Кириш Регистрация
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина 1-2 Удинезе
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо

Симеоненинг сири

Баҳо:
+ | -

Испанияликларнинг кўпчилиги Диего Симеонени кўрарга кўз, отарга ўқ топа олишмайди. У эса ҳатто пинагини ҳам бузмаган ҳолда «Атлетико»ни янги-янги чўққилар сари етакламоқда. Чиндан ҳам, аргентиналик мутахассис Мадридга келганидан кейин «матрасчилар» Ла-лига грандларига муносиб рақобат кўрсата оладиган кучли жамоага айланди. Хўш, Симеоненинг бошқа касбдошларидан фарқи нимада? Шогирдлари кучли рақибларни маҳв эта олишлари учун у қандай «сеҳр-жоду»дан фойдаланади? Аксарият мутахассислар айниқса, Луис Энрикедек аламзада рақиблар тинчини ўғирлаган ана шу саволларнинг жавоби бор-йўғи 3та рақамга жой бўлган. Ҳа, бир қарашда ўта зерикарли, «қуруқ» ҳисоб-китобларнинг ҳайратомуз қудратига лол қолмасликнинг иложи йўқ.

Диего Симеоне футбол эстетикасини дабдала қилмоқда, деган фикрдагилар қаттиқ янглишадилар. Аксинча, футболдаги айрим нуқсонларни силлиқлашга уринмоқда. Тўғри, бунинг учун анчайин тўпори қуролдан фойдаланмоқда. Ана шу қурол ёрдамида 5 апрель оқшомида ЧЛнинг тождори майдонида кичик фарқ билан имкониятни бой бериб, уни мусобақадан чиқариб юборадиган тўсиққа пойдевор қўйди. Мадриддаги жавоб учрашувида эса «Камп Ноу»да бошланган ишни ниҳоясига етказди. Хуллас, «Барса»-ЕЧЛ томошабинлари сафида! Ўзини ашаддий романтик ҳисоблайдиган кишилар учун ана шу таърифнинг ўзи етарли. Диего билан замонавий футбол анъаналари ўртасидаги номутаносиблик шундаки, аргентиналик мутахассисни кўпчилик ўта қизиқувчан ва эҳтиросли шахс деб билади. Аслида, Симеоне ҳар бир қадамини ўйлаб босадиган, етти ўлчаб бир кесувчи инсон. Фикримизни қуйида келтирадиган айрим рақамлар исботлайди.

Чорак финалнинг дастлабки баҳсида «Атлетико» мағлубиятни тан олди. Лекин ҳатто майдонда озчилик бўлиб ҳам Симеоне кўрсатмаларига тўлиқ риоя қилди. Мураббийнинг асосий мақсади - «Барса»ни ўзи ёқтирмайдиган услубда тўп суришга мажбур этиш. Келинг, бунга амин бўлиш учун жамоанинг кучли рақибларга қарши ўйинларидаги айрим кўрсаткичларни кўриб чиқайлик.

23 рақами. Айтинг-чи, ҳозирги «Барселона»нинг асосий устунлиги нимада? Қисқа узатмалар орқали ҳимоя марказини ёриб ўтиш. Бунга йўл қўймаслик учун нима қилиш керак? Бунинг учун ярим ҳимоячилар учлигининг самарали тўп суришига имкон бермаслик, рақиб ўйинчиларини қанотларда ёйиб юбориш ва қанот ҳимоячилари эркинлигини чеклаш талаб этилади. «Атлетико»нинг ҳимоя чизиғи ўта зич ҳолда, ёйилиб кетмаган тарзда ўйнайди. Хуанфран билан Фелипе Луис қўшимча марказий ҳимоячиларга айланишди. Тўғри, оқибатда Альба ва Алвеш учун қанотларда улкан бўшлиқлар юзага келди. Бироқ ана шу эркинликдан унумли фойдаланишларига Коке ва Саул йўл қўйишмади. Ҳатто, майдонда 10 киши бўлиб қолганда ҳам «Атлетико» мураббийи 4-4-2 схемасига кўра, вертикал прессинг усулидан воз кечмади. Тўп «Барса»нинг қанот ҳимоячиларига ўтгани заҳоти 3 нафар ўйинчи унинг марказга узатилишига йўл қўймасликка ҳаракат қилишди. Оқибатда, «Барса» тўпни юқорилатиб оширишдан бошқа йўл топа олмади. Ёдингизда бўлса, Ла-лига доирасидаги баҳсда ҳам «матрасчилар» 9 киши бўлиб қолишларига қарамай, шу усулда тўп суришганди. Қисқаси, Энрике жамоаси 5 апрель куни 23 марта қанот узатмаларини амалга оширди. Таққослаш учун келтирадиган бўлсак, Испанияда ана шу кўрсаткич ўртача 14тага тенг. Эътиборлиси, «Арсенал»­ни таслим этган ўйинда «Барса» ҳам айни натижани қайд этганди. Шунингдек, «Севилья»га қарши баҳсда ҳам.

Симеоненинг мақсадини англаш қийин эмас: жарима майдончаси томон юқоридан узатилаётган тўплардан «Барса» унумли фойдалана олмайди, қачонки, ҳимояланувчи  томон кутилмаган қўпол хатога йўл қўймаса. Қўйинг-чи, «Барселона»нинг 23та узатмасидан атиги 5таси манзилга аниқ етиб борди, холос. Агар Энрике шогирдлари ўз услубларида тўп суришганида, «Атлетико» ҳимоячиларига жуда қийин бўлиши аниқ эди. Симеоне стратегиясининг яна бир муҳим жиҳати шундаки, қанот орқали юқоридан узатилаётган узатмалар қанчалик кўп бўлса, «Барса»нинг марказ орқали қисқа узатмалари шунчалик камаяди. Одатда, каталонияликлар ҳар бир ўйинда ўртача 38-40 дақиқа тўпга эгалик қилишади. Лекин «Атлетико»га қарши баҳсда у озроқ. Чунки «матрасчилар» ҳам тўпни имкон қадар кўпроқ назорат қилишга ҳаракат қилишади. Натижада рақиб қоидани бузишга мажбур бўлади, ўйин суръати пасаяди. Хуллас, тахминан 5-6 дақиқа турли тўхталишларга кетади. Ана шу 35 дақиқанинг 1|4 қисми самарасиз қанот узатмаларига сарфланади. «Барса»нинг ўртача самарадорлиги 2,7та голга тенг­лигидан келиб чиқсак, «Атлетико»га қарши баҳсда бу кўрсаткич 2,02га тушиб қолди. Дарҳақиқат, «Камп Ноу»да у 2та гол уришга муваффақ бўлганди.

51 рақами. Диего Симеоне «Барса»га қарши беллашувларда шогирд­ларининг кўпроқ жарима майдончаси атрофида тўп суришларидан чўчимайдиган ягона мураббий. Бир қарашда мадридликлар ўйин тизгинини йўқотиб қўйгандек кўринадилар. Бироқ бу алдамчи таассурот - «Атлетико» ўз майдончаси атрофида тўпланган ҳолда рақибнинг ҳужумларини синчковлик билан кузатади, ҳеч қайси ўйинчи унинг эътиборидан четда қолмайди. Дунёдаги ҳеч қайси жамоа огоҳлик шипшитишларидан «Атлетико»чалик унумли фойдалана олмайди. Мадридлик ўйинчилар асосий эътиборни тўпга эмас, рақиб ўйинчиларининг ҳаракатларига қаратишади. Ўзлари таъқиб қилаётган жамоадошлари кузатувига топширадилар. Оқибатда, рақиб футболчисининг яқинлашаётганидан ҳеч ким ғафлатда қолмайди. Хуллас, жарима майдончасига кириб келаётган рақиб «Атлетико» учун муаммо эмас. Жамоа каталонияликларни «Арсенал» ёки «Севилья» футболчиларидан кўра кўпроқ ўз дарвозаларига яқинлаштиради. Яъни, Месси ўз шериклари билан мадридликлар дарвозаси олдида 51 марта пайдо бўлди. Бу кўрсаткич «Арсенал» қарши баҳсда 40, «Севилья»да 42га тенг бўлганди. 90 дақиқа давомидаги ана шу 51та узатмадан 27таси аниқ манзилга етиб борди. Бу борада ўсиш кузатилмаган бўлсада («Арсенал»да 20, «Севилья» 23), узатмаларнинг сифати паст­лиги сабабли самара бермади.

3 рақами. Энди рақибга қаршилик кўрсатиш ва унинг асосий мақсадини амалга оширишга йўл қўймаслик хусусида. «Атлетико» ҳам худди «Арсенал» ва «Севилья» каби «Барса»нинг кескин узатмаларига имкон берди. Яъни, 32та узатмадан 16таси самарали чиқди. Лекин асосий фарқ бошқа: «Арсенал»га қарши баҳсда узатмаларнинг 13тасини, «Севилья» билан бўлган ўйинда эса 10тасини Лионель Месси амалга оширганди. «Атлетико» эса бу моҳир ҳужумчини ишончли қўриқлади - Месси амалга оширган 7та кескин узатманинг атиги биттаси жамоадошига етиб борди. Бундан ташқари, «Барса»нинг асосий қуроли ҳисобланган «девор» услубидаги тезкор комбинациялар деярли намойиш этилмади. Буларнинг асосий сабаби шуки - «Атлетико» номдор рақибини қанотларда сочиб юбориб, одатий ўйинидан маҳрум этди. Месси ўзи учун суюкли бўлган манёвр - ўнг қанотдан марказга ўтиш ва жарима майдончасига ёриб кириш ёки жамоадошини тўп билан таъминлашни уддалай олмади. Дастлабки 45 дақиқа ичида фақат бир марта Хавьер Маскерано олис масофадан зарба йўллашга муваффақ бўлди. Энг асосийси, «Атлетико» дарвозаси томон бутун ўйин давомида атиги 3 марта марказдан тўп узатилди. Ваҳоланки, «Севилья»га 9, «Арсенал»­га 12 марта узатма сарфланганини инобатга олсак, Симеоне марказни «бетонлаш» орқали ўз дарвозасини камида 2та голдан асраб қолди.

Хулоса

Диего Симеоне ўжар табиатли мураббий эканини эътироф этиш навбатдаги такрор бўлишини билсак-да, яна бир марта таъкидлашни лозим топдик. Қизиғи, жамоа мағлубиятлари ҳам уни бу йўлдан қайтара олмаяпти. Ҳа, бу клубда фақат бош мураббий ўз эҳтиросларига эрк бера олади. Футболчилар эса унинг кўрсатмаларини аниқ амалга оширадилар. Жамоа ҳатто қоида бузишлардан ҳам рақибнинг имкониятларини йўққа чиқариш йўлида фойдаланишга уринади. Гарчи дастлабки учрашувда «Барса»нинг фоллари кўпроқ бўлсаларда, мадридликлар 16 марта тактик фол ишлатиб, 8та сариқ карточка ишлаб олишди. Рақиб ҳужумини узиб қўйиш учун олинган жазони ўринли, десак хато бўлмас.

Хуллас, Симеоне Хосеп Гвардиоланинг собиқ жамоасини томошабинлар сафига қўшиб қўйди. Энди финалга чиқиш учун испаниялик касб­дошининг бугунги жамоаси билан куч синашади. «Бавария»-«Атлетико» қарама-қаршилигини ҳозирданоқ сабр­сизлик билан кутяпмиз. Сиз-чи?

Championat. com - И.РАҲИМОВ тайёрлади

Манба: Interfutbol.uz
Киритилди: 11:49, 26.04.2016.
Ўқилди: 5676 марта.
Фикрлар: 6 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.