Бразилия терма жамоаси ва «Барселона» футбол клуби ҳужумчиси Неймарнинг Instagram ижтимоий тармоғида қолдирган хабари мухлисларни хавотирга солди. «Sports.ru» блогери Arkhem Knight Неймар томонидан Instagram’да қолдирилган хабарнинг мазмунини эълон қилди.
«Парвардигор, менинг эзилган қалбим сени чақиради ва сенинг эътиборингни сўрайди. Мен ҳаётимдаги энг қийин дамларга дучор бўлдим. Бошлаган ишимни охиригача етказишга ёрдам бер. Ўзимни заиф деб ўйлаганимда, ўшанда кучли бўламан. Сенсиз мен ҳеч ким эканимни ўйласам, имконсиз натижаларга эришаман ва ғолиб бўламан. Кучим камайиб бораётганини сезяпман, аммо сенинг борлигинг кучимни қайта тиклайди. Парвардигор, мени юқори натижаларга бошла. Мен инсонман ва мукаммал бўлиш қўлимдан келмаяпти», — дея Instagram’да хабар қолдирди Неймар.
Қайд этиш жоиз, Неймарнинг ушбу хабарига 134 мингдан зиёд изоҳ қолдирилди.