Кириш Регистрация
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина 1-2 Удинезе
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо

«Олтин тўп» умидидаги Суарес

Баҳо:
+ | -

Жорий йил ҳали экваторидан ўтмаган бўлсада, Soссer.ru «Олтин тўп»­нинг навбатдаги даъвогарлари кимлар бўлишини тахмин қилиб кўрди: агарда йил охиригача Луис Суарес кимнидир тишлаб олишдан ўзини тия олса, уч нафар номзоднинг бирига айланиши мумкин. Чунки у жорий мавсумда сермаҳсуллик ва кўтаринки кайфият борасида Месси ва Неймардан анча ўзиб кетди, «Барса»нинг суянган тоғига айланди.

Албатта, мусобақаларга бой бўлган 2016 йил яна кўплаб қаҳрамонларни кашф этиши мумкин. Олдинда Европа чемпионати, Копа Америка ва Олимпиада турнирлари кутиб турибди. Бироқ ФИФАдагилар «Олтин тўп» соҳибини аниқлашда асосан индивидуал натижаларга эътибор қаратишади. Уругвайлик ҳужумчи эса тўрт ой ичида алоҳида эътирофга муносиб бўлган футболчилар қаторидан муносиб жой эгалламоқда. Ҳатто, «Барселона»нинг ЧЛ турниридан чиқиб кетгани ҳам Суареснинг ёрқин ўйинларига соя сололмайди. Қолаверса, клуб миқёсида юксак сермаҳсулликни намойиш этаётган мерганнинг қитъа биринчилигида ҳам порлаши кутилмоқда. Тўпурарлар баҳсида Луисга фақат Криштиану Роналду муносиб рақобатчи бўлиб турибди. Хуллас, номзодлар рўйхатига ҳозирда Луис билан Криштиануни бемалол қўшиш мумкин. Мессининг учликка кириши анча қийин. Боз устига, йирик турнирлар ва ЧЛнинг ҳал қилувчи баҳс­лари янги даъвогарларни аниқлаб бериши ҳеч гап эмас. Масалан, «Бавария» ЧЛда ғолиб чиқса, Германия эса Франциядан чемпион мақомида қайтса, Томас Мюллер ёки Мануэль Нойер, агарда бу муваффақиятлар «Атлетико» ҳамда Франция терма жамоаларига насиб этса, Антуан Гризманн ажойиб имкониятга эга бўлади.

«Олтин тўп»га даъвогарлар учлиги хусусида ёзги мусобақалар якунида бафуржа фикр билдириш мумкин. Лекин Суареснинг бугунги спорт формаси, барибир, кишини ҳайратга солади. Фаолиятидаги энг сермаҳсул мавсумни ўтказаётган тўпурар яқинда «Барселона»да афсонавий Роналдо томонидан ўрнатилган рекордни янгилади. Бундан ташқари, сўнг­ги 66 йил ичида бир учрашувнинг ўзида 7 баллга эга бўлган ягона ҳужумчига айланди: примеронинг 34-турида «Депортиво» дарвозасини 4 марта ишғол этиб, учта самарали узатмани амалга оширди. Футбол оламидаги бошқа рейтингларда вазият қандайлигидан бехабармиз. Лекин айнан «Барса» хусусида фикр юритадиган бўлсак, Суарес жамоанинг энг ёрқин юлдузи. Ҳатто, апрель ойидаги суст ўйинларида ҳам Луис рақиблар учун даҳшатли голеадор мақомида қолаверади, мағлубиятда унинг ҳеч қандай айби йўқ. Месси эса худди Хави ва Иньеста ролини бажараётгандек: ўз вақтида ўта сермаҳсул ўйинлар кўрсатиб, «Олтин тўп»дан коллекция яратишга улгурган, испанларнинг турли мусобақалардаги ғалабалари эса Хави билан Иньестанинг индивидуал кўрсаткичларига таъсир кўрсатмаганди.

Дарвоқе, «Олтин тўп» танловининг ғолиби терма жамоалар мураббийлари, сардорлар ва журналистлар овозларига кўра аниқланади. Мана шу жараён сўнгги йилларда олийгоҳлардаги тартибни эслатмоқда: дастлаб талаба аъло баҳо учун тер тўкади, кейин у талаба учун хизмат қилади. Лионель билан Криштиану шуҳрат чўққисида узоқ вақт қолиб кетишди. Бунга Луиснинг интизомсизлиги ва ножўя қилиқлари ҳам сабаб бўлди. Ахир рақибни тишлаб олиш чинакам жентльменга хос иш эмас-да. 2015 йил якунларида ҳам Луис эътибордан четда қолди. Эндиликда у «Барса»нинг қудратли «мотор»ига айланди. Неймар ижтимоий тармоқдаги фаоллик ва янги шартнома ўйлари билан банд. Месси эса анча эҳтиёткорлик билан тўп сурмоқда, балки сурункали жароҳат таъсирида майдонга тушаётгандир? Фақат Луис бор куч-маҳорати ва диққат-эътиборини жамоадошлари меҳнатини голга айлантиришга қаратган. Жорий мавсумдаги 48та учрашувда 49та гол урди. Ҳозирда Роналду ҳам ундан ортда қолмоқда. Тўғри, атиги битта голга, бу катта фарқ эмас. Лекин Суареснинг завқ-шавқ билан тўп суриши чегара билмайди. Унинг учун «Барселона» мавсумни нечта ва қандай совринлар билан якунлашининг аҳамияти йўқдек. Гўёки, Луис футбол - жамоавий ўйин, деган тушунчадан четга чиқиб, ўз оламида ҳаракатланаётгандек. Бу - ФИФА даражасидаги эътироф эмас, шунчаки футболдан олам-олам завқ олаётган мухлисларнинг фикри. Суареснинг тўп учун курашиши, бўш ҳудудларга интилиши, баъзан амалдаги қонун-қоидаларга биноан, баъзан эса қандайдир кучли истак таъсиридаги ҳаракатлари, тўп билан муомала қилиш, тўпни ғайритабиий шиддат билан дарвозага йўллаши - чинакам лаззат манбаи.

Ҳозирги кунда футбол оламида Луис Суаресдан кучлироқ марказий ҳужумчи йўқ. Жамоатчилик бу футболчига қандай муносабатда бўлишидан қатъий назар, жамоа ғалабаларининг асосий омили ҳозирда Суарес эканини «Барса»дагилар тушуниб етишди. Месси ёки Неймар фаолиятида қандайдир турғунлик даври юз бериши мумкин. Аммо у тўхташни хаёлига ҳам келтирмаяпти. Ҳа, «Барселона» Испания чемпионлиги ва мамлакат кубогини қўлдан чиқариши ҳеч гап эмас. Бироқ АҚШдаги қитъа биринчилигида Суарес турнирнинг энг ёрқин юлдузларидан бири бўлади. Унинг имконияти Аргентинани олға бошлайдиган Леоникидан кам эмас. Луис футболга шунчалик берилиб кетдики, ўз садоқатини намойиш этиш йўлида ҳеч нарсадан қайтмайди!

А.АҲМЕДОВ тайёрлади

Манба: Interfutbol.uz
Киритилди: 16:23, 01.05.2016.
Ўқилди: 5360 марта.
Фикрлар: 13 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.