Кириш Регистрация
22/12 00:45 Лечче 1-2 Лацио
22/12 01:00 Барселона 1-2 Атлетико
22/12 16:30 Рома 5-0 Парма
22/12 18:00 Валенсия 2-2 Алавес
22/12 19:00 Фулхэм 0-0 Саутгемптон
22/12 19:00 Лестер 0-3 Вулверхэмптон
22/12 19:00 Ман. Юнайтед 0-3 Борнмут
22/12 19:00 Эвертон 0-0 Челси
22/12 19:00 Венеция 2-1 Кальяри
22/12 20:15 Реал Мадрид 4-2 Севилья
22/12 21:30 Тоттенхэм 3-6 Ливерпуль
22/12 22:00 Аталанта 3-2 Эмполи
22/12 22:30 Леганес 2-5 Вильярреал
22/12 22:30 Лас-Пальмас 1-0 Эспаньол
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина - Удинезе
24/12 00:45 Интер - Комо

Япония футболи қандай ривожланган?

Баҳо:
+ | -

Яқинда «Ростов» бош мураббийи Қурбон Бердиев билдирган фикрни ўқиб қолдим. Унда туркманистонлик мутахассис ўз ватанида фаолият олиб борган кезлари тажриба алмашиш учун келган япониялик мутахассис билан бўлган суҳбатни айтиб берган. Бердиевнинг ҳикоя қилишича, у Туркманистон футболида инфратузилма масаласида муаммолар катта экани ва майдонлар сифати жуда ёмонлигидан шикоят қилар, япониялик ҳамкасбининг жавобидан ҳайрон қолган экан. Биласизми, ўшанда япониялик мутахассис нима деб жавоб қилган? «Бу ҳеч нарса эмас, муҳими - болалар мураббийлари кучли бўлсин. Шундагина иқтидорларни тақир майдонда ҳам тарбияласа бўлади!»

Қурбон Бердиев қай даражада кучли мураббий эканини Россия чемпионатида бир йўла икки клубдаги фаолияти билан исботлаб бера олди. У «Рубин» бошқарувида ишлаганда дунёда биринчилардан бўлиб «Барселона»ни мағлуб этиш сирини оча олган эди. Кўрган бўлсангиз, ўтган ҳафта «Атлетико» клуби ЕЧЛ чорак финалида «Барселона»дан устун келди. Мадридликлар ўйинига назар ташласак, беш йил бурун «Рубин» асос солган услубни илғаб олиш қийин эмас. Ким билади дейсиз, балки Диего Симеоне «Барселона»га қарши кечадиган ўйин олдидан қозонликлар ғалаба қозонган ўша учрашувни ҳам ўрганиб чиққандир.

Нима бўлганда ҳам Қурбон Бердиев - малакали мутахассис. Унинг энг кучли жиҳатларидан яна бири шундаки - туркманистонлик мураббий қаерда фаолият юритмасин, албатта, болалар футболига катта эътибор қаратади. Масалан, Қозонда у асос солган улкан академия бор ва кўплаб ёш иқтидорлар тарбияланиб келмоқда. Шу жумладан, юртимиздан ҳам бир қатор болалар ўша ерда таҳсил олиб келдилар.

Мақола бошида япониялик мутахассис билан боғлиқ ҳолатга бежиз тўхталиб ўтмадик. Қурбон Бердиевдек инсон йигирма йил олдин бўлиб ўтган суҳбатни шунчаки ёдга олмаган. Япония - футболи шиддат билан ривожланаётган ва энг муҳими, ривожланишдан тўхтаб қолмаётган мамлакат. Юқоридаги мисол эса бу ривожланиш сабабини тўлиқ очиб бера олади. Кунчиқар ўлкада, энг аввало, болалар футболи ва мураббийлар савиясига эътибор берилади. Шу сабабли, Хидетоши Наката фаолиятини тугатар-тугатмас Накамуралар етишиб чиқаверади. Шинжи Ононинг ёши ўтгани ҳамоно Кагава, Хонда ва Оказакилар термага тиргак бўладилар. Биз ҳали Наказава-ю Такахаралар ҳақида гапирмадик. Бир сўз билан айтганда, япон футболи ҳеч қачон иқтидорлар масаласида фақир бўлиб қолмаган. Боисини тушуниб турибсиз...

Айни масалада юртимизда аҳвол қандайлигини айтмасак ҳам яхши биласиз. Ҳозир шунчаки бир ҳолатга тўхталиб ўтсак. Ишимиз юзасидан кўпинча болалар жамоалари ўтказадиган машғулотларни кузатиб туришимизга тўғри келади. Очиғини айтганда, ҳали бирортасидан хурсанд бўлиб қайтмаганмиз. Йўқ, балки мураббий яхшидир, шогирдларига тўп тепишни ўргата олар, аммо болаларга қилинаётган муомалани кўриб, ҳафсала анча пир бўлиши ҳам турган гап. Бақир-чақир, уриш-сўкиш ва асаббузарликлар ичида ўтадиган машғулотлардан болалар кўп нарса олишига шубҳа қиласан. Эндигина 8-9 ёшга тўлган бола кўзида бирор машқни бажариш олдидан  пайдо бўладиган қўрқув-ҳадикни тасвирлаб бериш жуда қийин. Чунки у сал хато қилгани ҳамоно мураббийи «бўкириб» юборишини олдиндан билиб туради ва қўрқади. Мураббийлар эса... Баъзан шундай тасаввур пайдо бўладики, улар ўз ишини мажбурликдан бажараётгандек ва бор аламини болалардан олаётгандек тую-лади. Аммо аслида ҳам шундай эмасмикан?

Бу саволнинг жавобини тахмин қилиш қийин эмас. Орқаваротдан суриштириб кўрдик - мураббийлар маоши у қадар юқоримас. Шу сабабга кўра, ҳамма ҳам болалар билан ишлашга рози бўлавермайди. Рози бўлгани эса молиявий муаммолардан кафолатланмаган. Оқибатда, баъзан болалардан пул йиғилса, баъзида қўшимча иш олинади ва машғулотлар иккиламчи жараёнга айланиб қолади. Ҳар икки ҳолатда ҳам машғулотлар сифатига путур етиши турган гап. Ким билади дейсиз, балки футболимиздаги кўп муаммоларнинг илдизи ҳам мана шу ердадир...

Шукрки, ҳозир футболимизда инфратузилма масаласи анча яхшиланиб қолди. Деярли ҳар бир туманда яхши майдонлар қурилган ва футбол оммалашгандан-оммалашиб бормоқда. Олий лига клублари ўйнайдиган майдонлар сифати ҳақида-ку, кўп гапириш ҳам шарт эмас. Агар илгари фақат Тошкентда тузук-қуруқ стадион учраган бўлса, ҳозир бир-икки жамоани айтмаса, қолган барчаси дунё даражасидаги стадионларга кўчиб чиққан. Бу яхши, албатта. Бироқ ҳали қилинадиган ишлар кўплигини ҳам инкор этиб бўлмайди. Масалан, биринчи лига жамоалари ҳамон ўйдим-чуқур майдонда ўйнамоқдалар, кийиниш хоналари сифати ва бошқа қулайликлар ҳақида-ку, гапириб ҳам бўлмайди. Аммо ҳаммасидан ҳам болалар футболидаги манзара дилни қувонтирадиган эмас. Гарчи жойларда болалар ва ўсмирлар спорт мактаблари ташкил этилган бўлса-да, уларнинг ҳаммаси ҳам етарлича таъминланмаган. Баъзи жойларда ҳатто майдон масаласи ҳам муаммо ва болалар пул йиғиб машғулот ўтказиладиган жойни бир-икки соатга ижарага олишга мажбур бўлмоқдалар. Бу эса улардаги шиддат ва иштиёққа акс таъсир этиши турган гап. Агар Қурбон Бердиев олға сураётган мантиқ бўйича фикр юритадиган бўлсак, бу - анча катта муаммо. Бердиев қай даражада кучли ва тажрибали мураббий эканини инобатга олар бўлсак, унга ишонмасликка асос кўрмаяпмиз. Сиз бунга нима дейсиз?

Абдуллоҳ, "ИнтерФУТБОЛ" газетаси

Манба: Interfutbol.uz
Киритилди: 10:17, 28.04.2016.
Ўқилди: 5625 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.