Кириш Регистрация
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина 1-2 Удинезе
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо

Роналдога ҳавас қилиб…

Баҳо:
+ | -

Футбол - бу аввало, ўйин ва Погба уни шунчаки, яхши кўради. Ўзига хос соч турмаклари ва кийиниши билан ажралиб турадиган Поль бошқача услубда ва дўстлари даврасида ўйнашни ёқтиради. Энди тўпни не кўйларга солишини айтиш шарт эмасдир. У шунингдек, мобиль телефонда виртуал футбол ўйнашни ҳам қойиллатади. Погбанинг аждодлари Гвианадан ва унинг ҳаракати, услубида Кариб ҳавзасидаги бу давлатга хос белгиларни осонгина пайқаш мумкин - озгина лоқайдлик ва бепарволик, лекин мусиқага шайдолик ва чапанилик. Полнинг ўзи эса  Францияда туғилди ва шу ерда улғайди. Футболга кучли муҳаббати кейинчалик ноёб иқтидори ўлароқ, янада кучайди. Хуллас, эрта кунда кўзга ташланган йигитча 16 ёшида «Манчестер Юнайтед» «чангали»га тушди. Тўғри, «Олд Траффорд»да янги босқичга кўтарилган бўлсада, исътедодини намойиш этиш имкониятига эга бўлмади. Шу вақтда «Ювентус» чорловини қабул қилиб, Италия футболини забт қилишга чоғланди. Мана, Погба бир неча йилдирки, Турин суперклуби ўйинларига жило берганча «А» серияси мухлисларига ўзгача завқ-шавқ улашмоқда. У «Юве» билан бир қатор жиддий ғалабаларни тантана қилиш баробарида навбати билан Франциянинг турли ёш тоифасидаги терма жамоаларида ҳам ўз сўзини баралла айтмоқда.

ИШГА МУНОСАБАТ

Дейлик, Погба 2013 йили Les Bleus ёшлар терма жамоаси сардори сифатида  U-20 белгиси остидаги жаҳон чемпионати ғолибига айланди. Туркия мезбонлик қилган ўша кичик мундиалнинг энг яхши футболчисига аталган «Олтин тўп» сов-рини айнан французларни олға етаклаган новча ва қотма йигитга топширилди (эсингизда бўлса, Поль Ўзбекистон ёшлар термасига қарши ўйинда ҳам жуда ёрқин таассурот қолдирганди). Туркия мундиалидан бир йил ўтиб, Погба энди Hyundai совринини қўлга киритди. Бошқача айтсак, ЖЧ-2014да Франция миллий жамоасининг чорак финалга қадар етиб боришига муносиб ёрдам берди ва якунда ташкилотчилар уни турнирнинг энг яхши ёш футболчиси сифатида эътироф этишди. 2015 йилга келиб эса, Погбани жаҳон миқёсида тан олишди. Яъни франциялик ҳужумкор ярим ҳимоячи ФИФАдан энг яхши ёш футболчи мақомини олди. Қисқаси, 15 март куни 23 ёшга тўлган иқтидорнинг ўсиш суръати шунчаки, ҳайратланарли. «Агар ўз ҳаётингиз ёки фаолиятингизда юқори мақсадларни кўзласангиз, табиий равишда мудом барчасига катта масъулият билан ёндашасиз. Бунга шунчаки, мажбурсиз, акс ҳолда, ҳеч вақога эришолмайсиз, - дейди Погбанинг ўзи футбол бобидаги тез ва тинимсиз юксалиши хусусида. - Менинг мақсадим аниқ: футболда энг кучлилар қаторидан жой олиш. Бас, шундай экан, иқтидоримни имкон қадар тезроқ юзага чиқаришга уринаман. Демакки, ўз устимда тинимсиз ишлаш ва замонавий футбол талабларига мослашишни сира пайсалга солмаслигим керак».

   Погба бу гапларини амалда ҳам исботлаяпти. Мана, тиним билмаслиги ва шунга яраша, тўхтамай ўсиши натижасида клуб футболида ўз ўрнини топиб улгурди. Характери ва ишга ёндашуви Франция термаси мураббийларига ҳам маъқул. Муҳими, Поль мамлакат бош жамоасида ижобий хусусиятларини янада такомиллаштир-япти. «Ҳа, секин-аста тажрибамни ошириб боряпман, умумий ҳолатим ҳам яхши томонга ўзгаряпти. Табиийки, Les Bleus таркибида муҳим роль ўйнашни истайман. Мамлакат термажамоаси либосини кийганимда, қувватим ўз-ўзидан жўш уради. Ўйинларда бор салоҳиятимни намоён этиш учун максимал даражада ҳаракат қиламан. Шунингдек, масъулият ёхуд ташаббусни қўлга олиш борасида ҳеч қандай муаммони сезмаяпман» - бу Полнинг Франция термасида ўйнашга умумий ёндашуви.

Олдинги сатрларда таъкидланди, футболчи март ойи ўртасида 23 ёшга тўлди. Қизиқ, у нимани энг яхши совға сифатида кўрмоқда? Бу саволга ўйламай, дарҳол қуйидагича жавоб беради: «Ювентус» билан қўлга киритилажак скудетто - энг зўр совға. Шундан сўнг Евро-2016да Франция миллий жамоаси билан илк жиддий совринга эга чиқсам, туғилган кун совғаси бус-бутун бўларди-да».

 

КУЧЛИ ТУРТКИ

Старт чизиғи тобора яқинлашаётган Европа чемпионати футбол-2016нинг асосий воқелиги, албатта. «Учранглилар»нинг ўз майдонларида фақат ғолибликни кўзлашлари ҳам тайин. Чунончи, Франция термаси охирги марта йирик турнирни ўз фойдасига ҳал этганига ҳам нақ 18 йил бўлди. Ҳозирги авлод футболчилари ўша, ЖЧ-98да кузатилган бетакрор ғалаба шукуҳини яна такрорламоқчилар. Поль 1998 йили 5 ёшли болакай эди, шунга қарамай, мундиал финалини яхши эслаб қолган: «Биз ўйинни уйда, телевизор орқали томоша қилганмиз. Ғалабадан сўнг ярим тунгача машинада айланиб, оиламиз дўстларини бирма-бир табриклаб чиққанимиз ҳеч хотирамдан кўтарилмайди».

   Ҳал қилувчи ўйинда Бразилия термаси батамом маҳв этилгани барчанинг ёдида. Демакки, Погбалар оиласи кенжатойига мислсиз етакчи Зайниддин Зидан ва унинг дўстлари кучли таъсир ўтказишгани аниқ. «Футболда мен учун ибрат намунаси - бу  Роналдо. Айнан у туфайли футболни севиб қолганман. Роналдонинг ҳаракатларини оғзим очиқ ҳолатда кузатардим. Кейинроқ майдонда айнан у каби ўйнашга уринардим. Унинг техникаси, тезлиги ва нишонни тўғри олиши, шунингдек, олдинга интилишдаги хилма-хил дриблинглари шу қадар мафтункор эдики, футболни севмаслик мумкин эмасди,- дейди француз ўзининг бош кумири ҳақида. - Албатта, миллионлар ўйинига меҳр беришимда Зайниддин Зиданнинг ҳам роли катта. У - Франция тимсоли ва фахри. Охирги вақтларда футболда французларга ҳеч ким Зиданчалик туртки бермаган бўлса керак. Биз Зизу ижросидаги ўйинларни унутмаймиз ва ҳар бир ёш йигит ўз фаолиятида у забт этган чўққилар томон талпинади».

Тақдир тақозосига кўра, Погба  афсонавий ватандоши изидан бориб, катта футболдаги илк қадамларини унинг собиқ жамоасида ташлади. Энди у мамлакат миллий термасида ҳам Зизу ортидан юрмоқчи. Хусусан, бўлажак Европа чемпионатига умид билан қараяпти: «Ишончим комил, биз - ҳозирги авлод вакиллари асдойлик ҳаракат қилсак, француз футболини яна юқори чўққиларга олиб чиқамиз. Жамоамиз ихтиёрида кўп нарсага қодир йигитлар бор. Қолаверса, мураббийимиз ҳам анойи эмас ва у футболчиларни умумий мақсад сари қандай етаклашни билади».

 

ОИЛАВИЙ РИШТАЛАР

Дарҳақиқат, Погбанинг футбол масаласида мақсадлари ғоят улкан. Буни унинг акалари - эгизаклар Матиас ва Флорентиндан кўра, яхшироқ тушунтирадиган киши топилмаса керак. Мана, Флорентиннинг фикрлари: «Биз вақти-вақти билан Полнинг мақсадлари хусусида қалбан суҳбатлашамиз. Умуман, орзуларимиз ўзаро муштарак. Яна бир-биримизга елкадош бўлсак, муаммоларни осонгина бартараф этишимизни ҳам биламиз». Шу ўринда бир маълумот: Полнинг акалари ҳам футболчи - Матиас Шотландиянинг «Партик» клубида тўп сурса, Флорентин айни пайт «Сент-Этьен» шарафини ҳимоя қилмоқда. Эътиборлиси, ҳар иккиси халқаро даражада Гвиана байроғи остида ўйнашни маъқул кўрган. «Акаларимга тўлиқ таянишим мумкин. Улар нафақат футбол, балки ҳаёт борасида ҳам зарур маслаҳатларни беришади. Ҳозирги даражага чиқишимда уларнинг муносиб ўринлари борлигини таъкидлашдан чарчамайман. Оддий айтганда, Матиас ва Флорентин мени мудом руҳлантириб, олға бошлашади»,-дейди Полнинг ўзи.

Эҳтимол, «Юве» етакчиси  Гвиана ва Франция терма жамоаларининг ўзаро тўқнаш келишларини ҳам орзу қилар. Ана шунда мухлислар майдонда бирданига 3 нафар Погбани кўришарди...

Манба: Fifa.com

Манба: Interfutbol.uz
Киритилди: 09:25, 25.04.2016.
Ўқилди: 8054 марта.
Фикрлар: 2 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.