Англиянинг «Манчестер Сити» яримҳимоячиси Самир Насри «шаҳарликлар» янги бош мураббийи Хосеп Гвардиоланинг жамоада иш бошлашини кутаётгани борасида гапириб ўтди.
«Илгари унинг жамоасига қарши ўйнагандим. Ўшанда у мени озгина бўлсада эътироф этган. Лекин бу беш йил олдин содир бўлганди.
Гвардиола жамоада иш бошлайдиган пайтда мен энг кучга тўлган даврда бўламан ва ўйлайманки бу менга катта ёрдам беради. Мен бор кучим билан ҳаракат қиламан. Узоқ вақт майдонга туша олмасанг ва кейин яна сафга қайтсанг, ўзингни ўйинга ташна ҳис қиласан, шунда вақтни шунчаки сарфлашни хоҳламайсан. Таркибдан жой олиш учун шов-шув кўтариб қайтишни истайсан.
Агар мен Гвардиолага керак бўлсам ва унинг жамоасида қолсам, у бахтиёр одамга айланади, чунки мен ўйинга жуда ташна ҳолатда бўламан.
Мен унинг фалсафасига, ўйин услубига тўғри келадиган ўйинчи эканимни биламан, шундай экан кўрамиз. У ажойиб мураббий, балки дунёнинг энг кучли мураббийи ҳам бўлиши мумкин. Унинг режаларида бўлсанг ажойиб, агар кира олмай қолсанг – яхши эмас.
Албатта, мен жамоада қолишни истайман, шунинг учун ҳам шартномамни 2019 йилга қадар узайтирдим. Аммо мен футболчиман ва ўйнашни истайман. Агар сен захира ўриндиғида ўтирадиган бўлсанг, 25 йиллик шартнома тузишдан фойда йўқ. Фақат ўйнасагина бу фойдали», – дея таъкидлаган Насри.