Кириш Регистрация
19/05 00:00 Арсенал 1-0 Бёрнли
19/05 23:30 Борнмут 1-1 Манчестер Сити
20/05 00:15 Челси 2-1 Тоттенхэм

Николай Марков: «Ўзбекистон терма жамоасида ўйнаш учун жиддий таклиф олмаганман»

Баҳо:
+ | -

Анча вақтдан бери кўп сонли ишқибозларимиз талабига биноан Россия премьер лигаси “Краснодар” клубида тўп сураётган Николай Марков билан суҳбат қуришни мақсад қилиб юрган эдим. 

Клуб матбуот хизмати ходими Денис Данильченкога ушбу масалада мурожаат қилганимда, ҳамкасбимиз  асли ўзбекистонлик бўлган ўйинчидан мўжаз интервью олиш имкониятини яратиб берди.

Бир пайтлар Тошкентнинг “Трактор” жамоаси шарафини ҳимоя қилган Николай Марков ўн икки йилдан буён Рус диёрида фаолият юритаётган бўлишига қарамай,  суҳбат давомида ўзбек тилида - “раҳмат”, “арзимайди”, “худо ҳоҳласа” каби сўзларни ишлатгани эса таҳсинга лойиқ.

- Николай, болалик чоғлар, футболдаги илк қадамларни эслаб турасизми?
- Туғилиб ўсган заминни қўмсамай бўладими? Хабарингиз бор, Одил Аҳмедов билан бир клубда фаолият юритамиз. Ўзбекистонда бўлаётган ижобий ўзгаришлар тўғрисида дўстимдан жуда кўп маълумотлар олишга интиламан. Тошкентдаги турли мевалар билан тўла бозорлар, қадрдон инсонларни унутишни иложи йўқ. Биласиз, футболчида вақт дегани жуда ноёб бўлади. Ўзбекистонга сафар қилиш учун имкон топишга ҳаракат қиляпман, насиб қилса ниятларим амалга ошиб қолар... Биринчи мураббийим Абдурашид ака Нуралиев ва бошқа устозларим кўз олдимда. Улардан жуда-жуда миннатдорман. Мен футболчи сифатида ўша ерда шаклланганман. 

- Кўп йиллардан бери Россия премьер лигасида тўп суряпсиз. Сизни ҳеч Ўзбекистон термасига таклиф қилишганми?
- Термага Вадим Абрамов бош мураббий бўлган пайтларда мен билан алоқага чиққан эди. Лекин, таклиф у даражада жиддий бўлмаган. Ўша пайтларда “Краснодар” сафида таркибга муқим ўрнашиш ҳаракатида эдим. Билсангиз, Россия клубларида легионерлар билан боғлиқ алоҳида лимит ва чекловлар мавжуд. “Краснодар” ўртамиёна жамоа эмас ва клубда  юқори савиядаги кўплаб футболчилар борлиги сабаб рақобат жуда кучли. Асосий таркибдан жой олиш учун кучли кураш кетади. Шунинг учун мен жиддий бўлмаган таклифга катта эътибор бермаганман. Бундан ташқари, Абрамов билан Тошкентнинг “Трактор” клубида ўйнаган вақтимдан алоқаларимиз яхши эмасди. Ҳозир ҳам мабодо, Ўзбекистон термасидан таклиф тушадиган бўлса яна  юқоридаги жиҳатга эътибор қаратишга тўғри келади.

Ўзбекистон термасининг айни пайтдаги ҳолати ҳақида яхши тушунчага эгаман. Жамоа таркибида бир қатор юқори савиядаги футболчилар тўп суришяпти. Уларнинг ўйинларини доим кузатиб боряпман. Чақирув масаласига тўҳталадиган бўлсам, жаҳон чемпионатида майдонга чиқиш ҳар бир футболчи учун орзу, хусусан менга ҳам...

- Миржалол Қосимов интервьюлардан бирида: “Марков термамиз ўйинини кучайтириши мумкин” деган эди
- Балки, шундай дегандир. Эшитмаган эканман.

- Камолот ёшидасиз,  премьер лигада барқарор ўйин кўрсатяпсиз. Ўзбекистон термаси таркибида майдонга тушиб турсангиз, Осиё клубларидан манфаатли шартнома имзолаш имконияти туғилиши ҳам мумкин...
Мен  учун пул муҳим омил эмас. Асосийси, футбол ўйнаш.    
- Ишқибозлар: “Николай Марковни термага чақиришса бўлмайдими?” деган саволни кўп беришади. Айни пайтдаги терма жамоамиз мутасаддилари томонидан расмий таклиф бўлдими?..

- ЎЗБЕКИСТОН - ВАТАНИМ. УМУМАН ОЛГАНДА, МИЛЛИЙ ТЕРМА ЖАМОАДА ЎЙНАШ - ҲАР БИР ФУТБОЛЧИНИНГ БУРЧИ ДЕБ ҲИСОБЛАЙМАН. Агар мураббийлар штабидаги расмий шахслар мен билан жиддий тарзда қизиқадиган бўлса, бу масалада суҳбатлашишга тайёрман. 
- Юртимизда  “Краснодар” сафидаги ҳар бир ўйинингизни кузатиб, сизга омад тилайдиган мухлислар бор...

- Бу мен учун жуда ёқимли ҳолат.  Барча ўзбекистонлик футбол ишқибозларига қайноқ саломимни етказинг. Юқорида айтганимдек, терма жамоа сардори Одил Аҳмедов билан кўп суҳбатлашамиз. Ҳозирда Ўзбекистон термасида жуда яхши футболчилар йиғилган. Мен терма жамоани жаҳон чемпионатига чиқишини жуда ҳоҳлайман. Насиб қилса, сараланган жамоа мундиал йўлланмасини албатта қўлга киритади. 
 
Сизни терма жамоамизга чақирилишингизни мақсад қилиб, яхши ният билан  “Кўришгунча” деб ҳайрлашаман. Самимий суҳбат учун ташаккур.

Элмурод ЭРМАТОВ суҳбатлашди

Манба: Interfutbol.uz
Киритилди: 10:36, 28.04.2016.
Ўқилди: 4390 марта.
Фикрлар: 2 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

«Арсенал» бугун АПЛ чемпионига айланиши мумкин — Бунинг учун битта шарт бажарилиши керак [4398]

Моуриньо "Реал"га "Манчестер Юнайтед" футболчисини олиб келмоқчи [2705]

«Барселона» юлдузи оғир руҳий ҳолатда [2643]

Хосеп Гвардиола «Манчестер Сити»дан кетиши ҳақидаги саволга чуқур хўрсиниш билан жавоб берди [2630]

Симоне Индзаги "Ал-Ҳилол"дан кетмоқда: Истеъфонинг иккита асосий сабаби маълум бўлди [2499]

Анчелотти: «Ишонинг, мен Жоао Педро учун афсусдаман» [2454]

Гвардиоланинг «Манчестер Сити»дан кетадиган расмий санаси ва хайрлашув паради маълум бўлди [2427]

Фабрицио Романо: "Реал" Эндрик борасида якуний қарорга келди [2288]

Карло Анчелотти Неймарнинг ЖЧ-2026 учун Бразилия терма жамоасига чақирилиши сабабини тушунтирди [2157]

Жозе Моуриньо «Реал»даги келажаги сўроқ остида турган 9 нафар футболчини аниқлаб олди [2148]

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.


счётчик