Кириш Регистрация
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина 1-2 Удинезе
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо

Мақсад

Баҳо:
+ | -

Футболимизда янги урф пайдо бўлди, унинг асосчиси эса - «Пахтакор» клуби. Тўрт-беш йил олдин фақат «Пахтакор» ёшларни тарбия-лаётганини рўкач қиларди. Ҳозир унинг сафига «Насаф» ҳам, «Бунёдкор» ҳам қўшилган. Энди бу клублар худди ўша гапларни бот-бот такрорламоқдалар. Ишлар бирозгина ортга кетса бўлгани, дарҳол ёшларни тарбиялашаётганини қистириб ўтишади. Масалан, «Бунёдкор» мағлубиятга учраган ўйиндан сўнг матбуот анжуманида Сергей Лушан нима дейишини тахминан билиб олиш қийин эмас.

НАТИЖА ВА ЭЪТИБОР

«Об-ҳавонинг ноқулай келганлиги туфайли», деб бошланадиган латифа бор, биласиз-ку. Мураббийларимизнинг гапи ҳам борган сари шунга ўхшаб кетмоқда, фақат фарқи: «Ёш футболчиларга берилаётган эътибор туфайли», деб бошланади-да, «клубимиз олдига қўйилган мақсад - терма жамоага иқтидорли ёшларни тарбиялаб бериш», деб якунланади. Бундай гапларни ўзингиз ҳам кўп эшитгансиз.

Бу ҳақда илгари ҳам кўп ёзганмиз. Яна нимага шу мавзуга қайта тўхталяпмиз? Чунки клублар тўхташгани йўқ. Ёшларга эътибор давом этмоқда, натижа эса... Умуман, ёшларга эътибор бериш яхши, албатта. Ёшлик - бу келажак дегани. Футболимизнинг ҳозирги ҳолатидан келиб чиқиб айтадиган бўлсак, балки келажакка умид қилишдан ўзга иложимиз ҳам йўқдир. Бразилияда ҳар йили ўнлаб Робиньо ва Неймарлар етишиб чиқади, бизда эса иқтидорлар мудом саноқли. Шу сабабли, бирортаси яхшироқ ўйнаб қолса, кўзимиз чақнаб кетади. Ахир Бобур Абдухолиқовни иккита учрашувда яхши ўйнагани учунгина терма жамоага чақиришларини талаб қилишимиз кулгили-ку. Термада ўйнаш учун футболчи қанчалик ўзини кўрсатиши лозим, биласизми? Бу нимадан далолат? Гап шундаки, охирги вақтларда фақат ёшларга қараб қолганмиз. Клубларни-ку, айтмаса ҳам бўлади. Ёшларни қалқон қилиб олишган. Бир гап бўлса, дарҳол уларнинг ортига беркинишади - «Биз ёшларни тарбияламоқдамиз»! Аслида, клубнинг мақсади нима бўлиши керак? Ғалабами ёки ёшлар тарбияси? Ёшларни етиштираркан, улар орқали ғалабаларга эришиш, совринларни қўлга киритишни мақсад қилмайдими?

 

ХАЁЛПАРАСТ

Шу ўринда бироз лирик чекиниш қилишга изн берсангиз. «Ажойиб хаёлпараст» фильми ёдингиздами? Ўша, Бахтиёр Ихтиёров ижросидаги образ! Уни нимага эсладик? Сабаби бор. Яхши биласиз, фильмда бош қаҳрамон бойиб кетиш мақсадида қуён боқишга тушади. Суратга олиш ишлари олиб борилган ўша йилларда бунга қандай қарашгани номаълум, аммо ҳозир бунга мутлақо бошқача қаралади. Ана, қаерлардадир қуён боқиб, рекорд даражада гўшт олишганини олқишлаб, турли хабарлар чиқарилди. Шундай экан, ҳозирги қарашларимиз «Ажойиб хаёлпараст» суратга олинган даврдан фарқ қилиши турган гап.

Аммо фильмда бошқа бир маъно борки, унга ҳам эътибор қаратсак. Гап шундаки, Бахтиёр Ихтиёров яратган образ аслида бойиб кетишни мақсад қилган ва бу йўлда қуён боқишдан восита сифатида фойдаланишни режалаштирган эди. Аммо воқеалар жараёни шундай кўриниш оладики, бош қаҳрамон бора-бора мақсаддан оғишиб кетади ва қуён боқишни восита эмас, балки мақсад қилиб олади. У режасини амалга оширгач, яъни фермасини кенгайтириб олгач, ҳамма қуёнларини сотиб, шаҳарга қайтиб кетмасдан «эркатойлари»ни меҳр билан парваришлашда давом этади. Кап-катта одам куппа-кундузи қуёнларини қирғийлардан қўриш мақсадида «қий-қий», дея қийқириб, одамларга кулги бўлади, қўшни қизга «мушугинг ўғри, мушугинг қароқчи», дея телбаларча бақиради. Асл мақсадидан оғиб кетган одам шу кўйга тушса керак. Менга қолса «Ажойиб хаёлпараст»нинг асл маъносини мана шунда кўрган бўлардим. Яъни, бу фильм шунчаки хаёлпараст одам ҳақида эмас, балки ўз мақсадидан кўра, унга эришиш воситасини устун қўйган одам қай даражада адашишини кўрсатиб беради.

 

ФУТБОЛДАГИ«ХАЁЛПАРАСТЛАР»

Энди бу фильмни нимага футбол газетасига олиб чиқдинг, дерсиз? Таъбир жоиз бўлса айтиб ўтайлик, клубларимиз ҳам худди шундай адашиб қолгандек. Аслида, уларнинг мақсади нима бўлиши керак? Ҳа, яшанг - таркибни кучайтириш, ғалабалар қозониш, совринларга эга чиқиш. Ёшларни тарбиялаш эса худди шу мақсадга эришиш йўлида бир восита бўлиши керак эди. Ҳозир эса кўриб турибмизки, асосий даражага совринлар эмас, балки ёшлар қўйилгандек.

Аслида, ёшларга эътибор орқали яна бир мақсадни амалга ошириш мумкин. Замонавий футболда ёш иқтидорларни етиштириб, пуллаб, жамоасини ривожлантираётган кўплаб клублар бор. Яъни, асосий эътибор совринлар эмас, балки ёш футболчиларни етиштириш ва пуллашга қаратилади. Албатта, бу икки мақсадни бирлаштириш ва ёшлар билан натижага эришган ҳолда кейин пул ишлаш ҳам мумкин. Аммо бундай ҳолатда барқарорликка эришиш қийин бўлади. Бу ишни уддаласа, «Аякс» уддаларди. Эсланг, амстердамликлар тўқсонинчи йиллар ўрталарида қай даражада  кучли таркиб шакллантирган эдилар - Клюйверт, Давидс, ака-ука де Бурлар... Аммо «Аякс» бу футболчиларни таркибда ушлаб қолмади ва жойи чиққани ҳамоно сотишга тушди, катта пул ишлади. Айнан шу ҳолат жамоа натижаларига путур етказди ва нафақат Чемпионлар Лигаси, балки ички биринчиликда ҳам етакчилик мавқеи бой берилди. Шундай экан, бу икки ишни жамлаш анча оғир.

 

ЎЗИМИЗНИНГ «АЯКС»ЛАР

«Аякс»га тўхталишимизнинг боиси бор, албатта. Икки йил муқаддам «Пахтакор» ҳам айнан шу уддалаб бўлмас ишни бажаришга уриниб кўрди. «Шерлар» сўнгги йилларда ёшларни тарбиялашда катта ишларни амалга оширдилар. Икки йил муқаддам бу уринишлар самараси кўзга ташланди - «Пахтакор» чемпионликни қўлга киритди. У ёғини сўрасангиз, ўшанда футболчиларни пуллаш учун клубда яхши имконият юзага келганди. Буни «Пахтакор»нинг собиқ бош мураббийи Самвел Бабаяннинг шахсан ўзи айтиб ўтган. У билан суҳбатда бўлганимизда, таркибдаги ҳар бир футболчига хориждан қизиқиш борлигини ўз оғзи билан айтган, аммо бу таклифлар рад этилганини ҳам таъкидлаган эди. Боиси сўралганда эса, «Пахтакор» устози анча оламшумул, бироқ амалга ошиши қийин бўлган гапни айтганди - «шерлар» ички биринчиликда барқарорликни мустаҳкамлагач, энди эътиборни халқаро мусобақаларга қаратишаркан. Бир сўз билан айтганда, навбатдаги чўққи сифатида Осиё Чемпионлар Лигаси кўзланганди.

Аммо бу амалга ошириш жуда қийин бўлган ишлиги ўша вақтдаёқ маълум эди ва кўп ўтмай ҳадикларимиз рост бўлиб чиқди. «Пахтакор» ОЧЛда гуруҳдан ҳам чиқа олмади, камига харидорлар ҳам қайтиб кетишди шекилли, бирор-бир футболчи қиммат нархга пулланганини эшитмадик.

Бу борада «Бунёдкор» клуби анча яхши натижага эришди, дейиш мумкин. «Қалдирғочлар» ўтган йили Сардор Рашидовни 2,2 миллионмикан ёки 2,4 - ишқилиб, яхшигина пулга «Ал-Жаиш»га сотишга муваффақ бўлдилар. Агар клуб шу йўсин ишлашда давом этадиган бўлса, келаси йили яна бир қатор трансферларни амалга ошириши мумкин. Ахир Осиёнинг айни вақтдаги уч нафар энг яхши ёш футболчиси айнан «Бунёдкор»да тўп суради. Тез вақтлар ичида уларга Осиёдан харидорлар чиқиши турган гап.

«Қалдирғочлар» бир вақтлари даъво қилганлари - юлдузларни жамловчи клуб мақомидан воз кечганларига анча бўлган. Демак, энди ўз иқтидорларини четга сотиш орқали ўша сарфланган пулларни бемалол чиқариб олишлари мумкин. Бу борада клубга ҳеч қандай эътироз билдириш мумкин эмас. «Бунёдкор» ўзига хос ривожланиш йўлини танлаб олган ва бунга тўла ҳақли. Фақат бир истисно - клуб «терма жамоа учун ёшларни тарбиялаш»дек баландпарвоз гапларни йиғиштириб, асосий мақсад Чемпионлар Лигасида муваффақиятли иштирок эмас, балки ёш футболчиларни хориж клублари назарига тушириш эканини айтсалар кифоя. Уларга ҳеч қандай эътироз бўлмайди. Аксинча, клуб шу иши билан футболимизга катта наф келтирган бўлар эди. Ана, қаранг, Сардор Рашидов Қатар юлдузлар лигасига боргач, қай даражада тажриба орттириб, терма жамоада етакчиликни ўз қўлига олмоқда. «Бунёдкор» шундай футболчилардан яна бир қанчасини етиштириб берса, биз фақат хурсанд бўлардик.

Муҳими - мақсад аниқ бўлса, кифоя. Унга етишиш йўлидаги ҳар қандай воситани тушуниш мумкин...

Абдуллоҳ

Манба: Interfutbol.uz
Киритилди: 17:05, 01.05.2016.
Ўқилди: 4389 марта.
Фикрлар: 2 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.