сенсацион» тарзда Евро-2016 финал босқичига олиб чиқди. Тажрибали Лагербак исландлар учун тарихий зафарни қайд этиш учун 4 йилдан кўпроқ вақт сарфлади. Аслида шимолликлар Лагербак бошқару-вида ЖЧ-2014га ҳам боришлари ҳеч гап эмасди. Ўшанда швед мутахассиси тайёрлаган жамоа 10та ўйин-нинг 5тасини ўз фойдасига ҳал қилиб, гуруҳда Швейцария термасидан сўнг иккинчи бўлганди. Бироқ ўтиш баҳсларида Хорватия миллийчиларига йўл бўшатишдан ўзга чора тополмади. Мана, исландлар Франция мезбонлик қилувчи қитъа биринчилигига қўшимча ўйинларсиз йўлланма олишди. Уларнинг мураккаб гуруҳда Туркия ва Голландия термаларидек кучли рақиблардан олдинга жойлашганлари эътиборга молик. Лагербак шогирдлари бу сафар 10та турда 6та ғалабага эришдилар. Дарвоқе, шу циклда швед мураббийи маҳаллий мутахассис - Хеймир Халльгримссон билан ҳамкорликда ишлади. Режага кўра, ке-йинчалик Исландия термасини айнан у бошқариши керак.
7-ўрин. Марсель Коллер (Авс-трия термаси) — 4 йилу 4 ой
Австрия миллий жамоаси охирги 2та саралаш даврида «Кёльн» ва «Бохум» клублари собиқ устози Марсель Коллер раҳбарлигида майдонга тушди. Унинг фаолияти ҳозирча мақтовга лойиқ бўл-япти. Зеро, австрияликлар анчадан буён бу қа-дар яхши кўринмагандилар! Тўғри, Австрия термаси ЖЧ-2014ни ўтказиб юборди, аммо саралашда муносиб ўйнаганди: 10та ўйинда 5та ғалаба. Ўшанда жамоа финишга Германия ва Швеция термалари ортидан 3-ўринда етиб келганди. Мана, Коллер ишининг самараси Евро-2016 саралашида бутунлай бўй ростлади. Австрияликлар бошидан охиригача бўшашмадилар ва 10та ўйиннинг 9тасини ғалаба билан якунлаб, қитъа бўйича энг яхши натижалардан бирини қайд этдилар. Табиийки, мамлакат футбол федерацияси бундай мутахассисни осонгина қўйиб юбормоқчи эмас. Демак, Коллер билан имкон қадар узоқ муддатли шартнома расмийлаштирилса, ажабмас.
8-ўрин. Ларс Ольсен (Фарер ороллари термаси) — 4 йилу 4 ой
Дания миллий жамоаси собиқ аъзоси аввалига ўз ватанида «Рандерс» ва «Оденсе» клубларини бошқарди. 2011 йилга келиб эса, Фарер ороллари термаси таклифини қабул қилди. Европа футболи аутсайдери Ларс Ольсен раҳбарлигида муайян ўсишга эришди, дейишга асослар бор. Доимо очко улашувчи ҳисобланган терма ЖЧ-2014 саралаш баҳсларида қозоғистонликлар билан ягона дуранг натижасида биттагина очко олган бўлса, Евро-2016 квалификациясига келиб, грецияликларни икки марта мағлубиятга учратиб, 6 очко жамғарди. Умуман, гуруҳ аутсайдери бошқа аксарият ўйинларда ҳам рақибларга муносиб қаршилик кўрсатди. Аслида дейлик, жамоа сардорини кунлик иши туфайли ўйинга қўйиб юборишмаётган ҳолатда натижа чиқариш жуда мушкул. Лекин Ольсен бундай қийинчиликларга кўникиб улгурди ва ҳеч вақоси йўқ жамоа билан ҳам нимадир қилишни уддалаяпти.
9-ўрин. Жанни де Бьязи (Албания термаси) — 4 йилу 3 ой
Италиялик де Бьязи - қўл остидаги терма жамоада камида 2та саралаш циклидан буён иш юритаётган ва сезиларли натижаларга эришаётган яна бир мураббий. 59 ёшли мутахассис албанларнинг асосий жамоаси устозлигини 2012 йилнинг бошида қўлга олди. У бунга қадар «Удинезе», «Леванте» ва «Торино» клубларида ишлаганди. Албания термаси ЖЧ-2014 саралашида ўз даражасида жуда яхши қатнашди. Тўғри, гуруҳда атиги 5-ўринни эгаллади, лекин 11 очко тўплаб, Кипр, Словения ва Норвегия термаларини ортда қолдирди. Европа чемпионатига йўл очувчи баҳсларга келиб эса, де Бьязи шогирдлари барчани шунчаки, ҳайратга солишди! Мураббий тайёрлаган йигитлар финишга Португалия термасидан кейин 2-ўринда қадам босишди. 8та турда 4та ғалаба қайд этилди - Арманистон термаси икки марта доғда қолдирилган бўлса, битта ютуқ жиддий рақиб - Португалия майдонида нишонланди. Шунингдек, Сербия термасига қарши ўйин учун албанларга техник ғалаба ёзилди. Қолаверса, ди Бьязи жамоаси данияликлар билан икки марта очколарни бўлишиб олди. Хуллас, итальян мураббийи янги мамлакатга шунчалик яхши ўрнашдики, унинг фуқаролигини ҳам қабул қилди.
10-ўрин. Майкл О~Нил (Ш. Ирландия термаси) — 4 йилу 3 ой
Шимолий Ирландия миллий жамоаси бош мураббийи Майкл О~Нил тарихи ҳам ҳайратланарли. Ўз мамлакати миллий жамоаси бошқарувини қўлга олган мураббий 4 йил ичида уни мутлақо янги савияга чиқарди. Евро-2016 чиптаси «сенсацион» ҳолда қўлга киритилгани барчасини айтиб турибди. Майкл аввалига ЖЧ-2014 квалификациясида ўзига хос «сюрприз»лар улашди. Унинг «яшил-оқ» армияси Россия термасини мағлуб этишдан ташқари, яна 4та ўйинда бир очкодан олди ва гуруҳ босқичини 5-поғонада якунлади. Эҳтимол, айнан руслар устидан қозонилган ғалаба самараси ўлароқ, О~Нил жамоаси руҳияти ўзгаргандир... Ҳар-қалай, Евро-2016 саралашида Шимолий Ирландия миллийчилари Греция ва Фарер ороллари термаларини 2 мартадан, Венгрия ҳамда финляндияликларни эса бир мартадан енгишга муваффақ бўлишди. Натижа - гуруҳда 1-ўрин ва Европа чемпионати йўлланмаси. Эҳтимолки, мамлакат футбол федерацияси билан ўртадаги шартномани 2020 йилгача узайтирган О~Нилнинг ўзи ҳам ҳалигача бунинг туш эмаслигига ишонолмаётгандир...
Европа терма жамоалари бош мураббийлари ҳаҚида маълумот
№ Мураббий Терма Муддат Иш бошлаган вақти
1 Йоахим Лёв Германия 9 йилу 8 ой 2006 йил июнь
2 Висенте дель Боске Испания 7 йилу 8 ой 2008 йил июль
3 Эрик Хамрен Швеция 6 йилу 4 ой 2009 йил ноябрь
4 Кольдо Альварес Андорра 6 йилу 1 ой 2010 йил февраль
5 Люк Хольц Люксембург 5 йилу 7 ой 2010 йил август
6 Ларс Лагербак Исландия 4 йилу 5 ой 2011 йил октябрь
7 Марсель Коллер Австрия 4 йилу 4 ой 2011 йил ноябрь
8 Ларс Ольсен Фарер ор. 4 йилу 4 ой 2011 йил ноябрь
9 Жанни де Бьязи Албания 4 йилу 3 ой 2011 йил декабрь
10 Майкл О~Нил Ш.Ирландия 4 йилу 3 ой 2011 йил декабрь
11 Крис Коулман Уэльс 4 йилу 2 ой 2012 йил январь
12 Марк Вильмотс Бельгия 3 йилу 10 ой 2012 йил май
13 Пьетро Гедин Мальта 3 йилу 10 ой 2012 йил май
14 Рой Хожсон Англия 3 йилу 10 ой 2012 йил май
15 Дидье Дешам Франция 3 йилу 8 ой 2012 йил июль
16 Михаил Фоменко Украина 3 йилу 3 ой 2012 йил декабрь
17 Сречко Катанец Словения 3 йилу 2 ой 2013 йил январь
18 Рене Паурич Лихтенштейн 3 йилу 2 ой 2013 йил январь
19 Гордон Страчан Шотландия 3 йилу 2 ой 2013 йил январь
20 Ян Козак Словения 2 йилу 8 ой 2013 йил июль
21 Марьян Пахарь Латвия 2 йилу 8 ой 2013 йил июль
22 Фотиҳ Терим Туркия 2 йилу 7 ой 2013 йил август
23 Пер-Матиас Хёгмо Норвегия 2 йилу 6 ой 2013 йил сентябрь
24 Адам Навалка Польша 2 йилу 5 ой 2013 йил октябрь
25 Мартин О~Нил Ирландия 2 йилу 4 ой 2013 йил ноябрь
26 Магнус Перссон Эстония 2 йилу 3 ой 2013 йил декабрь
27 Павел Врба Чехия 2 йилу 2 ой 2014 йил январь
28 Юрий Красножан Қозоғистон 2 йилу 1 ой 2014 йил февраль
29 Пьер-Анжело Манцароли Сан-Марино 2 йилу 1 ой 2014 йил февраль
30 Владимир Петкович Швейцария 1 йилу 8 ой 2014 йил июль
31 Антонио Конте Италия 1 йилу 7 ой 2014 йил августь
32 Фернанду Сантуш Португалия 1 йилу 6 ой 2014 йил сентябрь
33 Ангел Иорданеску Руминия 1 йилу 5 ой 2014 йил октябрь
34 Радован Чурчич Сербия 1 йилу 4 ой 2014 йил ноябрь
35 Меҳмет Бадаревич Босния ва Гер. 1 йилу 3 ой 2014 йил декабрь
36 Ивайло Петев Болгария 1 йилу 3 ой 2014 йил декабрь
37 Роберт Просинечки Озарбайжон 1 йилу 3 ой 2014 йил декабрь
38 Александр Хацкевич Беларусь 1 йилу 3 ой 2014 йил декабрь
39 Данни Блинд Голландия 8 ой 2015 йил июль
40 Жефф Вуд Гибралтар 8 ой 2015 йил июль
41 Бернд Шторк Венгрия 8 ой 2015 йил июль
42 Леонид Слуцкий Россия 7 ой 2015 йил август
43 Анте Чачич Хорватия 6 ой 2015 йил сентябрь
44 Микаэль Скиббе Греция 5 ой 2015 йил октябрь
45 Игор Ангеловски Македония 3 ой 2015 йил декабрь
46 Игорь Добровольский Молдова 3 ой 2015 йил декабрь
47 Варужан Сукиасян Арманистон 3 ой 2015 йил декабрь
48 Оге Харейде Дания 3 ой 2015 йил декабрь
49 Христакис Христофору Кипр 3 ой 2015 йил декабрь
50 Ханс Баке Финляндия 2 ой 2016 йил январь
51 Любиша Тумбакович Черногория 2 ой 2016 йил январь
52 Эдгарас Янкаускас Литва 2 ой 2016 йил январь
53 Алон Хазан (в.б.) Исроил 1 ой 2016 йил февраль
54 Владимир Вайсс Грузия 1 ойдан оз 2016 йил март
championat.com - А. Аҳмедов тайёрлади