Бугун футбол бўйича амалдаги Ўзбекистон чемпиони Тошкентнинг “Пахтакор” ҳамда Бекободнинг “Металлург” жамоалари учрашуви билан олий лигада 6-турга якун ясалади. Осиё чемпионлар лигаси гуруҳ босқич 5-турида ажойиб ғалабани қўлга киритган Нўъмон Ҳасанов шогирдлари бугунги ўйинда майдонга кўтаринки кайфиятда тушишлари аниқ.
Ўз ўрнида “Металлург” ҳам мавсумни чиройли тарзда бошлади. Рустам Мирсодиқов жамоаси 5та учрашувнинг 4тасида зафар қучган. “Пахтакор” эса 5та ўйиннинг 2тасида ғалабага эришиб, учта учрашувда дуранг қайд этган. Агар бугун мамлакат чемпионлари ғалаба нашидасини суришса, очколар бўйича “Металлург”га тенглашиб олишади. “Пахтакор” – “Металлург” ўйинини ФИФА рефериси Вадим Агишев бошқаради.